02.08.2016

ВОЯГА ЕТМАГАНЛАР ТАРБИЯСИ: ҲАМКОРЛИК ВА МАСЪУЛИЯТНИ КУЧАЙТИРИШ ЛОЗИМ

Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш Бош бошқармаси томонидан манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда ўтказилган матбуот анжуманида ана шу масалага қайта-қайта урғу берилди.

— Ҳаммамизга яхши маълумки, яқинда Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллигини кенг нишонлаймиз. Чорак асрлик ана шу даврда бирон-бир йил йўқки, унда келажак эгаларининг манфаатларига хизмат қилувчи ҳужжатлар қабул қилинмаган бўлса, — деди Ички ишлар вазири ўринбосари Ёрқин ТУРСУНОВ. — Мамлакат аҳолисининг 40 ­фоизини 18 ёшгача, 64 фоизини эса 30 ёшгача бўлганлар ташкил этишини инобатга олган ҳолда амалга оширилган изчил ислоҳотлар натижасида ўтган вақт ичида болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи давлат ва нодавлат ташкилотларининг ҳамкорлик тизими шакллантирилди. Ўқув даргоҳларида «Оила — маҳалла — таълим муассасаси» жамоат кенгашлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида эса «Вояга етмаганлар, ёшлар ва спорт масалалари бўйича доимий комиссиялар» фаолияти йўлга қўйилди.

ИИВ Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш Бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Азамат ЎРОҚОВнинг таъкидлашича, 2016 йилнинг юртимизда «Соғлом она ва бола йили» деб эълон қилиниши муносабати билан вояга етмаганлар назоратсизлиги ва ҳуқуқбузарликларининг олдини олиш борасида тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган тадбирлар қамрови янада кенгайтирилди, уларнинг таъсирчанлигини таъминлаш чоралари кўрилди. Жорий йилнинг ўтган даврида ички ишлар органлари томонидан ижтимоий-ҳуқуқий ҳимояга муҳтож 40 минг нафарга яқин вояга етмаган бола билан якка тартибдаги профилактик тадбирлар ўтказилди. Кенг жамоатчилик ўртасида 60 мингдан ортиқ тарғибот-ташвиқот суҳбатлари уюштирилди. Натижада 14 минг­дан зиёд оиладаги нотинч­ликка барҳам берилди, 9 мингга яқин ёш оила ажралиб кетишининг олди олинди. Вояга етмаганлар томонидан содир этиладиган жиноятлар 6,2 фоиз камайишига эришилди.

Матбуот анжуманида, шунингдек, Олий ва ўрта махсус таълими, Халқ таълими вазирлиги, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати мутасаддилари кун тартибидаги масала юзасидан ўз фикрларини билдирдилар.

Жумладан, Халқ таълими вазирлиги бўлим бошлиғи Аваз МАМАЖОНОВ Ўзбекис­тон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган чора-тадбирлар дастури доирасида Ички ишлар вазирлиги ва унинг қуйи бўғинлари билан вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича мустаҳкам алоқа ўрнатилганини қайд этди. Айниқса, кейинги йилларда бу ҳамкорликнинг янги шакл­лари ва замонавий усуллари жорий этила­ётгани қисқа фурсатда ўз самарасини кўрсатаётир.

Лекин, анжуманда алоҳида таъкидланганидек, баъзи жойларда «Оила — маҳалла — таълим муассасаси» жамоат кенгашлари фақат қоғозда ишлаётган, фуқароларнинг ўзини ўзи бош­қариш органларидаги «Вояга етмаганлар, ёшлар ва спорт масалалари бўйича доимий комиссиялар» фаолияти номигагина йўлга қўйилган ҳудудлар, минг афсуски, ҳали ҳам учраб турибди. Бунинг оқибатида айрим ёшлар, вояга етмаганлар орасида маънавиятимизга хос бўлмаган ҳаракатлар пайдо бўляпти. Масалан, ҳозирда ёшлар ўртасида қандайдир ярамас одат бўлиб улгурган, яъни кутилмаган автоҳалокатга учраганларга зудлик билан ёрдам бериш ўрнига уларни видео ёки фотосуратга тушириш ва интернет тармоғига жойлаштириш қанчалик хунуклигини кўпчилик яхши билади. Бироқ шу иш билан шуғулланаётган ёшларга таъсир ўтказиш, уларни тўғри йўлга солишга келганда аксарият одамларда лоқайдлик кузатилади. «Менга нима?» деган тарзда фикрлаш ҳолати устунлик қилади.

Вояга етмаганларнинг назоратсизлиги ва қаровсизлигига, улар томонидан ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир этилишига шароит яратадиган сабабларни аниқлаш ва уларнинг ўз вақтида бартараф этилишига эришиш мақсадида ички ишлар органлари ходимлари ҳамкор ташкилотлар вакиллари билан биргаликда тинимсиз фаолият кўрсатаётган бир пайтда айрим ота-оналар фарзандларининг ноодатий қилиқлари ва ҳуқуқбузарликка мойил гап-сўзларини боланинг шўхлиги сифатида қўллаб-қувватлашини ҳам тушуниб бўл­майди. Модомики, бундай «шўхликлар» эртага жуда ёмон оқибатларга олиб келишини, энг аввало, ота-онанинг боши эгилишини яна бир бор эслатишни жоиз, деб билдик.

Анжуман давомида оммавий ахборот воситалари ходимлари вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишдаги муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан амалга оширилаётган ишлар хусусида ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олдилар.

 

Озод РАЖАБОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.