Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Avgust 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 31 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
19.07.2016

ЎЗБЕКИСТОН ТЕМИР ЙЎЛЛАРИ

иқтисодиётимизнинг қон томири, куч-қудратимиз тимсоли

Мустақиллик йилларида мамлакатимиз эришган беқиёс ютуқларда, айниқса, иқтисодий тараққиётимизда темир йўл қанчалик муҳим роль ўйнаётгани бугун кўпчиликка яхши маълум. Бу соҳада амалга оширилган тарихий ишларимизни дунё эътироф этиб турибди. Темирйўлчиларнинг матонатли меҳнати ҳам жамоатчилик томонидан олқишланмоқда, муносиб тақдирланмоқда. Бугун биз мамлакатимизда ягона миллий темир йўл тизимини яратганимиздан фахрланамиз. Бироқ бу кунларга етиб келиш осон бўлмади, кўп ўйлаш, изланиш, катта маблағ, жасоратли қарор, матонатли меҳнат керак бўлди.

Ёши улуғ ҳамюртларимиз яхши билишади, яқин ўтмишда темир йўлларимиз қандай аҳволда бўлганини. Йўловчи ташийдиган поездлар қатнов жадвалидан тез-тез чиқиб кетар эди. Эски вагонларнинг ойналари синган, темир панжаралар билан тўсилган, ичи димиқиб кетган, йиртиқ кўрпа-тўшак, йўловчилар кўплигидан Қарши, Бухоро йўналишларидаги поездлар вагонлари тирбанд бўлар эди, йўловчилар тик туриб кетган пайтлар ҳам оз эмасди. Бу вагонларда ёзда нафас олиб бўлмас, қишда эса совуғига чидаш керак эди. СССР парчаланиб, унинг ҳудудида мустақил давлатлар пайдо бўлгач, темир йўл соҳасида ҳам қатор кескин муаммолар юзага келди. Ўзбекис­тон жаҳон бозорига чиқиши учун тўрт томонга қараб юрса ҳам, қўшни мамлакатлар ҳудудидан ўтишига тўғри келар эди. Бунинг учун ўзаро келишувлар, шартномалар, йўл ҳаққи масаласини ҳам ҳал қилиш керак эди. Ўша олатасир кунларда, аравани ҳар ким ҳар томонга тортиб баҳс­лашаётган бир пайтда тил топишиш ҳам осон кечмади. Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги мамлакатлари раҳбарлари мавжуд темир йўл яхлитлигини сақлаб қолиш бўйича Ўзбекистон таклифларини қўллаб-қувватлади.

1994 йилга келиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекис­тон темир йўллари» давлат акциядорлик компаниясини тузиш тўғрисида»ги фармони эълон қилинди. Натижада «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ халқаро майдонда ўз ўрни ва нуфузига эга бўлди, транзит коридорларидан тенг ҳуқуқлилик асосида фойдаланувчига айланди. Бугунги кунда юртимиз ҳудудида ўндан ортиқ транзит йўллари кесишади ва бутун дунё сари йўл олади. Жўғрофий жиҳатдан денгиз йўлларидан анча узоқда жойлашган Ўзбекистон учун темир йўл транспорти ўта муҳим аҳамиятга эгалиги ҳеч кимга сир эмас. Айни шу темир йўллар юртимизни жаҳон билан боғлайди.

Мамлакатимизда ягона темир йўл тизимини барпо этиш мақсадида қатор лойиҳалар ишлаб чиқилди. Уларни ҳаётга жорий қилиш, турли ҳудудларда фойдали қазилма конларини тўлиқ ўзлаштириш, юк ташиш ҳажмини кўпайтириш, йўл харажатларини камайтириш, одамларнинг узоғини яқин қилиш, минглаб янги иш ўринлари яратиш имконини берди. Ана шундай лойиҳалардан бири Навоий — Учқудуқ — Мискин — Тўрткўл — Султон Увайстоғ йўналишидаги янги темир йўлдир. Қизил­қум чўли орқали бунёд этилган 342 километр­лик ушбу темир йўл туфайли ҳудуднинг гуллаб-яшнашига эришилди. Қанчадан-қанча йўловчилар ва халқ хўжалиги юклари ташилиши билан бирга замонавий ин­фратузилма яратилди.

Янги темир йўлнинг аҳамияти ғалла ва нефть мустақиллигига қиёсланиши бежиз эмас, мазкур йўналиш бўйича ҳаракатланувчи поездларнинг чегарадош мамлакат ҳудудини четлаб ўтиши туфайли қўшни давлатга юк ташиш учун тўланадиган валюта маблағлари тежалмоқда. Йўловчи поездларда эса одамлар чегаралардаги ортиқча текширувлардан халос бўлишди. Юртимиз корхоналарида ишлаб чиқарилган кимёвий ва минерал ўғитлар, қурилиш материалларини жойларга етказиш чоғида қўшни мамлакат ҳудудидан олиб ўтиш билан боғлиқ вақтни оладиган ортиқча расмиятчиликлар ҳам барҳам топди.

Айниқса, Амударё устидан ўтган янги кўприк бу борада катта аҳамиятга эга бўлди. Узунлиги 681 метрни ташкил этган иншоот Тошкент — Урганч йўналишидаги поездларнинг йўлда юриш вақтини 5,5 соатга, масофани 300 километрга қисқартириш, илгари транзит учун тўланадиган миллионлаб АҚШ долларини тежаш имконини берди. Шунингдек, ушбу минтақадаги ерости бойликлари заҳираларини ўзлаштириш, янги иш ўринлари яратиш, бу ерда яшаётган одамларнинг турмушини фаровон қилишга эришилди. Бундан беш йил аввал эса Буюк Ипак йўлида сайёҳликни ривожлантириш доирасида икки қадимий шаҳар — Бухоро ва Хивани боғловчи тезюрар йўловчи поезди қатнови йўлга қўйилди.

«Тошгузар — Бойсун — Қумқўр­ғон» темир йўли денгиз сатҳидан 1800 метр баландликдаги Ҳисор тоғ тизмалари оша 42 ноёб кўприк, 564 та сунъий иншоот орқали ўтади. Узунлиги 223 километр. Магистрал замонавий оптик-толали алоқа билан жиҳозланди. Станция ва разъезд­ларда ишлаб чиқариш инфратузилмаси объектлари, шу жумладан, юклаш ва юк тушириш, темир йўл юкларини сақлаш, машина ва механизмларни жиҳозлаш ва таъмирлаш ишларини ташкил этишга доир замонавий талабларга жавоб берувчи подстанциялар, энергия таъминоти ва алоқа линиялари, юк омборлари бун­ёд этилди. Янги темир йўл туфайли юк ва йўловчи ташиш масофаси 170 километрга қисқарди.

Янги магистралнинг ишга туширилиши ушбу минтақа саноатининг кўплаб тармоқларини, транспорт хизматлари кўрсатиш соҳасини ривожлантириш учун қулай шароит яратди, янги истиқболларни очиб берди. Жумладан, Хонжиза полиметалл, Шар­ғун ва Бойсун кўмир конларини ўзлаштириш, цемент заводларини бунёд этиш ишлари бошлаб юборилди. Йилига 700 минг тонна рудани қайта ишловчи ва 200 минг тонна калий ўғити ишлаб чиқарувчи завод бунёд этилди. Шунингдек, бу йўл кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш учун қулай имкониятлар яратди — ғишт, шағал ишлаб чиқариш қувватига эга заводлар фойдаланишга топширилди. Бугунги кунда бу йўллардан республикамизнинг Ан­грен ГРЭСи, Олмалиқ кон-металлургия комбинати, «Шарғункўмир», «Шўртангаз» каби корхоналар фойдаланмоқда.

2010 йилнинг 22 январь куни дунё ҳамжамияти назарига тушган лойиҳа — 75 километрлик «Ҳайратон — Мозори Шариф» темир йўли қурилиши бошлаб юборилди. 106 километр темир йўл қурилди, 3 станция, 2 разъезд, 16 переезд, 32 сунъий иншоот ва 20 та техник бино қурилди. Темир йўл линияси Ўзбекистон Республикаси стандартларига мос келадиган замонавий телекоммуникациялар, сигнализация ва электр тармоғи билан таъминланди. 4 ноябрь куни, яъни белгиланган муддатдан 130 кун илгари қурилиш ишлари ниҳоясига етказилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 18 июндаги «Ангрен-Поп электрлаштирилган темир йўл линияси қурилишини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Маълумки, ушбу темир йўлнинг узунлиги 123,1 километрни ташкил этади. Лойиҳа доирасида 19,2 километр туннель, 285 сунъий иншоот, ўртача баландлиги 25 метр­лик 15 кўприк, 6 йўл ўтказгич қурилди. Бундан ташқари 4 та темир йўл станцияси, 4 разъезд ва 2 вокзал қуриб битказилди.

