28.07.2016

ЁШЛАРГА ДУНЁ ЭШИКЛАРИ КЕНГ ОЧИЛДИ,

—      дейди Ўзбекистон халқ артисти Самандар Алимов

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри. Зал томошабинларга тўла. Саҳнада итальян композитори Жузеппе Вердининг «Трубадур» операси намойиш қилинмоқда. Ёшгина ўзбек йигити Манрико ариясини ижро этаётганида театр артистларига маҳорат сабоқлари ўтиш учун Италия ҳамда Россиядан келган опера ва балет ижрочилари ҳаяжондан беихтиёр ўринларидан туриб кетишди. Зал ҳам оёққа қалқиди, гулдурос олқишлар янгради.

Бу йигит санъат йўлидаги хизматлари учун ўтган йили Ўзбекистон халқ артисти унвонига сазовор бўлган опера солисти Самандар Алимов эди. Томоша тугагач, италиялик опера хонандаси Ренато Брузон ёшига хос бўлмаган эпчиллик билан саҳнага югуриб чиқди ва Самандарнинг пешонасидан ўпиб: «Бу йигитнинг соҳир овозида Манрико ариясини ижро этган Лучано Павароттининг жозиба ва шиддатини кўрдим. Мана шундай ёш ва забардаст, бетакрор овоз соҳибларини етиштириб берган Ўзбекистон халқига, мўъжизакор заминга таъзим қиламан», — деди.

Шу ўринда бир савол кишини ўйга толдиради: агар мустақиллик бўлмаганида мамлакатимизнинг энг чекка ҳудудларидан бири — Сурхондарё вилоятининг Қизириқ туманида туғилиб, вояга етган қишлоқ йигитининг бир кун келиб Халқаро санъат анжуманларида, хориж саҳналарида энг машҳур опера хонандалари ижро этган арияларни куйлаб, мухлислар олқишига сазовор бўлишини тасаввур қилиш мумкинмиди?...

Самандар Алимов Термиз давлат мусиқа билим юртида таҳсил олаётган кезларида академик хонандалик йўналишини танлади, унинг овоз салоҳиятини юқори баҳолаган устозларининг маслаҳати билан ўқишни давом эттириш учун пойтахтга йўл олди.

— 2000 йилда Тошкент давлат консерваториясига академик хонандалик йўналиши бўйича ўқишга кирганимда, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрида композитор Сулаймон Юдаковнинг «Майсаранинг иши» операси қўйиладиган бўлди, — дейди Самандар Алимов. — Мен билим юртида ўқиётганимда ана шу операдан Чўпон ариясини ижро этганман. Театр режиссёри тенор овоз йўқлиги учун устозим, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, профессор Халилжон Абдуқодировдан рухсат сўраб, мени Чўпон образини ижро этишга таклиф қилди.

Бу жуда катта драматик маҳоратни талаб қиладиган ролни ўз вақтида тенгсиз овоз соҳиблари бўлмиш Саттор Ярашев, Эргаш Йўлдошевлар ижро этишган. Устозим далдаси билан ижро этган шу ролим маъқул бўлиб, мени театрга ишга олишди. Шундан буён театр менинг қадр­дон уйим бўлиб қолди.

Самандар Алимов театр фаолиятидан ажралмаган ҳолда Тошкент давлат консерваториясида 2004 йилда бакалаврликни, 2006 йилда магистратурани тамомлади. Ўша йиллари италиялик машҳур композитор Жоаккино Россинининг «Севильялик сартарош» асарида граф Альмавива ролини юксак маҳорат билан ижро этиши уни операнинг бепоён уфқлари сари бошлади. Опера солисти театрда ҳозирга қадар ўндан ортиқ бош ролларни ижро этди, кўплаб халқаро тоифадаги фестивалларда қатнашди. 2010 йилда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, 2012 йилда Жанубий Кореянинг Ли Ён Сон халқаро конкурси лауреати, «Эътироф — 2013» танловида «Йилнинг энг яхши опера ижрочиси» номинацияси бўйича ғолиб бўлди.

— Мустақиллик туфайли биз сингари истеъдодли ёшларга дунё эшиклари, имконият эшиклари кенг очилди, — дейди Самандар Алимов. — Ўзингиз ўйлаб кўринг, ҳар йили 600 мингдан кўпроқ йигит-қиз юртимиздаги олий ўқув муассасаларини битириб, ҳаётга йўлланма олади. Бу — камида икки-учта касб-ҳунарни, чет тилларни, Интернет ва ахборот технологияларини, замонавий билим­ларни эгаллаган, ривожланган давлатлардаги тенгдошларидан кам бўлмаган авлод Ватан хизматига шайланаяпти, деган гап.

Ёшларимиз бугун жамиятимизнинг ҳақиқатан ҳам ҳал қилувчи кучига айланиб, ҳаётга кириб келмоқда. Президентимиз таъкидлаганидай, бизнинг энг катта суянчимиз ва таянчимиз бўлмиш ана шундай ёшларга, беқиёс салоҳиятга эга бўлган халқни ҳеч қачон ўз йўлидан қайтариб, енгиб бўлмайди. Бунга барчамизнинг ишончимиз комил.

Анча йиллардан буён мамлакат миқёсида ўтказиладиган барча байрам тадбирларида қатнашиб келаман. Ҳозир ҳам мустақиллигимизнинг 25 йиллик байрамига тайёргарлик кўряпмиз. Халқаро миқёсда ўтказилаётган турли фестивалларда қатнашиш билан бирга байрамга совға сифатида бир неча опералардан янги роллар тайёрлаяпман.

Яқинда Ўзбекистон давлат академик катта театрида ёш опера хонандалари, Ўзбекистон давлат консерваторияси талабаларига Италия ҳамда Россиядан келган маш­ҳур опера ва балет ижрочилари томонидан маҳорат сабоқлари ўтка­з­илди.

Улар ёш санъаткорларга асар ғоясини тингловчига етказа билиш билан бирга оҳанглар авжи, ижро техникаси, мукаммал талаффуз, юксак актёрлик маҳоратини ўргатишди.

— Ўзбекистонга биринчи бор келишим, — дейди италиялик опера хонандаси Ренато Брузон. — Маш­ғулотлар давомида ўзбек опера санъати жуда илдамлаб кетгани, Ўзбекис­тон истеъдодли ёшларга бойлигига гувоҳ бўлдим. Айниқса, Самандар Алимовнинг жаҳон классик асарларидан намуналарни юксак маҳорат билан ижро этиши мени ҳайратга солди. Муҳташам театр, репетиция учун шинам заллар, санъат аҳли ҳамда томошабинлар учун яратилган қулай шароитларни кўриб қувондим.

— Камтарона хизматим учун юксак унвонларга сазовор бўлишим зиммамга катта масъулият юклайди, — дейди Самандар Алимов. — Бу ишончни оқлаш учун янги-янги режа ва мақсадлар устида ишлаяпман.

Мустақиллик ҳар биримизга ўз қадр-қимматимизни англаш, орзу умидларимизни рўёбга чиқариш имкониятини берди. Мана, 25 йилдирки, халқимиз бу саодат неъматларидан баҳраманд бўлиб келмоқда. Ҳар бир инсон меҳнати муносиб қадрланиб, рағбат ва эътибор топаётганлиги кишини қувонтиради.

 

Нуруллоҳ ДОСТОН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.