16.08.2016

ЭРТАМИЗ БУГУНДАН НУРАФШОН БЎЛАДИ

Сирдарё иссиқлик электр станцияси акциядорлик жамияти Бош директори, Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекистон Қаҳрамони, ЎзХДП фаоли Мирзааҳмад Шоимов билан суҳбат.

— Мустақиллик арафасида корхонамиз таназзулга юз тутган эди. Узоқ йиллар давомида йиғилиб қолган муаммолар, маҳаллий кадрларга эътиборсизлик оқибати юзага қалқиб чиққанди, — дейди Мирзааҳмат Шоимов. — Мустақиллик берган эркинлик туфайли корхонамиз ўзини тиклай бошлади. Ҳатто корхонани кенгайтиришга ҳам ҳаракат қилдик. 1994-1997 йилларда қилинган энг катта ишларимиздан бири янги дис­тиллят чучуклаштириш қурил­маси станциясининг ишга туширилгани бўлди. Бу цех ускуналари эскирганлиги туфайли ишлаб чиқариш ҳажми пасайиб кетганди. Унинг фаолияти учун зарур бўлган хом ашёлар эса фақат импорт ҳисобига олиб келинар ва катта миқдорда валюта талаб этарди. Юзлаб сув насослари ва қурилмаларини ўз ичига олган янги цех қисқа муддатда қурилиб, замонавий автоматика ва ўлчов асбоблари билан жиҳозланди.

1997 йилга келиб, 25 йил олдин қурилган энергоблоклар эскирди, хавфсизлик ва тежамкорлик бўйича кўрсаткичлари пасая бошлади. Натижада ёқилғининг солиштирма сарфи ҳар бир киловатт учун 350 граммдан 400 грамм­гача кўтарилиб кетди. Бу эса корхонани зудлик билан модернизация қилишни тақозо этарди. Бунинг учун эса бизда маблағ ҳам, малака ҳам етишмасди.

Ўша йили ҳукуматимиз томонидан бир гуруҳ мутахассислар Европа мамлакатларига юборилди. Улар сафида мен ҳам бор эдим. Мақсад — инвестиция лойиҳаларини таклиф этаётган фирма ва концернлар, янги техника ва технологиялар жорий этилган электростанциялар фаолияти билан танишиш эди. 1997 йил ёзида модернизация қилинган электростанциялар иши билан танишиш мақсадида Австрия, Венгрия, Польша, Германия ва Болгарияда бўлдик. 7 кун ичида 7 та электростанцияни кўришга улгурдик. Жуда кўп маълумот ва таассуротларга эга бўлдик. Тушундикки, модернизация ва реконструкция — бу ишлаб турган ускуналарни бутунлай олиб ташлаш ва ўрнига янгисини ўрнатиш эмас, балки ишлаб турган ускуналардан иложи борича унумли фойдаланиш йўлларини топиш, унинг айрим қисмларини замонавий техника жиҳозларига алмаштириш дегани экан. Биз Германиянинг «SIEMENS» фирмаси билан ҳамкорликда станциямиздаги 2 та энергоблокни реконс­трукция қиладиган бўлдик. 2001 йилда 8-энергоблок, 2002 йилда 7-энергоблокда реконструкция ишлари ниҳоя­сига етказилиб, муваффақиятли ишга туширилди. Натижада қуввати 200-220 Мвт га тушиб қолган бу энергоблоклар қуввати қайтадан 300.0 Мвт га етказилди ва ёқилғи сарфи 15-18 фоизга камайишига эришилди.

— Корхонани модернизация қилиш ишлари бу билан тўхтаб қолмагандир?

— Албатта, республикамиз барқарор ривожланиш даврига ўтгандан сўнг электр энергияга бўлган талаб тез суръатлар билан ўса бошлади. Бу эса жамоамиз олдига ҳам катта вазифалар қўйди. 2008 йилда ўн йил муқаддам тўхтатиб қўйилган бешинчи энергоблокни қайтадан тиклашга киришдик. Август-сентябрь ойларида Россиядан олишимиз керак бўлган бир қанча ускуналаримиз етиб келди. Шундай қилиб 2008 йил октябрь ойида 5-энергоблокни тиклаш ишларини бошлаб юбордик. Ўша пайтларда мени бош муҳандис лавозимига кўтаришди. Бутун масъулият менинг зиммамга тушди. Ўйим ҳам, уйим ҳам бешинчи энергоблок бўлиб қолди. 2009 йилнинг 30 мартида энергоблок муваффақиятли ишга туширилди.

— Корхона жамоаси зиммасида фақат электр энергия ишлаб чиқариш эмас, балки станция фаолиятини янада кенгайтириш ва ривожлантириш, ундан тўғри фойдаланиш каби вазифалар ҳам бор. Бу ҳақда нима дейсиз?