Шу ўринда таъкидлаб ўтиш лозимки, мазкур лойиҳа тоғли ҳудудда, мураккаб шароитларда барпо этилгани билан дунёда 8-ўринда, узунлиги бўйича эса 13-ўринда туради. МДҲ давлатлари орасида эса ягона ҳисобланган туннель қурилиши жадал олиб борилди. Тўртта ҳудудда махсус майдончалар ташкил этилиб, ташқи инфратузилма алоқа, сув ва электр таъминоти билан тўлиқ таъминланди. 600 дан зиёд замонавий қудратли техникалардан фойдаланилди. 1000 нафардан зиёд хитойлик мутахассислар, 3000 нафардан ортиқ темирйўлчиларимиз меҳнат қилишди.

2016 йил 22 июнда пойтахтимиздаги «Ўзэкспомарказ»да бўлиб ўтган Ангрен — Поп электрлаштирилган темир йўли ҳамда Қамчиқ туннелининг расмий очилиш маросимида Ўзбекис­тон Республикаси Президенти Ислом Каримов ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин иштирок этди.

Ушбу маросимда Президентимиз шундай деди: — Қурилиш давомида Ўзбекис­тон ва Хитой қурувчилари, муҳандислари, мутахассислари аҳил ҳамкорликда меҳнат қилиб, юксак касб маҳоратини намоён этди. Ушбу иншоот энг юксак халқ­аро нормаларга жавоб беради ва жаҳон амалиётида ноёб лойиҳадир. Ангрен-Поп электрлаштирилган темир йўлининг ишга туширилиши юк ташиш бўйича вақт ва маблағ тежаш имконини беради, шунингдек, транзит, ишлаб чиқариш ва инфратузилма салоҳиятини кескин оширади. Ўзбекистон иқтисодиётининг барқарор ривожланишига хизмат қилади.

 Ангрен — Поп электрлаштирилган темир йўли ва ушбу лойиҳа доирасида бунёд этилган туннелнинг сифатига жуда катта эътибор қаратилди. Бажарилган ишларнинг хал­қаро амалиётда қабул қилинган меъёр ва стандартлар талабларига мувофиқлиги Германиянинг «DB international GhbH» компаниясининг мутахассислари томонидан назорат қилиб борилди.

 — Ўттиз икки ойда мазкур йирик темир йўл линияси ва Қамчиқ туннелининг қуриб фойдаланишга топширилиши Ўзбекистон иқтисодиёти ва тараққиёти учун жуда катта аҳамиятга эга, — дейди «Engineering & Consulting» компанияси (Германия) масъул ходими, Ангрен — Поп электрлаштирилган темир йўли лойиҳа бошқарувчиси Якоб Шонс. — Мен темир йўл соҳасида 40 йилдан зиёд меҳнат қилиб келмоқдаман. Дунёнинг кўп мамлакатларидаги темир йўл ва туннель қурилиши лойиҳаларида иштирок этганман. Ушбу иншоот энг юксак хал­қ­аро нормаларга жавоб беради.

— Бугунги кунда жаҳонда ва айниқса, минтақамизда юз бераётган чуқур ва изчил сиёсий-иқтисодий жараёнлар мавжуд транспорт йўлакларидан оқилона фойдаланиш билан бирга, йирик халқаро бозорлар ва фаол шаклланиб бораётган истиқболли бозорларни боғлайдиган йўналишларни очиш ва ўзлаштиришни тақозо этаётгани боис Ўзбекистон темир йўллари ҳам хорижлик шериклар билан ҳамкорликни кенгайтирмоқда, — дейди «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ «Тоштемирйўл­лойиҳа» МЧЖ директори Холмурод Исмоилов. — Компаниямиз қатор давлатлар билан халқаро ташкилотлар доирасида самарали фаолият юритмоқда. Масалан, Хитой Халқ Республикаси билан ҳамкорлик натижасини ҳамма кўриб турибди...

