21.07.2016

«ЎСИМЛИК ДУНЁСИНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ВА УНДАН ФОЙДАЛАНИШ ТЎҒРИСИДА»ГИ ҚОНУНГА ЎЗГАРТИШ ҲАМДА ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ АЛОҲИДА ЁНДАШУВНИ ТАЛАБ ЭТАДИ

Бу масалада Ўзбекистон ХДП фракцияси Демократик кучлар блокининг айрим фикрларига қўшилмайди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси юзасидан сиёсий партиялар фракциялари ўртасида қизғин баҳс-мунозаралар бўлиб ўтди, бу борада турли позициялар билдирилди.

Шу кунларда «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси ҳам атрофлича кўриб чиқилмоқда.

Айтиш керакки, ушбу қонун лойиҳаларининг объекти ўзаро фарқланса-да, уларнинг меъёрий хусусиятлари бир-бирига ўхшашдир. Шу боис мазкур ҳужжат лойиҳалари бўйича фракциялар томонидан берилаётган таклифлар принципиал жиҳатдан ўзгармасдан қолмоқда. Бу ҳолат партияларнинг умуман табиатни муҳофаза қилиш масалаларига ёндашувлари қатъий эканини кўрсатмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бугунги кунда халқаро ҳуқуқий тажриба, замонавий илм-фан ва технология ютуқлари асосида экологик қонунчиликнинг мукаммал тизимини шакллантириш давр талабидир.

Барчамизга маълумки, бугунги кунда Ўзбекистон флорасини 4 минг 600 дан ортиқ ўсимлик турлари ташкил этади, улардан 3 мингдан ортиғи ёввойи ҳолда ўсувчи олий ўсимлик турлари, 9 фоизи эса эндемик, яъни кам учрайдиган ва ноёб турлардир. Ушбу ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимлик турларининг умумий сонидан 324 таси камёб ёки йўқолиб кетиш хавфи остидаги тур сифатида Ўзбекистон Қизил китобига киритилган.

Демак, ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан самарали фойдаланишнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш ҳамда бу борадаги меъёрий-ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш долзарб аҳамият касб этади.

Таъкидлаш жоизки, ўтган даврда барча соҳаларда ижобий ўзгаришлар юз берди. Хусусан, ўсимлик дунёсини асраб-авайлаш бўйича ҳам салмоқли ишлар бажарилди. «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги Қонун 1997 йил 26 декабр­да қабул қилинди.

Шунингдек, соҳага оид 60 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат, жумладан, Президентимиз ва Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари қабул қилинган.

Ўзбекистон ХДП фракцияси ҳам ўз дастурий мақсад-вазифаларидан келиб чиқиб, табиатни муҳофаза қилиш, бу борада кенг жамоатчилик, айниқса, ёшлар ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш масаласига алоҳида эътибор қаратмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан 2016 йил 6 июнда киритилган «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси фракциямиз йиғилишида атрофлича муҳокама этилди.

Амалдаги қонунга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар ўсимлик дунёсининг генетик фондини табиий шароитларда сақлаб қолишга қўшимча шароит яратади. Шунингдек, мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши ўсимлик дунёси объектларининг турлари камайиб бориши ҳамда йўқолиб кетишининг олдини олиш, улардан илмий асосланган ҳолда оқилона фойдаланилишни таъминлаш, юридик ва жисмоний шахсларнинг ушбу соҳадаги фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга хизмат қилиши лозим.

Партиямизнинг дастурий мақсад-вазифалари билан ҳамоҳанг мазкур қонун лойиҳасини фракция аъзолари биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватлашди ҳамда уни такомиллаштириш юзасидан таклифлар бериш вазифаси белгилаб олинди.

Шу ўринда айтиш жоизки, партиямизнинг Сайловолди дас­турида белгиланган асосий принциплардан бири давлатнинг тартибга солувчилик ролини янада мустаҳкамлашдан иборатдир. Фракциямиз ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда давлатнинг тартибга солиш ролини мустаҳкамлаш ҳамда ислоҳотларнинг самарадорлигини ошириш учун изчил ҳаракат қилмоқда.

Шундан келиб чиқиб, фракциямиз қонун лойиҳасининг айрим моддалари бўйича ўзининг аниқ қатъий позицияси ва таклиф-мулоҳазаларини тайёрлади.

