28.07.2016

ДЕПУТАТ ВА САЙЛОВЧИ

қандай ижтимоий масалалар ҳақида фикр алмашди?

Парламентда пишиқ-пухта қонунлар қабул қилиниши, одамларни ўйлантирадиган муаммолар чуқур муҳокама этилишида сайловчилар билан учрашувларнинг аҳамияти катта. Чунки шу жараёнда депутат қонунлар ижросини ўрганади, парламент назоратини кучайтириш бўйича ўзига тегишли хулосалар чиқариб олади. Бошқача айтганда, сайловчилар билан очиқ мулоқотлар депутатни, сиё­сий пар­тияни, унинг фракция­сини ва ниҳоят, парламентни ҳаёт билан боғлаб туради.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракциясининг навбатдаги кенгайтирилган йиғилишида депутатларнинг жорий йилнинг 25 июнидан 5 июлига қадар сайлов округларида олиб борган фаолияти натижалари кўриб чиқилди. Сайловчилар билан учрашувларда кўтарилган масалалар, ўрганилган маълумотлар атрофлича таҳлил қилинди.

Маълумотларга кўра, фракция аъзолари жами 348 учрашув, турли ижтимоий масалаларда давра суҳбати ва семинарлар ўтказган. Уларда, аввало, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бориши, парламентнинг қонун ижодкорлиги фаолияти юзасидан сайловчиларга батафсил ахборотлар берилган.

Хусусан, учрашувларда мамлакатимизда давлат ва жамият қурилишини демократлаштириш, ижтимоий-иқтисодий тараққиётни жадаллаштириш, суд-ҳуқуқ ти­зимини либераллаштириш, хавф­сизликни таъминлаш, давлатимизнинг жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллаши бўйича амалга оширилаётган ишлар, олдинда турган муҳим вазифалар тўғрисида фикр-мулоҳазалар билдирилган. Шунингдек, ижтимоий кўмакка эҳтиёжманд кишиларни қўллаб-қувватлаш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш ҳамда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини мутахассислиги бўйича ишга жойлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Депутатларнинг қайд этишича, сайловчилар билан учрашувлар очиқ ва самимий руҳда ўтган. Яна шуниси эътиборга моликки, депутатлар муайян ижтимоий масалаларнинг аксариятини маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан бирга жойида ҳал этишга эришган. Хусусан, фуқароларнинг 335 мурожаати шундай ҳал этилган бўлса, 364 мурожаат маҳаллий давлат органларига, 34 мурожаат эса тааллуқлилиги бўйича тегишли ташкилотларга юбориш учун тайёрланмоқда. Аҳолини табиий газ, электр энергияси ва тоза ичимлик суви билан таъминлашни янада яхшилаш, пенсия, нафақа ва стипендияларнинг ўз вақтида берилиши каби масалалар ушбу мурожаатларнинг асосий қисмини ташкил этади.

Собитхон ТУРҒУНОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Қабул қилинган қонунларнинг ижроси, қандай қонунларга эҳтиёж борлиги, аҳоли, хусусан, электорат вакиллари қандай муаммоларга дуч келаётгани ва уларни ҳал этиш бўйича таклифлар олиш сайлов округларидаги фаолиятимизнинг муҳим йўналиши бўлди. Бундан таш­қари, партиямизнинг устувор дастурий мақсадларидан келиб чиқиб, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини мутахассислиги бўйича иш билан таъминлаш масаласи атрофлича ўрганилди. Аввало, бу борада барча ҳудудда кенг кўламли ишлар олиб борилаётганини таъкидлашни истардим. Аммо ютуқлар билан бирга, айрим муаммо ва камчиликлар мавжудлиги ҳам маълум бўлди.

Маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳларимиз билан бирга, бу масалада депутатлик назоратини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Қаҳрамон МИРЗАЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Учрашувлар пайтида кўплаб мурожаатлар бўлди. Уларни ҳал этиш зарур, албатта. Лекин бу ўринда асосий вазифа фуқаролар мурожаатлари асосида электорат вакилларини ўйлантираётган муаммоларга тизимли равишда ечим топиш, уларнинг келиб чиқиш сабабларини бартараф этиш ҳисобланади.

Юзма-юз мулоқотларда фракциямиз аъзоларига пенсия ва ижтимоий нафақаларни ажратиш, ёшларни ишга жойлаштириш, чекка ҳудудларда яшовчи кишиларга амбулатория хизматларини кўрсатиш, дори-дармон таъминотини яхшилаш, қишлоқ врачлик пунктлари фаолиятини янада самарали йўлга қўйиш, манзилли транспорт қатновини ташкил этиш, кредит олиш ва бошқа кўплаб масалаларда саволлар, мурожаатлар бўлди. Биз уларни ҳал этиш чораларини кўряпмиз, албатта. Лекин шу билан бирга, долзарб ижтимоий масалалар бўйича парламент назоратини кучайтиришимиз, аҳолини ўйлантириб келаётган ҳар бир муаммонинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиб, тизимли ҳал қилишга эришишимиз керак, деб ўйлайман. Шунда сайловчилар билан учрашувларимизнинг самарадорлиги янада ошади.

Фракциямиз аъзолари мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилишга ҳам эътибор қаратишди. Мустақиллик йилларида юртимиз иқтисодиётини ривожлантириш, халқимиз фаровонлигини ошириш бўйича қилинаётган ишлар, эришилаётган натижалар алоҳида қайд этилди. Хусусан, сайловчилар билан юзма-юз мулоқотлар давомида Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрамига тайёр­гарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарорида белгиланган вазифалар ижроси бўйича давра суҳбатлари, семинарлар ва бошқа тадбирлар ўтказилди.

Аваз ЎРИНБОЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Учрашувларда бир нарсага кўп гувоҳ бўлдим. Бугун сайловчиларнинг дунёқараши бутунлай ўзгарган, ҳуқуқий саводхонлиги ҳам баланд. Энг муҳими, одамларимиз мамлакатимиз эришаётган улкан ютуқлар, халқимизнинг ҳаёт даражасини оширишга қаратилган ислоҳотлар ва уларнинг самаралари ҳақида фахр билан гапиради. Айниқса, ёшларимиз ўз мустақил фикрига эга. Уларнинг ҳар бири ўз олдига аниқ мақсад қўйиб, келажакка умид билан қарамоқда, ишонч билан яшамоқда. Бу энг катта ютуқларимиздан бири, деб ҳисоблайман.

Умуман, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маънавий-маърифий соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар самараси бугун ҳар биримизнинг ҳаётимизда ўз ифодасини топмоқда. Сайловчилар билан учрашувларда мустақиллик берган беқиёс имкониятлар тўғрисида кўп суҳбат қурдик. Истиқлолнинг қадри ва аҳамияти ҳақида ёшларимиз билдирган фикр­лар мени, айниқса, қувонтирди.

Депутатлар, шунингдек, сайлов округларида Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди грантлари бўйича нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ўтказилган учрашувлар тўғрисида ҳам ахборот беришди. Алоҳида қайд этилдики, нодавлат нотижорат ташкилотлари билан 22 марта мулоқот бўлиб ўтган. Бундай тадбирларга нодавлат нотижорат ташкилотлар катта қизиқиш билдирган.

Йиғилишда фракция аъзолари сайлов округларида учраётган масалаларни бартараф этиш бўйича мутасадди ташкилотлар раҳбарларига қатор саволлар беришди. Шу асосида ҳудудлардаги муаммоларни ечишга қаратилган тавсиялар тақдим этилди.

Депутатларнинг сайлов округларидаги фаолияти якуни атрофлича таҳлил этилгандан сўнг фракция тегишли қарор қабул қилди.

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: