16.07.2016

КЕЧАГИ ҚИШЛОҚ МАКТАБЛАРИ

қандайлигини айтсам, бугунги ёшлар ишониши қийин

Мана, йигирма беш йилдирки, Ўзбекистонимизда 1 сентябрь — ­Мустақиллик байрами, 2 сентябрь — Билимлар куни сифатида нишонланади. Минг-минглаб фарзандларимизни мактаблар, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари, олий ўқув юртлари ўз бағрига олади.

Бугун мутлақо янгича қиёфа ва мазмунга эга бўлган барча илм даргоҳларини кўриб, кўзинг қувонади. Синфхоналар ёруғ ва равшан, фан кабинетлари барча керакли жи­ҳозлар билан таъминланган, кенг ва баланд, дид билан қурилган спорт заллари келажагимиз эгалари ихтиёрига берилган.

Буларни кўриб, кўз ўн­гимдан ўзимнинг болалигим, ўқиган мактабим ва ўша давр манзаралари ўта бошлайди.

Эсимда, қишлоғимизда 2 синфхонадан иборат 33-бошланғич мактаб бўларди. Унда 1-дан 4-синфгача ўқитиларди.

Мактабда фақат битта ўқитувчи ишларди ва барча фанлардан дарс берарди. Бироқ, бизга маълум бўлмаган сабабларга кўра, негадир, ҳар ўқув йилида ўқитувчи алмашарди. Аянчлиси шундаки, мен ўқиган тўрт йил ичида тақдир тақозоси билан колхознинг собиқ тракторчиси, армия сафидан эндигина қайтган йигит ҳам бизга сабоқ берган.

 Биринчи хонага 1 ва 3-синф, иккинчисига эса 2 ва 4-синф ўқувчилари жойлашишарди. Ҳар иккала синф­хонада ҳам 45 минутлик дарс иккига бўлиниб, ҳар икки синф ўқувчиларига ўтиларди. Мактабнинг иккита митти синф­хонаси ва торгина коридорини пол қи­лишга, унинг лой томини шифер ­билан ёпишга шўролар тузумининг кучи етмади.

5-8-синфларда қишлоғимиздан 5 километр олисдаги Полмон қишлоғида жойлашган 32-саккиз йиллик мактабда ўқидик. Бу мактабда 3 қишлоқ ёшлари 2 сменада ўқирди. 9-10-синфни эса қишлоғимиздан 7 километр узоқдаги Шавкан қишлоғида жойлашган 36-ўрта мактабда давом эттирдик. Бу мактабга 14 қишлоқ болалари қатнарди.

Дарсга ўз вақтида етиб бориш учун тонг қоронғусида йўлга чиқардик. Мактабга етгунга қадар 3 қишлоқнинг қоқ ўртасидан ўтардик, бу қишлоқларнинг ўқувчилари ҳам бизнинг сафимизга қўшиларди. Эрталаб соат олтиларда йўлга чиқиб, саккиз яримда бошланадиган дарсга зўрға улгурардик.

Ҳар куни икки, икки ярим соат йўл босиб келган ўқувчининг дарсда қандай ўтиришини тасаввур қилиб кўринг.

Ўқув йили бошланганининг иккинчи куни барчамиз мактаб ҳовлисида саф тортардик ва «Эртадан бошлаб ҳамма пахта йиғим-теримига!» деган ҳукмни эшитардик. Баъзи пайтда бу жараён декабрь ойининг охиригача давом этарди.

Орадан икки ой ўтгач, март-апрель ойларида ўқувчилар яна қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилинарди. Экилган чигитни қатқалоқ қилишга чиқардик.

Ғаллазорларни ўтоқ қи­лиш, чорва молларига хашак тайёрлаш, пилла боқишда ҳам мактаб ўқувчилари меҳнатидан фойдаланиларди.

1970-йилларнинг ўрталарига қадар мактабимиз ўқитувчиси Таваккал Жумаев қишлоқдаги якка-ю, ягона олий маълумотли инсон бўлиб қолаверди.

Афсус ва надоматлар бўлсинки, шўролар даврида қишлоғимиз қизларининг пешонасига олий маълумотли бўлиш ёзилмаган экан. 80-йилларнинг ўрталарида «Холбой аканинг Жамила исмли қизи Гулистондаги педагогика инс­титутиниг сиртқи бўлимига ўқишга кирибди», — деган гап тар­қалди. Жамила ўқишини битириб, дипломини қўлига олгунига қадар, бу гапга ҳеч ким ишонмади.

Ўша замонларда Тошкент ёки Самарқандга ўқишга бориш ҳамқишлоқларимнинг ҳаммасига насиб этавермаганлиги сабабли уларнинг айримлари Шаҳрисабздаги қишлоқ хўжалиги, педагогика ва тиббиёт техникумларига ўқишга киришга мажбур бўларди.

1975 йил ҳамқишлоқларим учун хайрли бошланди. Бир йил олдин мактаб ўқувчилари ўртасида тарих фанидан Наманганда ўтган Республика олимпиадасида 3-ўринни эгаллаган Каримжон Урганчда ўтган олим­пиадада 1-ўринни эгаллашга муваффақ бўлди. Олимпиада ташкилий қўмитаси томонидан унинг қўлига ўқишга киришга тавсиянома берилди.

Бутун умр колхозда ишлаган Сатторвали ота емай-ичмай йиққан пулидан ўғлининг қўлига 100 сўм тутқазди.

 Не-не орзу-умидлар ­билан Тошкентга жўнаган ­Каримжон орадан бир ой ўтар-ўтмас қишлоққа шалвираб қайтди. Ўқишга киролмапти. Унинг икки карра Республика олимпиадаси ғолиби эканлиги инобатга олинмапти, қўлидаги тавсия­номага ҳеч ким қайрилиб ҳам қарамапти.

Мустақиллик мактабларидан бири.

Мустабидлик даврининг мактабларидан бири.

Бугун ҳамқишлоқларим ўзларининг шинамгина мактабларига эга. Унда ҳар бир синфнинг ўз хонаси бор. Мактабда 30 га яқин ўқитувчи ёшларга таълим-тарбия бермоқда. Олдингидек, сойликка тушиб тўп тепишлар, сирпанчиқ отишлар ортда қолган. Мактаб барча қулайликларга эга бўлган ўз стадионига эга. Ўтган йили мактаб қайта таъмирдан чиқарилди. Шунингдек, туманимиз ҳудудида академик лицей фаолият кўрсатиб турибди.

Олий ўқув юртларига талабаликка қабул қилиш аллақачоноқ одилона тест тизимига ўтказилган. Ҳар ким ўз билимига яраша баҳосини оляпти.

Республика фан олим­пиадалари ғолибларининг бошига Каримжоннинг куни тушмаяпти. Улар биринчилар қаторида, имтиҳонларсиз — тест синовларисиз талабалар сафига қабул қилинаяпти.

Қобилияти, салоҳияти ва иқтидори бўлган ёш йигит-қизларимизни давлатимиз ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, дунёнинг энг маш­ҳур университетларида таҳсил олишлари учун барча шароитларни яратиб бераяпти. Бутун дунёда эътироф этилган Буюк Британиянинг Вест­минс­тер университети, Сингапур менежментни ривожлантириш институти, ­Турин политехника университети, М.Ломоносов номидаги Москва давлат университети, В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети, В.Губкин номидаги нефть-газ институти, Жанубий Кореянинг Инҳа университети филиаллари Тошкентда фаолият кўрсатмоқда.

Шўролар даврида олий маълумотли мутахассислар «анқонинг уруғи» бўлса, ке­йинги йилларда қишлоғимиз ёшларининг 30 дан ортиғи бакалавр ва магистрлик даражаларини олишга муваффақ бўлишди. Фарзандларининг ҳаммаси шундай даражаларга эга бўлаётган оилалар ҳам пайдо бўлаяпти.

Ҳозир биргина Тошкентдаги олий ўқув юртларида қишлоғимиздан таҳсил ­олаётган ёшларнинг сони 10 нафардан ошиб кетган. Шунингдек, уларнинг бир қисми Самарқанд, Бухоро ва Қарши шаҳарларида ҳам таълим олаяптилар.

Мамлакатимиз қишлоқлари турмуш тарзида рўй берган бу улкан ўзгаришларни халқимиз «Истиқлолимиз шарофатидан», — демоқда.

Мен қаламга олган соҳада мамлакатимизда мустақиллик йилларида содир бўлган ва бўлаётган бундай жиддий ўзгариш ва ютуқларнинг ҳаммамиз гувоҳи бўлиб турган бир пайтда мактабни битираётган ўқувчиларнинг касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларга тўлиқ равишда қабул қилинаётганликлари, уларни битирганларни иш билан таъминлаш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилганлиги, ўз тадбиркорлик фаолиятини мустақил равишда бошлаш ниятида бўлганлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётганлиги, қатор имтиёз ва преференцияларнинг берилаётганлиги хусусида атайин тўхталмадим. Аслида буларни қайта-қайта таъкидлаш биз учун ҳам қарз, ҳам фарз эди. Лекин бу ўринда мен сал ўзгача йўл тутдим ва эътиборингизни, асосан, ўтмишга қаратдим. Зеро, ўтмишдаги ҳақиқий аҳволдан хабардор бўлмасдан бугунги дориломон кунлар қадрини ҳис этолмаймиз.

 

Тоҳир МАЛИКОВ,

Тошкент молия институти профессори, иқтисод фанлари доктори.



DB query error.
Please try later.