11.08.2016

МИЛЛИЙ САЙЛОВ ҚОНУНЧИЛИГИНИНГ ШАКЛЛАНИШИ

демократик жараёнларнинг чуқурлашувида долзарб аҳамият касб этмоқда

Сайлов — демократик давлатдаги энг муҳим сиёсий жараёнлардан бири ҳисобланади. Ўтказилаётган ҳар бир сайлов жамият ҳаётининг эртасини белгилаб беришда беқиёс ўрин тутади. Чунки, эркин ва адолатли фуқаролик жамиятини демократик сайловларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Сайловлар жараёнида ҳар қайси давлат ва ҳар қайси жамиятда хилма-хил фикрлар, одамларнинг хоҳиш-иродаси, орзу-умидлари, ижтимоий кайфияти яққол намоён бўлади.

Ўтган давр мобайнида фуқароларимизнинг сиёсий онги ва тафаккурида, дунёқарашида жиддий ижобий ўзгаришлар рўй берди. Демократик қадриятларга содиқ, уларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш ғояси билан яшаётган янги авлод шаклланмоқда. Қолаверса, миллий сайлов қонунчилигимиз истиқлол даврида ўзига хос демократия мактаби вазифасини бажариб, мураккаб йўлни босиб ўтди. Давр синовларида, янгидан-янги ижтимоий-сиёсий воқеликлар таъсирида тобланди, пировард натижа бугунга келиб демократик талаблар ва халқаро андозаларга жавоб берадиган даражага етди.

Миллий сайлов тизими ҳуқуқий асосларининг яратилиши, ривожланиши ва сайлов амалиётининг асосий босқичлари ҳақида сўз юритганда шуни айтиш керакки, 1991-2000 йиллар оралиғи демократик сайлов тизимининг конституциявий-ҳуқуқий асослари яратилиши даври бўлди.

Бу даврда Ўзбекистон Республикаси Конституция­си, «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги, «Ўзбекис­тон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида«ги, «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида»ги, «Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунларнинг қабул қилиниши билан умумэътироф этилган принциплар орқали кўппартиявийликка асосланган, муқобил сайловларни ташкил этишнинг ҳуқуқий базаси яратилди.

Сайловга оид мазкур қонун ҳужжатлари 1994 йилда кўппартиявийлик асосида ўтказилган парламент сайловлари амалиётида илк бор синаб кўрилди. Унинг натижасида биринчи чақириқ Олий Мажлис таркиби иккита сиёсий партия, ҳокимият вакиллик органлари ҳамда ташаббускор гуруҳлар томонидан кўрсатилган номзодлар асосида сайланган депутатлардан шаклланди.

Ушбу даврда ўтказилган парламент сайловларида тўпланган амалий тажрибага мувофиқ сайлов тизимининг демократик асослари мустаҳкамланди ва қонунларга тегишли ўзгартиришлар киритилди.

Энг муҳими, бу босқичда сайловларни ташкил этиш ва натижаларини аниқлашда холисликни таъминлаш мақсадида мустақил орган — Марказий сайлов комиссияси тузиш ҳақида «Ўзбекистон Республикасининг Марказий сайлов комиссияси тўғрисида»ги қонун қабул қилинди ва мамлакатимиз тарихида илк бор демократик йўл билан Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ташкил этилди.

Бундан ташқари, депутатликка мустақил номзодларни илгари суриш, Ўзбекистонда кўппартиявийлик ва сиёсий фикрлар хилма-хиллигини кенгайтиришга зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида сайлов қонунчилигидан «беш фоизлик тўсиқ» ҳақидаги қоида чиқариб ташланди ва сайловчилар ташаббускор гуруҳларининг бевосита номзод кўрсатиш ҳуқуқлари мустаҳкамланди.

Сайлов жараёнининг муҳим субъектлари саналган сиёсий партиялар фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солувчи Ўзбекистон Республикасининг «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги қонуни қабул қилиниши билан 1999 йилда ўтказилган парламент сайловларига янги ҳуқуқий замин яратилди. Сиёсий партияларнинг Олий Мажлисдаги фракцияларини ташкил этишнинг қонуний кафолатлари вужудга келди.

Шунингдек, сиёсий пар­тия­ларнинг сайлов тартиб-қоидаларига риоя қилинишини назорат этиш бўйича ваколатлари кенгайди ва номзод кўрсатган сиёсий партия ҳар бир сайлов участкасига ўз кузатувчисини тайинлаш ҳуқуқига эга бўлди.

