09.08.2016

ЯНГИ ЎҚУВ ЙИЛИГА ТАРАДДУД

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан янги 2016/2017 ўқув йили олдидан мактаб ўқув қуроллари, дарсликлар, кийим-кечаклар, пойабзаллар кўргазмаси ҳамда янги ўқув йилига тайёргарлик масалаларига бағишланган брифинг ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири У.Иноятов ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида ёшлар камолоти ва истиқболи йўлида кўрсатилаётган ғамхўрлик юксак самаралар бераётганини таъкидлади.

Бу жиҳатлар янги ўқув йилига тайёргарлик кўриш жараёнида ҳам яққол намоён бўлмоқда. 2016/2017 ўқув йили бошланиши муносабати билан умумтаълим мактаблари ўқувчиларини асосий турдаги ўқув қуроллари, дарсликлар, мактаб формаси, кийим-кечаклар ва пойабзаллар билан таъминлаш, ота-оналарга қулайликлар яратиш мақсадида 10 августдан 10 сентябргача 1 минг 978 мактаб ярмаркаси ташкил этилади.

Улар асосан умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари, аҳоли гавжум бўлган бозорларда, йирик савдо мажмуаларида очилиши кўзда тутилган. Тоғли ҳамда чўл ҳудудларда юзга яқин кўчма автодўконлар хизмат кўрсатади.

Мактаб дўконларида 26 турдаги зарур ўқув қуроллари ва жиҳозлар сотуви ташкил этилади. Булар ўқув, умумий, кундалик, расм, нота дафтарлари, ручка, портфель, кўплаб мактаб анжомлари, қизлар ва ўғил болалар учун мактаб, спорт кийимлари, пойабзал кабилардир.

Мактаб ярмаркаларининг фаолиятини уюшқоқлик билан ташкил этиш ва мувофиқлаштириш мақсадида маҳаллий ҳокимликларда мутасадди ташкилотлар вакилларидин иборат ишчи гуруҳлари тузилган. Жойларда ташкил этиладиган мактаб ярмаркаларига асосий турдаги маҳсулотларни Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, «Ўзбекенгилсаноат» акциядорлик жамияти, «Ўзбекчармпойабзали» уюшмаси, «Шарқ» наш­риёт-матбаа акциядорлик компанияси етказиб беради.

— «Ўзбекенгилсаноат» акциядорлик жамияти таркибида 360 дан ортиқ корхона бўлса, уларнинг 180 дан ортиғи мактаб формаларини ишлаб чиқаради, — дейди «Ўзбекенгилсаноат» акциядорлик жамияти маркетинг бўлими бош мутахассиси Маҳбуба Султонова. — Уларда 20 дан ортиқ турдаги кийим-кечак модели яратилиб, ишлаб чиқилмоқда. Ёш авлод учун ўқув формаларини яратишда дизайнерлар, модельерлар, либослар технологи билан бирга шифокорлар, ота-оналарнинг фикрларидан хулоса чиқарган ҳолда ёндашилмоқда. Мактаб кийимларини ишлаб чиқаришда асосан табиий матоларни қўллашга, моделларнинг ихчам, қулай, иқлим ҳамда санитария-гигиена талабларига мослигига асосий эътибор қаратилаётир.

— Бундай ярмаркаларнинг турар-жойларга яқин ҳудудларда, таълим масканларида ташкил этилаётгани ота-оналар учун ғоят қулайдир, — дейди Шаҳноза Иброҳимжонова. — Бу ерда таълим жараёни учун зарур бўлган барча анжомлар, мактаб, спорт формалари, пойабзалларнинг барча ўлчамларининг мавжудлиги харидорларнинг зарур маҳсулотни танлаб, харид этиши имкониятини янада кенгайтиради.

Маҳаллий ҳокимликлар Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ва бошқа назорат органлари билан бирга мактаб ярмаркаларида маҳсулотларнинг Ўзбекистон Республикасидаги амалдаги стандартлар талабларига жавоб беришини мунтазам назорат қилади. Нарх-навонинг сунъий тарзда ошиб кетишига йўл қўйилмайди, тўлов терминалларининг узлуксиз ишлаши таъминланади.  

 

Назокат УСМОНОВА,

ЎзА мухбири.



DB query error.
Please try later.