28.07.2016

ҚОНУНЛАР ХАЛҚ ФАРОВОНЛИГИГА ХИЗМАТ ҚИЛМОҚДА

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан қонунлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Ўзбекистон давлат мустақиллигини мустаҳкамлашдаги ролига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди. 

Парламент қуйи палатасининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Д.Абдуқодиров ва бошқалар қонун устуворлиги Президентимиз Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган «ўзбек модели» тамойилларидан бири эканини, мустақиллик йилларида мамлакатимизда мустаҳкам қонунчилик базаси шакллантирилганини таъкидлади. 

Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида Президентимиз томонидан 46 қонун лойиҳаси илгари сурилди. Ҳозирги кунгача улардан 34 таси қабул қилиниб, кучга кирди. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қатор қонунчилик ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонунлар давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимини янада демократлаштириш, мамлакатимизни модернизация қилишда парламентнинг фаолиятини жонлантириш, сиёсий партияларнинг роли ва таъсирини оширишга хизмат қилмоқда. 

– Ҳар бир қонун давлат ва жамият тараққиёти, халқ фаровонлигини кўзлаб қабул қилинади, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Бунёджон Эшонқулов. – Қонунларнинг моҳияти жамиятнинг барча қатламига етиб боргандагина улар яхши самара беради. Шу маънода қонунлар ва соҳадаги ислоҳотларни тарғиб этиб, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини янада ошириш, қонун устуворлигини мустаҳкамлашга ҳисса қўшиш биз, депутатларнинг вазифамиз.

Давра суҳбатида ҳуқуқни қўллаш амалиётининг самарадорлигини ошириш, ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жараёнига қабул қилинаётган қонунларнинг таъсирини кучайтиришда Қонунчилик палатасининг роли ва аҳамиятини янада ошириш бўйича фикр алмашилди. Муайян қонунчилик ҳужжатлари инвентаризациядан ўтказилиб, уларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар билдирилди. 

 

Азима ҚИЁСОВА,

ЎзА 



DB query error.
Please try later.