28.07.2016

ҲИМОЯ ИНСТИТУТИ

Мустақиллик йилларида инсон эркинлиги, ҳуқуқи ҳимоясини таъминлаш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар кўрилди. Хусусан, адвокатура институти ва адвокатлар ваколатини ошириш, ҳуқуқини мустаҳкамлаш бўйича қатор амалий ишлар қилинди.

Хўш, ҳимоя институти, деб аталмиш адвокатуранинг бугунги ривожи, ҳуқуқий асослари қай даражада? Унинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоялашдаги ўрни қандай?

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Нотариат, адвокатура ва ФҲДЁ органлари бошқармаси етакчи маслаҳатчиси Азизхон Шарофиддинов билан суҳбатимиз шу ҳақда бўлди.

— Мустақиллик йилларида адвокатлар таркибини малакали, бой ҳаётий тажрибага эга кадрлар билан тўлдириш, ушбу тизимнинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоялашдаги аҳа­миятини кучайтиришга йўналтирилган ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда, — дейди суҳбатдошимиз. — Мазкур институт шахснинг кафолатланган ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда муҳим ўрин тутганлиги сабабли, ҳар кимнинг адвокатура томонидан кўр­сатиладиган малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи Ўзбекистон Республикаси Конституцияси (116-модда)да мустаҳкамлаб қўйилган. Шунингдек, соҳанинг ҳуқуқий асослари алоҳида қонунларда ўз ифодасини топган. Жумладан, 1996 йил 27 декабрда «Адвокатура тўғрисида», 1998 йил 25 декабрда «Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларининг қабул қилиниши тизим тараққиётини таъминлашда долзарб аҳа­мият касб этди.

Президентимизнинг 2008 йил 1 майдаги «Ўзбекистон Республикасида адвокатура институтини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони эса тергов ва суд ишини юритишнинг ҳар қандай босқичида малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқини мустаҳкамлайдиган кон­сти­туция­вий меъёрни амалга ошириш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш, адвокатларнинг мустақиллиги кафолатларини кучайтириш, бу касб­нинг жамиятимиздаги обрў ва нуфузини оширишда, бир сўз билан айтганда, адвокатура институти фаолиятини замон талаблари даражасида такомиллаштиришда тарихий қадам бўлди.

Фармонда қайд этилган вазифаларни ҳаётга татбиқ қилиш мақсадида 3 та қонун, Вазирлар Маҳкамасининг 5 та қарори ва 10 га яқин идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Хусусан, 2008 йил 31 декабрда «Адвокатура институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун қабул қилиниб, шу асосда қатор кодекс­лар ҳамда қонунларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

— Ҳимоя институтининг мавқеини янада кўтариш борасида кўрилган чора-тадбирлар ҳақида кенгроқ тўхталсангиз.

— Бугунги кунда Ўзбекис­тон Республикаси Бош прокуратураси, Адлия ва Ички ишлар вазирликлари тизимида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича алоҳида бошқармалар ташкил этилган бўлиб, мазкур тузилмалар томонидан салмоқли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Шунингдек, республикамизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда нодавлат ташкилотлари ҳам фаол иштирок этяпти. Улар орасида адвокатуранинг ўрнини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.

Ҳозирги вақтда мамлакатимизда прокурор ва адвокатнинг тенглигини, жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича суд фаолиятининг барча босқичларида ўзаро тортишув бўлишини таъминлашга, одил судловнинг сифати ва тезкорлигини оширишга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда. Мисол учун, Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 27 майдаги «Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорини келтириб ўтиш мумкин. Унга кўра, мажбурий аъзоликка асосланган, адвокатуранинг марказлашган ўзини-ўзи бош­қариш тизими сифатида Адвокатлар палатаси ташкил этилди ва Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтказилди. Айни пайтда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ушбу палатанинг ҳудудий бошқармалари самарали фаолият кўрсатмоқда.