— Шўролар даврида Тошкентдан водий вилоятларига фақат Тожикистон орқали бориб келинарди, хоҳ автомобилда, хоҳ поездда бўлсин, барибир масофа анча олис эди, — дейди «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ капитал қурилиш дирекцияси бошлиғи ўринбосари Эркин Умматов. — Мустақилликнинг дастлабки йилларида эса транзит нархи ошиб кетди. Йўловчилар ташиш ҳам, юкларни етказиб бериш ҳам қимматга тушарди. Ниҳоят, Ўзбекистон Президентининг саъй-ҳаракати билан Қамчиқ довони орқали автомобиль йўли қурилдию, бу муаммо бирмунча ҳал бўлди. Лекин муаммони тўлиқ ҳал этиш учун темир йўл қурилиши зарур эди. Янги темир йўлнинг қурилиши наинки, водий вилоятларида борди-келдини яхшилайди, балки Осиё қитъасини Европа билан боғлашга ҳам хизмат қилади. Поездлар транзитидан ҳам анчагина валюта тежаб қолинади.

Шундай қилиб, Ўзбекистоннинг ягона миллий темир йўл тизими яратилди. Энди мамлакатимиздаги темир йўлларнинг узунлиги 6500 километрни ташкил этади. Истиқлол йилларида 3 минг 800 километр темир йўл қайтадан модернизация қилинди. 1200 километр масофага пўлат излар ётқизилди, шунингдек, 1630 километр темир йўл магис­траллари тўлиқ электрлаштирилди. Ҳозирги пайтда Самарқанд — Бухоро темир йўл участкасини электрлаштириш ишлари қизғин кетяпти. Зеро, ҳудудий линияларни электрлаштириш — йўловчи ва юк поездларининг хавфсиз, ишончли ва тезкор ҳаракатланишини ҳамда эксплуатация сарф-харажатларини камайтириш имконини беради. Компания мутахассислари ўтган йиллар мобайнида лойиҳа институтларининг етакчи муҳандислари иштирокида Тошкент — Хўжакент, Тўқимачи — Ан­грен, Тошкент — Самарқанд каби темир йўл участкалари электрлаштирилиб, ундан халқимиз фойдаланмоқда. Яқинда 140 километрлик Мароқанд — Қарши участкасида электрлаштириш ишлари якунланди. 325 километрлик Қарши — Термиз темир йўл участкасини электрлаштириш, икки томонлама қатновга эга бўлган Жиззах — Янгиер электрлаштирилган темир йўл тармоғи қурилишининг иккинчи босқичи амалга оширилмоқда.

Кейинги йилларда «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятида ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш, сифат кўрсаткичларини яхшилаш бўйича анча иш қилинди. Ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича ўтган йилнинг ўзида 34,5 миллиард сўмлик 24 лойиҳа амалга оширилиши керак эди. Аслида 37,2 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилдики, бунинг асосий қисмини янги юк ва йўловчи вагонлари ташкил этади. Бундан таш­қари кўплаб таъмирлаш ишлари ҳам бажарилди.

— Компаниямиз истиқлол йилларида доимий равишда локомотив паркини янгилаб келмоқда, — дейди «Ўзтемирйўлйўловчи» акциядорлик жамияти поездларни йўлга техник ва технологик тайёрлаш филиали бошлиғи Алишер Норходжаев. — Мен бу ерда амалга оширилаётган эзгу ишлардан беҳад шодман. Иш самарадорлиги ва сифатини ошириш, харажатларни камайтириб, даромадларни кўпайтириш йўлидан борилмоқда. Шу боис, поездларда йўловчи миқдори анча ошди. Нафақат халқ­аро, балки маҳаллий йўналишларда ҳам йўловчилар кўпайиб бормоқда. Уларга яратилаётган шарт-шароитлар бунинг омили бўлаётир. «Ўзтемирйўлйўловчи» АЖ таркибидаги 28 вокзал, барча бекатлар замонавий талаблар даражасида жиҳозланган, йўловчилар учун интернет заллари, кинозал, юқори комфортли дам олиш хоналари, сартарошхоналар ишлаб турибди. «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ локомотив паркига янги электровозларни харид қилиш инвестицион лойиҳасига мувофиқ Хитойдан кўплаб электровозлар келтирилди. Ўзбекистондаги темир йўллар тобора электрлаштирилиб борилаётганлиги бунга имкон бермоқда. Агар бундан ўн уч йил аввал, яъни 2003 йилда Хитойдан дастлабки электровозлар келтирилган бўлса, ҳозир улар сони 49 тага етди. Яқин йиллар ичида электрлаштирилган темир йўллар масофаси 2000 километрга етказилади. Эскириб қолган локомотивлар ўрнини янги электровозлар эгаллайди. Ўшанда йўловчи поездларнинг тезлиги 160 километр соатга, юк поездлари тезлиги эса 120 километр соатга етади.

