12.07.2016

ЎЗХДП ГУРУҲИ ТАШАББУСИ БИЛАН

«Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги Қонуннинг Бухоро шаҳридаги ижроси ўрганилди

Мамлакатимизда тиббиёт соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самараси ўлароқ, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, касалликларнинг олдини олиш, ташхис қўйиш ва даволаш ишлари йилдан-йилга такомиллашиб, сифати ошиб бораётгани кузатилмоқда. Бу жараёнда аҳо­лини дори воситалари, тиббий буюмлар билан таъминлаш ҳам ана шу ислоҳотларнинг ажралмас қисмига айланди.

Маълумки, Ўзбекистон ХДП Сайлов­олди дастурида дори воситалари муомаласи ва фармацевтика фаолияти соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Шунга мувофиқ, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партиямиз гуруҳи бу борада амалга оширилаётган ишларни изчил ўрганиб бормоқда.

Яқинда халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи давлат тасарруфидаги ва хусусий дорихоналарда «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги Қонун ижроси билан боғлиқ ишлар бўйича назорат-таҳлил олиб борди.

Депутатларнинг қайд этишича, бугун ­Бухоро шаҳрида 108 хусусий, 12 давлат тасарруфидаги дорихона фаолият юритиб келмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг дорихона муассасаларини давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисидаги қарорига кўра, давлат дорихоналари хусусийлаштирилган. Фақат даволаш-профилактика муассасалари қошида фаолият кўрсатаётган дорихоналаргина давлат ихтиёрида қолдирилган. Тиббиёт масканларининг эҳтиёжи ва молиявий имкониятларидан келиб чиқиб, дорихонадаги дори воситалари тури шакллантирилган.

Шаҳардаги дорихоналар ва уларнинг бўлимлари дори-дармон ҳамда тиббиёт воситаларини сотиш бўйича санитария қоидалари ва меъёрларига, ёнғин хавфсизлиги талаблари ва шартларига мувофиқ жиҳозланган. Дорихоналар терминаллар, касса аппаратлари билан таъминланган.

Афсуски, баъзи тадбиркорларимиз ўз фаолиятига масъулиятсизлик билан қа­раб, қонунбузарликларга йўл қўйиб келмоқда. Мониторинг натижасида маълум бўлишича, дорихоналарнинг аксариятида номутахассис шахслар ишлаб келмоқда.

— Фуқароларга кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ошириш аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтиришда муҳим аҳамият касб этади, — дейди ЎзХДП Бухоро шаҳар кенгаши раиси Робия Казимова. — Сайловчилар билан учрашувларда ҳам бу масалада кўплаб мурожаатлар бўл­моқда.

Масалан, бепул тар­қа­тиладиган дори воситалари учун ҳар йили Давлат бюджетидан зарур маблағ ажратилади. Бундай дори воситаларининг манзилли тарқатилиши юзасидан назоратни янада кучайтириш, айниқса, масъулият ва хабардорликни ошириш керак.

Назорат-таҳлил натижалари дори воситалари нарх­ларини мувофиқлаштиришда ҳам айрим камчиликлар учраб турганини кўрсатмоқда. Бир хил турдаги дориларнинг дорихоналардаги нархлари ўртасида сезиларли тафовут борлиги тўғрисида мурожаатлар бўляпти. Янги таҳрирда қабул қилинган қонун ҳаётга қанчалик самарали жорий этилса, бу борадаги муаммолар шунчалик камаяди, деб ўйлаймиз.

— Ҳаммага маълумки, дори воситаларининг айрим турларини сақлаш ва ташиш алоҳида шарт-шароитни талаб этади, — дейди халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари Лола Аҳадова. — Бу дориларнинг сифати, хавфсизлиги ва самарадорлигига ҳам таъсир қилади. Шу боис дори воситалари сақланадиган омборхона бинолари, уларнинг тегишли тарзда жиҳозланиши, сақлаш даврида ҳаво ҳарорати режимига риоя этилиши амалдаги санитария қоида ва меъёрлари ҳамда гигиеник нормативлар талабларига мувофиқ бўлиши керак. Лекин биз назорат-таҳлил давомида «Гулшод фарм люкс» дорихонасида санитария ҳолати бузилгани, дорихонада дори воситаларини ёш болалар сотишаётганига гувоҳ бўлдик. «Хуршидбек Адиба сервис» каби баъзи дорихоналар ходимлари эса оқ халатсиз хизмат қиляпти.

Шунингдек, дорихона эгалари фармацевт маълумоти бор кишиларнинг дипломидан фойдаланиб, ўзаро келишув асосида провизорларнинг номига лицензия олиб, ноқонуний равишда дори воситалари савдоси билан шуғулланаётган ҳоллар ҳам маълум бўлди.

