16.07.2016

БОШЛАНҒИЧ ТАШКИЛОТ — ПАРТИЯ ТАЯНЧИ

Сиёсий партиянинг халқ орасига чуқур кириб бориши, нуфузи мустаҳкамланиши кўп жиҳатдан бошланғич ташкилотлар фаолияти қай даражада йўлга қўйилганига боғлиқ. Қуйи бўғин иши тўғри ва тизимли ташкил этилса, партия сиёсий куч сифатида ўзини тўлиқ намоён этади.

Бошланғич ташкилотлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва кучайтириш учун нималарга кўпроқ эътибор қаратмоқ зарур? Бошланғич ташкилотнинг асосий вазифалари нималардан иборат, деб ўйлайсиз?

Бугундан бошлаб ушбу саволлар атрофида баҳс юритамиз, бошланғич партия ташкилотлари етакчилари, партия кенгашлари раислари ҳамда масъул ходимлари, депутатларимиз фикр-мулоҳазаларини ёритиб борамиз.

 

Сайфиддин ҚУРБОНОВ, ЎзХДП Сурхондарё вилоят кенгаши Бошланғич ташкилотлар билан ишлаш сектори мудири:

— Бугунги кунда Сурхондарё вилоятида ЎзХДПнинг 768 ­бошланғич ташкилоти фаолият юритмоқда. Уларда 35 минг нафардан ортиқ партиямиз аъзоси бор.

Биз қуйи ташкилотлар фаолия­тини замон талабларига мос равишда ташкил этиш учун аввало, етакчиларнинг сиёсий-ҳуқуқий салоҳиятини юксалтириш, илғор бошланғич ташкилотларни рағбатлантиришга эътибор қаратаяпмиз.

Жорий йилнинг шу даврига қадар бошланғич ташкилотларда 50 дан ортиқ тадбир, хусусан, сиё­сий-фуқаролик маърифати тизимида ўқувлар, давра суҳбати ва семинар-тренинглар ташкил этилди. Уларга ҳуқуқшунос, сиёсатшунос ва бошқа мутахассисларни кўпроқ жалб этишга аҳамият бердик. Қуйи бўғиндаги тадбирлар доирасида электорат вакиллари билан муҳим мавзуларда фикр алмашилди.

Ҳозирги кунда Термиз шаҳридаги «Термизнефтбаза» унитар корхонаси, «Қишлоқ қурилиш банк» муассасаси, «Тупроққўрғон» маҳалла фуқаролар йиғинидаги ҳудудий бошланғич партия ташкилотлари иш тажрибасини оммалаштиришга ҳаракат қиляпмиз.

Менимча, қуйи бўғин фаолиятини кучайтириш учун биринчи навбатда уларга амалий ёрдам кўрсатишимиз, бирорта бошланғич ташкилотни эътибордан четда қолдирмаслигимиз лозим. Бошланғич ташкилотлар томонидан кўтарилаётган ҳар бир таклифни қўллаб-қувватлаш талаб этилади. Партия ташкилотлари, депутатлар уларни чуқур таҳлил этиб, ҳаётга татбиқ қилиш учун курашиши керак. Ташаббуси амалга ошаётганини, қўллаб-қувватланаётганини кўрган кишининг эса фаоллиги, ижтимоий масъулияти янада ортади.

Нигора МАТИЕВА, Чилонзор тумани 39-оилавий поликлиникадаги ЎзХДП бошланғич ташкилоти етакчиси:

— Шифохонамизда партиямиз аъзолари 50 нафарга яқинлашди. Партия ғояларини тар­ғиб этиш борасида ўзига хос тажриба тўпладик. Шифохонамизда бошланғич партия ташкилотининг бурчаги бор. У ерда зарур сиёсий-ҳуқуқий адабиётлар, партиямиз дастури ва Сайловолди дастури ҳамда фаолия­тимиз ҳақида маълумотлар жамланган.

Биз бошланғич партия ташкилоти вазифаларини аниқ белгилаб олганмиз. Биринчи ишимиз партиямиз ғояларини тарғиб этиш, деб биламиз. Иккинчидан, партия аъзолари ҳуқуқий-сиёсий билимини оширишга қаратилган тадбирларни изчил ўтказиб бориш зарур. Депутатларимиз, партиямиз фаоллари иштирокида давра суҳбатларини тез-тез уюштириш, очиқ мулоқотлар ўтказиш муҳим аҳамиятга эга. Устувор вазифалардан яна бири электоратимиз манфаати билан боғлиқ масалаларни ўрганиб, депутатларимизга таклифлар беришдан иборат. Бу ишларни амалга оширмаган бошланғич ташкилот фаолиятини қониқарли, деб бўлмайди.



DB query error.
Please try later.