Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Avgust 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 31 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
06.08.2016

ҚОРОВУЛБОЗОР — САҲРО БАҒРИДАГИ ЧАМАН

Бепоён саҳро бағрида жойлашган ва қўй-қўзиларга яйлов сифатида хизмат қилиб келган ушбу ҳудудга нефтчи ва газчилар қадами етиб, дастлабки саноат корхоналарининг пойдевори қўйилганига ярим асрдан ошди. Ўша пайтдан бошлаб Қоровулбозор тилга тушди. Айни пайтда қурилиш ва саноат билан биргаликда қишлоқ хўжалиги ҳам ривожлана борди.

Бироқ ўтган асрнинг 80-йиллари поёнида туман ҳаётида иқтисодий-ижтимоий таназзул даври бошланди. Турли етишмовчиликлар, ишсизлик оқибатида аҳолининг бир қисми туманни тарк этишга тушди. Яқиндагина яшнаб турган манзилларнинг қайтадан саҳрога айланиш хавфи пайдо бўлди.

Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, Қоровулбозор тақдири бутунлай ўзгариб кетди. Ҳудуднинг сўнаётган ҳаёти қайтадан жонланди. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1993 йил 12 январда қабул қилган «Бухоро вилояти таркибида Қоровулбозор туманини ташкил этиш тўғрисида»ги тарихий қароридан сўнг бу ҳудуд гуллаб-яшнай бошлади.

Ўша йили бошланган Бухоро нефт­ни қайта ишлаш заводи қурилиши эса Қоровулбозор ҳаётидаги янги бунёдкорлик ҳамда иқтисодий юксалиш даврини бошлаб берди.

Ўтган давр мобайнида туманнинг қиёфаси тубдан ўзгарди, ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан барқ уриб ривожланди. Бугунги кунда туманда 244 хўжалик субъекти фаолият кўрсатмоқда. Жумладан, 37 саноат корхонаси, 35 транспорт, алоқа ҳамда қурилиш ташкилотлари, 50 га яқин савдо ва умумий овқатланиш шохобчалари туман равнақига самарали ҳисса қўшмоқда.

Биргина 2015 йилда туманнинг саноат салоҳиятини ошириш дастури бўйича лойиҳа қиймати 11,9 миллиард сўмлик 99 лойиҳа амалга оширилиб, 340 янги иш ўрни яратилди.

Ўтган йили 1 миллион 602,6 минг АҚШ доллари миқдорида, жорий йилнинг ўтган 5 ойида эса 337,7 минг АҚШ долларлик товарлар ҳамда экспорт хизматлари кўрсатилди.

Қишлоқ хўжалиги туман иқтисодиётининг асосий тармоқларидан бири ҳисобланади. Ҳозирги пайтда 201 та фермер хўжалиги фаолият кўрсатмоқда. Ушбу жамоаларнинг кучи билан ўтган йили 34 минг 800 тонна ғалла етиштирилди, пахта етиштириш шарт­нома режаси ошириб бажарилди.

Қоровулбозорликлар жорий йилда ҳам ўзларининг моҳир деҳқон эканликларини амалда намоён этишди. Давлатга дон сотиш шартномавий режаси биринчилар қаторида уддаланди.

Туманда кичик бизнес ва тадбиркорликка кенг йўл очилган. Жумладан, ўтган йили 81 та кичик бизнес субъектлари рўйхатга олиниб, уларнинг сони 337 тага етказилди. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар кучи билан 1,6 триллион сўмлик маҳсулот тайёрланди.

Қоровулбозорнинг асосий ва ички йўлларининг равонлиги, уларнинг ёқасидаги ободлик, саришталик, бир-бирига уланган гулзорлар, оқшомдан тонггача порлаб турадиган электр ёрит­гичлар кўзни яшнатади, дилни қувонтиради.

Бундан чорак аср муқаддам бу ерда савдо дўконлари, ошхоналарни бармоқ билан санаш мумкин эди. Бугун эса нозик дид билан қурилган ўнлаб хизмат кўрсатиш масканлари эрталабдан кечгача мижозлар билан гавжум.

