Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Avgust 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 31 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
23.07.2016

УРГУТНИНГ ИМКОНИЯТЛАРИ ВА ЮТУҚЛАРИ ТОҒЛАРИ КАБИ ЮКСАК

Ургут юқори суръатларда ривожланиб бораётган туманлардан бири. Аҳолисининг асосий машғулоти — тадбиркорлик, ҳунармандчилик, ғаллачилик, боғдорчилик, сабзавотчилик...

Туманнинг умумий ер майдони 1,12 минг квадрат километрдан иборат. Аҳолисининг кўплиги жиҳатидан ҳам республикамизда юқори ўринлардан бирини эгаллайди. Кейинги маълумотларга кўра, туман ҳудудида 500 000 нафардан ортиқ аҳоли яшайди. Одамлари меҳнаткаш, ишбилармон, меҳмоннавоз. Улар ўз тоғлари, боғлари, бозорлари билан қадимдан фахрланиб келишади. Мус­тақиллик даврида амалга оширилган бунёдкорликлар, ўзгариш ва янгиликлар эса уларга ўзгача ғурур бағишлайди.

Марказий Осиёдаги сиёсий ва иқтисодий вазиятнинг етакчи билимдонлари — Германия Федератив Республикасининг Франкфурт шаҳрида яшовчи юридик фанлари доктори Левитин билан тарихий ва сиёсий фанлар профессори Карлайлнинг 1996 йилда чоп этилган «Ислом Каримов — янги Ўзбекистон Президенти» китобида бу туман шундай эътироф этилади:

«Ургут ҳокимининг таклифига биноан биз ўз хоҳишимизга кўра, кўплаб хонадонларда бўлдик. Уйлар асосан қўшқаватли, бағоят кўркам-файзли хонадонлардаги одамлар бунда анча-мунча тўқ яшашар экан. Биз кирган ҳар бир хонадонда бадавлатлик аломатлари кўзга ташланиб туради. Нафақат озиқ-овқатлар, қолаверса, кийим-кечак, мебель ва ниҳоят, одатда, ­наинки ҳис-туйғуларнинг тўлалигидан, башарти давлатнинг бутунлигидан юз очадиган шоду хуррамлик етарли эканлигининг шоҳиди бўлдик».

 Муаллифлар яна бир ўринда шундай ёзади: «Бизнинг барча суҳбатдошларимиз бундан бир неча йил бурун Ургутда кун кечириш ниҳоятда оғир бўлганлиги тўғрисида сўзладилар. Бесўнақай колхозда унинг меҳнат ресурслари тўлиб-тошганлиги важидан ишни тўғри ташкил этиш мумкин бўлмаган. Чорвачилик заиф ривожланган эди. Зироатчилик — мавсумий. Одамлар нима билан ўзини банд қилишни билмасдилар».

Улар Ургут ҳақидаги таассуротларини Президент Ислом ­Каримов томонидан колхозларнинг тарқатилиши, ернинг деҳқонлар ўртасида тақсимланиши ва ургутликлар турмуши сезиларли даражада яхшилана бошлагани билан тугатишади.

Ургутга келган киши унинг тоғларидан завқ олади. Баланд, залворли чўққилар қалбларга қувонч, ором бағишлайди. Бу тоғлар бағрида сон-саноқсиз серсув булоқлар, шифобахш ўтлар ва сир-синоат беҳисоб. Тоғларнинг гўзаллигидан, файзу тароватидан, зилол сувларидан не-не аждодлар баҳраманд бўлиб келмоқда.

Ургут шаҳри рўпарасидаги Аллоёрон тоғ чўққисига кимлар ҳавас билан тикилмаган? Чўққи эса кўкка мағрур бўй чўзиб турибди.

Ургут аҳли гўё ана шу баланд чўққидан, залворли тоғлардан куч-қувват олаётгандек...

Уларнинг фидокорона меҳнати билан Ургутнинг қиёфаси, иқтисоди, ҳаёти бутунлай ўзгарди.

— 1990-йилларнинг бошларида туманда бор-йўғи иккита тикувчилик фабрикаси фаолият кўрсатган бўлса, ҳозир 143 та саноат корхонаси мавжуд, — дейди туман ҳокимининг ўринбосари Абдуғаффор ­Мадаров. — Шу даврда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 100 миллион сўмдан 298 миллиард сўмга етганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Туманда мустақиллик йилларида мева-сабзавотларни қайта ишлаш, қуритиш, қадоқлаш, полиэтилен маҳсулотлари, полиэстер тола, спорт пойабзаллари ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Черепица, бўз, чит, электр печ ва плита, пластмасса маҳсулотлари каби халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш кўпайди.

