06.08.2016

ЎЗГАРИШЛАР ОЗ ЭМАС,

лекин бугунги ҳаёт янада фаолликни талаб этмоқда

Андижон вилоятига хизмат сафарига борганимизда бир танишим суҳбат орасида партия бошланғич ташкилотларининг вазифаси нималардан иборатлигини сўраб қолди. Партиянинг дастурий мақсади, ғояси ҳамда олиб бораётган тарғибот ишлари кўп жиҳатдан бошлан­ғич ташкилотга боғлиқлигини тушунтирдим. Партия аъзолари, электорат вакиллари сиёсий, ҳуқуқий билимини оширишда ҳам қуйи бўғин фаолияти муҳимлигини айтдим. Танишим бошланғич партия ташкилотлари фаолияти билан боғлиқ бошқа масалаларга ҳам қизиқди. Унга йўл-йўриқ кўрсатдим ва газетамизнинг келгуси сонларидан бирида Андижондаги бошланғич ташкилотлар ҳақида суҳбат тақдим этамиз, дедим.

Ваъдага мувофиқ, Ўзбекистон ХДП Андижон вилоят кенгаши бошланғич партия ташкилотлари билан ишлаш сектори мудири Сардор Қосимовга айрим саволлар билан мурожаат қилдик.

— Сиз раҳбарлик қилаётган сектор ташкил этилганидан буён тизимда қандай янгиликлар жорий этилди, қандай ўзгаришлар бўлди?

— Секторимиз тузилганига кўп вақт ўтмаган бўлсада, муайян ишларни амалга оширдик, деб ўйлайман. Биринчи навбатда бошлан­ғич ташкилотлар қайси соҳаларда тузилганини ўргандик. 164 нафар депутатни уларга бириктирдик. Шу орқали депутатлар етакчилар билан доимий алоқа йўлга қўйилди. Бу қуйи бўғин фаолиятини кучайтиришга хизмат қилади.

Жорий йилнинг март ойида партия­миз ташаббуси билан бўлиб ўтган республика семинарида бошланғич партия ташкилотлари хоналарида стендлар, яъни ахборот бурчакларини ташкил этиш ҳақида муҳим тавсия ва маълумотлар олгандик. Бошланғич ташкилотлар фаоллигини оширишда бу қўл келмоқда. Замонавий ахборот технологияларидан самарали фойдаланиляпти. Партия сафига қўшилиш истагини билдирувчилар фаолиятимиз ҳақида кенгроқ тушунчага эга бўляпти. Сўровномалар компьютерда тўлдирилмоқда.

Айни пайтда вилоятимизда 870 бошланғич партия ташкилоти ташкил этилган. Уларга 32 минг нафардан ортиқ аъзо бирлашган. Бошланғич партия ташкилотларининг 525 таси маҳалла фуқаролар йиғинларида, 26 таси ишлаб чиқариш корхоналарида, 42 таси қишлоқ хўжалиги, 85 таси хизмат кўрсатиш соҳасида, 101 таси соғ­лиқни сақлаш муассасаларида ва қолган 91 таси бошқа ташкилотларда тузилган.

Тадбирларни кўпроқ қуйи бўғинда ташкил этишга, аъзолар билан яқиндан мулоқотда бўлишга ҳаракат қиляпмиз. Уларда расмиятчилик, доимий гаплардан қочишга уриняпмиз.

— Электорат манфаатларини ҳимоя қилишда бошланғич партия ташкилотларининг иштироки нималарда кўриняпти?

— Қуйи бўғин сайловчилар, электорат вакиллари билан ёнма-ён, ҳамнафас ва ҳамфикр бўлади. Демак, одамларнинг кайфияти, ўй-ҳаёллари уларга кўпроқ аён. Шунинг учун биз бошланғич ташкилотлар ишини жонлантириш, аҳоли билан мулоқотлар ўтказишга эътибор беряпмиз. Масалан, бошлан­ғич партия ташкилотлари билан ҳамкорликда Кўчма жамоатчилик қабулхоналари мунтазам тарзда ташкил этиляпти. Сайловчилар, партиямиз аъзолари ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига тўсиқ бўлаётган масалалар юзасидан депутатлар, мутасадди ташкилотлар раҳбарларига мурожаат қилиш имконига эга бўляпти. Ҳозирга қадар бошланғич партия ташкилотларига тушган мурожаатлар асосида 46 масала партия гуруҳлари томонидан ўрганилди. Уларнинг аксарияти доимий комиссия ва сессияларга киритилди. Бундан ташқари, 213 депутатлик сўрови юборилди.

Кўриниб турибдики, бошлан­ғич партия ташкилотлари фаолиятида сезиларли даражада ўзгаришлар бўлди. Бу аъзоларнинг фаоллиги ошгани, депутатлар масъулияти кучайганида кўринмоқда.

Бироқ эришилган натижалар етарли эмас, деб ўйлайман. Бошланғич партия ташкилотлари учун онлайн мулоқотлар ташкил этилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Ана шунда ҳудудлар ўртасида доимий тажриба алмашинуви йўлга қўйилади, ютуқ ва камчиликларимизни очиқ-ошкора муҳокама қилиш имкони юзага келади. Бу фаолия­тимизни янада кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади.

— Бошланғич партия ташкилоти фаолиятини самарали йўлга қўйишда етакчининг вазифаси нималардан иборат, деб ўй­лайсиз? Вилоят партия кенгаши етакчилар фаоллигини ошириш бўйича қандай ишлар қиляпти?

— Бошланғич партия ташкилоти фаолияти самарадорлиги кўп жиҳатдан етакчига боғлиқ. Шу боис, етакчиларни қўллаб-қувватлашимиз, улар билан мунтазам равишда турли интерактив тадбирлар ўтказиб боришимиз лозим.

Шунингдек, етакчилар учун махсус ўқувлар, баҳс-мунозаралар ташкил этилиши керак, деб ўйлайман. Ана шунда улар доим ўқиб, изланади.

Партиямиз Марказий Кенгаши қарори билан ҳар ойнинг охирги шанбасида «Бошланғич партия ташкилотлари куни» ўтказилмоқда. Биз унда «Бошланғич партия ташкилоти етакчиси қандай бўлишини истайсиз?», «Фаолиятимизни кучайтириш учун энг яхши таклиф», «Етакчининг мажбуриятлари» каби мавзуларда баҳс-мунозаралар уюштиряпмиз. Эришилган натижаларга танқидий баҳо бериб, фаолиятимизни янада такомиллаштириш масалаларини муҳокама қилиб боряпмиз. Ишонаманки, сафимизга келиб қўшилаётган иқтидорли ёшлар, талабчан етакчилар ишимизда катта бурилиш ясайди.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА

суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.