13.08.2016

МУСТАҚИЛЛИК МЎЪЖИЗАЛАРИ

...Бундан чорак аср муқаддам бу тепаликдан тўрт томонга назар ташласангиз, поёнсиз пахтазорлар, кўримсиз қишлоқ уйлари ва шиддат билан оқаётган асов дарёга кўзингиз тушарди...

Энди-чи?

...Бугун яна ўша тепаликдамиз. Хоразмнинг энг чеккаси — кунчиқар томонидаги асрий Питнак қирлари қоқ марказидаги Чингизтепага бу гал меҳмонларни бошлаб келдим. Пойтахтлик ҳамкасбларимиз уч кунлик саёҳат давомида кўрганлари — истиқлол туфайли тамоман яшарган шаҳарлар, уларда олиб борилган улкан бунёдкорлик, ободончилик ишлари борасидаги факт-рақамларни ён дафтарчаларига ёзиб олишарди.

Уларга воҳанинг энг чекка ҳудудини кўрсатгимиз келди. Чингизтепага кўтариламиз. Бир зумда атроф мисли кафтдагидек кўринади. Навбати билан чор атрофни кўрсатиб, изоҳ бераман: «Аввалида биз йўл босиб келган томонга бир назар ташлайлик. Уйлари бир-бирига туташиб кетган Янгибозор қишлоғида томи шифер қилинмаган бирорта уй қолмаган. Шундоқ қарасангиз, ўзингиз гувоҳ бўласиз. Бундан ўттиз-ўттиз беш йиллар аввал қишлоқда ўзига тўқ икки-уч кишининг уйлари томлари шифер қилинганди. Томни шифер қилиш бадавлатлик белгиси эди-да. Ўйлаб қарасангиз, кулгингиз қистайди. Унда ҳам кулранг шиферлар бўларди, холос. Энди қаранг, турлича: оқ, кўк, қизил рангдаги томлар қишлоққа ўзгача кўрк бериб турибди. Асосийси, хонадоннинг иқтисоди томини шифер қилиш билан белгиланадиган даврлар ўтиб кетган. Иморатлар икки ва уч қаватли, пишган ғиштдан тикланмоқда. Меъморий ечими ўзгача — шарқона...

Ҳамроҳларимиздан бири жануб томондаги улкан, маҳобатли бинони кўрсатди: «бу бирор саноат корхонасими?»

Ҳа, дейман унга ғурур билан. «Хоразм шакар» акциядорлик жамияти қўшма корхонаси. Атиги йигирма йил олдин бу ерлар яйдоқ чўл эди. Қисқа фурсатда улкан саноат мажмуаси бун­ёд этилди. Ҳозир-да бу ерда бир ярим мингдан зиёд йигит-қиз меҳнат қилмоқда. Бир кеча-кундузда корхона салкам минг тонна шакар ишлаб чиқаради ва юртимизнинг барча вилоятларига жўнатилади. Маҳсулотни ташишда қу­лайлик бўлиши учун корхонага темир йўл ҳам тортилган. Йирик саноат мажмуасининг атрофи шаҳарчага монанд бўлиб кетган — бу ерда ишчи-хизматчилар учун замонавий турар-жойлар барпо этилди. Асрий қирликда боғлар, гулзорлар яратилгани ҳам мўъжиза.

...Ҳали шакар корхонаси, унинг атрофидаги шаҳарча ҳақидаги мухтасар изоҳларим поёнламай ҳамроҳларим назари шарқ томондаги янада улканроқ иншоот — Питнак шаҳрига кираверишда бунёд этилган «ЖМ Ўзбекистон» қўшма корхонаси мажмуасига тушади. Оддий халқ бу жойни «Дамас завод», деб атайди. Уч йил муқаддам бу ерда «Дамас» енгил машиналари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Кейинчалик «Орландо» машиналари ҳам корхона конвейерларидан чиқиб, истеъмолчиларга етказилиб берила бошланди. Бутловчи қисмларнинг бир қисмини шу ернинг ўзида тайёрлаш мақсадида катта-кичик корхоналар ишга тушди. Ҳозир бу даргоҳда бир ярим мингдан зиёд ёш ишламоқда. Ҳар куни корхонада замонавий русумдаги ўнлаб машиналар йиғилиб, мижозларга етказилаяпти. Корхонага ёндош майдонда эса намунали турар-жойлар қад ростламоқда.

Дарвоқе, ҳамроҳларим нигоҳини бир зум улкан мажмуадан сал берироқдаги яна бир кичик шаҳарчага қаратаман: «бир-­бири­дан чиройли, мисли ипга тизилгандек уйларга қаранг­лар! Булар намунали турар-жойлар. Олдинлари бу ерлар яйдоқ бир қир эди. Энди-чи «Обод» деб аталувчи шаҳарчага айланди. Ҳозирча бу ерда икки юзга яқин намунали турар-жой қад ростлади. Булар ҳаммаси сўнгги уч йил ичида тикланган уйлар».

Ҳамроҳларим тепаликдан кафтдагидек кўриниб турган манзаралардан ҳайрат туюшади...

