09.08.2016

ПАРЛАМЕНТ НАЗОРАТИ

электорат манфаатларини ҳимоя қилиш имкониятларини кенгайтиради

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Сайловолди дастурида ижро ҳокимияти органлари фаолияти устидан парламент назорати институтини кучайтириш, жумладан, парламент томонидан янги тайинланган ҳукумат дастурини маъқуллашнинг процессуал механизмларини такомиллаштириш ва Вазирлар Маҳкамасининг ушбу дастур бажарилиши тўғрисидаги йиллик ҳисоботини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан эшитиш амалиётини жорий қилиш масаласи белгиланган.

Жорий йилнинг 12 апрелида қабул қилинган «Парламент назорати тўғрисида»ги Қонуннинг ишлаб чиқилишида партиямизнинг парламентдаги фракцияси аъзолари ҳам фаол иштирок этди.

Бугунги кунда мазкур қонуннинг мазмун-моҳиятини тарғиб этиш борасида қандай ишлар олиб борилмоқда? Умуман, қонун ижроси бўйича нима ишлар қилинмоқда?

 

Бунёджон ЭШОНҚУЛОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Мазкур қонун Олий Мажлиснинг парламент назоратини амалга ошириш бўйича фаолиятини янада такомиллаштиришга, шунингдек, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг парламент олдидаги жавобгарлигини кучайтириш имконини берадиган қўшимча механизмларни жорий этишга қаратилган. Унинг асосий мақсади — Конституция ва қонунлар талабларининг ижро этилиши устидан парламент назоратини амалга оширишнинг ягона тизимга солинган қонунчилик базасини яратиш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари зиммасига юклатилган вазифалар ижросини таъминлаш, шунингдек, энг муҳим давлат дастурлари ижроси бўйича мазкур органларнинг жавобгарлиги ва фаолияти самарадорлигини оширишдан иборат.

Яқинда сайловчилар билан бўлган учрашувлар чоғида ҳам мазкур қонуннинг аҳамияти ҳақида аҳоли ва электорат вакиллари томонидан кўплаб фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Қонуннинг 3-моддасига кўра, Олий Мажлис палаталари, қўмиталар, комиссиялар, сиёсий партиялар фракциялари, депутатлик гуруҳлари, депутатлар ва сенаторлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) парламент назорати субъектлари ҳисобланади.

Сайловчилар билан учрашувларда бир масалага алоҳида эътибор қаратдик. Яъни, қонунда белгиланган назорат шаклларининг барчаси парламентга катта имкониятлар беради. Мисол учун, парламент биргина Давлат бюджети ижросини кўриб чиқиш орқали ҳаётимизнинг кўплаб соҳаларига таъсир кўрсатиш имкониятига эга. Демак, масалани дастлабки тарзда муҳокама қилиш давомида фракциялар, депутатлик гуруҳлари ва Қонунчилик палатасининг қўмиталари Давлат бюджети ижросининг бориши тўғрисида тегишли органлардан қўшимча ахборот олиши мумкин. Шунингдек, фракциялар, депутатлик гуруҳлари жойларда бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши масалаларини Қонунчилик палатасининг тегишли қўмиталари томонидан ўрганиш ташаббуси билан чиқиш ваколатига эга.

Шундан келиб чиқиб айтиш керакки, айнан ушбу жиҳат партиямиз электорати манфаатларини ҳимоя қилиш имкониятларини янада кенгайтиради.

 

Улуғбек АБДУНАЗАРОВ, Халқ депутатлари Бекобод шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари:

— Жаҳон парламентаризми тажрибасига назар солсак, давлат ва жамият ҳаётининг энг муҳим соҳаларини парламент назорат қилади. Мисол учун, бюджетни тасдиқлаш ва унинг ­ижросини кўриб чиқиш, ҳукумат ёки вазир­ларнинг ҳисоботларини эшитиш, парламент ­тек­­шируви, қонунлар ижросини ўрганиш шулар жумласидандир.

Менинг фикримча, «Пар­ламент назорати тўғ­ри­сида»ги қонуннинг қабул қилиниши маҳаллий Кенгашлардаги депутатлар, партия гуруҳлари зиммасига ҳам катта масъулият юклади.

Бу нималарда кўринади? Аввало, қонунлар, дас­турлар жойларда тўлиқ ижро этилиши лозим. Масалан, «Соғлом она ва бола йили» Давлат дастури ижросини биз биринчи нав­батда туманимиз ёки шаҳримиз миқёсида ўрганишимиз лозим. Бу борада бирор камчилик, эътиборсизлик кузатилса, партиямизнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси орқали мазкур масалага ойдинлик киритиш мумкин.

Қонунда ҳукумат аъзоларининг ахборотини, Ҳи­соб палатаси, Бош прокурор, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Марказий банк ҳисоботларини эшитиш, парламент сўрови, депутат ва сенатор сўрови, Олий Мажлис палаталари қўмиталари томонидан қонун ҳужжатлари ижро этилаётганлигини ўрганиш каби парламент назорати шакллари ўз ифодасини топган.

Шу ўринда масаланинг яна бир жиҳатига эътибор қаратиш керак. Демак, маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари ҳокимлар, уларнинг ўринбосарлари, муайян соҳа раҳбарларининг ахборотларини эшитиб бориш амалиётини янада кучайтириши лозим. Шунда вакиллик ҳокимиятининг ижро ҳокимияти фаолияти устидан изчил назорати йўлга қўйилади.

 

Гулчеҳра ТЎЛАГАНОВА, ЎзХДП Марказий Кенгаши эксперти, юридик фанлар доктори:

— Қонун парламент назоратининг илгари турли қонун ҳужжатларида тарқоқ ҳолда бўлган шаклларини тизимлаштириш билан бир­га, ҳозирги кунгача қонунчиликда акс этмаган янги шаклларини ҳам жорий этди. Хусусан, қонун орқали янги — «парламент текшируви» институти жорий қилинди.

Унга асосан жамият ва давлатнинг энг муҳим манфаатларига дахл қилувчи, мамлакат хавфсизлиги асос­ларига, унинг барқарор ривожланишига ­салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган муайян фактларни ёки воқеаларни ўрганиш мақсадида Олий Мажлис палаталарининг қўшма қа­рори билан парламент текширувлари ўтказилиши мумкин.

Бунинг учун Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари орасидан комиссия тузилади. Комиссия парламент текширувини ўтказишда бир қатор ҳуқуқларга эга. Жумладан, у давлат ҳокимияти ва бош­қаруви органларининг вакилларини, мутахассислар, экспертлар ва олимларни комиссия ишига жалб этиш, давлат ҳокимияти ва бош­қаруви органларидан, бош­қа ташкилотлардан, шунингдек, фуқаролардан зарур маълумотларни сўраб олиш, давлат ҳокимияти ва бош­қаруви органларининг, бошқа ташкилотларнинг мансабдор шахсларини, шу­нинг­дек, фуқароларни тушунтиришлар бериш учун таклиф қилишга ҳақли.

Маҳаллий Кенгашлардаги депутатлар, бошлан­ғич партия ташкилотлари етакчилари, умуман, партия фаоллари билан бўлган мулоқотларда бу масалаларга алоҳида эътибор берилмоқда.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Нурали ОРИПОВ ёзиб олди.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: