12.07.2016

АКАДЕМИЯ — БУ ОДДИЙ ЎҚУВ ЮРТИ ЭМАС

Ёки Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академиясининг ташкил этилиш тарихи ва эл-юрт осойишталигини сақлашдаги аҳамияти ҳақида

Мустақилликка эришган ҳар бир давлат учун, аввало, ички тартиб-интизомни, тинчлик-осойишталикни таъминлаш ўта муҳим аҳамиятга эга. Тарих сабоқларидан маълумки, баъзан ташқи душмандан кўра, ички зиддиятлар кўпроқ зиён-заҳмат келтиради. Амалидан ажралган аламзадалар, сохта шуҳратпарастлар, миллатчилар одамлар ўртасида бузғунчи гапларни тарқатади. Бунинг оқибатида турли тартибсизликлар, бош-бошдоқликлар юзага келади, тинчлик-барқарорликка путур етади. Бундай вазиятдан жиноятчи унсурлар фойдаланиб қолишга ҳаракат қилади. Одамларнинг мол-мулкига кўз олайтиради, ҳаётига таҳдид солади. Булар ҳаммаси бир бўлиб, мустақилликни хавф остига қўяди, ҳали оёққа туриб олишга улгурмаган ёш давлат бошқарувига нисбатан одамларда ишонч­сизлик кайфиятини уйғотади, эртанги кунга умидини сўндиради. Буни ён-атрофимиздаги қатор мамлакатлар мисолида ҳам кўрдик.

Ўзбекистонда мустақилликнинг даст­лабки кунлариданоқ ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш масаласига, қонун устуворлигига энг асосий вазифалардан бири сифатида қаралди. Ўзбекистоннинг аввалги раҳбарлари айби билан 80-йиллар охирида кучсизланиб қолган бутун ҳокимиятни паст­дан юқоригача мустаҳкамлаш учун қатъий чоралар кўрилди: ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар — милиция, прокуратура, суд, давлат хавфсизлик хизмати соҳасини зудлик билан мустаҳкамлашга қаратилган қарорлар қабул қилинди.

Президентимиз 1992 йил 4 январда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг навбатдан таш­қари IX сессиядаги маърузасида Ҳуқуқ-тартибот маҳкамаларини мустаҳкамлаш билан бирга, уларга кўмак бериш керак. Уларнинг меҳнатини қадрлаш билан бирга, обрўсини ошириш лозим, деган фикрни билдирганида мудофаа ва хавфсизлик тузилмаларини мустаҳкамлаш йўлида кўп вазифаларни назарда тутган эди.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, 1985-1991 йилларда халқ орасида ички ишлар ходимларига ишончсизлик билан қараш кайфияти юзага келганди. Жиноятчиликка қарши курашишда жамоатчилик билан ҳамкорлик қилиш ўрнига, фуқароларга нисбатан қўпол муносабатда бўлиш, ариза ва шикоятларга лоқайдлик билан қараш ҳоллари кузатилар эди. Мустақил Ўзбекистон ички ишлар соҳасида бутунлай янги, аввалгисидан тубдан фарқ қиладиган тизимни шакллантира бошлади. Шунингдек, собиқ иттифоқ даврида амалда бўлган кўплаб қонунлар, норматив ҳужжатлар, иш юритиш усуллари мустақил давлат шароитига тўғри келмасди. Собиқ СССР парчалангандан сўнг мудофаа ва хавфсизлик тузилмаларида, хусусан, ички ишлар соҳасида энг муҳим масалалардан бири кадрлар муаммоси билан боғлиқ эди.

 Мамлакатга мустақиллик бебаҳо неъмат эканини чуқур англаган, ватанпарвар, янгича фикрлайдиган кадр­лар зарур эди.

1992 йил январь ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан собиқ СССР ИИВ Тошкент Олий мактаби Ўзбекистон Республикаси ИИВ тасарруфига ўтказилди ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Олий мактаби деб номланди.

1994 йил 2 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан ўқув юртларининг тузилишини такомиллаштириш, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги органлари ва бўлинмалари учун юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг комплекс тизимини ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Олий ва ўрта махсус милиция мактаблари негизида ички ишлар органлари мутахассисларини тайёрлаш ва бошлиқлар таркиби ходимларининг малакасини ошириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси ташкил этилди.