2000-2010 йиллар — сайлов тизимининг ҳуқу­қий асосларини янада ривожлантириш, либераллаштириш ва сайлов амалиётини такомиллаштириш даври бўлди.

Бу йилларда иқтисодиётни барқарор ривожлантириш, сиёсий ҳаётни ҳамда қонунчилик, суд-ҳуқуқ тизими ва ижтимоий-гуманитар соҳаларни изчил ислоҳ қи­лишда муҳим роль ўйнаган жараёнлар содир бўлди. Шунингдек, бу даврда бевосита икки палатали парламент тизимига ўтиш билан боғлиқ сайлов қонунчилигининг тадрижий тараққиёти кузатилди.

Бунда қуйи палата — Қонунчилик палатасини шакл­лантиришда асосан партиявий вакиллик принципи устувор бўлди. Сиёсий партия вакилларининг ўз ижтимоий-сиё­сий қарашлари ва сайловчилар манфаатларини ифодалаш учун кенг имкониятлар яратилди. Парламентнинг юқори палатаси — Сенат ҳудудий вакиллик органи сифатида эътироф этилди ҳамда унинг асосий таркиби поғонали сайловлар асосида шаклланиши конс­титуциявий қонунда мустаҳкамлаб қўйилди.

Айниқса, 2003 вa 2008 йиллaрдa Конституциямизгa, шунингдeк, бир қатор қонун­лaргa тeгишли ўзгaртиш вa қўшим­чaлaр киритилиши сaмa­рaли, дeмокрaтик сaйлов тизимини шaкллaнтириш вa ривож­лaнтириш соҳaсидa чуқур ўзгaришлaрга асос бўлди. Натижада миллий сaйлов тизимининг изчил вa босқичмa-босқич либeрaл­лaшуви, икки пaлaтaли пaр­лaмeнт сaйлов­лaрининг қонун тaлaблaри вa умумэътироф этилгaн xaлқ­aро принцип вa нормaлaргa тўлa мос ҳолдa ўткaзилишини тaъмин­лaй­дигaн мукaммaл қонунчилик бaзaси шaкл­лaнишигa олиб кeлди.

2003 йилнинг 29 авгус­тида «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги қонун янги таҳрирда қабул қилинди ҳамда «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида»ги қонунга тегишли ўзгартиришлар киритилди.

2004 йилги сайловларга қадар сайлов қонунчилигига жорий этилган энг муҳим янги­ликлар қаторида — маҳаллий Кенгашларнинг депутатликка номзодлар кўрсатиш ҳуқуқи бекор қилинганлиги, сиёсий партиялар депутатликка номзодлар кўрсатганида хотин-қизлар учун квота белгиланганлиги, шунингдек, сайловолди ташвиқоти олиб боришда партиялар фаолиятини мо­лия­лаштириш масаласининг ҳал этилганлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш зарур.

2008 йил 25 декабрда қабул қилинган «Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун сайлов жараёнининг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлади. Ушбу қонунга мувофиқ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги депутатлик ўринларининг сони 120 дан 150 га ўзгарди.

Бунда 135 ўринни сиёсий партиялардан кўппартия­вийлик асосида бир мандатли округларда сайланадиган депутатлар эгаллайди. Ўзбе­кис­тон экологик ҳаракатидан эса Қонунчилик палатасининг ўн беш депутати мазкур ҳаракатнинг олий органи (Конференцияси) томонидан Марказий сайлов комиссияси белгилайдиган муддатларда сайланадиган бўл­ди.

Шунингдек, жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётида юз бераётган жараёнларда сиёсий партияларнинг роли кучайиб бораётганлиги инобатга олиниб, сайловчиларнинг ташаббускор гуруҳларидан депутатликка номзодлар кўрсатиш инс­титути бекор қилинди. Депутатликка номзодлар ишонч­ли вакилларининг сони 5 нафардан 10 нафарга ўзгарди. Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда сайлов комиссиялари фаолиятининг ошкоралигини таъминлашга йўналтирилган бир қатор янги тартиб-қоидалар жорий этилмоқда.

2010 йил 12 ноябрда Президентимиз томонидан Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепциясининг эълон қилиниши — Ўзбекистонда сайлов ҳуқуқи эркинлигини таъминлаш ва сайлов қонунчилигини ривожлантиришнинг янги босқичини бошлаб берди.

