16.08.2016

РИО-ДЕ-ЖАНЕЙРОДАН БУЛОҚБОШИГАЧА

Узоқ Бразилиядаги Олимпия ўйинларида боксчимиз Ҳасанбой Дўсматов эришган ғалаба қувончи, шодлиги, шукуҳи бир зумда Булоқбошини, Андижонни, бутун Ўзбекистонни чулғаб олди.

Олтин медаль учун бўлган кескин жанг тугаб, ҳакам ўзбек боксчисининг қўлини баланд кўтарди, Ўзбекистон давлат байроғи юқори кўтарилиб, мадҳиямиз янгради. Бутун Ўзбекистон бу ғалабани катта қувонч билан кутиб олди, Андижоннинг Булоқбоши туманидаги «Ривож» маҳалла фуқаролар йиғинида эса Ҳасанбойнинг ютуғи ўзига хос тантана билан нишонланмоқда.

Аввало, шуни айтиш керакки, спорт мухлислари боксчимизнинг ғалабасига ишонишган эди. Шу боис ўша оқшом қўни-қўшнилар, қариндошлар, маҳалладошлар бу жангнинг гувоҳи бўлиш учун Ҳасанбой Дўсматовнинг хонадонида жам бўлишди.

Тарихий ғалаба ҳамжиҳатликда кутиб олинди, Ҳасанбойнинг ота-онаси Маъруфжон ака ва Дилнозхон опани табриклашди. Эрта тонгдан эса чемпионнинг хонадони ҳамқишлоқлар, қўшни туманлардаги спорт мухлислари билан тўлиб-тошди. ­Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ҳам бир гуруҳ фаоллар билан келиб, боксчимизнинг ота-онасини муборакбод этди. Ўзбекистон номини улуғлаган, шундай ўғлонни тарбиялаганлари учун миннатдорлик билдирди.

Икки кундирки, «Ривож» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Дўлан кўчаси, 73-уй тўйхонага айланган. Табриклар, тилакларнинг кети узилмайди.

— Ўғлим халқимизнинг, ­Президентимизнинг ишончини оқлади, — дейди чемпионнинг онаси Дилнозхон Ҳайитбоева. — Ҳасанбойнинг жангини ҳая­жон билан кузатдик. Ичимда Яратгандан ўғлимга куч-қувват, зафар тиладим. Ҳакам Ҳасанбойнинг қўлини баланд кўтарганида эса қувончдан кўзларимга ёш тўлди... Бу пайт­да нимани ҳис қилганимни фақат оналар тушунади... Кўп ўтмай ўғлим қўнғироқ қилиб, «Онажон, хурсандмисиз?!» деди. «Бўлмасам-чи, қувончимизнинг чеки йўқ, баракалла ўғлим, ютуғинг муборак бўл­син!» дедим ўзимга сиғмай.

Фарзандимнинг ғалабаси мамлакатимизда ёшларга кўр­сатилаётган ғамхўрлик, уларнинг билим олишлари, ҳунар ўрганишлари, спорт билан шуғулланишлари учун яратилган шароитлар туфайли, деб ўйлайман. Мустақиллик шарофати билан Ўзбекистонимиз тенглар ичида тенг бўлиб бормоқда, фарзандларимиз она-Ватанга муносиб бўлишмоқда.

— Қанчалик хурсандлигимизни таърифлаб беролмайман, — дейди чемпионнинг отаси ­Маъруфжон Ҳайитбоев. — Қувончим чексиз. Ўғлимнинг устозлари, маҳалладошларимизнинг юрак сўзларидан бошим осмонда...

Ҳасанбой дастлаб Булоқбоши туманидаги 9-мактабда, сўнгра Андижон Олимпия захиралари спорт коллежида ўқишни давом эттирди. Устозлари ўгитларига амал қилиб, ўқишда ҳам, спортда ҳам тенгдошларига ибрат бўлди.

— Тонг саҳарда Ҳасанбойлар хонадонига бордим, — дейди собиқ синф раҳбари, муаллима Наргизахон Эшонқулова. — Ота-онасини фарзандининг ғалабаси билан табрикладим.

— Биз 26 нафар йигит-қиз бир синфда ўқиганмиз, — дейди Ҳасанбойнинг синфдоши ­Иззатилло Райимжонов. — Дўстимиз мактабда аъло баҳоларга ўқиди, ҳам спорт билан астойдил шуғулланди. Мана, бугун меҳнатлари рўёбга чиқиб, ­дунёга танилганидан фахрланиб турибмиз.

Ҳасанбой — оилада тўнғич фарзанд. Бу йил Андижон давлат университетини битириб, магистратурага ўқишга қабул қилинди. Укаси Исломбек, ­Фарёзбек ҳам акасидек боксчи бўлиш орзу-ниятида. Исломбек Андижон давлат университетининг жисмоний маданият факультетига ҳужжат топширди. Тест синовларидан мувафақ­қиятли ўтса, талаба бўлади. Келгусида акаси эришган ютуқларга эришса не ажаб. Фарёзбек 7-синфга кўчди. У ҳам бокс билан мунтазам шуғулланади.

Ҳасанбой эришган ғалабадан андижонлик таниқли боксчилар — Муҳаммадқодир Абдуллаев, Зиёвутдин Тойғанбоев, Ўткирбек Ҳайдаровлар ҳам фахр­ланишмоқда. Улар Ҳайитбоевлар хонадонига ташриф буюриб, дил сўзларини бир-бир баён этишди.

— Ҳасанбой тиришқоқ, дов­юрак боксчи, — дейди 2000 йилги Сидней олимпиадаси чемпиони Муҳаммадқодир ­Абдуллаев. — Унинг ғалабасини кўрибоқ, ота-онасини табриклашга ­шошилдик. Уларни чин юракдан табрикладим. Истеъдодли ­боксчимизнинг ғалабаси — Ўзбекис­тоннинг ғалабаси!

Дарҳақиқат, Ҳасанбой Дўсматовнинг Олимпия чемпиони бўлгани бугун тиллардан-тилларга кўчаяпти. Ҳам­юрт­ларимиз қайта-қайта ифтихор билан бу ғалаба ҳақида гапиришмоқда. Бу ғалаба мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллик байрамига муносиб сов­ға сифатида эътироф этилмоқда.

 

Аҳмадилло СОЛИЕВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.