06.08.2016

ЯНГИ ҚОНУН ЛОЙИҲАЛАРИ

қандай ҳуқуқий масалалар ечимига хизмат қилади?..

БМТ маълумотларига қараганда, бугунги кунда дунёда ўн миллионлаб болалар таълим олишдан маҳрум. Мутахассислар Африка қитъасида ўқиш ва ёзишни билмайдиганлар Бразилия аҳолисидан ҳам кўплигини таъкидлаш­моқда. Миллионлаб болалар эса очликдан азият чекмоқда...

Бу мисоллар ҳаммамизни хавотирга солади, ёш авлод келажаги ҳақида чуқурроқ ўйлаб, мушоҳада юритишга ундайди.

Бугун юртимиздаги замонавий таълим муассасалари спорт иншоотлари, санъат ва мусиқа мактаблари, ҳар томонлама баркамол авлодни тарбиялашга хизмат қилаяпти. Ёш истеъдодларни кашф этиш ва рағбатлантириш мақсадида ташкил этилаётган турли кўрик-танловлар, фан олим­­­пиадалари, халқаро мусобақа ва фестиваллар алоҳида мазмун касб этади.

Ўтган давр мобайнида ёшлар масаласига оид 300 дан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Ўзбекистон бевосита ёш­ларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган қатор халқаро ҳу­қуқий ҳужжатларнинг иштирокчиси ҳисобланади.

Ўз вақтида, яъни 1992 йилда «Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида»ги қо­нуннинг қабул қилингани ёшларнинг жамиятдаги ўрни ва ролини мустаҳкамлаш, уларни ижтимоий ҳимоя қилишда муҳим асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Аммо бугунги шиддат билан ўзгараётган замон бу масаланинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришни талаб этмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракциясининг нав­батдаги йиғилишида шу мақсадда ишлаб чиқилган «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ­биринчи ўқишда қизғин муҳокама этилди.

Лойиҳада «ёшларга оид давлат сиёсати», «ёшлар (ёш фуқаролар)», «ёш оила», «ёш мутахассис» каби асосий тушунчалар очиб берилмоқда. Шунинг­дек, ёш­ларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари таъминланиши кафолатланмоқда.

— Қонун лойиҳасига кўра, ёшлар (ёш фуқаролар) деганда, 14 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган шахслар назарда тутилмоқда, — дейди ЎзХДП фракцияси аъзоси Шуҳрат Турсунбоев. — Шунингдек, ёш оила тушунчасига таъриф берилмоқда. Унга кўра, ёш оила деганда, 30 ёшдан ошмаган эр-хотиндан ёхуд фарзанд (бола) парваришлаётган ота ёки онадан иборат бўлган ои­ла, шу жумладан, ёлғиз, бева эр (хотин) тушунилади.

Қонун лойиҳасида ёш­лар учун қўшимча кафолатлар мустаҳкамлаб қўйилмоқда. Бепул умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими олиш, таълим муассасаларида ўқишга имтиёзли кредитлар тақдим этиш, ёшларнинг бандлигини ­таъминлаш, етим болалар ва ота-она қарамоғидан ­маҳрум бўлган болаларни уй-жой билан таъминлаш шулар жумласидандир.

Депутатлар қонун ло­йиҳасини партия дастурий мақсадларининг рўёбга чиқиши нуқтаи назаридан таҳлил қилишди.

Таъкидландики, ЎзХДП Сайловолди дастурида мус­тақил ҳаётга кириб келаётган ёшлар касб танлаши, таълим олиши ва ишга жойлашиши учун адолатли, тенг ва ижтимоий жи­ҳатдан мақбул шарт-ша­роитлар яратиш, бепул, имтиёзли тўловлар асосида фаолият кўрсатадиган давлат мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш масалалари белгиланган.

Демак, ушбу қонун ло­йиҳасида партиямиз электорати вакиллари бўлган ёшларнинг ҳу­қуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимояси билан боғлиқ долзарб жиҳатлар назарда тутилмоқда. Шунинг учун фракция аъзолари қонун лойиҳасини қўл­лаб-қувватлади. Шу билан бирга, айрим меъёрларни такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлашга келишиб олинди.

Президентимиз Конс­титуциямиз қабул қилин­ганининг 23 йиллигига ­бағишланган тантанали маросимда бугунги кунгача ички ишлар ва ҳуқуқ-тартибот органлари фаолиятини тартибга соладиган қонун йўқлиги, мазкур органларнинг биринчи нав­батда, қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳу­қуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш борасидаги мақоми, фаолият шакли ва усулларини аниқлаштириш ҳамда уларга тузатишлар киритиш зарурлигини таъкидлаган эди.

Шунга мувофиқ, «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Фракция йиғилишида Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилган ушбу ҳужжат лойиҳаси ҳам атрофлича муҳокама этилди.

Мазкур қонунни ишлаб чиқиш ва қабул қилишнинг долзарблиги ички ишлар органлари фаолиятини тартибга солувчи қонунчиликдаги ҳуқуқий бўшлиқни тўлдириш зарурати билан изоҳланади.

— Айтиш керакки, қонун лойиҳаси ички ишлар тизимида узоқ йиллардан бери тўпланиб келаётган ҳуқуқий масалалар ечимига хизмат қилади, — дейди Олий Мажлис Қонун­чилик палатасидаги Ўз­ХДП фракцияси аъзоси ­Бунёджон Эшонқулов. — Ҳужжатда ички ишлар органларининг ижро ҳокимияти тизимидаги ўрни, фаолиятининг асосий йў­налишлари, вазифалари, маж­бурият ва ҳуқуқлари белгиланмоқда. Соҳа ходимларини ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоялаш чоралари, шунингдек, ички ишлар органлари ходимларининг ноқонуний ҳаракатлари устидан шикоят қилиш тартибини мустаҳкамлаш масалалари назарда тутилмоқда.

Қонун лойиҳасига кўра, ички ишлар органларининг асосий вазифаси фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳисобланади. Бу Ўзбекистон ХДП Сайловолди дастурининг устувор йўналишларига айнан мос келади.

Шуларни ҳисобга олиб, фракция қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлади, шу билан бирга, ўз таклифларини ишлаб чиқиш ҳақида қарор қабул қилди.

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.