16.08.2016

ҲАСАНБОЙ — ОЛИМПИЯ ЧЕМПИОНИ!

Иқтидорли боксчимиз Ҳасанбой Дўсматов (49 кг) XXXI ёзги Олимпия ўйинларида олтин медалга сазовор бўлди!

 

Ҳасанбой ДЎСМАТОВ

Олимпия чемпиони бўлиш — юксак шараф! Бундай бахтга эришиш спортчидан машаққатли меҳнат, кучли ирода ва юксак маҳорат талаб этади.

Рио-де-Жанейро олимпиадаси. Бокс.

1/8 финал. Ҳасанбой Дўсматов (Ўзбекис­тон) — Хоселито Веласкес (Мексика) — 3:0

1/4 финал. Биржан Жакипов (Қозоғистон) — Ҳасанбой Дўсматов (Ўзбекистон) — 0:3.

1/2 финал. Ҳасанбой Дўсматов (Ўзбекис­тон) — Нико Хернандес (АҚШ) — 3:0.

ФИНАЛ. Ҳасанбой Дўсматов (Ўзбекистон) — Юберхен Матинес (Колумбия) — 3:0.

 

Элмурод ТАСМУРАДОВ

Рио-де-Жанейро олимпиадаси. Юнон-рум кураши. 59 кг

1/8 финал. Элмурод Тасмурадов (Ўзбекистон) – Кристан Фрис (Сербия) – 7:2

1/4 финал. Юн Вон Чхол (КХДР) – Элмурод Тасмурадов (Ўзбекистон) – 0:9

1/2 финал. Исмоил Борреро (Куба) – Элмурод Тасмурадов (Ўзбекистон) – 6:2

Бронза медали учун. Элмурод Тасмурадов (Ўзбекистон) – Арсен Ералиев (Қирғизистон) – 13:8.

 

 

Бу ғалабани миллионлаб ҳамюртларимиз ҳаяжон ва ишонч билан кутди. Рио-де-Жанейро рингларида баҳс­ларни муваффақиятли бошлаган ҳамюртимиз Ҳасанбой Дўсматов (49 кг) дастлаб мексикалик Хоселито Веласкес, қозоғистонлик Биржан Жакиповни енгди. Мустаҳкам ҳимоя, кучли техника, аниқ ва тезкор зарбага эга боксчимиз ярим финалда америкалик Нико Хернандесни мағлубиятга учратиб, финалга йўлланма олганди.

14 август оқшоми. Вазни 49 килограмм­гача бўлган боксчилар финал учрашуви. Унда ҳамюртимиз Ҳасанбой Дўсматов колумбиялик Юберхен Мартинесга қарши рингга кўтарилди.

Ҳал қилувчи жангда катта маҳорат кўрсатган Ҳасанбой рақибига ҳеч қандай имконият қолдирмади. Рио-де-Жанейро олимпиадаси шоҳсупасига кўтарилган ўзбек ўғлони шарафига Ватанимиз байроғи кўтарилиб, давлатимиз мадҳияси янгради.

Иқтидорли боксчимиз ғалабасига ишонгандик. Бугун у халқимиз ишончини оқлади, мамлакатимиз мустақиллигининг йигирма беш йиллик тўйига муносиб совға туҳфа этди.

Ҳасанбой Булоқбоши туманининг Дўлан маҳалласида 1993 йил 26 июнда дунёга келган. У бокс бўйича илк сабоқларни мураббий Алимардон Зуфаровдан олган.

Бутунжаҳон универсиадаси ғолиби ва Осиё чемпиони Ҳасанбой Дўсматовнинг финал жангини ойнаи жаҳон ор­қали кузатиш, унинг оиласи қувончига шерик бўлиш учун нафақат дўланликлар, балки кенг жамоатчилик ва кўплаб таниқли спортчилар ҳам боксчимиз хонадонига ташриф буюрди.

— 2000 йили Сидней олимпиадаси ўтказилганда етти ёшли болакай эдим, — дейди Рио-де-Жанейро олимпиадаси чемпиони Ҳасанбой Дўсматов. — Ҳамон ёдимда, ўшанда ҳамюртимиз Муҳаммадқодир ака Абдуллаев бокс бўйича барча рақибларини енгиб, чемпион бўлганини оиламиз даврасида кўрганман. Шунда бир кун келиб, мен ҳам Олимпия чемпиони бўламан, дея ният қилганман. Ниятларим ижобат бўлганидан жуда ҳам бахтиёрман.

