09.08.2016

ҲОКИМ ЁШЛАР БИЛАН УЧРАШДИ

Ватанимиз мустақиллигининг йигирма беш йиллиги олдидан Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев бир гуруҳ фаол ёшлар билан учрашди.

Мамлакатимизда ёшларнинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаши, истеъдод ва салоҳиятини намоён этиши учун барча шароит ва имкониятлар яратилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида»ги қонуни нав­қирон авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашнинг мустаҳкам ҳуқуқий асосини яратиб берди. Президентимизнинг 2014 йил 6 февралдаги «Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиё­сатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ушбу йўналишдаги ишларни янги босқичда давом эттиришга хизмат қилмоқда.

Бугун Фарғона вилоятида 5 олий таълим муассасаси, 145 касб-ҳунар коллежи, 12 академик лицей ва 916 умумтаълим мактаби самарали фаолият кўрсатмоқда. Фарғона шаҳридаги Ёшлар маркази, сув спорти саройи, туман ва шаҳарлардаги стадионлар, ёпиқ ва очиқ сузиш ҳавзалари, турли йўналишдаги тўгараклар ёшлар ихтиёрида.

Мустақиллик йилларида вилоят ёшлари халқаро фан олимпиадалари, нуфузли спорт мусобақалари, йирик мусиқа ва санъат танловларида муваффақиятли иштирок этиб, Ўзбекистон ёшлари ҳеч кимдан кам эмаслиги ва ҳеч қачон кам бўлмаслигини намоён этиб келмоқда. Масалан, бокс бўйича Осиё чемпиони, жаҳон чемпионати совриндори Б.Мелиқўзиев, Осиё ўйинлари ғолиби Э.Расулов, ёшлар ўртасида жаҳон чемпиони О.Шарипов, Б.Мамажонов, «Ўзбекистон ифтихори» фахрий унвони соҳиби, халқаро гроссмейстер Н.Мўминова, шунингдек, С.Саид­хўжаева, К.Раҳмонова сингари ёшларимиз халқаро миқёсда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилмоқда. Изланувчан, истеъдодли бундай ёшлар сафи тобора кенгайиб бормоқда.

«Ватан келажаги сенинг қўлинг­да!» шиори остида ташкил этилган учрашувда асосий эътибор ёшларни ёт ғоялар таъсиридан асраш, уларнинг билим ва малакасини ошириш, бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган йигит-қизларни қўллаб-қувватлаш масалаларига қаратилди. Ёшлар бу борада ўз таклиф ва ташаббусларини илгари сурди. Ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.

— Ёшларга замонавий билим чўққиларини забт этиши, ўз касбининг етук мутахассиси бўлиши учун барча шароит яратилган юрт фарзанди эканимдан фахрланаман, — дейди Олтиариқ саноат касб-ҳунар коллежи битирувчиси Умида Турғунова. — Ёш тадбиркорларга берилаётган имтиёзлардан унумли фойдаланиб, 26 миллион сўмлик имтиёзли кредит эвазига трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйдим. Айни кунларда маҳсулотимизни экспортга чиқариш устида иш олиб бормоқдамиз.

Ўз йўналишида салмоқли ютуқларга эришаётган истеъдодли йигит-қизларга вилоят ҳокимлигининг эсдалик совғалари топширилди.

 

М.СУЛАЙМОНОВ,

ЎзА мухбири.



DB query error.
Please try later.