Ушбу тарихий қарор талабларидан келиб чиқиб, Академия ўз фаолиятини қуйидаги асосий вазифаларни бажаришга қаратди: ички ишлар органларининг олий бошлиқлар таркибини тайёрлаш; ички ишлар органлари учун олий маълумотли етук мутахассис кадрлар таркибини тайёрлаш ҳамда ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш муаммоларини тадқиқ этиш; илмий ва илмий-педагогик кадрларни тайёрлаш.

Президентимиз ташаббуси билан ташкил топган ИИВ Академияси — мамлакатимиз тинчлиги ва осойишталигини таъминлашда муҳим аҳамиятга молик воқеа сифатида кутиб олинди. Ўша вақтда собиқ СССР ИИВ Тошкент Олий мактаби ўқув бинолари, аудиториялар, ётоқхоналар, ошхоналар ва бошқа маиший объектлар тамомила яроқсиз ҳолга келиб қолганди. Бунинг устига, коммунистик мафкура асосида битилган, ўзбек халқининг миллий руҳига бегона бўлган дарсликлар, ўқув қўлланмалари ва бошқа илмий адабиётлар билан миллий манфаатларимизни, фуқароларимиз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қила оладиган миллий кадрлар тайёрлаш мумкин эмасди.

Ички ишлар вазирлиги Академия­си бўлим бошлиғи лавозимида ишлаётган Абдураҳмон Пардиев шундай хотирлайди:

«Олий мактабда 1991 йилда янги ўқув йили бошланишидан аввал ўзбек тилида таҳсил бериладиган ўқув гуруҳлари очиб беришларини сўраб мактаб раҳбариятига мурожаат қилдик. Ўша даврда мактаб бошлиғи генерал Н.Ожиганов эди. У олий таълим муассасаси Иттифоқ Ички ишлар вазирлиги тасарруфида эканлиги, бундай гуруҳлар ташкил этиш учун Марказдан рухсат олиш кераклиги, қолаверса, ўқув адабиётлари рус тилида бўлгани учун бунга ҳеч қандай имконият йўқлиги айтиб, таклифимизни рад этган эди.

Давлатимиз раҳбарининг 1991 йил 25 октябрдаги 270-сонли қарори билан собиқ Иттифоқ Ички ишлар вазирлиги тасарруфидаги Олий мактаб Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги тасарруфига ўтказилди. Ушбу муҳим тарихий ҳужжат орзуларимиз ушалишига асос бўлди».

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, мус­тақилликка қадар СССР ИИВнинг Тошкент Олий мактабида туб аҳолига мансуб тингловчилар барча тингловчилар сонининг атиги 20 — 25 фоизини ташкил этарди, холос. Ўқув маш­ғулотлари фақат рус тилида олиб бориларди. Олий мактабда бор-йўғи 13 кафедра фаолият кўрсатарди, профессор-ўқитувчилар орасида туб аҳолига мансуб ходимлар бир ёки икки нафардан ошмасди.

Собиқ марказ республикамизда «кадрлар аппаратини мустаҳкамлаш» ниқоби остида Олий мактаб профессор-ўқитувчилари таркибига имкон қадар ўз вакилларини кўпроқ киритишга ҳаракат қилган. Юртбошимиз таъкидлаганидек, «бошқа минтақалардан жўнатилган кадрларнинг баъзилари республика эҳтиёжлари ва кулфатларига ҳамдард бўлиш у ёқда турсин, балки партия, совет ва ҳуқуқни муҳофаза этиш органлари ва бошқа органларда ўзларининг раҳбар лавозимларига тайинланишларини ўзбошимчалик қилиш учун берилган ёрлиқ деб билдилар».

1983-1989 йилларда «Ўзбекистонда социалистик қонунчиликни тиклаш» шиори остида республика ҳуқуқ-тартибот идораларига Марказдан кўплаб вакиллар жўнатилди. Хусусан, Ўзбекистон ССР ИИВ идораларига юзлаб ходимлар келди. Уларнинг асосий мақсади — социалистик қонунчиликни таъминлаш эмас, балки ўзбек хал­қини таҳқирлаш эвазига хизмат пиллапояларидан кўтарилиш бўлди.

Биргина мисол. 1986 йилда Тошкент олий милиция мактабида область ва район миқёсидаги ички ишлар раҳбар-ходимларининг Бутун­иттифоқ ўқиши ташкил этилади. Унда Иттифоқнинг турли бурчакларидан вакиллар иштирок этади. Ўқув йиғини очилиш маросимида Ўзбекистон ССР Ички ишлар вазирлигининг кадр­лар бўйича ўринбосари А.Теплов кириш нутқи сўзлайди. Ўша даврда Олий мактабда ўқув курси бошлиғининг ўринбосари лавозимида ишлаган, ҳозирги кунда кафедра бошлиғи лавозимида хизмат қилаётган полковник Д.А.Юсупов шундай хотирлайди. «Мени, — деди А. Теплов ўз сўзида, — Коммунистик партия Марказий Комитети Ўзбекистонда социалистик қонунчиликка амал қилинишини назорат этиш учун жўнатган. Олиб борган текширишларимиз шуни кўрсатмокдаки, Ички ишлар вазирлиги тизимидаги миллий кадрларнинг аксарияти нопок одамлардир. Мен шу ерда ўтирганларга мурожаат қилиб айтаманки, кимда-ким ишда ўзини кўрсатмоқчи, хизмат поғоналаридан кўтарилмоқчи бўлса, марҳамат, бизга келиб ишланг. Ўзингизгина эмас, хизматдошларингизга ҳам шу гапни етказинглар. Ўзбекистонга келиб ишлайдиганлар учун ҳозирдан яна 300 та квартира ажратиб қўйилган.

Мана бу ерда ўтирган маҳаллий ходимлар тўғрисида айтадиган бўлсам, уларнинг ярмидан кўпи бугун бўлмаса эртага лавозимидан олинади ва келадиганларга жойларини бўшатиб беришади. Бу масалада мен сизларга юз фоиз кафолат бераман!».

ИИВ Олий мактаби 1984-1991 йилларда асосан Марказдан юборилган ходимлар ҳисобига шакллантирилган ва улар тўсиқларсиз уй-жой билан таъминлаган.

Мустақилликнинг дастлабки йилларидаги иқтисодий қийинчиликларга қарамасдан ИИВ Академияси моддий-техник базасини замон талабларига мос равишда мустаҳкамлашга киришилди. Ўқув бинолари, ётоқхоналар, бир йўла 2000 нафар тингловчи овқатланадиган ошхона, муқаддас ҳисобланган саф майдони таъмирланди, қайта қурилди.

Академия ҳудуди ҳам замон талаблари асосида модернизация қилинди. Катта кўламда кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Натижада Академия кадрлар тайёрлаш сифати ва моддий техника базаси бўйича нафақат МДҲ мамлакатларида, балки дунё полиция Академиялари орасида етакчи ўринлардан бирини эгаллади.

Бўлажак ички ишлар органлари ходимлари онгу шуурига миллий ғурур, она Ватанга садоқат туйғуларини сингдириш вазифаси қўйилди.

1995 йил 3 октябрда Юртбошимиз Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси (ҳозирги Давлат бошқаруви академияси)нинг очилиши маросимида сўзлаган нутқида шундай деган эди: «Академия — бу оддий ўқув юрти, кадрлар, ҳаттоки, раҳбар кадр­лар тайёрлайдиган билим даргоҳигина эмас. У янги тафаккур шаклланадиган, ўзимиз тўплаган ва бошқа мамлакатларда тўпланган илғор тажрибалар ўрганиладиган, таҳлил қилинадиган ва таҳсил бериладиган марказ».

Ушбу сўзлар тўлалигича Ички ишлар вазирлиги академиясига ҳам таал­луқли эди, албатта. Бу юксак талаблардан келиб чиқиб, Академия Низоми, унинг ташкилий, таркибий, миллий манфаатларга жавоб берадиган таълим стандартлари, ўқув дас­турлари, ўқитувчилар ва тингловчи-курсантларни танлаш тизими яратилди.

Академияда дарслик ва қўлланмалар яратиш ишига миллий маънавият, миллий ва умумбашарий қадриятлар нуқтаи назардан ёндашилди. Тинг­ловчиларни давлат тилидаги дарслик ва ўқув қўлланмалари ҳамда методик адабиётлар билан таъминлаш ишлари амалга оширилди.

