16.07.2016

ЯНГИЧА ФИКРЛАГАН ДЕПУТАТ, ПАРТИЯ ФАОЛИ

кўпроқ амалий натижаларга эришади

Ўзбекистон Халқ ­демократик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитасининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда партия Сайловолди платформасида белгиланган вазифаларни амалга ошириш, хусусан, 2016-2019 йилларга мўлжалланган амалий Ҳаракат дастурининг жорий йил биринчи ярим йилликдаги ижроси тўғрисидаги масала таҳлилий-танқидий руҳда кўриб чиқилди.

Йиғилишни Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши ­раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракция­си раҳбари Ҳотамжон КЕТМОНОВ кириш сўзи билан очди.

Мамлакатимиз Президентининг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 25 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кў­риш ва уни ўтказишга бағишланган қарорига мувофиқ тарзда юртимизнинг барча ҳудудлари, шаҳару қишлоқларида энг улуғ, энг азиз байрамимизга қизғин ҳозирлик кўрилаётгани алоҳида таъкидланди.

Дарҳақиқат, истиқлол йилларида халқимизнинг турмуш фаровонлиги бе­қиёс даражада юксалди. Бозор иқтисодиётига бос­қичма-босқич ўтиш жараёнида аҳолининг кучли ижти­моий ҳимояси таъминланди. Кам таъминланган оилалар, хотин-қизлар ва ёшлар, кексалар ҳамда жисмоний имконияти чекланган шахслар манфаатлари муҳофазаси йўлида муҳим қарорлар қабул қилиниб, ҳаётга жорий этилди. Бу даврда истеъмол товарлари ҳажми аҳоли жон боши ҳисобига 7 бараварга, реал даромадлар 12 баравардан ортиқ кўпайди. Давлат бюджетининг 60 фоизидан кўпроғи ижтимоий соҳани ривожлантиришга йўналтириб келинмоқда.

Демократик ислоҳотларнинг ҳозирги босқичида партия ташкилотлари ва депутатлар ўз фаолиятини ­доимий равишда кучайтириб бориши, қонунлар ижроси устидан парламент ва депутатлик назоратини тизимли йўлга қўйиши, бир сўз билан айтганда, ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар масъулиятини зиммасига олиши зарур, деди партия етакчиси.

Бугун сиёсий партия ташкилотига етакчи бўлишнинг масъулияти катта. Бундай одам аввало ўзи янгича фикр­лаши, фидойи ва жонкуяр бўлиши, партия аъзоларини эзгу мақсад йўлида бирлаштира олиши зарур.

Ҳаммамизга маълум, давлат ва жамиятимизда депутатга катта ваколатлар, юксак мақом берилган. Барча даражадаги депутатларга жамоатчилигимиз ҳурмат билан қарайди, ўзини ўйлантираётган масала бўйича мурожаат қилади, амалий ишлар кутади, керак бўлса, ўрнак олади.

Шунинг учун ҳам бугун сайловчилар, электорат вакиллари партия ташкилотлари етакчилари, масъул ходимлари, депутатлар фаолияти ҳақида эришилган натижаларга қараб хулоса чиқармоқда. Бундай шароитда ҳаётга яқин бўлган, одамларга фойдаси тегадиган ташаббусларни кўтариб чиққан, сўзи билан амали бир бўлган депутатларгина ҳурмат қозонади, тараққиётимизга ҳисса қўша олади.

Партиямиз ташкилотлари, депутатларимиз фаолиятига ана шу мезондан келиб чиқиб, баҳо берадиган бўлсак, қўлга киритган натижаларимиздан қиладиган ишларимиз кўплиги аён бўлади, деди партия раҳбари.

Шундан сўнг ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси, Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси Рустам КОМИЛОВ 2016-2019 йилларга мўлжалланган амалий Ҳаракат дастурининг жорий йил биринчи ярим йилликдаги ижроси, партия фракциясининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги фаолияти тўғрисида таҳлилий маълумот берди.

Шу билан бирга, мустақиллик йилларида мамлакатимизда кўппартиявийлик тизимини шакллантириш, икки палатали парламентни қарор топтириш бўйича амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Таъкидландики, Президентимиз ғоялари ҳамда ташаббуслари асосида мамлакатимизда давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштириш, бу жараёнда сиёсий партияларнинг ролини ошириш бўйича муҳим, тарихий қонунлар қабул қилинди. Ҳозирги кунда сиё­сий партиялар давлат ҳокимиятини демократлаштириш, фуқароларнинг сиёсий иродасини рўёбга чиқариш ва қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича катта имкониятлар ҳамда ваколатларга эга бўлаётгани алоҳида қайд этиб ўтилди.

Маълумотларга кўра, жорий йилнинг шу даврига қадар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги партиямиз фракцияси, халқ депутатлари вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар Кенгашларидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳлари томонидан 123 масала партия гуруҳлари йиғилишларида, 61 масала доимий комиссия йиғилишларида, 35 масала сессияларда муҳокама этилган. Шу асосда жойлардаги турли ижтимоий масалаларни ҳал этиш бўйича муайян қарорлар қабул қилинган.

Ҳаракат дастурида белгиланган вазифаларни амалга оширишда, айниқса, ­Андижон, Сурхондарё, ­Фарғона ва Хоразм вилоятларидаги бир қатор партия гуруҳларининг фаоллиги кўринаётгани айтиб ўтилди.

Партиямиз гуруҳлари ташаббуси билан муҳокама қилинган масалалар мазмун-моҳиятига кўра таҳлил этилганда, уларнинг аксарияти Сайловолди дастури ижросига, электорат манфаатлари ҳимоясига қаратилгани яққол кўринади. Хусусан, таълим муассасалари битирувчиларини иш билан таъминлаш, аҳоли соғлиғини муҳофаза қилиш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш, ёш оилаларнинг имтиёзли ипотека кредитлари асосида уй-жойлар олиши, таълим тизими, хизмат кўрсатиш ва сервисни ривожлантириш, ички йўлларни таъмирлаш, коммунал хизматлар, банк пластик карточкаларидан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш, ҳудудларда ишлаб чиқаришни кенгайтириш билан боғлиқ масалалар бўйича назорат-таҳлил ишлари олиб борилган.

Ҳаракат дастури ижроси таҳлил қилинадиган бўлса, ютуқлар билан бирга, айрим камчиликлар ҳам кўзга ташланади. Жойларда ижтимоий масалалар мониторингини тизимли амалга ошириш, партия электорати манфаатлари билан боғлиқ муаммоларни таҳлил этиб, маҳаллий Кенгашлар муҳокамасига олиб чиқиш борасида ташаббускорлик етишмаётир. Бундан ташқари, сайловчилар, аҳоли вакилларининг мурожаатларига ҳамма жойда бирдек эътибор қаратилмаяпти. Бу борада айрим партия гуруҳлари тегишли хулоса чиқариб олиши зарурлиги таъкидланди.

Тўғри, партия гуруҳлари доимий комиссиялар, сес­сия­ларда электорат манфаатлари билан боғлиқ долзарб ижтимоий масалалар муҳокама қилинишига эришяпти. Аммо бу жараёнда ҳар доим ҳам таҳлил этилаётган соҳалар ичига, муаммоларнинг асл сабабларига етиб борилаётгани йўқ. Бу эса депутатлар, яъни доимий комиссиялар, сессияларда қабул қилинаётган қарорлар сифатига салбий таъсир ўтказади. Шундай экан, бирор мавзуни кўтариб чиқишдан, бу ҳақда бирон фикр айтишдан, хулоса чиқаришдан олдин масалани чуқурроқ ўрганиш, аниқ рақамлар ва таҳлилларга асосланиш жоиз бўлади. Шунда «Депутатлар қандай масалани кўтарди, нимани муҳокама қилди, бунинг одамларга қанақа фойдаси тегди, халқ нима манфаат кўрди», деган саволларнинг жавоби аниқ бўлади.

Шунинг учун жойларда демократик ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, ҳаётимизни янада яхшилашдаги аҳамияти, депутатлик масъулияти ва маданияти ҳақида таъсирчан ўқувлар ўтказиш, бундай тадбирларда баланд­парвоз гаплардан бутунлай воз кечиш, партия ташкилотлари етакчилари ҳамда депутатларни фаолликка ундаш, ўз навбатида маҳаллий ҳокимликлар, корхона-ташкилотлар мутасаддиларида депутатлар билан ҳамфикр, ҳаммаслак бўлиб ишлаш кўникмасини ривожлантириш ҳаётий заруратга айланмоқда.

ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Улуғбек Вафоев, партия Марказий Кенгаши юридик бўлими бошлиғи Улуғбек Худойназаров, Қорақалпоғистон республика кенгаши раиси вазифасини бажарувчи ­Нокисбай Ғаниев, Андижон вилоят кенгаши раиси ­Абдулҳамид Нурматов, Тошкент вилоят кенгаши раиси Меҳрож Дархонов ва бошқалар йиғилиш кун тартибидаги масалалар хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Ижроия қўмита кун тартибидаги барча масалаларни атрофлича кўриб чиқди ва тегишли қарорлар қабул қилди.

 

Тўлқин ТЎРАХОНОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.