Адвокатлар палатасининг асосий вазифаларидан бири адвокатлик тузилмаларининг фаолиятини мувофиқлаштириш, унинг обрў-эътиборини ошириш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишдаги ролини кучайтиришга кўмаклашиш, адвокатларнинг қонуний манфаатларини ифодалашдан иборат. Шунингдек, аҳолининг юридик ёрдамдан фойдалана олиш имкониятини туманлар ва шаҳарларда юридик маслаҳатхоналар ташкил этиш орқали таъминлаш, адвокатура фаолияти тўғрисидаги статистик маълумотларни тўплаш ва ўрганиш ҳам палатанинг муҳим вазифаси ҳисобланади.

— Адвокат бўлишга қарор қилганларга қатъий талаблар қўйилади. Ҳамма ҳуқуқшунос ҳам адвокат бўлиб кетавермайди. Масаланинг мана шу жиҳати ҳам кўпчиликни қизиқтиради...

— «Адвокатура тўғрисида»ги қонуннинг 3-моддасида олий юридик маълумотга эга бўлган ва адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияни олган Ўзбекистон Республикасининг фуқароси адвокат бўлиши мумкинлиги қайд этилган. Белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган, шунингдек, судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахс­ларнинг адвокатлик фаолияти билан шуғулланишига йўл қўйилмайди.

Бундан ташқари, адвокат илмий ва педагогик, Адвокатлар палатасидаги ва унинг ҳудудий бошқармаларидаги фаолиятидан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа турдаги иш билан шуғулланишга ҳақли эмас. «Адвокатура тўғрисида»ги қонунда адвокат бўлишни истовчилар юридик мутахассислик бўйича камида икки йиллик иш стажига эга бўлиши, шу жумладан, адвокатлик тузилмасида камида олти ой стажировка ўташи шартлиги белгиланган.

Адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензия адлия органлари томонидан Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармалари ҳузурида тузиладиган малака комиссия­ларининг қарорлари асосида берилади. Адвокатлар ҳар уч йилда бир марта ўз малакасини ошириши шарт.

Ҳозирда мамлакатимизда 1 542 адвокатлик тузилмаси, шундан 1043 адвокатлик бюроси, 432 адвокатлик фирмаси, 67 адвокатлар ҳайъати фаолият кўрсатаётган бўлиб, уларда жами 3 968 нафар адвокат аҳолига юридик ёрдам кўрсатмоқда.

— Баъзида ўз адвокатидан нолиб гапираётганлар ҳам учраб туради. Бунинг сабаби нимада, деб ўйлайсиз?

— Шуни алоҳида қайд этиш керакки, адвокат жисмоний ёки юридик шахслар билан тузилган битим (шарт­нома)да белгиланган топшириқ ва мажбуриятларни бажаришга масъулдир. Адвокат унга юклатилган вазифа ва мажбуриятларни бажармагани ёки лозим даражада бажармаганлиги учун қонун ҳужжатларига мувофиқ интизомий жавобгарликка тортилиши мумкин. Бунда, албатта, ишонч билдирувчи шахс ёки ҳимоя остидаги кишининг шикоятлари асос бўлади.

Бундай ҳолатда адвокатга нисбатан белгиланган тартибда хизмат текшируви ўтказилади. Мурожаатдаги маълумотлар тасдиғини топган тақдирда адвокатга нисбатан интизомий иш қўзғатилиб, тегишли ҳудуддаги малака комиссияси муҳокамасига киритилади.

Унинг натижалари бўйича малака комиссияси огоҳлантириш тўғрисидаги, лицензиянинг амал қилишини олти ойгача муддатга тўхтатиб туриш тўғрисидаги, лицензиянинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги ёки интизомий жазо чоралари қўллашни рад этиш, интизомий иш юритишни тугатиш тўғрисидаги қарорлардан бирини қабул қилади.

Ҳуқуқий ёрдамга муҳтож юртдошларимиз адвокат ёллашдан олдин унинг юқори малакали ва етарли тажрибага эга эканига амин бўлиши, шунингдек, битим (шартнома) имзолашдан аввал ундаги ҳар бир бандни яхшилаб ўрганиб чиқиши мақсадга мувофиқдир.

Хулоса қилиб айтганда, ушбу соҳада истиқлол йилларида амалга оширилган ислоҳотлар адвокатуранинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишдаги аҳамиятини сезиларли даражада кучайтирди. Ҳимоя инс­титути том маънода ўз номига муносиб бўлишига шароит яратилди.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Равшан ШОДИЕВ

суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.