Бундан олти йил аввал Самар­қанд — Тошкент — Самарқанд йўналиши бўйича қатновчи тезюрар 3/4 рақамли «Регистон» экспресс поезди ҳаракати бошланганди. Бу мамлакатимиз транспорти соҳасида катта воқеа бўлган эди. Бу поезд 3,5 соатда манзилга етади. Поезддаги 6 вагон яхшилаб жиҳозланган бўлиб, йўловчилар учун барча қулайликлар яратилган. 210 нафар йўловчи тезда манзилига етказилади. Кейинчалик Қаршига қатновчи «Насаф», Бухорога қатновчи «Шарқ» экспресс поездлари қатнови бошланди. Булар ҳам хал­қимизга манзур бўляпти.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 2009 йилнинг июнь ойида Испанияга ташрифи доирасида эришилган келишувга биноан «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ҳамда Испаниянинг «Patentes Talgo S.A» компанияси ўртасида юқори тезликдаги йўловчи ташиш электропоездларни сотиб олиш ва ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича меморандум имзоланганди. Истиқлолнинг 20 йиллиги арафасида ушбу поездлар Ўзбекистонга олиб келинди. Тошкент билан Самарқанд­ни боғлайдиган «Afrosiyob» номли бу поезд жаҳон андозаларига тўла жавоб беради. Бундай тезкор поезд нафақат Марказий Осиё, балки бутун Ҳамдўст­лик мамлакатларида ҳам ягона бўлиб, масофа 2 соатда босиб ўтилади. Ўтган йилнинг 22 август куни «Afrosiyob» электр поезди Тошкент — Самарқанд — Қарши йўналиши бўйича илк қатновини амалга оширди. Пойтахтдан ҳаракатини бошлаган поезд 510 километр масофани бор-йўғи уч соатда босиб ўтди.

Дунё бўйича бу каби поездлар қатнови атиги 17 давлатда йўлга қўйилган. Бу давлатлар орасида Ўзбекистонимизнинг ҳам борлиги фахрлидир.

«Ўзтемирйўлмаштаъмир» унитар корхонаси темир йўл тизимидаги энг тўнғич саноат корхонаси бўлиб, у 115 йиллик тарихга эга. Истиқлол йилларида завод энг замонавий технологик жараёнларга эга бўлган янги ишлаб чиқариш усулларини режа асосида жадал ўзлаштирмоқда. Завод муҳандис-техник ходимлари ва малакали мутахассислар томонидан тепловозлар модернизация қилинмоқда. Жумладан, 2Т210М-русумли тепловозларга тежамкор ва қуввати 3000 от кучига эга бўлган 1П9ДГ русумли двигателлар ўрнатиш ҳамда тепловозлар қисмларига тегишли ўзгартиришлар киритиш орқали 2,3 ва 4 секцияли замонавий «YSTE 16 M» русумли тепловозлар ишлаб чиқарилди.

«Тошкент йўловчи вагонларини қуриш ва таъмирлаш заводи» АЖда эса янги авлод йўловчи вагонлари ишлаб чиқарилмоқда. Бу ерда йилига 450 та йўловчи вагонлари капитал таъмирланмоқда. Ҳозирги пайтда Самарқанд, Қарши ва Бухорога қатнаётган замонавий, ҳар томонлама қулай «Регистон», «Насаф» ва «Шарқ» поездларининг вагонлари ҳам шу ерда ишлаб чиқарилган. «Андижон механика заводи» шўъба корхонаси эса янги ло­йиҳалар асосида ишламоқда. Бу корхонада юк вагонларини қуриш, модернизация қилиш, капитал таъмирлаш ишлари амалга ошириляпти.

Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Аммо қисқа қилиб айтганда, мамлакатимизда бунёд этилган ягона миллий темир йўл тизими ҳали янада ривожланади. Юртимиз иқтисодий қудрати, халқимиз турмуши фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилаверади.

 

Мирбахтиёр МИРФАЙЗИЕВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.