Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Iyul 2017   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
04.08.2016

ИККИ ПАЛАТАЛИ ПАРЛАМЕНТ

мамлакатимизда давлат ҳокимияти ва бошқарувини янада демократлаштиришга хизмат қилмоқда

Тарихдан маълумки, мустақилликка эришган ҳар қандай давлат ўзининг парламентини шакллантиришга, шу орқали фуқароларнинг устувор ҳуқуқларини таъминлашга, халқ­нинг сиёсий иродасини рўёбга чиқаришга алоҳида эътибор қаратган. Бу демократик ҳуқуқий давлатнинг энг муҳим асосларидан бири ҳисобланади. Шунинг учун мамлакат мустақиллигини, халқ ҳокимиятини парламентсиз тасаввур қилиш қийин.

Дунёнинг ривожланган демократик мамлакатларида бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам қонун чиқарувчи ҳокимият давлатнинг олий вакиллик органи — парламент томонидан амалга оширилади. Шу боис унинг фаолиятини такомиллаштириш, олий вакиллик, қонун чиқарувчи ва назорат органи сифатидаги мақомини кучайтиришга қаратилган ислоҳотлар бос­қичма-босқич амалга ошириб келинмоқда.

Айтиш мумкинки, истиқлолнинг дастлабки йилларида Олий Кенгаш томонидан ил­ғор демократик тажрибалар ўрганилиб, миллий парламентимизнинг илк ташкилий-ҳуқуқий асослари яратилди. Ўзбекистон Республикасининг Олий Кенгаши қонун чиқарувчи олий вакиллик органи сифатида давлат мустақиллигини эълон қилиш ва мустаҳкамлаш жараёнида алоҳида ўрин тутади.

Парламент соҳасида амалга оширилган дастлабки ислоҳотлар 1990 йил февраль-март ойларида Олий Кенгашга ўтказилган сайловларда ўз аксини топди. Ушбу тузилма мамлакатимиз тарихидаги энг муҳим ислоҳотларни юридик жиҳатдан расмийлаштирди, айтиш мумкинки, биз барпо этаётган инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлатнинг тамал тошини қўйди.

Давлатимиз раҳбари томонидан таъкидланганидек, «...Ҳеч бир муболағасиз айтиш мумкинки, халқимиз иродаси ҳамда ваколати билан сайланган даст­лабки Олий Кенгаш давлатимиз ва жамиятимиз ҳаётида тарихий бурилишга асос солди, пойдевор қурди ва бошқарди...»

Энг муҳими, Олий Кенгаш фаолияти давомида қонун чиқарувчи органни янада ривожлантириш учун қимматли тажриба тўпланди. Шундан кейин мамлакатимизда профессионал парламентга ўтиш жараёнлари бошланди. Албатта, бу ўта муҳим, шу билан бирга, ғоят мураккаб жараён эди.

Бош Қомусимизда ҳокимиятлар бўлиниши принципи талабларидан келиб чиққан ҳолда, «Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлиси олий давлат вакиллик органи бўлиб, қонун чиқарувчи ҳокимиятни амалга оширади», деб белгиланди.

Эътибор берсак, тараққий этган, ривожланган демократик давлатларда шаклланган профессионал парламентларнинг ҳар бири ўзининг узоқ ва тадрижий ривожланиш тарихига эга.

 

ПРОФЕССИОНАЛ ПАРЛАМЕНТ ҒОЯСИНИНГ РЎЁБГА ЧИҚИШИ

Юртимизда парламент фаолиятини такомиллаштириш соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар тизимида икки палатали парламентга ўтиш билан боғлиқ ўзгаришлар ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

Икки палатали парламентни ташкил этиш ғояси, таклифи Президент Ислом Каримов томонидан илгари сурилганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Давлатимиз раҳбари 2000 йил 25 май куни бўлиб ўтган иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг иккинчи сессиясида «Ўзгариш ва янгиланиш — ҳаёт талаби» номли маърузасида ушбу масалаларга тўхталди: «...биз 2004 йилда бўладиган сайловларда парламентни икки палатали қилиб ташкил этишимиз лозим. Бунда қуйи палата — Олий Мажлис партиялар вакиллари ва мус­тақил депутатлардан сайланади. Сиё­сий партиялар ва аҳоли йиғилишлари унга ўз вакилларини ўтказади, улар парламентда доимий равишда ишлайди... Муҳими шуки, янги шакл­даги парламентда мутахассис депутатлар фаолият кўрсатади, яъни у профессионал парламент бўлади».

