02.08.2016

ҲАЁТ СИНОВЛАРИДА ТОБЛАНГАН ЭЛ

Яқинда «Ўзбекистон» нашриёти томонидан чоп этилган Президентимизнинг «Ҳаёт синовларида тобланган Қашқадарё эли ҳар қандай юксак маррани эгаллашга қодир» китобида вилоят аҳлининг меҳнатсеварлигига, фидойилигига юксак баҳо берилган. Ушбу фидойиликни биргина ғаллакорлар эришган ютуқлар мисолида ҳам кўрса бўлади.

Қамаши туманининг Қашқадарё соҳилига яқин жойида бир дала шийпони бор. Бу ерда узоқ йилдан буён моҳир фермер Абдимурот Бозоров деҳқончилик қилиб келади. У уч йил бурун Ўзбекистон Қаҳрамони унвонига сазовор бўлди. Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан вилоят Кенгаши депутатлигига ва Сенат аъзолигига сайланди. Моҳир деҳқон шундай дейди:

— Бу шийпонимизга Президентимиз уч марта келганлар. Яккабоғ, Шаҳрисабз, Қарши, Касби ва бошқа туманларда деҳ­қонлар билан учрашиб, қимматли маслаҳатлар берганлар. Бир сафар даламизга келганларида, воҳада ғаллачилик инс­ти­тутини ташкил этиш вақти келганини айт­ган эдилар.

Бу қутлуғ режа 2008 йилда амалга ошди. Қарши шаҳрида Республика дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институтининг филиали иш бошлади. Тадқиқот маскани лабораториялари Дания, Швейцария ва бошқа хорижий мамлакатларда ясалган замонавий ускуналар билан таъминланган. Тўртинчи қаватдаги иссиқхонада йил-ўн икки ой тажриба ўтказиш учун шароит яратилган. Инс­титут олимлари дунё­нинг кўплаб давлатларидаги илмгоҳлар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишган. Тадқиқотчилар бу ерга тез-тез ташриф буюришади. Меҳнат фахрийси Шодиёр ака Хўжаназаров менга қирғизистонлик профессор Вера Жунусова инс­титутдаги намунали шароитни кўрганида ҳаяжон ва ҳайратга тушганини гапириб берганди.

— Ҳозир 124 нафар тадқиқотчи меҳнат қилаяпти, — дейди институт филиали раҳбари Ойбек Омонов. — Ҳозиргача юмшоқ буғдойнинг «Яксарт», «Ғозғон», «Эломон», «Фаровон», «Жайхун» каби ўнлаб навлари яратилди ва улар Қорақалпоғис­тон Республикаси, Андижон, Хоразм, Фар­ғона, Тошкент, Жиззах, Сурхон­дарё, Самар­қанд вилоятларида 400 минг гектардан зиёд ерга экилмоқда.

— Ҳозир буғдойнинг эрта пишар, касалликка чидамли нав­ларини яратишга эҳтиёж ошиб бораяпти, бу борада нима ишлар қилинаяпти?

— Муҳтарам Юртбошимиз бундан бир неча йил бурун филиалимизга ташриф буюриб, фаолиятимиз билан танишган эдилар, — дейди Ойбек Омонов. — У киши буғдойнинг иқлимбоп, серҳосил навларини яратиш бўйича қимматли маслаҳатлар берган эдилар. Тад­қиқот­чиларимиз бу борада тинмай изланиш олиб боришаяпти. Бу йил қарийб 75-80 фоиз вилоятимиз майдонларида биз етиштирган навлар ўстирилди. Менинг ўзим касалликга чидамли «Бунёдкор», «Ҳисорак» буғдой навларини яратиш ишларида қатнашдим. Бу йил натижа яхши. Нишон туманидаги «Хўжам Ота» ва Миришкор туманидаги «Номозов Аббос» фермер хўжаликларида 15 гектар ерга экилган «Бунёдкор» янги буғдой навининг ҳосилдорлиги 68-72 центнерга етди. Ҳозир касаллик ва совуққа чидамли «Шамс» нави устида изланиш олиб борилаяпти. Қаттиқ буғдойнинг «Мингчинор» нави бу йил 200 гектар ерда синаб кўрилди.

