Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Avgust 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 31 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
06.08.2016

ЗАМОНАВИЙ ЛИЗИНГ ХИЗМАТЛАРИ

Қишлоқ хўжалиги мамлакатимиз иқтисодиётининг етакчи соҳаларидан бири ҳисобланади. Истиқлол йилларида экин майдонларининг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди.

Президентимизнинг 2013 йил 19 апрелдаги «2013 — 2017 йиллар даврида суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди. Унда бир-бири билан узвий боғлиқ ҳолдаги ирригация ҳамда мелиорация тадбирларини олиб бориш, объект­ларни реконс­трукция қилиш, таъмирлаш-тиклаш, шунингдек, сув тежовчи технология­ларни жорий этиш орқали обиҳаётдан унумли фойдаланиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилган.

«Ўзмелиомашлизинг» давлат лизинг компанияси бугунги кунда мулкчилик шаклидан қатъи назар барча хўжалик юритувчи субъектларга замонавий лизинг хизматларини кўрсатиб келмоқда. Тизимга замонавий техникаларнинг жалб этилиши ирригация ва мелиорация тадбирларини тез ва сифатли амалга ошириш, бажарилган ишлар таннархини арзонлаштириш, ер ости сув сатҳини пасайтириш имконини яратмоқда.

Маълумки, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, фермер хўжаликларини мелиоратив техникалар билан таъминлашнинг энг қулай усули лизинг ҳисобланади. Яъни, молиявий хизматларнинг ушбу тури имтиёзли шартларда, узоқ муддатга тақдим этилади. Компания томонидан кўрсатилаётган бундай хизматлар кўламини янада кенгайтириш мақсадида халқ­аро стандарт­ларга жавоб берадиган илғор усуллар жорий қилинаяпти. Бунинг самараси ўлароқ, бугунги кунда лизинг лойиҳаларини мамлакатимизнинг исталган ҳудудида амалга ошириш имконияти яратилган. Лизинг ҳужжатларини тайёрлаш борасида жойлардаги мутахассислар уларга амалий ёрдам беришади. Пировардида кўрсатилаётган хизматлар кўлами тобора кенгайиб, компаниянинг лизинг портфели молиявий кўр­саткичи ўтган йилда 26 фоиз ошди.

2015 йилда 257, жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида 100 га яқин мелиоратив техника воситалари лизинг буютмалари асосида талабгорларга етказиб берилди. Ушбу техникаларнинг турлари ҳам йилдан-йилга кўпаймоқда. Ҳозирги кунда мижозларга занжирли экскаватор, бульдозер, автосамосвал, автокран, автобензовоз, «ТТЗ-100 НС» ва «ТS-135» русумли тракторлар, канал ювиш машиналари сингари 20 га яқин техника воситалари лизинг асосида таклиф этилаяпти. Бу хўжалик юритувчи субъ­ект­ларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, сув хўжалиги ва мелиорация ишлари кўламини кенгайтириш имконини бераяпти.

Кейинги йилларда компания томонидан иқтисодий ривожланиш стратегиясининг асосий йўналишларидан бири ҳисобланган маҳаллийлаштириш кўламини кенгайтириш доимий эътибор марказида бўлиб, юртимиз ишлаб чиқарувчилари билан ҳамкорлик алоқалари тобора мустаҳкамланмоқда. Хусусан, 2014 йилда Хоразм вилоятида фаолият бошлаган «UzXCMG» қўшма корхонасидан экскаватор ва бульдозерлар харид қилиниб, лизинг олувчиларга етказиб берилаётган бўлса, «UzCase» қўшма корхонасидан кичик экскаватор юклагичлар сотиб олинаётир. Натижада 2014 йилда техникаларнинг 70 фоизи, ўтган йили эса 85 фоизи маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан харид қил­инди.

Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва таркибий ўзгаришларни янада чуқурлаштириш, ер ҳамда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш нафақат жорий йил, балки яқин истиқболга мўлжалланган иқтисодий дас­турларнинг энг муҳим йўналишларидан бири этиб белгиланган. Бу эса компания зиммасига қўшимча вазифалар юклаш баробарида, хизматлар кўламини кенгайтиришни ҳам тақозо этади.

 

Акром СУЛАЙМОНОВ,

«Ўзмелиомашлизинг» давлат лизинг компанияси ижрочи директори.



DB query error.
Please try later.