19.07.2016

САЙЛОВЧИЛАРНИНГ РУҲИ БАЛАНД

Ҳар гал сайловчилар ҳузурига ҳаяжон билан бораман. Чунки уларнинг дунёқараши кенг, олам янгиликларидан хабардор, ҳар бири зукко ва зийрак. Улар билан мулоқотларда бир-биримиздан кўп нарса ўрганамиз, муаммоларга биргаликда ечим излаймиз.

Деҳқонобод туманида, мен сайланган 122-Ғузор сайлов округи ҳудудида «Оқиртма» деган қишлоқ бор. Одамлари меҳнаткаш, самимий, ҳақгўй, энг муҳими, шукронали эл. Бу ерда 4 минг нафар аҳоли истиқомат қилади, 2 мактаб, 1 коллеж, касалхона, қишлоқ врачлик пункти фаолият кўрсатяпти.

Учрашувларга бориб, дарров сезганим шуки, сайловчиларнинг кайфияти аъло, руҳи баланд. Улар давлатимиз тутаётган йўл, бугунги сиёсатни қўллаб-қувватлаяпти. Айниқса, Президент Ислом Каримовнинг шу йил 30 июнь-1июль кунлари Қашқадарё вилоятига бўлган ташрифи, бунёдкорлик ишлари билан танишиш чоғида одамлар билан самимий суҳбатлашгани, қашқадарёликлар шаънига яна илиқ сўзлар айтгани одамларнинг кайфиятини кўтаргани яққол сезилди. Давлатимиз раҳбарининг «Ҳаёт синовларида тобланган Қашқадарё эли ҳар қандай юксак маррани эгаллашга қодир», деган сўзлари вилоят аҳлининг кўнглини осмон қадар кўтарди, уларни янги меҳнат зафарларига чорлади.

Шу ўринда яна бир мисолни айтмай ўтолмайман. Бу қашқадарёликларнинг миннатдорлик сўзлари, шукронаси. Яқинда Қарши шаҳрига «Афросиёб» тез юрар поезди қатнай бошлади. Бундан ҳамманинг кўнгли шод. Мен 80-йилларда талаба бўлганман. Ўшанда «Тошкент — Китоб» йўналиши бўйича ягона поезд қатнар эди. У ҳам ҳар куни эмас, кунора. Ўн икки-ўн тўрт соатлаб йўл юрар эдик. Кунимиз, тунимиз йўлда ўтар эди. Бугун манзилга 3 соатда етяпмиз. Кейин яна ўйлайман... Кеча ким эдигу бугун киммиз, қандай марраларни қўлга киритдик?!

«Оқиртма» қишлоғидаги сайловчилар ҳам бу ҳақда тўлиб-тошиб, ҳаяжонланиб гапирди. Ўзларини ўйлантираётган айрим масалалар хусусида таклифлари, мулоҳазаларини билдиришди.

Хусусан, сайловчилар қишлоқда уяли алоқа йўқлиги, интернетдан фойдаланиш имконияти мавжуд эмаслиги, бу эса замонавий ахборот технологияларидан фойдаланишда, айниқса, ёшларга ноқулайликлар туғдираётгани тўғрисида айтишди. Бу масалада Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига бир неча марта мурожаат қилганман. Яқинда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг ўринбосари «Оқиртма» қишлоғида «ЎзМобайл» мобиль алоқа тармоғи хизматини ташкил этиш бўйича ишлар бошланганини маълум қилди.

Бундан ташқари, учрашувларда «Оқсув — Деҳқонобод» сув қувури қурилиши, ёшлар учун спорт майдончалари, тўгараклар, нуронийлар учун дам олиш масканлари сонини янада кўпайтириш масалаларида ҳам таклифлар билдирилди.

Хулосам шуки, ўзгариш, янгиланиш, ривожланиш ҳар куни, ҳар лаҳзада сезиляпти. Сайловчилар билан бўлган учрашувлардан руҳим баланд бўлиб қайтдим. Элнинг ишончини оқлаш учун янада фидойи бўлиб ишлашимиз зарурлигини юрак-юракдан ҳис қилдим.

 

Комила КАРОМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси.



DB query error.
Please try later.