Бу ҳақда гап кетганда, мамлакатимизда ҳар қандай ислоҳот бос­қичма-босқич, яъни тадрижий йўл билан амалга оширилаётганини қайд этиш лозим. Икки палатали парламент­га ўтиш жараёни ҳам мазкур тамойилга асосланади.

Чунки ХХ асрнинг 90-йилларида икки палатали парламентнинг моҳиятини кўпчилик англаб етиши қийин эди. Бунинг учун муайян даврда тар­ғибот ишлари олиб борилди, давлат тизимида, аҳоли орасида парламент демократияси кўникмалари мустаҳкамланди. Акс ҳолда, парламентаризм соҳасида етарли тажрибанинг мавжуд эмаслиги, икки палатали парламентнинг ишлаш механизмини яхши тушунмаслик ҳоллари келиб чиқиш эҳтимоли йўқ эмасди. Ўша пайтларда айрим узоқ-яқин қўшни давлатларда бундай ҳолатлар юзага чиққан ҳам эди.

2000 йилга келиб Ўзбекистонда давлат ҳокимияти Конс­титуцияга мувофиқ, ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципига асосан ташкил этилди. Кейинги бос­қичда эса ҳокимият тармоқлари ўртасида ўзаро манфаатлар мувозанатининг самарали тизимини жорий этиш вазифаси қўйилди. Бу ҳам, энг аввало, парламент фаолиятини қайта ташкил этиш, унинг назоратини кучайтириш, қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлар ўртасида тийиб туриш принципини амалда таъминлаш орқали амалга оширилиши мумкин эди.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади: икки палатали парламентнинг ташкил этилиши мамлакатимиз, халқимиз учун қандай аҳамиятга эга?

Биринчидан, доимий фаолият кўрсатувчи қуйи палатанинг ташкил этилиши қонун ижодкорлиги жараёнининг такомиллашувига хизмат қилади;

иккинчидан, қуйи палата депутатлари қонун ижодкорлиги жараёнида мунтазам иштирок этади. Депутатлик мақоми қандайдир олий унвон ёки даражани эмас, балки уларнинг кундалик меҳнат вазифаси — касб-корини англатади. Бундай тарзда фаолият кўрсатиш депутатлар давлат ҳокимияти ва бошқарувининг бошқа органларидан, мансабдор шахслардан мустақил бўлишини таъминлайди;

учинчидан, қуйи палатада депутатлар ўз қарашлари ва нуқтаи назарларини биргаликда ифода этиш мақсадида сиёсий партия фракциялари ва депутатлик гуруҳлари тузади. Бу давлат ва жамият ҳаётида сиёсий партияларнинг нуфузини янада оширишга, турли ижтимоий гуруҳга мансуб фуқароларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга имкон яратади;

тўртинчидан, дунё тажрибасига кўра, доимий ишловчи қуйи палата ижро ҳокимияти устидан парламент назоратини кучайтириш имконини беради. Чунки бир йилда уч марта фақат сессияларда йиғиладиган парламент билан бу вазифани амалга ошириб бўлмайди. Доимий ишловчи профессионал қуйи палата қонун ишлаб чиқиш ва уни қабул қилиш билан бир қаторда, уларнинг қай даражада ижро этилаётганлигини назорат қилади;

бешинчидан, Сенат аъзоларининг асосий қисми, одатда, ижро этувчи ҳокимият тармоғида фаолият кўрсатади. Шу сабабдан Сенат давлат ҳокимиятининг вакиллик ва ижроия органлари фаолиятини туташтириб турувчи муҳим бўғин ҳисобланади. Қуйи палата томонидан қабул қилинган қонунларни маъқуллаш ёки рад этиш орқали Сенат уларнинг нафақат ҳудудлар манфаатларини ўзида акс эттирганлигига, балки қай даражада ҳаётий эканига ҳам баҳо беради.