Ватанимиз байроғини Рио-де-Жанейро олимпиадасида баланд кўтарганимдан беҳад хурсандман. Биз, ёшлар, озод ва обод юрт­да туғилиб вояга етганлигимиздан ва Ўзбекистон номидан халқаро майдонга чиқаётганимиздан доимо фахрланамиз. Президентимизнинг биз ёшларга қарата «Маррани доимо баланд олинг. Зеро, Ўзбекистон ёшлари ҳеч кимдан кам эмас, ҳеч қачон кам бўлмайди!» деган сўзлари қалбимизга муҳрланган. Ушбу даъват мени ҳам доимо янги-янги марралар сари чорлайди. Олимпия ўйинларидаги олтин медалимни барчамиз учун энг улуғ, энг азиз байрам — Ватанимиз мус­тақиллигининг 25 йиллигига бағишлайман.

Ҳасанбой Дўсматовнинг бу олтин медали мамлакатимиз истиқлолга эришганидан буён ёзги Олимпия ўйинларида қўлга киритилган еттинчи олтин медалдир. Илк олтин медаль ҳам айнан бокс баҳсларида қўлга киритилган эди. 2000 йил Сиднейда бўлиб ўтган ёзги Олимпия ўйинларида боксчимиз Муҳаммадқодир Абдуллаев ғалаба қозониб, ўзбек бокс мактаби шуҳратини дунёга ёйган эди... 

Риода яна бир иқтидорли спортчимиз Рус­там Тўлаганов (91 кг)нинг ярим финалга йўлланма олганлигини хабар қилгандик. У финал йўлланмаси учун кечган баҳсда 2015 йилги Европа ва жаҳон чемпиони, россиялик Евгений Тишченкога очколар ҳисобида кичик фарқ билан имкониятни бой бериб, бронза медали билан чекланди.

Айни пайтда Рио-де-Жанейро олимпиадасида умумжамоа ҳисобида Ўзбекистон боксчилари битта олтин ва битта бронза медалини қўлга киритган ҳолда пешқадамлик қиляпти. Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас. Олдинда ҳамюртларимиз иштирокидаги қатор муҳим жанглар турибди. Жумладан, тўрт нафар боксчимиз Мурод Аҳмадалиев, Фазлиддин Ғойибназаров, Бектемир Мелиқўзиев ва Баҳодир Жалолов чорак финалда рингга кўтарилишса, Шаҳрам Ғиёсов эса кеча финал йўлланмаси учун марокашлик боксчига қарши баҳс юритди.

Шунингдек, 14 август куни юнон-рум кураши усталари медаллар учун беллашувларни бошлашди. Дастлабки кунги баҳсларда жаҳон чемпионати сов­риндори ва уч карра Осиё чемпиони Элмурод Тасмуродов (59 кг) ўз маҳоратини намойиш этиб, мутахассислар ишончини оқлади.

Ҳамюртимиз дастлаб саралаш учрашувларида Сербия ва КХДР полвонларини катта устунлик билан енгди ва ярим финалга йўлланма олди. Финал йўлланмаси учун жаҳон чемпиони кубалик Исмоил Боррерога қарши гиламга тушди. Афсуски, тенгма-тенг кечган беллашувда Элмуроддан омад бироз юз ўгирди. Бронза медали учун ўтган учрашувда полвонимиз қирғизистонлик Арсен Ералиевни катта устунлик билан мағлубиятга учратди ва шоҳсупанинг фахрли учинчи поғонасидан жой олди.

Кеча юнон-рум кураши бўйича полвонларимиз Рустам Ассакалов (85 кг) ҳамда Мўминжон Абдуллаев (130 кг)лар гиламга тушди. Шунингдек, мамлакатимиз спортчилари — оғир атлетика бўйича Иван Ефремов, Руслан Нурудинов, байдаркачилар Ольга Умаралиева, Алексей Мочалов, каноэчи Герасим Кочнев, енгил атлетикачилар Нигина Шарипова, Руслан Қурбонов, Наталья Асановалар медаллар учун баҳсларга киришдилар.

Эслатиб ўтамиз, ҳозирча Ўзбекистон спортчилари умумжамоа ҳисобида битта олтин ва тўртта бронза медали жамғарган ҳолда 206 мамлакат вакиллари ўртасида 39-поғонани банд этиб турибди.

 

Эркин ХОЛБОБО,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.