23.07.2016

ЭЛЕКТОРАТ МАНФААТЛАРИ ҲИМОЯСИ

ЎзХДП фракцияси фаолиятининг устувор йўналиши ҳисобланади

Мамлакатимиз тараққиётининг стратегик вазифаларини ҳал этиш, кучли фуқаролик жамиятини ривожлантиришда сиёсий партияларнинг ўрни тобора кенгайиб, таъсир кучи ортиб бормоқда. Буни парламентдаги фракциялар фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин.

Ўзбекистон ХДП фрак­ция­си парламент ва депутатлар олдига қўйилган вазифалардан келиб чиқиб, йил бошида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиққан эди. Шу асосида ўтган давр мобайнида муайян ишлар амалга оширилди.

Фракциянинг навбатдаги йиғилишида уларнинг натижалари атрофлича муҳокама этилди.

Таъкидландики, жорий йилнинг ўтган 6 ойида фракция йиғилишларида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритилган 30 га яқин қонун лойиҳаси кўриб чиқилган.

 

Рустам КОМИЛОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Парламентдаги сиёсий партия фракцияси фаоллиги энг аввало, қабул қилинаётган қонунларда, сайловчилар, электорат манфаатларини ифода эта олишида намоён бўлади. Шунинг учун фракциямиз томонидан қо­нун лойиҳалари муҳокамалари ҳамда эшитилаётган ҳисоботларда партия дастурий мақсадлари ва электорат манфаатларидан келиб чиқиб ёндашилмоқда.

Фракция йиғилишларида бир қатор қонун лойиҳалари, хусусан, «Меҳнатни муҳофаза қи­лиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳа­қида»ги, «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги, «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳалари парламентдаги мухолифат сифатида кўриб чиқилди.

Ўтган даврда фракция томонидан кўриб, муҳокама этилган масалалар орасида энг муҳимларидан бири — бу «Парламент назорати тўғрисида»ги қонун лойиҳаси бўлди. Фракция позициясига кўра, ушбу қонун парламент назоратини ташкил этиш ва амалга ошириш соҳасидаги ижтимоий муносабатларни тартибга солиш, қонун чиқарувчи ва ижро этувчи органларнинг ўзаро ҳамкорлиги ва алоқадорлигини такомиллаштириш, шунингдек, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг парламент олдидаги масъулиятини кучайтиришга хизмат қилади. Бу эса партиямиз Сай­ловолди дастурида белгиланган вазифаларни самарали амалга оширишда кенг имкониятлар яратади.

Ҳар бир қонун лойиҳаси юзасидан фракциянинг таклифлари, позицияси мунтазам тақдим этиб борилмоқда ва бу жараён янада изчил тус олади.

Қонун ҳужжатларини жамоатчилик экспертизасидан ўтказиш тартиби жорий этилиши натижасида қонун лойиҳалари кенг муҳокама этилмоқда. Бундай тадбирларда фракцияга электорат вакиллари ва партия фаолларидан 140 дан ортиқ таклиф ва мулоҳазалар келиб тушган.

 

Саттор РАҲМАТОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Май ойида ЎзХДП фракцияси ташаббуси билан Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан 2016 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурининг Сурхондарё вилоятидаги ижроси дастлабки тарзда назорат-таҳлил тартибида ўрганиб чиқилди. Айни пайтда мазкур дастур параметрларининг вилоятда бажарилишини қў­шимча тарзда ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.

Фракциямиз йиғилишида фаолиятимизни кучайтириш билан боғлиқ масалаларда ҳам кўплаб мулоҳазалар билдирилди. Албатта, қабул қилинаётган қо­нунларнинг одамлар ҳаётига қанчалик таъсир этаётгани, яна қандай ҳуқуқий масалаларга эҳтиёж борлигини доимий равишда ўрганиб боришимиз керак. Сайловчиларнинг, халқимизнинг талабига муносиб жавоб айтиш учун фақат таклифлар бериш билан чекланмаслигимиз, қонунлар ижроси, уларнинг аҳоли манфаатларига уйғунлигини таҳлил этиб боришимиз, парламент назоратини изчил йўлга қўйишимиз зарур. Ана шунда ишимизда аниқ натижа кўринади, мамлакат равнақига ҳиссамизни қўшган бўламиз.

 

Алия ЮНУСОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Регламентига мувофиқ, жорий йилнинг 22-31 март ҳамда 25 июнь-5 июль кунлари сайлов округларида аҳоли вакиллари билан учрашувлар ўтказдик.

Юзма-юз мулоқотларда гувоҳи бўлдикки, бугун одамлар ўз ҳудудларида, мамлакатимизда бўлаётган ўзгаришлар, янгиланишлар ҳамда уларнинг аҳамияти ҳақида мустақил фикр юритмоқда. Амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик ҳисси билан муносабатда бўлишяпти.

Юртимиздаги тинчлик-хотиржамлик, бунёдкорлик ишларини алоҳида эътироф этишяпти. Ўз ҳаётлари, фарзандлари тақдири мисолида мустақиллик берган имкониятлар, яратилаётган шарт-шароитлар ҳақида тўлқинланиб гапиришмоқда.

Буларнинг барчаси биз, депутатларни фикр юритишга, зиммамиздаги масъ­улиятни чуқур ҳис қилишга ундайди. Бугун сайловчиларни қандай масалалар кўпроқ ўйлантиряпти, хал­қимиз пар­ла­мент­даги вакилларидан қандай ташаббусларни кут­япти? Ҳар бир депутат шу ҳақда ўйлаши, хулоса чиқариши, амалий ишлар билан ишончни оқлаши зарур.

 

Учрашувлар пайтида сайловчилар айрим ижтимоий масалалар хусусида таклифлари, мулоҳазаларини ҳам билдиришди, жами 1630 дан ортиқ мурожаат тушди. Уларнинг 755 таси маҳаллий ҳокимликлар ёрдами билан жойида ҳал этилди. 552 мурожаат маҳаллий давлат органлари, 80 га яқин мурожаат эса тегишли ташкилотларга юборилиши режалаштирилмоқда.

Йиғилиш якунида фракция аъзолари олдидаги вазифалар белгилаб олинди.

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: