Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Avgust 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 31 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
09.08.2016

ИККИ ҚОШ ОРАСИДАГИ ВАҚТ МЎЪЖИЗАСИ

Қилаётган ишидан, оила аъзолари, яқинларининг муваффақиятидан, бахту сао­датидан фахрланиш кишини янги марралар сари руҳлантиради. Ватанидан ғурурланиш булар орасида энг улуғидир. Чунки инсон киндик қони тўкилган замин билан фахрланса, эртанги нурафшон кунга ишончи янада мустаҳкамланади, «бўлаётган ўзгаришларга, янгиланишларга ўзимнинг улушимни қўшай», деган олижаноб туйғу билан яшайди, ўтаётган фараҳбахш кунлар саодати бардавом бўлиши учун астойдил ҳаракат қилади...

Яқинда мамлакатимизга бир гуруҳ хорижлик меҳмонлар келди. Улардан бири Соҳибқирон юрти — Қашқадарёга ҳам борди. Воҳанинг бугунги замонавий қиёфаси, аҳоли фаровонлиги йўлида яратилаётган шароит ва имкониятлардан ҳайратдалиги, халқимизнинг бунёдкорлик салоҳиятига ҳаваси келаётганини айтди.

Ҳаётнинг гардишини қаранг: 20-25 йил илгари хорижликлардан Ватанимиз ҳақида бирор яхши гап ёки биргина тармоқ ривожи ҳақида икки оғиз илиқ сўз эшитиб қолсак, амакисидан ҳайитлик олган боладай қувончдан теримизга сиғмасдик. Бугун бундай эътирофларни кундалик иш, одат каби қабул қиламиз. Чунки бугун дунёнинг мана-ман деган давлатлари ҳам юртимиздаги тинчлик-осойишталикка, иқтисодиёт, таълим, маданият, спорт, умуман, ҳаётимизнинг барча соҳаларида рўй бераётган оламшумул ўзгаришларга бераётган юксак эътирофлар, таҳсинларнинг адоғи йўқ.

Чиндан ҳам, қай бирини санаш мумкин бу эътирофу таҳсинларнинг?! БМТнинг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти бош директори Жозе Грациану да-Силва Ўзбекистон мустақиллик йилларида аграр соҳа ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида улкан тараққиётга эришганини алоҳида таъкидлагани ёки Хал­қ­аро олимпия қўмитаси президенти Томас Бахнинг мамлакатимизда спорт, айниқса, болалар спорти жадал ривожланаётгани ҳақидаги холис фикрлариними?! Қай бирини санамайлик, бу эътирофлар бизга чексиз ифтихор туйғусини бағишлайди, ўзгаларнинг ҳавасу ҳайратини оширади.

Булар орасида, айниқса, Қаршига борган меҳмоннинг дил сўзи ўзгача. Аслида, гапни мана шундан бошламоқ лозим эди. Меҳмон билан Қаршига юқори тезликда ҳаракатланадиган «Afrosiyob» поездида бордик.

Олис манзилга чиққанинг­да ён-атрофни кузатиб кетишнинг гашти ўзгача бўларкан. Қир-адирлар, бепоён далалар, боғлар, яйловлар, сўлим ва обод масканлар, замонавий шаҳару қишлоқлар, пурвиқор тоғлар кўзни қувнатади, дилни яйратади. Уфқи йўқ хаёллар аллақаерларга олиб қочади. Тафаккурингиз қалбингизни тўлқинлантириб юборади. Мулоҳазалар чегара билмайди. Баъзан қизиқ воқеалар ёдингизга тушиб, беихтиёр кулиб юборганингизни ўзингиз ҳам сезмай қоласиз, баъзан эса бунинг тамоман акси бўлади — ўйга толасиз.

Мана улардан бир шингили.

Пойтахтимиз навбатдаги йирик анжуманлардан бирига мезбонлик қилди. Йигирмага яқин давлатдан олти юздан зиёд меҳмон қарийб уч кун бўлди. Меҳмоннавоз халқ­миз. Миллий таомларимизнинг мазаси, ҳил-ҳил пишган меваларимизнинг таъмини ҳатто тушида ҳам ажратади. Хорижлик ҳамкасблар шарафига уюштирилган зиёфатда буни ўзлари бот-бот такрорлашди. Мақтовлардан сархуш ўтирар эканман, халқимизнинг бир мақоли ёдимга тушди. Айтмоқчи бўлдим-у, тилимни тийдим.