— «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғ­ри­си­да»ги қонуннинг 13-моддасига кўра, дорихона бош­қарувчиси фармацевтика бўйича олий маълумотли ва 3 йилдан кам бўлмаган меҳнат стажига эга бўлиши керак, — дейди халқ депутатлари ­Бухоро шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП депутати Нодирбек Хўжаев. — Маҳсулот савдоси билан шуғулланувчи шахс эса албатта фармацевтик билимга эга бўлиши талаб қилинади. Қонуний асосларга кўра, тиббиёт коллежларининг фармацевтика йўналишини битираётган ёшлар ҳам дорихонани бошқариши мумкин. Аммо улар олий маълумотли провизор бошқаруви ва назоратида бўлиши шарт. Бироқ провизорларимиз ўз номларига дорихона очиб, ўзлари эса бошқа жойларда ишламоқда.

Масалан, шаҳардаги «Дентал блеск» дорихона сотувчиси 17-сон мактабининг 7-синфида ўқиши маълум бўлди. Шунинг­дек, дорихонанинг лицензия муддати ўтган. Бундан ташқари, ўрганиш вақтида дорихоналарда нархлар ўртасидаги тафовут ҳам бизни ажаблантирди. Қонунга кўра, дори воситалари импорт қилинганми, ўзимизда ишлаб чиқарилганми, бундан қатъи назар, биринчи қў­йилган нарх 20 фоиздан ошмаслиги лозим. Дори воситаларининг устама нархи улгуржи савдода 20 фоиз, чакана савдода 25 фоиздан ошмаслиги керак. Лекин «Муяссар фарм» дорихонасида «Клинэнема» дори воситаси устама нархи 69 фоиздан юқорилиги аниқланди. «Шамсиддин Умид» дорихонасида эса дори воситасининг муддати ўтган ҳолда сотувга қўйилган. Биз инсон соғлиғи, манфаати — энг олий қадрият эканини унутмаслигимиз керак. Тиббиётда сифатли дори воситаларидан фойдаланиш фуқароларни тиббий-ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш, ҳар томонлама соғлом авлодни дунёга келтириш ҳамда соғ­лом оилалар сонини янада кўпайтириш каби бир қатор вазифаларни амалга оширишда муҳим ўрин тутади. Демак, бу ишга масъулиятсизлик билан қарашга ҳаққимиз йўқ.

— Аҳоли саломатлиги ҳақида сўз борганда, албатта, беморларни сифатли дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш масаласи биринчи ўринда туради, — дейди халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси Дилфуза Эшмуродова. — Шу боисдан ҳам янги таҳрирдаги «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги қонунда дори воситалари ва тиббий буюмларни тайёрлаш, уларни сақлаш, сифатини назорат қилиш ҳамда расмийлаштириш дорихоналар томонидан амалга оширилиши билан боғлиқ нормалар ўз ифодасини топган.

Сифатсиз, қалбакилаштирилган дори воситалари ва тиббий буюмларнинг инсон соғлиғига зарарли таъсирини тасдиқловчи фактлар аниқланган тақдирда, уларнинг тегишли тартибда муомаладан чиқарилиши белгиланган эди. Буларнинг барчаси дори воситаларининг сифатига жиддий эътибор қаратиш лозимлигини билдиради. Бу эса албатта, халқ вакиллари бўлган депутатларга катта масъулият юклайди.

Назорат-таҳлил натижаларидан келиб чиқиб хулоса қиладиган бўлсак, хусусий дорихоналар фаолияти устидан жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш керак, деб ҳи­соблаймиз.

Сессияда мутасадди ташкилотлар вакилларига дорихоналарда учраётган хато ва камчиликлар бўйича ўз саволларимизни бердик. Тўғриси, масала сессияда ҳар томонлама чуқур таҳлил қилинди, пухта таклифлар айтилди.

Депутатлар билдирган таклифлар асосида сессия қарори қабул қилинди. Унга кўра, мутасадди ташкилотларга шаҳарда фаолият кўрсатаётган энг яхши дорихоналарнинг тажрибасини оммалаштириш мақсадида кўргазмали семинарлар ташкил этиш, дорихоналарда фаолият кўрсатаётган фармацевтларнинг малакасини мунтазам ошириб бориш вазифалари белгиланди.

Шаҳар давлат санитария-эпидемиология назорати маркази ҳамда халқ депутатлари шаҳар Кенгаши депутатлари шаҳардаги дорихоналарда санитария ҳолатини депутатлик назоратига олиш ҳамда тегишли ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш бўйича муҳим тавсияларни билдиришди.

Айрим ҳолларда ҳудудимиздаги муаммолар ўрганилиб, сессияларга киритилса-да, баъзи мутасадди корхона ва ташкилотлар раҳбарларининг эътиборсизлиги туфайли уларнинг ижроси вақтида таъминланмаяпти, дейишди депутатлар суҳбатимиз давомида. Шунинг учун тегишли масалаларни сессия кун тартибига киритиш билан чекланмасдан, қабул қилинган қа­рорлар ижроси устидан депутатлик назоратини кучайтиришга, шу орқали муаммони ўз вақтида ҳал этишга жиддий эътибор берилаётганини алоҳида таъкидлашди.

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.