Туманда ижтимоий соҳани ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор берилмоқда. Аҳолининг ўғил-қизлари замонавий биноларда жойлашган ва давр талабларига мос даражада жиҳозланган 8 мактаб ва 9 мактабгача таълим муассасаси, академик лицей, касб-ҳунар коллежида таълим ва тарбия олмоқда.

Шунингдек, 3 маданият саройи, 4 ахборот ресурс маркази, 2 спорт-соғ­ломлаштириш мажмуаси, янги биноларга жойлашган мусиқа ва санъат, болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари, 10 спорт зали, 22 спорт майдончаси, иккита чўмилиш бассейни қоровулбозорликларнинг фахрига айланган.

Туман тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоқли поликлиника, касалхона, ҚВПлардаги шифокорлар аҳоли саломатлигини таъминлаш йўлида хизмат қилмоқда. «Саломатлик-3» лойиҳаси доирасида туман тиббиёт бирлашмаси ҳамда марказий поликлиникага янги тиббий жиҳозлар олингани шифокорлар меҳнатини енгиллаштириб, даволаш самарадорлигини оширишга хизмат қилаётир. «Соғлом она ва бола йили» Давлат дастурида 6 миллиард 379,1 минг сўм маблағ сарфлаш режалаштирилган.

 Туманнинг яна бир фахри — ­нефтчилар шаҳарчасидир. Бухоро нефни қайта ишлаш заводи ишчи — хизматчилари учун қурилган бир ва икки қаватли уйлар, икки тарафида анвойи гуллар яшнаган равон кўчалар, муҳташам маданият саройи, мактаб, лицей, спорт — соғломлаштириш мажмуаси ва меҳмонхона, майдонларда яратилган гулзорлар-у фавворалар гўзаллиги кўнгилни қувнатади.

Ўсиб келаётган ёшларга эътибор давлат ва жамоат ташкилотларининг кундалик ишига айланган. Туман саноат ва транспорт касб-ҳунар коллежини битирган йигит-қизларнинг олий ўқув юртига кирмаган қисми тўлиқ иш билан таъминланди. Бу йил ҳам 320 нафар битирувчи ишчилар сафидан ўрин олди.

Туманда бунёдкорлик ишлари йил сайин кенг қулоч ёймоқда. Кунчиқар тарафдаги Сардоба рўпарасида намунавий лойиҳа асосида қурилган ва қурилаётган уйлар Қоровулбозорнинг кўркига кўрк қўшмоқда. Касб-ҳунар коллежининг ҳашаматли биноси, бош­қа маиший, маъмурий иншоотлар ўз кўрки ва жилоси билан йирик шаҳарлардаги иморатларни эслатади.

2015 йилда режалаштирилган 25 намунавий уй-жой тўлиқ қуриб битирилиб, ҳовли тўйлари нишонланди. Жорий йилда эса яна 30 оила барча шароити муҳайё этилган хонадонларга кўчиб ўтиш тараддудида.

Бугун Қоровулбозорда ким билан суҳбатлашманг, ҳамманинг чеҳрасидаги ҳаётдан мамнунликни, қилаётган меҳнати ва эришаётган натижасидан ғурурни, тинч ва осойишта юрт­да яшаётганликнинг шукронасини кўрасиз.

Дарвоқе, мустақилликнинг дастлабки йилларидаги матонатли меҳнати ва шижоатлари билан мамлакатимизнинг нефть мустақиллигини таъминлашга улкан ҳисса қўшган, саҳро бағрида жаннатмонанд чаман яратган қоровулбозорликлар юрт иқтисодиётини юксалтиришга қўшаётган ҳиссаларидан қанча фахрланишса, ҳаққи бор.

 

Баҳром СОЛИЕВ,

«Қоровулбозор тонги»газетаси бош муҳаррири.



DB query error.
Please try later.