 — Тўғри айтдингиз. 2012 йил январь ойининг биринчи куни эди. Станция тўлиқ қувват билан ишлаб турибди. Мазут ёқилғисини захирага қўйиб, фақат табиий газ сарф­ланмоқда эди. Эрталаб магистрал газ қувурида жиддий муаммо пайдо бўлди. Уни ечиш учун бошқа магистралга ўтишдан бошқа чора йўқ эди. Энг ёмони, ўтишимиз лозим бўлган газ қувуридан илгари фойдаланилмаган. Агар янги газ қувурига ўтиш муваффақиятли амалга ошмаса, 5 та энергоблокнинг бутунлай ўчиб қолиш хавфи бор. Ахир ҳар соатда 600,0 тонна мазут ёқилади-да. Бу ҳам етмагандек, янги газ қувури бўйича ҳам катта муаммолар борлиги маълум бўлди. Назорат ўлчов асбоблари ва автоматика ускуналари тўлиқ ишга туширилмаган, шунингдек, ушбу қувурлардан катта ҳажмдаги газ ҳам ўтмаган экан.

Нима қилиш керак? Масала жуда нозик бўлганлиги учун барча кучлар шай ҳолатга келтирилди. Тунги соат 2 ларда жараённи бошлашга киришдик. Эрталаб соат 6 ларда биринчи газ қувури, соат 9 ларда иккинчи газ қувури тўлиқ янги магистралга ўтказилди. Энергоблоклар иш режимида нормал ҳолат сақлаб қолинди ва электр энергия ишлаб чиқаришда чекланишга ёки узилишга йўл қўйилмади.

— Бугунги кунда корхона барқарор ривожланиш йўлидан кетаяпти экан-да?

— Тараққиёт ҳеч қачон бир жойда тўхтаб қолмаган. Маълумки, ҳозирги пайтда муқобил энергия манбаларини яратишга катта аҳамият берилмоқда. Қуёш, шамол энергиясидан, биологик энергия, сув энергияси ва бошқа кўплаб энергиялардан фойдаланилган ҳолда электр энергия манбалари яратилмоқда. Шу йўналишда юқори босимли газ қувурларининг кинетик энергиясидан фойдаланиб, электр энергия ишлаб чиқариш масаласи бизни қизиқтириб қолди. 2011 йилда бу ғояни амалга ошириш режаси ишлаб чиқилди. Россиянинг «Техносерв» компаниясидан олинган қурилма ёрдамида ҳеч қандай ёқилғи сарфламаган ҳолда, электр энергия ишлаб чиқарилади. Бундай муқобил энергия манбасини яратиш Марказий Осиёда биринчи марта йўлга қўйилаётгани учун жуда кўп кутилмаган техник ва молиявий муаммоларни ечишга тўғри келди. 2013-14 йилларда баҳоси 10,0 миллион АҚШ долларидан ошиқроқ бўлган ушбу инвестицион лойиҳани амалга ошира олдик ва турбодетандер агрегати ишга туширилди. Эксплуатация давомида автоматик бошқарув аппаратларини созлаш ишлари тугатилиб, қўшимча 15 Мвтгача электр энергия ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлдик.

2014-15 йилларда корхонамиз ҳаётида туб бурилиш ясаган ишлар амалга оширилди. Сирдарё ИЭСидаги 2 энергоблок тўлиқ модернизация қилинди. Ушбу ишлар икки энергоблокда бир пайтда амалга оширилгани ишчи ва мутахассислардан катта меҳнат, матонат талаб этганини айтиб ўтмасам бўлмас. Ҳар иккала блок учун 120 вагондан кўпроқ юк келтиргандик.

Тахминан шунча юкни энергоблоклардан ечиб олишимиз керак эди. Бундай катта ҳажмдаги модернизация ишлари республикамиз электростанцияларида биринчи марта амалга оширилаётган бўлиб, муҳандис ва техник ходимларимиз учун катта синов вазифасини ўтади. Улар меҳнатсеварлик, билим ва малака борасида ҳеч кимдан кам эмаслигини намойиш этишди. Маслаҳатчи сифатида қатнашган россиялик ҳам­касб­ларимиз ҳам тан беришди. Чунки 3-4 кунга мўлжалланган ишлар бир кунда битиб кетарди. Шу тариқа чет элда кўриб келган элект­ростанция­ларимизда бир йилда битта энергоблок модернизация қилинган бўлса, биз шу муддатда 2 та энергоблокни модернизация қилишга эришдик. Лойиҳанинг умумий қиймати 60,0 миллион АҚШ долларига тенг бўлиб иш қисқа муддатда, сифатли амалга оширилди.

Натижада 300 Мвтли ҳар бир энергоблокнинг қуввати 25 Мвтга кўтарилди. Ёқилғи сарфи 15-20 фоизга, таъмир харажатлари 40 фоизга камайди. Энергоблокларнинг ишлаш муддати 20 йилга узайтирилди. Мухтасар қи­либ айтганда, янги, замонавий ва ҳар томонлама қулай ускуналарнинг бехатар ишлашини таъминлайдиган бошқарув тизими яратилди.

 

Барно РУСТАМОВА суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.