04.08.2016

БУГУНГИ ОСОЙИШТАЛИК ОЙДАН ТУШМАГАН

Ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш осон кечмагани, ҳозир баъзиларга табиий ҳолат бўлиб кўринадиган тинчлик-барқарорликни таъминлаш ўз-ўзидан бўлмагани, энг муҳими, одамлар хотиржам ҳаёт кечириши учун зўравону каззобларга қарши қатъий кураш олиб борилгани хусусида

Ўтган асрнинг 80-йилларида республикамиздаги ҳақи­қий аҳволни ўрта ва катта ёшдаги кишилар жуда яхши билишади. Зеро, ўша пайт­да собиқ иттифоқда нафақат иқтисодиёт, балки маънавий-сиёсий вазият ҳам издан чиққан эди. Совет тузумида юзага келган ижтимоий танглик гирдоби Ўзбекистонни ҳам ўз домига торта бошлаганди. Бу танглик айниқса, иқтисодиётда сезиларли даражада намоён бўлди ва аҳолининг катта қисмини ижтимоий фалокат ёқасига келтириб қўйган эди. Меҳнатга ҳақ тўлаш ва зарур ҳаётий неъматларни тақсимлаш қоидалари қўпол равишда бузиларди. Коррупция кучайиб, қонунни писанд қилмаслик ҳолатлари авж олганди. Энг даҳшатлиси, давлат бош­қарувининг сустлашуви, одамларнинг ҳокимиятга ишончи сўниб бориши оқибатида уюшган жиноятчилик вужудга келиб, тобора илдиз отиб борди.

Сўзимизнинг исботига биргина мисол: қароқчилик, бос­қинчилик, ўғирлик ва талон-тарожлик билан боғлиқ жиноятлар умумий жиноятчиликнинг учдан икки қисмини ташкил қиларди. Унинг ўсиш кўрсаткичлари 60-75 фоизга етганди. Ғаразли мақсад билан уюштирилган қотилликлар оддий бир ҳол бўлиб қолганди. 1989 йилда балоғатга етмаганлар содир этган жиноятлар 21 фоиз кўпайган, 17 ёшлилар ўртасидаги жиноятчилик даражаси 30 ёшдан ошганлар ўртасидаги кўрсаткичдан 4 баравар юқори бўлган. Алоҳида таъкидлаш ўринлики, 1988-1989 йилларда жиноятчиларнинг тажовузкорлиги янада кучайиб, улар ҳуқуқ-тартибот идораларига ҳам очиқча қаршилик кўрсата бошлаганди.

Яна бир рақам: 1989 йилда тегишли муассасаларда уч ва ундан кўп марта судланган 310 минг жиноятчи сақланган. Бу эса собиқ иттифоқда такрорий жиноятчилик касбга айланганидан далолат беради. Кўпгина шахсларнинг жиноятчилик фаолияти кун кечириш манбаи­га айланиб қолганди. Устига-устак, ижтимоий ҳаётнинг турли соҳаларида зиддиятлар кескинлашганлиги, ахлоқий таназзул, ҳуқуқни қўллаш амалиётидаги жиддий нуқсонлар боис, жиноятчилик жилови қўлдан чиқиб кетган эди.

Кези келганда, шуни айтиш керакки, 1983-1989 йилларда «Ўзбекистонда социалистик қонунчиликни тиклаш» шиори остида республика ҳуқуқ-тартибот идораларига собиқ марказ томонидан юборилган кадр­лар ҳам қонунбузарликлар авж олишига маълум даражада сабабчи бўлишди. Чунки улар маҳаллий шароитни яхши билмасди, халқимиз менталитетидан бехабар эди. Энг афсусланарли томони — ўзимизнинг тажрибали кадрларимиз йўқ қилиниб, улар ўрнига эгаллаб турган лавозимига номуносиб кадрлар келган эди.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Фахрийлар кенгаши раиси, истеъфодаги генерал-майор Ғафур Раҳимовнинг хотирлашича, ўшанда вазирлик таркибидаги 27 бошқарма ва бўлимдан 25 тасини четдан келганлар бошқарган. Шови­нистик кайфиятдаги бу кишилар ўзлари каби прокуратура ва суд тизимига туширилган «десантчилар» билан тил бириктириб иш юритишарди.

Ўша пайтда «қонун посбонлари» ўзининг бевосита ишини бир ёққа қўйиб, турли кирдикорлар билан шуғуллангани сабабли Ўзбекистонда жиноятчилик янада кўпайиб кетганди. Масалан, 1984 йилда ҳаммаси бўлиб 60162 жиноят содир этилган бўлса, 1990 йилда бу рақам 88155 тани ташкил қилган.

«Жиноятчилик таҳликали тарзда ўсиб бораётганди. 1985 йилга нисбатан жиноятчилик қарийб 20 фоиз, оғир жиноятлар эса бундан ҳам кўпроқ ўсганди».

Мустақиллик арафасида бутун бошли республикамизга жиноятчилик соя ташлаб турарди. Кўчаларда қўрқув ҳукмронлик қиларди. Нафақат кечаси, балки кундузи ҳам одамлар тунаб кетиларди. Автомашиналар ўғирланарди. Жиноятчи тўдалар одамларни тутиб келиб, «суд» қилишарди. Жиноятчилар жазоланмас, зўравонликнинг чеки йўқ эди.

Ўша пайтларда республикадаги уюшган жиноятчилик ҳам айнан Марказдаги жиноят олами бошлиқлари томонидан туриб бош­қарилар эди. 1989 йилда фақатгина Москва шаҳрида жиноятчи гуруҳлар ўртасида 13 марта отишма бўлган эди. Бундай ҳолатлар бошқа ҳудудларда ҳам рўй бераётганди. Бошқача айтганда, уюшган жиноятчилик таъсир доираси Ўзбекистонни ҳам қамраб олганди.

Бунинг устига, халқ ички ишлар ходимларига ишончсизлик билан қарар, иложи борича улардан узоқроқ юришга ҳаракат қиларди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳам фуқароларга нисбатан қўпол муносабатда бўлиб, сансалорлик, ариза ва шикоятларга лоқайдлик ҳоллари тез-тез кузатиларди...

Демократик ислоҳотларни амалга ошириш учун жамиятнинг, давлатнинг хавфсизлиги ҳаётий заруриятдир. Инсон самарали ишлаши, орзу-ниятларига етиши учун, энг аввало, хотиржам яшаши керак. Ана шундай мураккаб вазиятда Юртбошимиз қатъиятлик билан мамлакатда тартиб ўрнатишга қаратилган муҳим қарорлар қабул қилди. Ўзбекистоннинг аввалги раҳбарлари айби билан 80-йиллар охирида кучсизланиб қолган ҳокимиятни пастдан юқоригача мус­таҳкамлаш мақсадида қатъий чоралар кўрди. Жиноятчилик, порахўрлик, таъмагирлик, зўравонликка қарши муросасиз кураш бошланди.

Юртбошимиз 1992 йил 4 январда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг нав­батдан ташқари IX сессия­сида қилган маърузасида «Ҳуқуқ-тартибот маҳкамаларини мус­таҳкамлаш билан бирга, уларга кўмак бериш керак. Уларнинг меҳнатини қадрлаш йўли билан бирга, обрўсини ошириш лозим», деганида, мамлакатимиз мудофаа ва хавфсизликни таъминловчи тузилмаларини шакл­лантириш ғоят муҳим аҳамиятга эга эканлигини назарда тутганди.

Бинобарин, ИИВнинг масъул лавозимларига малакали маҳаллий кадрлар қўйила бошлади. Тизим раҳбарлиги халқ тақдирига бефарқ бўлмаган, унинг орзу-армонлари билан яшайдиган кишилар қўлига ўтгач, ишда жиддий ижобий ўзгаришлар юзага келди. Уюшган жиноятчилик, бос­қинчилик, автомашиналарни ўғирлаш сингари жиноятларнинг пайи қирқилди. Биргина автомашина ўғирлигини оладиган бўлсак, агар 1990-1991 йилларда бир кунда ўртача 154 жиноят расмий рўйхатга олинган бўлса (рўйхатга тушмагани бир неча баробар кўп эди!), 1992 йилда бундай бемазагарчиликларга чек қўйилди. Икки йил ичида 6 мингга яқин жиноятчи гуруҳлар, шу жумладан, 500 та уюшган жиноятчилик фош этилди.

Айни пайтда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари моддий-техник базаси мустаҳкамланди. Мудофаа ва хавфсизликни таъминловчи тузилмалар учун малакали кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар органлари фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2001 йил 27 мартдаги фармони ва унинг асосида Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган қатор қарорларга кўра, юқори малакали кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизими яратилди.

Энг муҳими, бу борадаги ислоҳотлар изчиллик билан давом эттирилди. «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида», «Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида»ги ва бош­қа қонунларнинг қабул қилиниши мамлакатимизда фуқаролар хавфсизлигини таъминлашга, ҳуқуқ-тартиботни мус­таҳкамлаш, суд-ҳуқуқ ислоҳотларини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришга хизмат қилдики, натижада Ўзбекистон ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасида миллий тизимга эга бўлди.

Масалан, АҚШда фаолият кўрсатаётган, катта обрўга эга бўлган «Гэллап институти» деб ном олган ижтимоий фикр­ни ўрганиш маркази томонидан «Қонуний тартибга итоат қилиш индекси» деган мавзуда ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, Ўзбекистон 141 давлат орасида 2-ўринни эгаллагани мамлакатимиз жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлашда катта ютуқларга эришганининг амалдаги тасдиғидир.

Агар бугун собиқ иттифоқ ҳудудидаги қатор мамлакатларда уюшган жиноятчиликка қарши ҳамон курашилаётгани, жиноят олами илдизини қуритиш осон кечмаётганлигини ҳисобга олиб фикрласак, юртимиздаги тинчлик-осойишталик қадри янада баландлигини англаймиз.

Лекин бундай натижаларга эришиш осон кечгани йўқ. Юртимиздаги бугунги осойишталик ойдан тушмади. Бунга Юртбошимизнинг узоқни кўзлаб олиб борган одил сиё­сати, азму шижоати ва қатъияти туфайли эришилди.

 

Шариф ҚОБИЛОВ,

полковник, ИИВ Академияси Ижтимоий-гуманитар фанлар кафедралари илмий-методик кенгаши раиси.



DB query error.
Please try later.