14.07.2016

ЁЗГИ ОРОМГОҲЛАРДА

болажонлар кўнгилли ҳордиқ чиқаряпти

Ўқувчиларнинг ёзги таътил даврини мазмунли ташкил этиш таълим-тарбия ишларининг узвий давоми ҳисобланади. Шу нуқтаи-назардан жорий йилда болалар ва ўсмирларнинг ёзги соғ­ломлаштириш мавсуми аниқ белгиланган муддатда, қулай шарт-шароитлар асосида ташкил этилишига алоҳида эътибор қаратилди.

Халқ таълими вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган «Ўқувчиларнинг ёзги таътил даврини мазмунли ташкил этиш концепцияси» оромгоҳлар фаолиятида асосий дастур бўлиб хизмат қилмоқда. Ўқувчи-ёшлар ўртасида ватанпарварлик туйғусини, соғлом турмуш тарзини, китобхонликни кенг тар­ғиб қилиш мақсадида ёзги таътил давомида мактаб ва оромгоҳ кутубхоналари, ахборот-ресурс марказлари фаолияти ўзига хос тартибда йўлга қўйилган.

— Оромгоҳлардаги кутубхоналарни зарур китоблар билан таъминлаш баробарида ўқувчиларнинг бадиий адабиётга қизиқишини ошириш, маънавий дунёқарашини ривожлантириш мақсадида турли маданий-маърифий тадбирлар уюштирилмоқда, — дейди Республика Болалар кутубхонаси директори Дониёр Ўролов. — Жумладан, оромгоҳларда ташкил қилинаётган китоб байрамларида энг кўп китоб ўқиган, билимдон ўқувчилар аниқланиб, уларга Халқ таълими вазирлигининг эсдалик сов­ғалари топшириляпти, китоблар туҳфа қилиняпти.

Бу йилги мавсумда ўқувчилар учун 213 стационар ва 851 кундузги соғломлаштириш оромгоҳлари ташкил этилди. Масалан, биргина Навоий вилоятида ёзги таътилнинг биринчи мавсумида шаҳардан ташқарида жойлашган 11 оромгоҳда 3 минг 707 нафар, 24 та кундузги оромгоҳларда 1 минг 580 нафар, жами вилоят бўйича 5 минг 287 нафар бола соғломлаштирилди.

— Тошкент шаҳрида 36 кундузги дам олиш масканида 7-13 ёшдаги 16 мингдан ортиқ ўғил-қиз дам олиши учун зарур шарт-шароитлар яратилди, — дейди шаҳар касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши бўлим мудири Ирода Ҳикматова. — Тарбиячи сифатида фаолият юритаётган умумтаълим мактабларининг саккиз юзга яқин педагоглари учун Тошкент шаҳар педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш инс­титути қошида ўқув машғулотлари ўтказилди. Бу оромгоҳларда биринчи ўн кунликда 4300 нафардан зиёд ўқувчи турли тўгаракларга жалб этилди. Асосий эътибор оромгоҳларда ўқувчиларнинг мароқли дам олиши ва уларни турли фойдали машғулотларга жалб этишга қаратиляпти.

Оромгоҳлардаги болаларга малакали шифокор ва ҳамширалар, санитария-эпидемиология маркази мутахассислари хизмат кўрсатмоқда. Ҳар бир оромгоҳ белгиланган миқдорда дори-дармон, зарур алоқа ва транспорт воситалари билан таъминланган. Озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати қатъий назоратга олинган.

Оромгоҳларда таълим-тарбия ишларини юқори савияда ташкил этиш мақсадида педагог ходимлар ҳамда тўгарак раҳбарлари учун ҳар бир йўналиш бўйича услубий қўлланмалар тайёрланди. Барча оромгоҳлар «Оромгоҳ наволари» номли электрон дарс­лик ва қўлланмалар, мультфильмлар тўплами билан таъминланди.

Ўқувчиларнинг ёзги таътил даври нафақат уларнинг мазмунли ҳордиқ чиқариши, балки янги ўқув йилига тайёргарлик кўришига ҳам хизмат қилиши керак, деб ўйлаймиз.

 

Зулфия БОҲОВУДДИНОВА,

Республика болалар кутубхонасининг

Ахборот-ресурс марказларига услубий ёрдам кўрсатиш бўлими бошлиғи.



DB query error.
Please try later.