26.07.2016

ИСТИҚЛОЛ — ЎЗ КЕЛАЖАГИНИ ЎЗИ ҚУРИШ ҲУҚУҚИ ДЕМАКДИР

Биз учун мустақиллик — ўз эркинлигимизни англашгина эмас, балки, аввало, ўз ҳаётимизни ўз иродамиз билан ва миллий манфаатларимизни кўзлаган ҳолда ташкил этиш, ўз келажагимизни ўз қўлимиз билан қуриш ҳуқуқидир.

 

Ислом КАРИМОВ

 

Донишмандлардан бири: «Узоқ йиллар қафасда боқилган арслон озодликка чиқарилгач, қўрқувдан эмас, очликдан ҳалок бўлади. Чунки у ризқини ўз кучи билан топишга эмас, қўлдан берилганини ейишга ўрганган», деган экан.

Яширишнинг ҳожати йўқ, бир ярим асрлик истибдод даврида халқимиз қафасдаги арслон мисоли кун кечиргани, айниқса, Шўролар даврида бутунлай давлатнинг қўлига қарам бўлгани бор гап. Шунинг учун ҳам бошимизга бахт қуши қўниб, Истиқлолга эришган дастлабки кунларимизда аксарият аҳолининг эсанкираб, довдираб қолганлиги ҳам ҳақиқат.

1991 йилнинг тарихий 31 август кунида — Олий Кенгашнинг навбатдан ташқари сессиясида муҳтарам Президентимиз юксак минбардан туриб, Ўзбекистон Республикасининг миллий мустақиллигини эълон қилганида, ўзини элнинг отаси, оғаси, раҳнамоси санаб юрган, савлатидан от ҳуркадиган, қабулига оддий фуқаро кираолмайдиган не-не зотларнинг дами ичига тушиб кетди. Қорон­ғуликка ўрганган кўзлар Озодлик нурларидан қамашди, биқиқ тузумнинг бўғиқ ҳавосига ўрганган юраклар Ҳурриятнинг тоза ҳаволаридан ёрилар даражага келди. Қулликка ўрганган, кўниккан шуурлар Эркинликнинг эрка фикрларини қамрашга ожизлик қилиб қолди.

Ана шундай қутлуғ лаҳзаларда боқимандалик исканжасида яшаган ақлларда, фақат, битта савол туғилди: Мустақиллик менга нима беради?

Орадан йиллар ўтди. Халқимизнинг фикри, тушунчаси, турмуш тарзи, ҳаётга, дунёга муносабати ўзгарди. Дастлабки ўн йилликларда ўша савол сал ўзгариб, «Мустақилликка мен нима бердим?» шаклида кўпчиликни қийнади. Аммо изчиллик билан олиб борилган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли юз берган ижтимоий-иқтисодий соҳаларда, ҳар бир фуқаронинг турмушида юз берган оламшумул ўзгаришлар туфайли бу саволлар тарихга чекиниб, ўрнини «Ким эдиг-у ким бўлдик?» деган савол эгаллади.

Бугун энг улуғ, энг азиз байрамимиз арафасида ушбу саволга берадиган жавобимиз аниқ ва равшан.

Энг аввало, Истиқлол шарофати билан Ўзбекистон ўзининг мустақил мамлакат, мустақил давлат сифатидаги барча ҳуқуқларини қайтариб олди, ўз моддий ва маънавий бойликларининг, ўз манфаатларининг, ўз фарзандларининг қудратли ҲИМОЯЧИСИга айланди.

Истиқлол халқимизга Ўзбекис­тон аталган Ватанни, унинг ерос­ти ва ер усти бойликларини, топталган тарихимизни, оёғости қилинган қадриятларимизни қайтариб берди.

Энг муҳими, халқимиз ИНСОНЛИК шаънини, ғурурини, иззат-обрўсини, қадр-қимматини топди. Ўзи истагандек яшаш, кундалик ҳаётини, тирикчилик тарзини, оиласи ва фарзандларининг истиқболини эмин-эркин режалаштириш, орзу-ниятларини амалга ошириш, меҳнатининг мевасидан баҳраманд бўлишдек ноёб имкониятга эга бўлди. Ҳар бир фуқаро учун ўзининг истеъдоди ва салоҳиятини намоён этиш учун зарур бўлган қулай иқлим вужудга келди.