Дарҳақиқат, бу йил воҳа ғаллакорлари фидокорона меҳнат қилишди. 145 минг гектар сувли ва 63 минг гектар лалми майдонда мўл ҳосил етиштирилди. Шартнома режасидан ошириб дон топширилди. Ғузор туманидаги «Рус­там бобо набираси Достон», Қарши туманидаги «Эшон Тўйчиев», Косон туманидаги «Ироқов Амирқул бобо», Қамаши туманидаги «Соҳил», Китоб туманидаги «Шеров Жасурбек», Миришкор туманидаги «Юлдош ўғли Райҳон», Муборак туманидаги «Буюклик сари», Нишон туманидаги «Қаҳҳор бобо», Касби туманидаги «Бодилов Рўзимуродович», Шаҳрисабз туманидаги «Турсунов Азиз Рўзиевич», Яккабоғ туманидаги «Қаҳрамон Лочинбек ўғли» ва бошқа ўнлаб фермер хўжаликларида ҳосилдорлик 60 – 65 центнерга етди. Айримларида 70 центнердан ошди.

Чироқчи тумани ҳақида алоҳида тўхталиш лозим. Чунки кейинги 3 йилда туманда шарт­номадан ошириб ғалла сотилмоқда. Бу йил туман ғаллакорлари 8,8 минг гектар суғориладиган ва 33 минг гектар лалми ерда деҳқончилик қилишди. Ҳозиргача шартномадаги 27 минг 280 тонна ўрнига 45 минг тонна дон етказиб берилди. Шунинг 5 минг тоннадан ортиғи уруғлик дондир.

Чироқчи туманида деҳқончилик қилиш осонми? Асло. Мутахассислар фикрича, Ғаллачи, Оқчува, Қалқама қишлоқлари ва даштларида ҳаво серёғин, эски «Анҳор» ҚФЙга қарашли ерларда шамол ўта кучли экан. Бу йил кўп майдонда занг касали кузатилган. Ғаллакорлар касаллик ва зараркунандаларга қарши уюшган ҳолда кураш олиб боришди. Ўрим ҳам намунали ташкил этилди. Натижада «Муртазаев Жавоҳир» фермер хўжалигида суғориладиган 10 гектар ердан 65 центнердан ҳосил йиғиштириб олинди. Ҳа­йиткўл қишлоғидаги фермер Боймурод Хуррамов 8 гектар ердан 70 центнердан ҳосил кўтариб, шартнома режасини 124 фоиз қилиб бажарди.

— Ҳаммаси меҳнат туфайли, — дейди «Шўрқудуқ» фермер хўжалиги раҳбари Бахтиёр Темиров. — Хўжалигимизни 1999 йилда тузганмиз. Ўтган йили шартнома режасини 150 фоиз бажариб, мамлакатимиз илғор ғаллакорларига бағишланган телекўрсатувда қатнашган эдим. Бу йил 20 гектар суғориладиган ерга «Жайхун» суперэлита навини экиб, 75 тонна уруғлик дон топширдик. Лалмикор ерга экилган «Тезпишар» буғдой навининг ҳар гектаридан 25 центнердан ҳосил йиғиштириб олдик. Демак, меҳнатимизнинг баракасини кўраяпмиз...

Воҳа бўйлаб кезар эканман, Президентимизнинг «ҳаёт синовларида тобланган Қаш­қадарё эли ҳар қандай юксак маррани эгаллашга қодир», деган сўзларининг ҳақлигига қайта-қайта тан бердим.

 

Юнус УЗОҚОВ,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.



DB query error.
Please try later.