11.08.2016

ЗАМОНАВИЙ КОРПОРАТИВ БОШҚАРУВ

акциядорлик жамиятлари ривожига хизмат қилади

Мамлакатимизда турли мулкчиликка асосланган корхоналар фаолият кўрсатмоқда. Улар ичида акциядорлик жамияти шаклидаги субъектларнинг ўзига хос ўрни бор. Кейинги йилларда бундай корхоналарни замон талабларига мувофиқ тарзда ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Бу йўналишда қабул қилинган бир қатор қарорлар ижроси бўйича қизғин иш олиб борилмоқда. Президентимизнинг 2015 йил 21 декабрдаги «Акциядорлик жамиятларига хорижий инвесторларни жалб қилиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори иқтисодиёт тараққиётининг бугунги босқичида муҳим ҳужжат бўлди.

Қарорда акциядорлик жамиятларига хорижий инвестор ва менежерларни кенг жалб этиш, бундай субъектларда корпоратив бошқарувни жорий этиш, ишлаб чиқаришни модернизациялаш, сифатли, рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш, уларни ташқи бозорларга экспорт қилиш масалалари кўзда тутилган.

Акциядорлик жамиятларининг устав капиталларида давлат активлари ва улушларини қисқартириш ҳисобидан иқтисодиётда давлатнинг иштирокини тубдан камайтириш чораларини кўриш белгиланган.

Бундан ташқари, «Акция­дорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун ҳамда бошқа қонун ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчаларни киритиш вазифаси ҳам юклатилган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда кўриб чиқилган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси шу муносабат билан тайёрланган. Ундан кўзланган мақсад Президент қарори ижросини таъминлаш ва қонунчилик нормаларини бири-бирига мувофиқлаштиришдан иборат. Айтиш керакки, бу жараёнда қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш икки йўналишда амалга оширилмоқда.

Маълумки, қарорда янги акциядорлик жамиятлари фақат хорижий инвесторнинг устав капиталидаги улуши 15 фоиздан кам бўлмаган тақдирдагина ташкил қилиниши мумкинлиги белгиланган. Шу боис биринчи йўналишга асосан «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун жамият устав фондидаги (устав капиталидаги) улуши камида 15 фоизни ташкил этиши лозим бўлган чет эллик инвесторлар иштирокида ташкил этилади, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно, деган норма билан тўлдирилмоқда.

Шунингдек, қарорда хорижий инвестицияси мавжуд акциядорлик жамиятларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилган тақдирда даъво аризаси билан судга мурожаат этганда давлат божини тўлашдан озод қилиниши, кейинчалик давлат божи суднинг тегишли қарори билан айбдор деб топилган томондан ундириб олиниши белгиланган. Шу боис Солиқ кодексига умумий юрисдикция судларида ҳамда хўжалик судларида акциядорлик жамиятлари уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисидаги даъволар бўйича давлат божини тўлашдан озод қилинишини белгиловчи норма қўшилмоқда.

2015 йилда қабул қилинган «Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 27-моддасига мувофиқ, депозитар операциялар инвестиция воситачиси ва Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси томонидан амалга оширилади. Айни пайтда баъзи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда «депозитарий» тушунчасининг қўлланилиши, унинг фақатгина депозитарий хизматларини кўрсатувчи қимматли қоғозлар бозорининг алоҳида иштирокчиси сифатида талқин қилинишига олиб келмоқда. Ваҳоланки, қимматли қоғозлар бозорида депозитар операциялар билан бир қаторда қимматли қоғозларга доир бошқа битим ва операцияларни амалга оширувчи инвестицион воситачилар — брокерлик, дилерлик ва бошқа хизматлар ҳисобдан четда қолмоқда. Шулар инобатга олиниб, қонун лойиҳасининг иккинчи йўналишида «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг акциядорларнинг ҳуқуқлари, акцияларга бўлган ҳуқуқларнинг ўтиши, жамият акциядорларининг реестри, депо ҳисобварағидан кўчирма, қимматли қоғозларнинг номинал сақловчилари ҳақидаги моддаларида аниқлаштирувчи тузатишлар ўз ифодасини топмоқда. Яъни, депозитарий тушунчаси Марказий депозитарий ва инвестиция воситачилари деган тушунчалар билан алмаштирилмоқда.

Қонунчилик меъёрлари турлича талқин қилинишининг олдини олиш мақсадида худди шундай ўзгартишларни «Суд ҳужжатлари ва бош­қа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига киритиш таклиф этилмоқда. Бу ўз навбатида, қонунлар нормалари бир хиллигини таъминлайди.

Хулоса қилиб айтганда, ушбу ўзгартиш ва қўшимчалар мамлакатимиздаги ак­ция­дорлик жамиятларида дунёнинг ривожланган давлатларидаги каби корпоратив бош­қарувни кенг жорий этиш учун ҳуқуқий асос яратади. Бу эса йирик ишлаб чиқариш корхоналарини янада модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш, уларда сифатли, рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш имкониятини беради.

Шу ўринда бир тасаввур қилиб кўрайлик. Битта корхона, акциядорлик жамиятининг ишлари яхши юришмаса, замон талаблари даражасида фаолият кўрсатмаса, бундан қанча одам, қанча оила зиён кўради? Иш ўринлари қисқаради, меҳнат ҳуқуқлари таъминланмай қолади, корхона-ташкилотнинг маҳсулоти ёки хизмати сифати пасайиб кетади. Буларнинг ортидан кейинчалик бошқа муаммолар ҳам келиб чиқаверади.

Аксинча, акциядорлик жамиятлари фаолияти ривожланиши оддий ишчи-ходимларнинг даромади кўпайишига, ҳар томонлама қулай меҳнат шароити яратилишига, ижтимоий ҳимоя самарадорлиги ошишига хизмат қилади.

 

Фарҳод УМАРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси аъзоси.



DB query error.
Please try later.