Бир қарашда, бу гаплар умумий тарзда, баландпарвоз оҳанг­да янграётгандек туюлади. Аслида-чи?

«Қулда, фақат, меҳнат қилиш бурчи, озод инсонда эса яратиш ҳуқуқи бор» деган донолардан бири.

Дарҳақиқат, қўрқувсиз, ҳадиксиз ўз тақдиринг ҳақида ўйлаш, бир қарорга келиш ва уни ихтиёрий тарзда амалга ошириш инсоний эркинликнинг битта қирраси, ҳайратомуз мўъжизаларнинг манбаидир...

Гапни оддийроқ мисолдан бошлай қолайлик. 1990-1991 йилларда эски тузумдан мерос қолган савдо дўконларига кирган кишининг юраги орқасига тортиб кетарди. Сабаби, озиқ-овқат сотиладиган масканларнинг пештахталарида тузу қалампир, муддати ўтган балиқ консервасию ёрлиғининг ранги ўчган вино шишалари, кийим-кечак магазинларида алмисоқдан қолган, асли сифати паст, оҳорини йўқотган либослару пойабзал, хўжалик моллари дўконларида эса пласт­масса­дан ясалган, биров текинга ҳам олмайдиган сифатсиз идиш-товоқларгина мунға­йиб турарди. Қайсидир замонларда хом ғиштдан, пахсадан қурилган, сўнг қайта таъмирланмаган товуқнинг катагидан каттароқ дўконларнинг ичкию ташқи аҳволи шундай аянч­ли эдики, кўрган одамнинг хўрлиги келарди. Ёзда ҳавоси нафасни бўғадиган, куз, баҳор ва қишда йўлаклари лойга ботиб, музлаб ётадиган, томи синиқ шиферлар билан нари-бери ёпилган омонатгина бозорларга кириб-чиқиш осон эмасди.

Бугун эса қайси шаҳар ва шаҳарчани ораласангиз , қадам са­йин ораста ва шинам бозорларга дуч келасиз. Халқимизнинг таърифи билан айтганда, уларда «йўқ нарсанинг ўзи йўқ». Меваларнинг, сабзавоту кўкатларнинг, ноз-неъматларнинг ҳар хилию сархили кўзни қамаштиради.

Дунёнинг турфа бойликларини кўз-кўз қилган, ҳар бири ўзининг бетакрор қиёфасига эга бўлган, пишиқ ғиштлардан қурилган, мармару кошинлар ила безалган савдо дўконларининг ҳисобига ҳам етиб бўлмайди. Супермаркет, гипермаркет аталмиш, ҳар бири бағрида дунёнинг беҳисоб бойлигу мўъжизаларини кўз-кўз қилган кўп қаватли даргоҳларни оралаган кишининг, нодиру ноёб нарсаларнинг бу қадар кўплиги ва ранго-ранглигидан ақли шошади.

Хўш, бу мўъжизалар қандай рўй берди?

Қувончлиси шундаки, бозорларимизнинг катта қисмини ерга меҳрини берган, кўз нурини, қалб қўрини бахш этган соҳибкорларимиз, деҳқонларимизнинг пешона тери, қадоқ қўли билан етиштирилган ширин-шакар ноз-неъматлар эгаллаган.

Юртбошимизнинг марҳамати билан йигирма етти йил муқаддам ўзининг шахсий томорқасига эга бўлган, ислоҳотларнинг шарофати билан деҳқон ва фермер хўжаликларини ташкил этиб, ўзининг ерида, тер тўкаётган минглаб юртдошларимиз ўзларининг моддий манфаатларини элнинг манфаатлари билан чамбарчас боғлаган ҳолда чинакам мўъжиза яратишаяпти. Саховатли заминимиз бағридан санаб саноғига етиб бўлмайдиган лазиз неъматларни ундиришаяпти. Шунинг учун ҳам тўрт фаслда ўзбек бозоридан, ўзбекнинг дас­турхонидан тўкин-сочин ёзнинг таровати аримайди. Қирчиллама қишнинг чилласида янги узилган помидор-бодринг, кўкатлардан тортиб, қовун-тарвузгача, шарбати тонги шудрингдек ялтираган узуму ноккача, олмаю аноргача ҳаммаси муҳайё.