Концепцияда партия­лар­аро рақобатнинг кучайиши, сай­ловолди ташвиқотининг шакл ва усуллари тобора турли-туман ва кeнг миқёсга эга бўлиб бораётгани боис, Ўзбекистон сайлов қонун­чилигида сайлов кампа­ния­сининг ушбу муҳим бос­қичида дeпутатликка ном­зодлар ва сиёсий партияларга тeнг шароитлар яратиш мexанизм­ларининг самарадорлигини оширишга қаратилган нормаларни ­на­­­­­­­­з­арда тутувчи «Ўзбeкистон Рeспубликаси Олий Маж­лисига сайлов тўғриси­да»­ги қонуннинг 27-моддаси ҳамда «Xалқ дeпутатлари вилоят, ту­ман ва шаҳар Кeнгаш­ларига сайлов тўғ­ри­сида»ги қонуннинг 25-мод­дасига тегишли ўз­гар­тиш ва қўшимчалар киритиш ғояси илгари сурилди.

Дарҳақиқат, сайловолди ташвиқоти сайлов жараёнининг энг муҳим босқичи ҳисобланади. Чунки давлат ҳокимиятининг вакиллик органларига ўтказиладиган сайловларда сайловолди ташвиқоти депутатликка номзодлар ва уларни кўрсатган сиёсий партиялар учун ўзига хос катта синов ҳамда сарҳисоб давридир. Шунинг учун сайловолди кампаниясида ташвиқот жараёни ниҳоятда муҳим босқич бўлиб, унда сиёсий партиялар, номзодлар мамлакатни сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва маънавий-маърифий юксалтириш бўйича ўз дастурларини намоён қилади. Ушбу бос­қичнинг ўзига хос аҳамияти, номзодларнинг сайловда ютиб чиқиш учун бутун билими ва қобилиятини сарфлаган ҳолда ўзаро соғлом сиёсий рақобат руҳида электоратнинг овози учун кураш олиб боришида намоён бўлади. Ана шунинг учун ҳам сайловолди ташвиқотининг асосий мақсади сайлов жараёнини юқори даражада очиқлигини таъминлаш ва номзодларга ўз дастурлари тўғрисида сайловчиларга тўлиқ ва ишончли маълумотларни етказиб беришлари учун кенг ва тенг шароитлар яратишдан иборат.

Қонунга мувофиқ, сай­лов­олди ташвиқоти депутатликка номзодлар рўй­хатга олинган кундан эътиборан бошланади. Бунда номзодларга, сиёсий пар­тияларга оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда тенг ҳуқуқ берилади. Сайлов қонунчилигига киритилган янги қоидаларга асосан сайловчиларнинг йиғилишлари сиёсий партиялар томонидан мустақил равишда ўтказилади. Йиғилиш ўтказиладиган жой ва вақт, қоида тариқасида, участка сайлов комиссиялари билан келишиб олинади. Маҳаллий ҳокимият органлари ва жамоат бирлашмалари, шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари депутатликка номзодларга йиғилишлар ўтказиш учун жиҳозланган хоналар ажратишлари, уларга сайловчилар билан учрашувлар ўтказишни ташкил этишда, зарур маълумот ва ахборот материалларини олишда ёрдам кўрсатиши лозим.

Йиғилиш ва учрашувларнинг ўтказиладиган жойи ҳамда вақти ҳақида сайловчиларга олдиндан хабар қилинади. Ташвиқот давомида сиёсий партияларга ўзининг келгуси фаолият дас­тури билан чиқиш ­ҳу­қ­у­қи берилади.

Моҳиятан, миллий сайлов қонунчилигимизда кўзда тутилган сайловолди кам­пания­­сининг ҳар бир босқичи қу­йидаги бир қатор омилларга боғлиқ. Мисол учун, уларнинг аниқ белгиланган муддатларда шаклланиши, яъни даврийлиги, мантиқий кетма-кетлик ва узвийлиги, бири-иккинчисини тўлдириши, яъни яхлитлиги ҳамда ҳар бир бос­қичнинг аниқ мақсадларга йўналтирилганлиги каби ўзига хос белгилари мавжуд.

Сайловолди ташвиқотини ўтказишнинг ҳуқуқий асосларини белгиловчи моддаларга «сайловолди ташвиқотининг нафақат сайлов куни, балки овоз бериш бошланишидан бир кун олдин ҳам олиб бориш мумкин эмас»лиги тўғрисидаги норманинг киритилиши овоз бериш жараёнида сайловчининг ўз хоҳиш-иродасини эркин ифодалашини таъминловчи муҳим кафолатлардан биридир.

