21.07.2016

ҲОКИМ АХБОРОТ БЕРДИ

Ҳаммамизга яхши маълумки, Юртбошимиз Ислом ­Каримов Олий Мажлис палаталарининг 2010 йил 12 ноябрда бўлиб ўтган қўшма мажлисидаги маърузасида «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш таклифини билдирганди. Ўшанда ушбу «қонуннинг қабул қилиниши фуқароларнинг ахборот соҳасидаги конституциявий ҳуқуқини янада кенгроқ амалга ошириш имкониятини яратиб бериш билан бирга, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан қабул қилинаётган қарорлар сифатини янада ошириш борасидаги масъулиятини ҳам кўп жиҳатдан кучайтиради», дея алоҳида таъкидланганди.

Мазкур қонуннинг нақадар муҳим аҳамиятга эга бўлишини ҳисобга олган ҳолда, унинг лойиҳасини тайёрлашга масъул идоралар мутахассислари бир йилдан кўпроқ вақт мобайнида изчил иш олиб борди. Ҳар бир модда ва нормани пишиқ-пухта маромига етказиш учун депутатлар ва жамоатчилик вакиллари иштирокида қирқдан ортиқ тадбир, хусусан, икки маротаба халқаро анжуман ўтказилди. Ке­йинчалик қонун лойиҳасининг асосий принциплари ва қои­даларига амалиётда ишлов бериш, унинг меъёрлари самарадорлиги қанчалик ҳаё­тийлигини баҳолаш мақсадида Президентимизнинг 2013 йил 20 мартдаги «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси нормаларининг синови бўйича ҳуқуқий эксперимент ўтказиш тўғрисида»ги Фармойишига кўра, Бухоро ва Самарқанд вилоятларида ҳуқуқий эксперимент ўтказилди. Бу жараён қонун ижодкорлиги тажрибасида тарихий воқеликка айланди. Ниҳоят, 2014 йилнинг 5 майида мазкур қонун қабул қилинди.

Мана, икки йилдан ошдики, бу қонун амалда тўлиқ ишлаяпти. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ­фаолияти тўғрисида ахборот олиш билан боғлиқ сўровларга ўз муддатида жавоблар тайёрланмоқда. Масалан, жисмоний ва юридик шахсларнинг сўрови у рўйхатдан ўтказилган кундан бошлаб ўн беш кунлик, оммавий ахборот воситалари сўрови эса етти кунлик муддат ичида кўриб чиқиляпти.

Тошкент шаҳар ҳокимлигида Бектемир туман ҳокими Сарвар Маҳаметов ва журналистлар иштирокида ўтказилган мулоқотда, энг аввало, юқорида тилга олинган жараён ва унинг аҳамияти хусусида сўз юритилди. Шундан сўнг оммавий ахборот воситалари ходимларига Истиқлолнинг 25 йиллиги арафасида пойтахтимизнинг кенжа туманида амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар самаралари, янги иш ўринлари яратиш, ижтимоий соҳа объектларини капитал таъмирлаш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг банд­лигини таъминлаш, куз-қиш мавсумига тайёргарлик бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.

— Туманимизда жорий йилнинг биринчи ярмида 1573 та янги иш ўрни очиш режалаштирилган эди, — деди Сарвар Тошматович. — Бу режа 100,3 фоизга бажарилди. Ҳисобот даврида Сувчи даҳасида 32 хонадонли 2 та «Камолот уйи» қурилиши ниҳоясига етказилиб, фойдаланишга топширилди. Анчадан бери қаровсиз ётган «Бахт кўли» тубдан реконструкция қилиниб, ёз мавсумининг дастлабки кунларида ишга туширилиши аҳоли учун муносиб совға бўлди. Бу ерда чўмилиб, мириқиб дам олиш баробарида турфа хизматлардан фойдаланиш, пляж бўйида ўйналадиган спорт турлари билан шуғулланиш имконияти яратилган.

Давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 25 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2016 йилги Инвестиция дастури тўғрисида»ги қарорига асосан ёпиқ турдаги сув ҳавзаси қурилиши қизғин давом эттирилмоқда. Шу билан бирга, тумандаги 2 та мактабгача таълим муассасасида капитал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Туман ҳокимлиги томонидан битирувчиларни ишга жойлаштиришда бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази, таълим муассасалари раҳбарларининг масъулиятини ошириш чоралари кўрилиб, бу борадаги ишлар самарадорлиги мунтазам назорат қилиб келинмоқда.

Журналистлар ҳоким билан очиқ мулоқотга киришар экан, Бектемир туманида ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламининг катта қисми меҳнат қилаётган 5 йирик саноат корхонаси, 92 қўшма корхона ­фаолияти, янги очилаётган ишлаб чиқариш ва савдо объектларидаги янгиликлар билан қизиқишди. Маҳаллаларда амалга оширилаётган ободонлаштириш ишларига эътибор қаратишди. Сарвар Маҳаметов эса ОАВ вакилларини тумандаги исталган маҳаллага келиб, қилинаётган ишларни ўз кўзи билан кўришга таклиф қилди.

 

Озод РАЖАБОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.