21.07.2016

АРХИВЛАР — БЕБАҲО ХАЗИНА

Ҳозирги кунда Ўзбекистоннинг умумжаҳон цивилизацияси бешикларидан бири бўлганини бутун дунё тан олмоқда. Бу қадимий ва табаррук тупроқдан буюк алломалар, фозилу фузалолар, олиму уламолар, сиёсатчилар, саркардалар етишиб чиққан. Бешафқат давр синовларидан омон қолган, энг қадимги тош­ёзувлар, битиклардан тортиб, қўлёзмалар, уларда мужассамлашган тарих, адабиёт, санъат, сиёсат, ахлоқ, фалсафа, тиббиёт, математика, физика, кимё, астрономия, меъморчилик, деҳ­қончиликка оид асарлар бизнинг беқиёс маънавий бойлигимиз, ифтихоримиз ҳи­соб­­ланади. Бунчалик катта меросга эга бўлган халқ дунё­да кам топилади. Биз эса мана шу маданий меросимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлашимиз ва келажак авлод учун ҳам етказиб беришимиз зарур. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 49-моддасида «Фуқаролар Ўзбекистон халқининг тарихий, маънавий ва маданий меросини авайлаб-асрашга мажбурдирлар. Маданият ёдгорликлари давлат муҳофазасидадир», деб белгиланган.

2001 йил 30 августда Ўзбекистон Республикасининг «Маданий мерос объект­ларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида»ги Қонуни қабул қилиниб, архив ҳужжатлари маданий мерос объекти сифатида қонун ҳимоясига олинди.

Мустақилликкача давлат архивларининг сони 72 тани ташкил этган бўлса, бугунги кунда 103 тани ташкил этади, маҳаллий ҳокимликлар ҳузурида 110 идоралараро ҳамда 9 мингдан зиёд идоравий архивлар фаолият юритмоқда. Уларда сақланаётган ҳужжатлар дастлаб 4,8 миллион сақлов бирлигини ташкил этган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони қарийб 2 баробарга ортиб, 8,6 миллион сақлов бирлигига, идоравий архив­ларда ҳужжатлар 1,2 миллион сақлов бирлигига етди.

Мазкур архив ҳужжатларида юртимизнинг IX асрдан то шу бугунги кунгача бўлган тарихидаги ўта ноёб ва алоҳида қимматга эга бўлган, тарихий, сиёсий, иқтисодий, илмий ва маънавий аҳамиятга эга бўл­ган воқеалар акс этган.

Мазкур ҳужжатларни ўрганар эканмиз, кундан-кунга янада чирой очиб бораётган республикамиз пойтахти бўлмиш Тошкент шаҳрининг олдинги кўринишлари, кўчалари, бозорлари, хиё­бонлар, мактаблар ва бош­қа жойлар тасвирланган фотосуратларни учратишимиз мумкин.

Ўзбекистон Республикаси кинофотофоно ҳужжатлари Марказий давлат архиви ҳужжатлари орасида айнан Тошкент шаҳрига тегишли кўплаб ҳужжатлар, суратлар сақланмоқда. Эски шаҳарнинг қадимги манзаралари, маданий-маиший, маъмурий биноларини кўздан кечириб, пойтахтимизнинг бугунги чиройи билан қиёсласак, ер билан осмонча фарқ борлигини кўрамиз. Мустақиллик йилларида амалга оширилган ишлар кўлами кишига ғурур бағишлайди.

Фотосуратларни ўрганар эканмиз, Тошкент вокзалининг эски кўринишларига тўхталмай иложимиз йўқ. Чунки вокзал пойтахтимиз меҳмонлари биринчи қадам қўядиган даргоҳдир. 1870 йилдаги вокзал кўриниши тасвирланган суратда асосий транспорт воситаси от-аравалар бўлганлигини кўрсатади. Мустақиллик йилларида бунёд этилган, яъни ҳозирги кунда фаолият юритаётган вокзал кўриниши, архитектураси, хизмат турларининг турли-туманлиги жиҳатидан 1870 йилдаги вокзалдан тубдан фарқ қилади. Замонавий, турист­лар ва йўловчилар учун қулай тез­юрар поездлар йўлга қўйилгани, чипталарни тезкор буюрт­ма қилиш, йўловчилар учун сифатли хизмат кўрсатилиши юртимизда ҳар соҳада ривожланиш бўлаётганидан далолатдир.

Архив узоқ ва яқин ўтмишимиз жамланган ўзига хос бир хазинадир. Келажак авлод ўз насл-насаби, келиб чиқиши, ўтмиши, яшаб турган маскани тўғрисидаги тў­лиқ маълумотларни шу табаррук даргоҳдан олади.

 

 Арофат АБДУҚОДИРОВА,

Ўзбекистон Республикаси Кинофотофоно ҳужжатлари Марказий давлат архиви етакчи архивчиси.



DB query error.
Please try later.