Маълумки, жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалаларидан бири сифатида Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлиси икки палатали парламентга ўтиши юзасидан референдум тўғрисида қарор қабул қилинди. 2002 йил 27 январь куни ўтказилган референдумда фуқароларнинг қарийб 94 фоизи буни ёқлаб овоз берди. Шу асосда 2002 йил 4 апрелда «Референдум якунлари ҳамда давлат ҳокимияти ташкил этилишининг асосий принциплари тўғрисида»ги Конституциявий қонун қабул қилинди.

Шунинг билан юқоридаги масалаларни ҳуқуқий тартибга солувчи қонун ҳужжатларини қабул қилиш бошланди. Дастлаб «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги ва «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида»ги Конституциявий қонунлар қабул қилинди. Улар асосида «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги қонун, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида»ги қонун ва бош­қа муҳим ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлиси икки палатали парламентга ўтиш заруратидан келиб чиқиб, янги парламентга сайловлар ўтказиш тартибини, парламент, унинг палаталари, парламент аъзоларининг ҳуқуқий мақомини, уларнинг фаолият олиб бориш тартибини белгиловчи қонун ҳужжатларини ишлаб чиқди ва қабул қилди.

2004 йил декабрда янги сайлов қонунчилиги асосида Ўзбекис­тон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига сайлов, 2005 йил 9 январда такрорий овоз бериш ўтказилиб, 120 нафар депутат сайланди ва рўйхатга олинди.

2005 йил 17-20 январь кунлари ўтказилган маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қўшма мажлисларининг баённомаларига асосан, Марказий сайлов комиссиясининг қарори билан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан тенг миқдорда — олти нафардан, жами 84 нафар депутат Олий Мажлис Сенати аъзоси сифатида рўйхатга олинди. 2005 йил 24 январда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати аъзоларини та­йинлаш тўғрисида»ги Фармони билан фан, санъат, адабиёт, ишлаб чиқариш соҳасида ҳамда давлат ва жамият фаолиятининг бошқа тармоқларида катта амалий тажрибага эга бўлган ҳамда алоҳида хизмат кўрсатган энг обрўли фуқаролар орасидан 16 нафар Сенат аъзоси тайинланди.

 

СИЁСИЙ ПАРТИЯЛАР ВАКОЛАТЛАРИ КАФОЛАТЛАНДИ

2007 йил 11 апрелда қабул қилинган «Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида»ги Конституция­вий қонун асосида сиёсий партия фракциялари ва депутатлар гуруҳларига кенг имкониятлар яратиб берилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасида кўпчилик ўринни эгаллаган сиёсий партия фракцияси парламентдаги кўпчиликни ташкил этиши; блок тузадиган бир нечта сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар ҳам парла­мент­даги кўпчиликни ташкил этиши; янгитдан шакллантирилган ҳукуматнинг тутган йўли ва дас­турига ёки унинг айрим йўналишларига қўшилмайдиган сиё­сий партиялар фракциялари, шунингдек, Ўзбекистон экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар ўзларини мухолифат деб эълон қилиши мумкинлиги белгиланди.

2009 йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига бўлиб ўтган сайлов натижаларига кўра, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекис­тон либерал демократик партия­сидан — 53, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан — 32, Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партиясидан — 31, Адолат социал демократик партиясидан — 19 нафар депутат сайланди. 15 нафар депутат Ўзбекистон Экологик ҳаракатининг вакилларидир. Сайланган 150 нафар депутатнинг 33 нафари, яъни 22 фоизи хотин-қизлардан иборат бўлди.

2010 йил 22 январда Марказий сайлов комиссиясининг қарори билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан жами 84 нафар сенатор рўйхатга олинди. Худди шу куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг аъзоларини тайинлаш тўғрисида»ги Фармони билан 16 нафар сенатор тайинланди. Уларнинг 15 нафари аёллар.