Жумладан, таклиф этилаётган қонун лойиҳасида давлат бошқаруви органлари ваколатларининг аниқ белгилаб берилмаганлиги амалиётда турли хил ноаниқликларга олиб келиши ҳамда ваколатли органларнинг фаолияти самарадорлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шуларни инобатга олган ҳолда, фракциямиз аъзолари қонун лойиҳасини ўрганиб чиқиш жараёнида лойиҳага давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ушбу соҳадаги ваколатларини аниқлаштирувчи нормаларни киритиш жуда муҳим, деб ҳисоблайди.

Демократик кучлар блоки фикрича, ўсимлик дунёси объектларини давлат томонидан ҳисобга олиш ва улардан фойдаланиш ҳажмини ҳисобга олиш, ўсимлик дунёси объектлари давлат кадастрини юритиш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бош­қа манбалар ҳисобидан амалга оширилиши лозим. Бундай нормаларнинг киритилиши республика ва маҳаллий даражадаги табиатни муҳофаза қилиш фондлари маблағлари ҳамда турли грант маблағларидан фойдаланиш имконини беради.

Бироқ фракциямиз фикрича, бу ишлар фақатгина Ўзбекис­тон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши зарур. Чунки бу масала жиддий аҳамият касб этишини инобатга олсак, уни молиялаштириш доимий тарзда кафолатланган бўлиши шарт эканлиги аён бўлади. Табиатни муҳофаза қилишга қаратилган бошқа маблағлардан эса Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг моддий-техник ­базасини кучайтириш мақсадида фойдаланиш лозим.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, «Миллий тикланиш» газетасининг 6 июль сонида Миллий тикланиш партияси фракцияси вакилларининг Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоларининг позициясига муносабати билдирилган. Унда фракциямизнинг ҳайвонларни давлат томонидан ҳисобга олиш ва ҳайвонот дунё­си давлат кадастрини юритиш фақат Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши зарур, табиатни муҳофаза қилиш фондларининг маблағларидан эса Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг моддий-техник базасини кучайтириш мақсадида фойдаланиш лозим, деган фикрига қўшилиб бўлмаслиги маълум қилинган. Уларнинг фикрича, Давлат бюджетидан ташқари маблағларни ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланишга жалб этиш Давлат бюджети маблағларини иқтисод қилишга олиб келади. Бу эса Давлат бюджетидан ижтимоий соҳани молиялаштиришга, партия электорати ҳисобланадиган кам таъминланган аҳоли қатламини янада қўллаб-қувватлашга замин яратади.

Лекин ҳар йили Давлат бюджетининг параметрлари тасдиқланаётганда ижтимоий соҳага зарур маблағ ажратилишига эришяпмиз. Ушбу маблағлардан самарали фойдаланишнинг ўзи етарли. Давлат бюджетида ҳар бир соҳага алоҳида эътибор берилиши керак.

Шу билан бирга, биз ўз позициямизни қатъий ҳимоя қилиб, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг моддий-техник базаси ва табиатдан фойдаланувчилар фаолияти устидан назоратни амалга оширувчи ҳодимларни зарур жиҳоз ва ускуналар билан таъминлашни кучайтириш керак, деб ҳисоблаймиз. Бизнинг фикримизча, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси мансабдор шахсларининг мураккаб ва ноқулай табиий иқлим шароит­ларида меҳнат қилишини инобатга олиб, уларни ижтимоий муҳофаза этиш масалаларини мустаҳкамлаб қўйиш лозим.

«Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳасининг 13-моддасида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланишдаги иштироки назарда тутилган. Мазкур нормада нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланишни таъминлашдаги иштироки аниқ кўрсатиб берилмаган. Яъни, бу жараёндаги иштирок «давлат ва бошқа органларга кўмак беришлари ва зарур ёрдам кўрсатишлари мумкин»лиги билан чегараланиб қолмоқда.

Фикримизча, норманинг мазкур ҳолатда, мавҳум тарзда ёзилиши, масалани турлича талқин қилишга олиб келиши мумкин. Шунинг учун ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланишни таъминлашда нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролар иштирокини аниқ кўрсатиб бериш жоиз.