2014 йилнинг охирида ўз фаолиятини бошлаган «Исматулло Нур» масъулияти чекланган жамияти дастлаб кичик бинодаги 40 дона пайпоқ тўқиш дастгоҳига эга эди. Корхонада 20 киши ишларди. Кейинчалик эса 0,40 гектар майдонда янги ишлаб чиқариш бинолари қурилди. 480 минг АҚШ долларилик тўғридан-тўғри хорижий инвестиция киритиш эвазига дастгоҳлар сони 140 тага, ишловчилар сони 60 нафарга етказилди.

— Корхона ташкил этилгач, ишни энг зарур ускуналарни харид қилишдан бошладик, — дейди жамият раҳбари Олимжон Ҳазратқулов. — Бунда даст­лаб «Савдогарбанк» кредитлари биз учун ниҳоятда қўл келди. Қурилиш-монтаж ишларини амалга оширишда эса ўз маблағимиздан фойдаландик. Ишчи кучи излаб ўтирмадик. Туманимиздаги касб-ҳунар коллежларини битирган 20 нафар қиз пайпоқ тўқишни қисқа муддатда ўзлаштирди.

«Алназар Орзу сервис» масъулияти чекланган жамиятида сунъий тола ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. 2010 йилда ташкил этилган мазкур корхонада бугунги кунда 100 нафарга яқин ишчи меҳнат қиляпти. Аҳамиятлиси, бу корхона учун хомашё масаласи муаммо эмас. Чунки чиқитга чиқарилган елим идишлар — «бакалашка»лардан маҳсулот ишлаб чиқарилади.

— Эътиборлиси, маҳсулотларимизнинг қисқа муддатда экс­портга чиқарилганидир, — дейди корхона иш бошқарувчиси Хуршид Лутфуллаев. — Биламизки, бунинг замирида, энг аввало, давлатимиз томонидан яратилиб берилган беқиёс имкониятлар ётибди. Даст­лаб корхонани ишга тушириш учун Таш­қи иқтисодий фаолият Миллий банкининг 1 миллион 230 минг АҚШ доллари миқдоридаги кредити ҳисобига ­Жанубий Кореядан ускуна сотиб олдик. Шу билан бирга, бино иншоотлари қурилиши учун таъсисчиларнинг 150 миллион сўм миқдоридаги маблағларини жалб этдик. Эндиликда корхонамиз йилига уч минг тонна сунъий тола ишлаб чиқариш қувватига эга бўлди.

Тумандаги «Нур-Сам-Қур» масъулияти чекланган жамияти янги ташкил этилган корхоналардан. Бу ерда 2015 йилда мато-газламалар қайта ишлана бошлади. Уларга гул босиш ва безак бериш лойиҳаси амалга оширилди. Ҳозирги кунда корхонада 60 нафардан ортиқ ишчи ва ходим ишламоқда.

Корхона ускуналари ТИФ Миллий банкининг 3,5 миллиард сўм миқдоридаги кредити ҳисобига Ҳиндистон мамлакатидан олиб келинган. Бу ускуналарнинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 3 миллион погонометрни ташкил этади.

 «Ургут Шанхай» масъулияти чекланган жамияти базасида ташкил этилган «Альфа Макс Алянс» қўшма корхонасининг иш бошлаганига тўрт йил бўляпти. Корхона туман ҳокимлиги томонидан ажратилган 0,5 гектар майдонда ташкил қилинган эди. Бу ерда ҳар хил турдаги пайпоқлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати қисқа муддатда 1,2 миллион жуфт пайпоқни ташкил этди. Яратилган иш ўринлари 24 тага етди. 2016 йилда бир миллион жуфт пайпоқ ишлаб чиқариш ва унинг бир қисмини экспорт қилиш режалаштирилган.

«Ургут Кўркам Текстиль» қўшма корхонаси фаолияти ҳақида ҳам илиқ фикрлар айтиш мумкин. Мазкур корхона 2015 йилда Хитой давлати компаниялари билан ҳамкорликда ташкил этилди. Унинг фаолияти газлама ва матоларга безак бериш ва гул босишга йўналтирилди. Корхона йиллик ишлаб чиқариш қуввати 96 минг погонометрни ташкил этади. 2016 йилнинг биринчи чорагида 150 миллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Бу корхона 2017 йилдан бошлаб ўз маҳсулотини хорижга экспортга чиқаришни мўлжаллаб турибди.

Яна бир қўшма корхона — «Ис-Нур-Қутлан» пайпоқ ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган. Корхонага туман ҳокими қарори асосида 0,8 гектар ер ажратилганди. Ана шу ерда корхона иншоотлари қурилди. Унинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 20 миллион жуфт пайпоқни ёки 10 миллиард сўмни ташкил этади.

Бундай ҳаракатлар натижасида Ургут тумани енгил саноатда етакчи ўринга чиқиб олди. Бугун янгидан ташкил этилган корхоналарда гул босилаётган, безак берилаётган газламалардан гўзаллик уфуради, одамларни ўзига маҳлиё этади.

— Ургутда ҳунармандчиликнинг бирор соҳаси билан шуғулланмаган хонадонни топиш мушкул, — дейди туман ҳунармандлар уюшмасининг раиси Орзу Ражабов. — Илгари ҳунар эгалари яширинча меҳнат қиларди, тайёрлаган маҳсулотини сотишга қийналарди. Мустақиллик туфайли ҳунармандларнинг ҳам елкасига офтоб тегди. Мен 2013 йилдан буён уюшмага бошчилик қиламан. Ҳунармандчилик турлари ёшларимизнинг изланишлари туфайли йилдан-йилга ортиб бормоқда. Ҳунармандлар асосан ёғоч, тунука, металл буюмлари ясаш, миллий кийим-бошлар тикиш, матоларга безак бериш ва бош­қа йўналишлар билан шуғулланадилар.

— Мустақилликдан аввалги кунлар ҳақида гапириш жуда оғир, — дейди темирчи уста Жалол Облоқулов. — Темир ва кўмир топиш муаммо эди. Уларни қиммат нархларда топсак, ясаган буюмларимизни ­эркин сота олмасдик, бизнинг меҳнатимиз гўё ўша замон ­сиёсатига зид эди. Ҳозир қўлидан иш келадиган одамга ҳамма шароит яратилган. Ёшим етмиш бешда. Шу темирчиликнинг орқасидан муборак ҳаж зиёратига бордим. Темирчиликдан топганим ҳисобига «Ласетти» сотиб олдим. Уни ўзим бошқараяпман.

Ургут кулоллари сулоласининг таниқли вакили Абдулло кулол (1648 — 1735 йиллар)нинг саккизинчи авлоди Нўъмон ­Облоқулов ҳовлиси дарвозасига «Усто» бирлашмаси томонидан ўрнатилган мармар лавҳада шундай битиклар бор:

«Бу хонадонда жумҳурият халқ амалий санъатини ривожлантирган, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, кулоллар сулоласининг вакили ­Маҳкам ­Облоқулов (1920 — 1992 йиллар) ва чевар каштачи ­Саҳобат ­Раҳматуллаева (1925 — 1996 йиллар) яшаб ижод қилишган».

Нўъмонжоннинг кўрик-танловларда олган дипломлари сони жуда кўп. У ота-боболари томонидан яратилган, Ургут кулолчилигига хос бўлган оқ, яшил, тўқ сариқ ранглардан фойдаланиб ижод қилади. Маҳаллий хомашёлардан, тупроқ, гил, бўта, гилмоя, қамиш гули, оқ тош, темир, мис, шиша кукунларидан фойдаланади. У кулолчиликнинг уч йўналиши кўзагар, косагар ва тандирсозликда ҳам бирдай ижод қилади.

Бу хонадонга устанинг қўлларида яратилган мўъжизаларни кўрмоқ учун Япония, ­Жанубий Корея, Швейцария, Франция, Германия, Италия, АҚШ, Канада, Покистон, Эрон, Исроил, Россия, Белорусь, Қозоғистон, Қирғизистон каби ўнлаб мамлакатлардан меҳмонлар ташриф буюришган. Мустақиллик бу хонадон эшикларини барчага очиб қўйди. Юқоридаги мамлакат музейлари ва кўргазма залларида уста меҳр бериб ясаган буюмлар мустақил Ўзбекистон номидан, Ургут номидан қўр тўкиб турибди.

Уста Зиёдулла Жўраев ­Ургутнинг таниқли тунукасозларидан бири.

— Мустақиллик даврига келиб касбим туфайли обрў топдим, бойлик топдим, — дейди у. — Фарзандларим ҳатто, набираларим ҳам изимдан бориш­япти. Бугун фарзанд­ларим­нинг барчаси уйли-жойли, ўзига тўқ. Уларга қараб туриб, фахрланаман, шу кунларга етказганига шукр дейман.

Назаримизда, уста Зиёдулла ака барча ургутликларнинг дил сўзини изҳор этгандай бўлди.

 

Абдурасул САТТОРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири. 



DB query error.
Please try later.