1997 йил 29 августда Президентимиз ташаббуси билан қабул қилинган Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ва «Таълим тўғрисида»ги қонун ҳамда «Аҳоли ҳуқуқий тафаккурини юксал­тириш бўйича давлат дастури» асосида Академияда таълим-тарбия ишлари янги босқичга кўтарилди. Таълим жараёнига янги дарсликлар, замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2001 йил 27 мартда қабул қилган «Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар идоралари фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ва унинг асосида Ички ишлар вазирлигининг тегишли соҳавий хизматларини тубдан ислоҳ қилишга қаратилган Ҳукумат қарорлари асосида юқори малакали кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш сифатига эътибор кучайтирилди.

Маълумки, таълим-тарбия сифати, аввало, профессор-ўқитувчилар илмий салоҳиятига боғлиқ. Шу боис, катта тажрибага эга, академия нуфузига муносиб профессор-ўқитувчилар танловига жиддий эътибор қаратилди.

1990 йилда Олий мактабда 5 нафар фан доктори, 40 га яқин фан номзоди бор эди. Уларнинг қарийб 80 фоизи Марказдан келган бўлиб, 1991-1993 йилларда ўз юртларига жўнаб кетади.

Бироқ, қисқа муддат ичида мавжуд қийинчиликларга барҳам берилди. 1993-2004 йиллар мобайнида Академия қошида докторлик ва номзодлик диссертацияларини ҳимоя қилиш бўйича ҳукуматимиз ёрдамида ташкил этилган Ихтисослашган кенгашда 12 докторлик ва 60 дан ортиқ номзодлик диссертациялари ҳимоя қилинди. Бу ўзбек ҳуқуқшунос олимларининг янги авлодини шакллантиришга хизмат қилди. Муҳими, Академияни ташкил этишда унинг олдига қўйилган илмий-педагог кадр­лар тайёрлаш вазифаси бажарилишига эришилди.

Ҳозирда Академияда республика ички ишлар органлари учун «Тергов фаолияти», «Тезкор-қидирув фаолияти», «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолияти» ва «Эксперт-криминалистик фаолият» мутахассисликлари бўйича олий юридик маълумотли мутахассислар тайёрланмоқда. Бундан ташқари, раҳбар кадрлар тайёрловчи Олий академик курслар, Малака ошириш факультети ҳамда Сержантлар таркибини тайёрлаш бўйича олий курслар ташкил этилган.

Академияда тингловчиларни педагогик тест ёрдамида баҳолаш усулидан самарали фойдаланилмоқда. Ушбу мақсадда Академиянинг тест маркази ташкил қилинган. У замонавий компьютер технологияси ва ноёб дастур билан таъминланган бўлиб, ушбу дастур бир йўла 100 нафарга яқин тингловчини синаш, оралиқ ва якуний назорат бўйича тўлиқ, ошкора ва холисона баҳолашни амалга ошириш имконини беради.

Академиянинг таркибий тузилмасига ҳарбий-дала ўқув маркази ҳам киради. Бу ерда янги қабул қилинган тинг­ловчилар ҳарбий хизмат тайёргарлиги фанлари бўйича зарур билим, кўникма ва ўқувларга эга бўладилар. Юқори курс тингловчиларига эса махсус операцияларни амалга оширишга доир зарур кўникма ва билимларни шакллантириш имконини беради.

Академияда тингловчиларнинг жисмоний тайёргарлигига алоҳида эътибор қаратилади. Улар спорт билан шуғулланишлари учун барча шароитлар яратилган. Акобир Қурбонов, Ботир Хўжаев, Дилшод Орипов, Шерзод Ибрагимов каби спортчиларимиз кураш, дзюдо, бокс бўйича Осиё ва Жаҳон чемпионатлари ғолиблари бўлишган.

Хулоса қилиб айтганда, мустақиллик неъмати ҳисобланган академиямиз ўз зиммасига қўйилган масъулиятли вазифани шараф билан бажариб келмоқда. Жисмонан соғлом, бақувват, ўз касбини пухта ўзлаштирган, юксак маънавиятли, қонун устуворлиги асосида яшайдиган, она юртига фарзандлик меҳри билан хизмат қиладиган садоқатли кадрлар тайёрланмоқда. Улар мамлакатимизда тинчлик ва осойишталик, қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқлари ҳимояси таъминланишига муносиб ҳисса қўшиб келишмоқда.

 

Шариф ҚОБИЛОВ,

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси Ижтимоий-гуманитар фанлар кафедралари илмий-методик кенгашининг раиси, доцент, полковник.



DB query error.
Please try later.