Кийим-кечак, уй рўзғор анжомларию, кундалик турмушда ишлатиладиган турли-туман ашёларни юртимизнинг барча бозорларида харид қилиш мумкин. Хоҳласангиз хорижникини олинг, хоҳласангиз ўзимизнинг ҳунармандларнинг қўли билан ясалганини.

Кечагина ота-бобосидан қолган ҳунар билан шуғуллангани учун қувғинди қилинган турли касб усталари замонанинг шарофати билан бугунги кунда ўз кичик ва ўрта корхоналарининг, фирмаларининг эгаларига айланди. Занглаган истеъдодлари қайтадан чархланиб, жаҳон бозорларида тиллога тенг халқ амалий санъати буюмларини яратаё­тир. Ўзимизнинг сигирларимиз берган сутдан тайёрланиб, чиройли қадоқланган маҳсулотларнинг сирти томоша, ичи роҳату фароғат. Сифатда ўзгаларникидан ўтса ўтадики, аммо қолишмайди.

Мустақилликнинг марҳамати билан «чайқовчи» деган хунук номдан, қонун ҳимоячиларининг тазйиқу таъқибидан қутулган, ишбилармонга айланган, минг-минг йиллар давомида юрт фаровонлигини таъминлаб, Буюк Ипак йўли оша дунё кезган боболарининг удумини тиклаб, дунёнинг турфа мамлакатларини кезиб, сара маҳсулотларни келтираётганлар ҳам, сотаётганлар ҳам ўзимизнинг юртдошларимиз — янги турмуш боғларида унган замонавий уддабурон тижоратчилар. Ўз корхоналари маҳсулотларини хорижга чиқариб, жаҳон бозорида Ўзбекистон номини кўз-кўз қилаётган валломатлар ҳам ана шу ишбилармонлар.

Боя тилга олганимиз муҳташам супермаркетлару ҳашамдор дў­конлар, булбулнинг тилию асал­арининг сутигача муҳайё олий тоифали таомхоналар, туну кун хизматга шай миллий чойхоналар, кичик бозорчани эслатувчи, қулай ва шинам савдо дўконларию йўловчиларни бағрига олган шинам бекатлар айнан тадбиркорларнинг пули билан бунёд этилмоқда.

Истеъдодли тадбиркорнинг бир қисми ўзининг хусусий заводию фабрикасини қураётган бўлса, янада уддабурон ва ақллироғи банк очмоқда. Катта-катта корхона ва ташкилотларининг акциясини сотиб олиб, шерикчиликка бойиганлари қанча. Фуқароларнинг чўнтаги бақувват бўлган сари, давлатнинг ҳам қудрати юксалмоқда.

Кези келганда шуни айтиш керакки, диёримиздаги ҳар бир байрам умумхалқ шодиёнаси бўлиш билан биргаликда, меҳр-оқибат ва саховат тантанаси ҳамдир. Хайрия тадбири ўтказилмаган қишлоқ ҳам, маҳалла ҳам қолмайди. Ночор оилалар, ёлғиз кексалар, бемор ва ногиронларнинг ҳолидан бутун эл хабар олади, ўксик кўнглини кўтаради.

Бу ҳам МУСТАҚИЛЛИК туфайли қайтадан тикланган миллий фазилатимизнинг бир қиррасидир.

Замоннинг эврилишини қарангки, биз бугун муҳташам иморатларнинг, бўйи бир неча километрлик шоҳона кўприкларнинг, юзлаб чақиримга чўзилган темир йўлларнинг, каналларнинг, Қам­чиқ довонидаги автомобиллар ва электропоездлар қатнайдиган узунлиги йигирма чақиримга яқин, маҳобатли ва замонавий туннелларнинг бир йил-икки йил ичида бунёд этилишидан ҳайратланмай қўйдик. Ҳаммаси оддий, ҳаммаси табиий туюлади.

Энг қизиғи шундаки, бундай ғаройиб ишларни рўёбга чиқа­раё­т­ган муҳандису меъмор, қурувчию йўлсозлар ҳам қаҳрамонлик даъвосини қилиб, кўкрагига урмайди. Миллий ғурур, ички бир иштиёқ ва қувонч билан ўз бурчларини бажариш билан банд.

Шунинг учун бизнинг назаримизда ҳаммаси ўз-ўзидан қурилиб қолгандек, шундай бўлиши шартдек кўринади.

Аслида шундайми?