 

МАНФААТЛАР МУВОЗАНАТИ ВА ПАРЛАМЕНТ НАЗОРАТИ

Парламент палаталарининг ўша йили бўлиб ўтган қўшма мажлисида Президентимиз томонидан дeмoкратик ўзгаришларни янада такомиллаштиришнинг энг муҳим устувoр вазифалари белгилаб берилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси эълон қилинди. Унда илгари сурилган ғоялар ҳамда қонунчилик ташаббуслари мамла­кати­миз парламентининг роли ва таъсирини кучайтиришда, давлат ҳокимияти тизимида ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар муво­за­натини таъминлашда муҳим ўрин тутади.

Концепция асосида 2011 йил 18 апрелда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Конс­ти­ту­ция­сининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» (78, 80, 93, 96, ва 98-моддаларига)ги Қонун мамлакатимизда амалга оширилаётган давлат ҳокимияти ва бошқаруви соҳасидаги ислоҳотларнинг мантиқий давомийлигини кўрсатиб берди, десак, муболаға бўлмайди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Кoнституциясининг 78-мoддаси биринчи қисмининг 15-бандига қўшимча киритилган бўлиб, унга кўра, Олий Мажлис палаталарига мамлакат ижтимoий-иқтисoдий ривoжланишининг дoлзарб масалалари юзасидан Бoш вазирнинг ҳисoбoтини эшитиш ва муҳoкама қилиш ҳуқуқи берилди. Бу меъёр ижро этувчи ҳокимият фаолияти устидан парламент назоратини амалга ошириш имкониятларини янада кенгайтиради.

2014 йил 16 апрелда Конс­титуциямизнинг 32, 78, 93, 98, 103 ва 117-моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Жумладан, 78-модданинг 21-бандига киритилган ўзгартиш ҳокимиятлар тақсимланиш тамойилини амалда жорий қилиш, улар ўртасида мувозанатни таъминлаш, қонун устуворлигига эришиш, ҳокимиятнинг учта тармоғи фаолиятида том маънодаги мустақиллик, ўзаро ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашда муҳим ҳуқуқий асос бўлди.

Конституциямизнинг 98-моддасига киритилган яна муҳим бир ўзгартиш Бош вазир лавозимига номзод Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисида унинг номзоди кўриб чиқилаётган ва тасдиқланаётганида Вазирлар Маҳкамасининг яқин муддатга ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳаракат дастурини тақдим этиши билан боғлиқдир. Бу ўзгартишни мамлакатимизда олиб борилаётган давлат бошқаруви соҳасидаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида баҳолаш мумкин. Ушбу меъёрнинг яна бир аҳамиятли томони шундаки, эндиликда сиё­сий партия фракцияларининг парламент назорати соҳасидаги вазифалари янада кенгайди.

2015 йил 23 январдаги Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида Президентимиз парламент назоратининг шакл ҳамда усулларини «Парламент назорати тўғрисида»ги қонунда тизимли ва аниқ мустаҳкамлаб қўйиш лозимлигини таъкидлади. Шундан келиб чиққан ҳолда, 2016 йил 11 апрелда парламент назоратининг мақсади, субъект­лари, шакллари, қолаверса, жавобгарлик масалаларини белгилаб берган «Парламент назорати тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди. Ушбу қонун ижро ҳокимияти фаолияти устидан самарали парламент назоратини ўрнатишда муҳим ҳуқуқий асос бўлади.

Албатта, жамият, ҳаёт ўзгариши билан икки палатали парламентимиз фаолияти ҳам ривожланиб, замон билан ҳамнафас бўлиб бораверади. Фуқаролар манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминловчи мукаммал қонунлар қабул қилинади, халқи­миз вакиллари тараққиётимизнинг энг муҳим масалаларини ҳал этади. Бир сўз билан айтганда, профессионал парламентимиз мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, халқимиз фаровонлигини оширишга хизмат қилади.

 

Шерзод ЗУЛФИҚОРОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

Давлат бошқаруви академияси кафедра мудири,

юридик фанлар номзоди.



DB query error.
Please try later.