02.08.2016

ҲАЁТ ЗАВҚИ

Депутатлар, партия фаоллари «Кучли ижтимоий ҳимоя — асосий мақсадимиз» акцияси доирасида электорат вакиллари билан бевосита мулоқотда бўлмоқда

ЎзХДП Тошкент вилоят кенгашидан Зангиота туманига қараб йўл олдик. Йўл-йўлакай кенгаш раиси Меҳрож Дарҳонов билан режалаштирилган тадбир ҳақида суҳбатлашиб кетдик.

— Марказий Кенгаш ташаббуси билан мустақиллигимизнинг 25 йиллик байрами олдидан ҳар бир шаҳар ва туманда ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд, кам таъминланган оилаларга моддий ҳамда маънавий ёрдам кўрсатиш ниятидамиз, — дейди у. — Бугун зангиоталикларни йўқлаймиз. Бу акциянинг эътиборли томони шундаки, одамларга яна бир қадам яқинлашиш, улар билан дилдан суҳбатлашиш, қувончу ташвишига шерик бўлиш имкони ортади.

Тумандаги аҳоли дам олиш маркази гавжум. Кутилмаган ҳол. «Хонадонларга боришимиз керак эди-ку», деган савол хаёлдан ўтди. Мезбонлардан бири фикримни ўқигандек, «Ушбу тадбир маҳаллалар билан ҳамкорликда ўтказиляпти. Дастлаб намунали, жамоат ишларида фаол бўлган оилалар турли номинациялар бўйича тақдирланади. Бундан ташқари, кам таъминланган оилаларга совға-саломлар тар­қатилиб, концерт дастури ҳам намойиш этилади», дея изоҳ берди. Бу Зангиота туман партия кенгаши раиси Моҳира Акромова эди.

Одатга кўра, тадбир расмий равишда очилди. Унда вилоят ҳамда туман партия кенгашлари раислари, депутатлар ва фаоллар мустақилликнинг аҳамияти, қадр-қиммати хусусида сўз юритишди. Аҳолининг турмуш тарзи тубдан ўзгаргани, мамлакатимизда қўлга киритилаётган ютуқлар эътироф этилди. Билдирилган фикрлар, шукроналик сўзлари, совға-саломлар йиғилганларнинг кайфиятини янада кўтарди.

Айтиш керакки, шу куни ҳар кимнинг кўнглида айтар сўзи, шукроналик туйғулари, тилаклари бор эди.

— Менинг бир ўғлим бор. У келажакда улкан мақсадларни амалга оширмоқчи, — деди Аброр Солиҳовнинг онаси Шоҳида Сирожиддинова. — Ўғлимнинг иқтидорини кўриб, тўғриси, ўзим ҳам лол қоламан. Ҳали етти ёшга тўлмаган бўлса-да, буюк алломаларимиздан тортиб, юртимизнинг бугунги қаҳрамонларигача яхши билади. Санъатга, спортга, адабиётга қизиқади. Жисмоний имкониятлари чекланганига қарамай, вақти келиб барча орзу-истакларига етади, деб умид қиламан. Фарзандимнинг шижоатини кўриб, қалбим қувончга тўлади.

Кўнглида бир олам орзулари мужассам болакайнинг онаси билан узоқ суҳбатлашдик. У юртимизда ёшлар учун яратилган шароит, берилаётган имкониятлардан Аброр ҳам фойдалана олишидан мамнунлигини айтди. Шу пайт яна бир аёл суҳбатимизга қўшилди.

— Менинг 3 нафар фарзандим бор. Улар ўқиб, касб-ҳунарли бўлишди, деди ўзини Муқаддамхон Икромова деб таништирган опа. Бизга армон бўлиб қолган орзу-ниятларга ўғил-қизларим, набираларим етишяпти.

Саломатлигим туфайли ногиронлик нафақасига чиқдим. Маҳалла-кўй, қўни-қўшни доим ҳолимдан хабар олиб туради. Бекор ўтиришни ёқтирмайман. Келинимга уй ишларида, набираларим тарбиясига ёрдамлашаман. Бола эмасми, уларнинг саволлари тугамайди. Кўп мавзуларда суҳбатлашамиз. Телевизор орқали юртимиздаги ўзгаришлар, бунёдкорликлар намойиш этилганда, ўша ерларни ўз кўзим билан кўриш, сайр қилиш истаги туғилади. Бугун ёшларга оддий кўринаётган бу фаровонлик истиқлолгача тушимизга ҳам кирмаган.

— Туман қон қуйиш марказида ишлайман. Бўш вақтимда хотин-қизларга тўқиш сирларини ўргатаман, — дейди яна бир суҳбатдошимиз Раъно Муҳиддинова. — Маҳалламизда ташкил этилган ҳунармандчилик тўгарагида 20 нафарга яқин шогирдим бор. Ҳозир уларнинг 5 нафари мустақил равишда тўқишни ўрганди. Аёл киши ҳунарли бўлиши кераклигини шо­гирд­ларим, қизларим ва келинларимга уқтириб келаман.

Гувоҳи бўлганингиздек, ҳар кўнгилда эзгу истак, турли қараш ва ўй-хаёллар. Уларни кўринмас бир ришта боғлаб тургандек. Ўйлаб қоласиз. Бу ватанга муҳаббат, ислоҳотларга дахлдорлик ҳисси, одамларга наф келтириб яшаш истаги, кўнгилларимизга ин қурган шукроналик туйғуларидир, балки.

Ана шундай таассуротлар билан навбатдаги манзилга йўл олдик. Юрт фаровонлиги, халқ манфаати йўлида хизмат қилган, турли сабабларга кўра ҳозирда жисмоний имкониятлари чекланган инсонларга қанча ҳурмат кўрсатсак, шунча кам, албатта. Уларнинг умр дафтарида барчамизга ўрнак бўлгулик ҳаёт ҳақиқатлари битилгандек гўё. Ўтган асрнинг жабр-зулмларини бошимиздан ўтказдик.

— Ёшлигимда мен ҳам кучга, ғайратга тўла эдим, — деди Бахтиёр Файзиев. — Ҳарбий бўлиб ишладим. Мана, орзиқиб кутилган кунларга ҳам етиб келдик. Озодлик неъматларидан баҳраманд бўлдик...

Шу куни яна бир қанча хонадонда бўлдик. Оқкўнгил, меҳрибон инсонлар билан яқиндан танишдик.

Ўзбекистон ХДП томонидан ўтказилаётган мазкур акция эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.