16.08.2016

СЕНАТНИНГ НАВБАТДАГИ ЙИҒИЛИШИДА

янги таҳрирдаги «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонун кўриб чиқилади

Хабарингиз бор, шу йилнинг 24-25 август кунлари Олий Мажлис Сенатининг олтинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтади. Унда мамлакатимиз сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг барча соҳаларини изчил ислоҳ қилиш ҳамда эркинлаштиришга қаратилган бир қатор қонунлар кўриб чиқилиши кутилмоқда. Янги таҳрирдаги «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонун шулар жумласидан.

Мазкур қонуннинг лойиҳаси дастлаб Олий Мажлис Қонунчилик палатасида соҳа мутахассислари, эксперт­лар, сиёсий партия фракциялари ҳамда депутатлар гуруҳи иштирокида қизғин муҳокама қилинди ва уларнинг пози­ция­лари шакллантирилди. Қонунни қабул қилиш жараёнида улар ҳар томонлама ҳисобга олинди.

Айтиш керакки, мустақиллик йилларида меҳнатни муҳофаза қилишнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга жиддий эътибор қаратилди. Хусусан, 1993 йилда «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди. Шу асосда меҳнат қонунчилигига алоқадор қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилди. Бу ишчи-ходимларнинг меҳнатини муҳофаза қилиш, иш берувчи ва ходим ўртасидаги муносабатларни тартибга солишда муҳим аҳамият касб этди.

Бироқ вақт ўтиши билан бозор иқтисодиётининг замонавий талабларини инобатга олган ҳолда, шунингдек, меҳнат қонунчилиги ва тадбиркорлик фаолия­тини ривожлантиришга қаратилган ислоҳотларга мос равишда «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш зарурати пайдо бўлди. Шу муносабат билан Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори асосида Халқаро меҳнат ташкилотининг Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган конвенция­ларини амалга оширишга доир қўшимча тадбирлар комплексига мувофиқ Қонуннинг янги таҳрири лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Унда халқаро ҳуқуқнинг умум­эътироф этилган принциплари ва нормалари, меҳнатни муҳофаза қилиш ва меҳнат хавфсизлиги соҳасидаги Халқаро меҳнат ташкилоти конвенциялари, тавсиялари инобатга олинган.

Шунингдек, Европа Иттифоқи мамлакатлари, Япония, Жанубий Корея ва бошқа давлатларнинг қонунчилик тажрибаси ўрганилган, илғор тажрибалар ҳисобга олинган.

Хўш, Сенатда кўриб чиқиладиган янги таҳрирдаги мазкур қонуннинг мазмун-моҳия­ти нимадан иборат? Унга Ўзбекистон ХДП фракцияси томонидан қандай таклифлар киритилган?

Ёқуб УМАРОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

Қонунга кўра, Меҳнат вазирлиги — меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида махсус ваколатли давлат органи экани белгиланган. Унинг зиммасига тизимдаги қонун ва қонуности ҳужжатларига риоя этилишини назорат қилиш вазифаси юклатилган.

Қонунда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича жамоатчилик назоратини ўрнатиш юзасидан қатор меъёрлар назарда тутилган. Бошқа давлат бошқаруви органларининг меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги ваколатлари, мажбуриятлари ҳам белгиланган.

Шунингдек, касбий хавф бўйича хатари паст ташкилотларда ҳамда муҳофаза қилиш хизматини ташкил этишга имконияти етмаган кичик корхоналарга (ходимлар сони элликдан камроқ бўлган ташкилотларга) соҳадаги хизматлар бозорининг профессионал иштирокчиларини (мазкур соҳада фаолият юритадиган тадбиркорларни) жалб қилиш мумкинлиги назарда тутилган.

Қонунда ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларининг олдини олиш, меҳнатни муҳофаза қилишни тўғри ташкил этиш чоралари ҳам эътиборга олинган. Меҳнатни муҳофаза қилиш билан боғлиқ хизматлар бозоридаги профессионал иштирокчиларга қўйиладиган талаблар Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Бир сўз билан айтганда, мазкур қонун мамлакатимизда меҳнатни муҳофаза этишга оид муносабатларнинг мус­таҳкамланишига, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари таъминланишига хизмат қилади.

Саттор РАҲМАТОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

Ҳаммамизга аёнки, ке­йинги йилларда республикамизда иқтисодиётни эркинлаштириш, бошқарувнинг бозор механизмларини жорий этиш, қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш борасида олиб борилаётган тизимли ишлар натижасида хусусий секторда иш берувчиларнинг сони сезиларли даражада кўпайди. Ҳозирги вақт­да банд аҳолининг 77 ­фоиздан зиёди шу соҳада меҳнат қилмоқда.

Шулардан келиб чиқиб, Қонуннинг янги таҳририда иш берувчининг, ташкилотлар ходимларининг меҳнатни муҳофаза қилиш талабларини бажариш масъулиятини кучайтириш, давлат бошқаруви органлари ва идораларининг мувофиқлаштирувчи назоратини таъминлаш масалалари назарда тутилган.

Янги таҳрирдаги умумий принцип ва механизмларни белгиловчи нормалар мумкин қадар батафсил кўриб чиқилиб, ҳавола қилувчи нормалар камайтирилди.

Қонун лойиҳаси фракциямиз аъзолари томонидан Сайлов­олди дастуримизнинг ғоя ва мақсадлари асосида кўриб чиқилди. Электорат манфаатлари ҳимояси нуқтаи назаридан муайян таклифлар билдирилди.

Масалан, фракциямиз аъзолари махсус ваколатли давлат органининг меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги ваколатлари, ходимларнинг мажбурий суғуртаси ҳамда уларни жамоавий ва якка тартибда ҳимояланиш воситалари билан таъминлаш, умуман олганда, ишчи-ходимларнинг ижтимоий муҳофазаси билан боғлиқ қатор масалаларда ўз таклифларини баён этишди.

Эътиборлиси, қуйи палата ялпи мажлисида уларнинг аксарияти инобатга олинди. Энг муҳими, бу ишчи-ходимларнинг қонуний манфаатлари таъминланиши, меҳнат шароитлари янада яхшиланиши, қонун ҳужжатлари бузилишининг олди олинишида муҳим ўрин тутади. Ўз навбатида ушбу масалалар ҳам партиямиз Сайловолди дас­турида белгиланган вазифалар билан бевосита ҳамоҳангдир.

Дарҳақиқат, Олий Мажлис Сенатининг олтинчи ялпи мажлиси муҳокамасига киритилаётган мазкур қонун одамларга муносиб иш шароитини яратиш, уларнинг меҳнатга оид ҳуқуқларини ҳимоя қилишда долзарб аҳамиятга эга.

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири. 



DB query error.
Please try later.