2014 йил апрель ойида Конституциямизнинг 117-моддасига киритилган мамлакатимиз сайлов тизимининг конституциявий асосларини янада такомиллаштиришга, сайлов тизимининг демократик принципларини амалга оширишга, сайловчиларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириш имкониятини таъминлашга қаратилган тузатишлар улкан сиёсий-ҳуқуқий аҳамиятга эга бўлди. Улар орқали Марказий сайлов комиссиясининг парламент томонидан тузиладиган мустақил конс­титуциявий орган мақомига эга эканлиги, унинг мустақиллик, қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик, адолатлилик каби фаолиятининг асосий принципларини конституция даражасида мус­таҳкам­ла­ниши, энг аввало, фуқароларнинг давлат ҳокимияти органларига сайлаш ва сайланишдан иборат конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишни тўлиқ таъминлайдиган сайлов тизимини янада демократлаштириш йўлидаги муҳим қадамдир.

Юқоридагилардан келиб чиқиб айтиш керакки, мам­лакатимизни модeр­низация қилиш ва дeмок­ратик ўзга­р­иш­ларнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланган сайлов ти­зи­мимизнинг мун­тазам тако­мил­лашиб бориши табиийдир.

Санаб ўтилган қонунчиликка киритилган ўзгаришлар, ўтган сайловларда тўп­лаган тажрибамиз кўппар­тия­вийликка асосланган сайлов жара­ёнларини янада дeмок­ратлаштиришни назарда тутади. Чунки аввало, ҳар қандай мамлакатнинг жаҳон миқ­ёсидаги нуфузи кўп жиҳатдан унда амал қилаётган сайлов тизимининг очиқлиги ва демократлигига боғлиқдир.

 Қолаверса, сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг изчил такомиллаштирилишини Ўзбекистонда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг муҳим бўғини сифатида баҳолаш лозим. Бундан ташқари, демократик сайлов тизими Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларни том маънода халқ иродасига таянган ҳолда шакллантириш, вакиллик органларида пар­тия­лараро рақобатни кучaй­тириш, электорат фикри асосида мамлакат тараққиётига дахлдор янги дастурларни илгари суриш, олиб чиқиш имконини беради. Энг асосийси, бу янгиланишлар фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга, уларнинг давлат ҳокимияти органларига ишончи мустаҳкамланишига, миллий давлатчилик пойдеворлари янада пишиқ бўлишига хизмат қилади.

Президентимизнинг ...демократия, демократик жамиятнинг бош талаби — бу одамларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этиш, сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи­ни таъминлашдан иборат, деган фикри сайлов жараёни иштирокчиларининг сайловга оид масалаларда ўз вазифаларига қанчалик масъулият билан ёндашишлари зарурлигини кўрсатиб турибди.

Ҳар бир халқ, ҳар қандай жамият ўз миллий давлатчилигини қуришда ўзига хос тараққиёт йўлини босиб ўтади. Шу боис, дунёда ривожланиш йўли, сайлов тизими айнан бир-бирига ўхшаш, бир хил давлатлар йўқ. Чунки демократик давлатнинг барпо этилиши узоқ давом этадиган мураккаб жараён бўлиб, у бевосита бир-бирига боғлиқ бўлган бир қатор омиллар таъсирида вужудга келади.

Йигирма беш йил муқаддам давлат мустақиллигини қўлга киритган Ўзбекистон ҳар қандай демократик талабларга тўлиқ мос келадиган ўз замонавий конс­титуциявий-ҳуқуқий моделини ярата олди. Миллий сайлов тизимимиз ҳам ушбу демократик тузилманинг ажралмас таркибий қисмидир.

Шу маънода учта асосий таянч, яъни ўзбек давлатчилигининг тарихий тажрибаси, демократия ва ижтимоий адолат, халқ­аро ҳуқуқ қоидаларининг устунлиги асосида яратилган сайлов қонунчилиги ва у асосида ўтказиладиган сайловлар инсонпарвар демократик давлат барпо этиш йўлида муҳим омил бўлиб хизмат қилаверади.

 

Ойбек ТУРҒУНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси кафедра мудири, юридик фанлар номзоди.



DB query error.
Please try later.