Дўстларимга шулар ҳақида сўзлаб мақтанаман, деган ниятда зиёфатдан чиқибоқ оёғимни қўлга олдим. Икки йил бурун Лондонга кетган жўрамизнинг ўқиши битиб қайтганди, «Теракзор»да гаштак уюштиришибди. «Расмий қисм»дан сўнг оғиз жуфт­лагандим ҳамки, давра бошимиз дастёр йигитга саватдаги ананасларни кесиб келишни буюрди.

— Қўй бунингни, хўжам, — деди Бирлашган Қиролликда ўқиб келган жўрамиз шошилганча. — Қовун сўй, қовун. Маза, таъм бобида унинг олдига тушадигани йўқ. Мақтанишмас, ўқиш баҳона кўпгина Европа мамлакатларида бўлдим, юрт кўрдим. Меваларимизнинг нархи осмон у ерларда. Уйдагилар олма, нок, узум, шафтоли, «чақ-чуқ» жўнатишса, кўзимга суртиб-суртиб ер эдим. Соғинганман меваларимизни!

Бир сўз деёлмадим...

Биласиз, мустақиллик ҳара­катини бошлаш осон кечмаган. Кулминациясига етган йиллар манзарасини тасаввур қилиш қийин эмас. Одамларнинг бошини қовуштирмаса, уринишлар бесамар кетиши аниқ. Бундай қалтис вазиятда бировга ишониб бўлмайди. Оғзимиз кўп куйган, ахир. Нима қилиш керак?!

Шундай ўта оғир ва мураккаб бир шароитда республика раҳбари Ислом Каримов гапнинг дангалини айтди: «Фақат ўз кучимиз, ўз салоҳиятимизга таяниб иш кўришимиз керак... Ўзимиз ҳаракат қилмасак, четдан келиб биров бизга ёрдам бермайди».

Оламшумул ўзгаришлар, янгиланишлар бўлди шундан кейин. Президентимиз томонидан ўша кезларда тамал тоши қўйилган тараққиёт стратегияси дунёга «ўзбек модели» бўлиб танилди. Жаҳоннинг энг зўр иқтисодчилари, оқилу доно сиёсатдонлари обдон ўрганишди, кенг эътироф этишди, энди андоза ҳам олишаяпти. Одамийлик ва эзгулик тамойилларига асосланган бу сиёсат дунё узра тантана қилмоқда.

Нимага эришган бўлсак, барчасига ўзимиз эришдик — ўз кучимиз, ақл-заковатимиз билан. Тарихан қисқа вақтда эришдик. Йигирма беш йил кўҳна тарих учун нима бўлибди — икки қош орасидай бир гап.

Дунёнинг мафкуравий, гео­сиёсий манзарасини кўриб турибмиз.

Қорақалпоғистондаги Сур­ғил кони негизида барпо этилган Устюрт газ-кимё мажмуаси ишга туширилди. Бухоро вилоятида Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси қурилиши бошланди. Ан­грен — Поп электрлаштирилган темир йўл тармоғи ҳамда Қамчиқ туннели қурилиши якунланди. Пойтахтимиз Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг 15 йиллик юбилей саммитига мезбонлик қилди. Тошкентда I Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси ўтказилди...

Эҳтимол, бу мулоҳазаларимиз узуқ-юлуқдир. Аммо келтираётганларимиз бежиз эмас. Чунки булар шахсий хотиралар, биргина жорий йилнинг ўтган даврида қилинган ишлар, қўлга киритилган ютуқлардан айрим мисоллар, холос. Агар, мамлакатимизда атиги 25 йилда амалга оширилган ишлар, эришилган ютуқ ва марраларни бир-бир санайдиган бўлсак, чорак аср ҳам етмаса керак.

«Afrosiyob» тезликни туширди. Кўз ўнгимизда муҳташам Қарши вокзали намоён бўлди. Тушдик. Меҳмон атрофга аланглади, ниманидир ёки кимнидир излаётгандек. Кейин юз-кўзида ҳайрат билан деди:

— Икки йил аввал ҳам бу шаҳарда бўлган эдим. Рости, танимадим. Бошқа жойга келиб қолдик шекилли, деб ҳайрон бўлганимнинг боиси шу! Вокзал пештоқидаги «Қарши» ёзувини кўриб, кўзларимга ишонмадим. Икки йилда шунча ўзгариш бўлишини ақлимга сиғдиролмаяпман. Бу фақат эртакларда бўлиши мумкин!

Шаҳар айландик. Меҳмоннинг чеҳрасидаги ҳайрату ҳавас қалбида Ватан ҳисси жўш урган кишига олам-олам завқ бағишларди. Ўзгаришлардан лол. Боиси, Қаршининг бугунги манзараси... Бу энди, алоҳида мавзу...

 

Бекзод ҲИДОЯТОВ,

ЎзА шарҳловчиси.



DB query error.
Please try later.