Менинг болалигим Зоминда ўтган. Туман марказини қоқ ёриб сой ўтади. То саксонинчи йилларнинг бошига қадар — тоғ бағрида сув омбори бунёд этилгунча баҳор пайтида тоғлардан келган сувлар кучли селга айланиб, сойни бўғзигача тўлдирарди. Шу кезларда енгил автомашиналар у ёқда турсин, юк машиналари ҳам томигача ғарқ бўлиб, сувнинг ўртасида қолиб кетарди. Пиёдалар эса эни бир ярим метр­лик ёғоч кўприкдан юз эллик метр масофани жон ҳовучлаб босиб ўтарди. Дурустроқ бир кўприк қуришга кўп йиллар давлатнинг ғазнасида маблағ топилмади. Маблағ топилгандан кейин ҳам оддийгина кўприкни бино этиш учун тўрт-беш йил вақт кетди.

Бу гап бугун бир эртакдек туюлади. Чунки ўн йил муқаддам пойтахтимиз Тошкентни кўрган киши бугун қадам ранжида қилса, танимайди. Бир йил муқаддам келган киши борар жойини топмасдан адашади. Қисқа муддатда бунёд этилган биноларнинг сонини санаб бериш амримаҳол, замонавий ва миллий меъморчилик анъаналарини ўзида уй­ғунлаштирган қиёфасини таърифлашга эса сўз топилмайди. Салобатли кўприклару шоҳ йўллар, саноат корхоналарию санъат даргоҳлари, спорт иншоотларию, истироҳат боғларини фикри эркин, умиди бутун хал­қимиз ўз қўли билан, ўз пули билан бунёд этди ва этаётир.

Бугун бир пайтлар ёпиқ чегара шаҳри саналган, ўттизинчи йиллардан кейин бирорта дуруст­роқ бино қурилмаган кўҳна Термизнинг янги қиёфасини кўрган кишининг ҳайратдан лол қотмай иложи йўқ. Самарқанд ва Бухорода, Хива ва Шаҳрисабзда, Фар­ғона ва Андижонда, Наманган ва Навоийда, Жиззах ва Гулистонда, Нукус ва Қаршида юз бераётган мўъжизаларни таърифлашга энг булбулигўё шоирнинг ҳам тили ожизлик қилса керак.

Ана шундай бунёдкорликни ҳар бир шаҳар ва шаҳарчада, туманлар марказларида, қишлоқларда кўриш мумкин. Истиқлол йилларида қад ростлаган коллежлар ва лицейлар биноларининг сирт­қи ҳашаматию ичидаги жиҳозларнинг жилоси дунё кезган жаҳонгаштани ҳам лол қолдириши табиий.

Бундан йигирма беш йил муқаддам тасодифан хорижий сайёҳ билан тиллашиб қолган ватандошимиз ғирт балога қоларди, идорама-идора юриб тергов берарди. Бугун хорижий ҳамкорларнинг кўмагида қурилган ўнлаб қўшма корхоналарда ўзбек йигит-қизларининг корейсу хитой, немису француз, итальяну яҳудий билан уларнинг тилларида бемалол сўзлашиб, мураккаб замонавий технологик ускуналарни бошқараётгани ҳеч кимни ажаблантирмайди.

Бир пайтлар қишлоқдан шаҳарга келган меҳмонлар, хонадонларда гуриллаб ёнаётган «мовий олов»га ҳавас билан тикиларди. Бугун эса табиий газ етиб бормаган қишлоқ борлигини эшитсак ҳайрон қоламиз.

Ғалла мустақиллигига, нефть мустақиллигига эришиш, деган марралардан ошиб ўтганимизга ҳам кўп йиллар бўлди. Ўзимизни ўзимиз таъминлашдан таш­қари, бошқаларга ҳам сотадиган мартабага етдик.

Халқимизнинг йигирма беш йиллик тинимсиз, мардонавор меҳнати, бунёдкорлик шижоати бизни бугунгидек саодатли кунларга етказди.

Бугун қайси соҳада бўлмасин, ҳар бир юртдошимиз жамиятда ўзининг муносиб ўрнини эгаллашга, ўзини улуғлаш орқали Ватанини улуғлашга, уни юксалтиришга ҳаракат қилаяпти.

Мана шу буюк интилишни, умид ва кўтаринкиликни эса ИСТИҚЛОЛ берди.

 

Бахтиёр РИЗАЕВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.