28.07.2016

АЁЛЛАРНИ ЭЪЗОЗЛАШ,

ҳимоя қилиш — долзарб вазифамиз

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида Хотин-қизлар қўмитасининг навбатдаги бошқарув йиғилиши бўлиб ўтди. Унда «Соғлом она ва бола йили» Давлат дастури доирасида амалга оширилган ишлар, қўмитанинг жорий йил биринчи ярим йиллигидаги фаолияти ҳамда галдаги режалари муҳокама этилди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова маъруза қилди.

Таъкидландики, мамлакатимизда мустақиллик йилларида аёлларни эъзозлаш, ижтимоий ҳимоялаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратиляпти.

Хотин-қизлар қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлимлари Давлат дастури ижросини таъминлашга муносиб ҳисса қўшмоқда. Хусусан, республикамизнинг барча ҳудудларида маҳаллий ҳокимликлар, ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда «Маҳалланинг энг ораста қизлари» кўрик-танловининг туман, вилоят босқичлари муваффақиятли ўтказилди.

Давлат дастури доирасида илк марта ўтказилган «Меҳрибон қайнона» кўрик-танловида 8 мингдан ортиқ онахон иштирок этди. «Гулшан аро гулчеҳралар», «Обод юртнинг ораста қизлари» каби маърифий тадбирлар орқали қизларни касбга йўналтириш, турли мафкуравий таъсирлардан ҳимоя­лаш, ҳуқуқий, тиббий билимларини янада ошириш имконияти яратилди.

Қишлоқ жойларда хотин-қизларни жисмоний тарбия ва спортга жалб этиш, уларнинг саломатлигини янада мустаҳкамлаш бўйича амалий ишлар олиб борилди.

— Маълумки, мамлакатимизда хотин-қизларни иш билан таъминлаш, уларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоялаш борасида кенг кўламли ишлар қилинмоқда, — дейди Хотин-қизлар қўмитаси бош мутахассиси Инобат Каримова. Ўтган даврда қўмитамиз Давлат дас­тури ижросини таъминлаш мақсадида «Битирувчи қизларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашувчи штаблар» ташкил этилди. Ўз мус­тақил ишини бошлаш истагидаги битирувчиларга кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун яратилган шароитлар, имкониятлар, кўрсатилаётган банк хизматлари ва солиқ имтиёзлари ҳақида батафсил тушунчалар берилди. «Тадбиркор қизнинг энг яхши ло­йиҳаси» танловининг даст­лабки бос­қичида коллежни тамомлаган минглаб қизлар муваффақиятли иштирок этди.

— Айни пайтда вилоятимизда 3360 спорт комплекси фаолият кўрсатмоқда, — дейди Наманган вилояти ҳокими ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Ҳилола Юсупова. — Уларда 240 минг нафардан ортиқ хотин-қиз спорт билан шуғулланмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида вилоят миқё­сида 400 га яқин спорт тадбири ўтказилган бўлса, уларда 150 минг нафардан ортиқ хотин-қизларимиз иштирок этди. Республика ва хал­қ­аро миқёсдаги мусобақаларда вилоятимиз спортчи қизлари 321 медални қўлга киритди.

Йиғилишда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, аёллар спорти, тадбиркорлигини янада ривожлантириш, репродуктив саломатликни мустаҳкамлашга оид масалалар атрофлича муҳокама этилди, келгуси режалар белгилаб олинди.

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.