Энди фахр билан уларнинг нигоҳини шимол томонга — дарё ўзанига бураман. Айнан шу манзилда ўжар дарё қадим қирни ёқалаб оқади, унинг соҳилларига аёвсиз ҳамла қилади. Ишбилармон деҳқонлар, соҳибкорлар тепалик гарчи дарё ўзанидан эллик метрлар баландликда жойлашган бўлса-да замонавий қудратли насослар ёрдамида сув чиқариб, бу манзилларни боғ-роғларга айлантиришган. Ям-яшил узумзорлар, олмазорларнинг чеки йўқдек гўё. Уфққа довур туташган бу боғлар оралиқларида икки-уч қаватли чиройли кўшклар кўзга ташланади. Бу боғбонларнинг ёзги дала ҳовлилари. Атиги чорак аср илгари яп-яйдоқ дашт бўлган маконда салкам минг гектарлик боғ яратилган...

Боғлар ортидан дарё кўприги кўзга ташланади. Навбатдаги ҳикоямиз айнан шу кўприк ҳақида. Собиқ шўролар даврида Амударёнинг қуйи оқимида, икки қирғоқни бирлаштирувчи бирорта ҳам кўприк йўқ эди. Икки соҳилда минг йилларки яшаб келаётган кишилар ўзаро яқин қуда-анда бўлиб кетишган. Тўй-маъракалари бир. Шу боисдан ёз, баҳор ойларида дарё кечиш минг азоб эди. Кўч-кўрони билан кичик қайиқларда дарё ошишарди. Қиш ойларида, дарё музлаганда эса уловлари билан тўғри муз устидан ўтишарди. Бу табиат билан даҳшатли бир курашга — ажал ўйинига ўхшарди. Муз синиб кетиб, дарё қаърига ғарқ бўлганлар қанча...

Бундан ўн йил муқаддам узунлиги 690 метрлик ҳам машиналар, ҳам поезд­лар қатнови учун мўлжалланган «Мискин — Ҳазорасп» кўприги бунёд этилди. Кейинчалик воҳа марказида «Беруний — Урганч» кўприги ҳам қурилди. Икки соҳил минг йиллардан сўнг — истиқлол боис мустаҳкам ришталар билан боғланди. Ана ўша дарёда илк бора қурилган муҳташам кўприк!

... Ҳамроҳларим нигоҳлари дарё ортида давом этаётган қурилишларга тушади. Улкан машиналар, осмонўпар кранлар яққол кўриниб турибди. Бу — «Навоий — Конимех — Мискин» тезюрар поездларига мўлжалланган темир йўлнинг қурилиши. Режага кўра, бу темир йўл кейинги йили ишга тушади, шунда пойтахтимиздан воҳага ўн соат ичида етиб келса бўлади...

«Биз истиқлол йилларида катта шаҳарларда амалга оширилган бунёдкорликлар ҳақида кўп гапирамиз. Юртимизнинг энг чеккаси — Хоразмнинг бизлар муқаддам «қишлоқ тумани» деб ёзишга одатланиб қолган бир гўшасида шунча ишлар амалга оширилибди, — деди меҳмонлардан бири. Асрларга татигулик иш, деб мана шуни айтса бўлади. Шулар ҳақида гапириш керак, ёзиш керак!

Беш чақиримча масофада бир-биридан ҳайратланарли учта мўъжизани кўриб, ҳайратланасан ки­ши!»

Унинг гапини бошқа бир ҳамроҳим тузатади: «Учтамас, бешта, йўқ олтита мўъжиза кўрдик. Шакар заводи бир, «Дамас» заводи икки, кўприк уч! Қирдаги икки шаҳарча-чи? Темир йўл-чи? Учи-қири йўқ мана бу боғлар-чи? Қишлоқдаги икки-уч қа­ватли иморатлар-чи?...»

Ўзаро баҳслашамиз, тортишамиз.

Ниҳоят, баҳсга нуқта қўйишга уринаман: «бундан чорак аср муқаддам бу манзилда фақатгина биз турган мана шу тепалик бор эди. Узоқ-яқиндан одамлар айнан уни кўргани келишарди...»

Ҳамроҳларим савол назари билан менга тикилишади.

Фикримни якунлайман: «мана шу биз турган тепалик ва у ҳақидаги афсона — ривоят кўпчилик учун қизиқ эди. Эндиликда бу тепалик ён-атрофдаги ўнлаб мўъжизаларни томоша қи­лиш учун восита бўлиб қолган, холос...»

... Энг чекка ҳудудда қисқа фурсатда яратилган бир-биридан гўзал, бетакрор мўъжизалар оғушида бўлган ҳамроҳларимни туман марказига бошлаб келаман. Тарихи салкам уч минг йилга тенг қадим Сулаймон қалъа меъморий ёдгорлиги атрофидаги ­бунёдкорликлар — қадим қалъани қайта тиклаш, сайёҳлик масканига айлантириш мақсадида олиб борилаётган ишлар тўғрисида ҳам сўзлаб беришим керак.

Бу энди навбатдаги мўьжиза!

 

Рўзимбой ҲАСАН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.