Таклиф этилаётган қонун ло­йиҳасининг айрим моддаларини умуман чиқариб ташлаш лозим, деб ҳисоблаймиз. Масалан, қонун лойиҳасининг 41-моддасида ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва самарали фойдаланишни рағбатлантириш масаласи назарда тутилган. Унга кўра, ўсимлик ­дунёсини муҳофаза қилиш ва самарали фойдаланишни, шунингдек, у ўсадиган муҳитнинг ҳолати яхшиланишини таъминлаётган юридик ва жисмоний шахсларга солиқ ва бош­қа имтиёзларни бериш белгиланган. Бироқ бирор-бир мамлакат амалиётида ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ҳолати яхшиланишини таъминлаганлик учун юридик ва жисмоний шахсларга имтиёз қўлланилишига оид меъёрлар мавжуд эмас. Шу билан бир қаторда ушбу норма имтиёзлардан фойдаланиш учунгина баъзи «тадбир»ларни амалга ошириб, давлат бюджетига зарар етказувчи «тадбиркор»лар пайдо бўлишига замин яратиши мумкин. Она табиатни муҳофаза қилиш ва ундан самарали фойдаланиш ҳар бир шахснинг инсоний бурчи ҳисобланади, буни асло моддий манфаатдорликка айлантириб бўл­майди. Шу сабабли ҳам тегишли моддани қонун лойиҳасидан чиқариб ташлаш лозим, деб ҳисоблаймиз.

Шунингдек, қонун лойиҳасининг 40-моддасида ноқонуний равишда ёки белгиланган қоидалар бузилган ҳолда йиғилган ва тайёрланган ўсимлик дунёси объектлари ҳуқуқбузарлардан олиб қўйилиши, бунинг имкони бўлмаган тақдирда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда уларнинг нархи ундириб олиниши кўрсатилган. Мазкур ҳолатда ўсимлик дунёси объект­ларини олиб қўйиш ёки уларнинг нархини ундириб олиш билан масалани тўлиқ ҳал қилиб бўлмайди. Шу сабабли бундай қонунбузарликни содир этган шахсларни белгиланган тартибда маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортиш бўйича нормаларни ушбу қонуннинг ўзида белгилаб қўйишни таклиф этамиз. Бундан таш­қари, ўсимлик дунёси объектларини олиб қўйиш имкони бўлмаган тақдирда қонунбузарлардан уларнинг нархини ундириб олиш тартибини ҳам ушбу моддада аниқ белгилаб қўйиш лозим, деб ҳисоблаймиз.

Юқоридагилар билан бир қаторда, қонун лойиҳасига баъзи нормаларни киритиш таклиф этилади. Жумладан, қонун ло­йиҳасининг 21-моддасида ўсимлик дунёси объектларини Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ва Ўзбекис­тон Республикасидан олиб чиқиш масалалари келтириб ўтилган, бироқ мамлакат ичкарисида ўсимлик дунёси объектларининг савдосини тартибга солувчи нормалар киритилмаган. Бизнинг фикримизча, мазкур ҳуқуқий ҳужжатга мамлакатимиз ҳудудида ўсимлик дунёси объектларининг савдосини давлат томонидан тартибга солишни назарда тутувчи нормаларни киритиш мақсадга мувофиқдир.

Шунингдек, ушбу қонун ло­йиҳасида йигирмадан ортиқ ҳавола нормалар бор. Масалан, қонун лойиҳасининг 27-моддасида ўсимлик дунёси объект­ларидан фойдаланишнинг бошқа норма ва нормативлари ҳам бўлиши мумкин, деб белгилаб қўйилган. Фракциямиз аъзолари фикрига кўра, бу ўринда айнан қандай норма ва нормативлар назарда тутилаётгани батафсил кўрсатиб ўтилиши лозим.

Чунки бу каби ҳолатлар турли англашилмовчиликларга олиб келиши мумкин. Шуни ҳисобга олиб, фракциямиз ҳавола нормаларни қисқартиришга алоҳида эътибор қаратиш зарур, деб ҳисоблайди. Бу эса ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳуқуқни қўллаш амалиёти самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, мазкур қонун лойиҳаси бўйича фракциямиз томонидан билдирилган таклиф ва мулоҳазалар уни янада такомиллаштиришда муҳим ўрин тутади.

 

Аксавли ТУМИШОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси.

Ўткир САИДОВ,

ЎзХДП Марказий Кенгаши сектор мудири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: