09.07.2016

БОЛАЛАРНИНГ ЁНИБ ТУРГАН КЎЗЛАРИ

Ўзбекистон раҳбариятининг таълим соҳасидаги сиёсатининг энг яхши натижасидир

Давлатимиз раҳбарининг мустақиллигимизнинг йигирма беш йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисидаги қарорида мамлакатимизда ўн икки йиллик мажбурий ва бепул, умумий ва ўрта махсус таълим, икки босқичли олий таълим тизимига асос солиниб, замонавий янги авлод кадрларини тарбиялаш учун мустаҳкам пойдевор яратилгани алоҳида таъкидлаб ўтилган.

Ҳақиқатан ҳам ўтган йиллар мобайнида юртимизда соғлом ва баркамол, мустақил фикрлайдиган, за­мо­навий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган.­Ватани­миз­нинг тақдири ва келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган ёш авлоднинг вояга етиб, бугунги кунда ҳал қилувчи куч бўлиб майдонга чиқаётгани энг катта ютуғимиз сифатида таъкидланиши бежиз эмас. Мамлакатимиз келажаги эртага қандай бўлиши бугун вояга етаётган ёшларнинг билими, эътиқоди, ватанпарварлигига боғлиқ. Шунинг учун ҳам «Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта бахтли бўлишлари шарт!» деган орзу-ниятимиз умуммиллий шиорга айланиб, халқимиз қалбидан мус­таҳкам жой олди.

Бунинг сабаби шундаки, дунёдаги ҳар қайси мамлакат, жумладан, Ўзбекистон ҳам ўзининг юксак тараққиёти, жаҳон майдонидаги ўрни ва нуфузини оширишда замонавий билим ва касб-ҳунарларни, хорижий тилларни ҳар томонлама чуқур эгаллаган, интеллектуал-маънавий жиҳатдан ривожланган кадрлар, яъни ёшларга таянади. Ана шу улуғ мақсад йўлида мамлакатимизда беқиёс ишлар амалга оширилди, янги авлод кадрларини тарбиялаб вояга етказиш бўйича самарали тизим яратилди. Бу тизим бамисоли қудратли локомотив бўлиб, бутун жамиятни ҳаракатга келтирмоқда, унинг ривожига қудратли туртки бермоқда.

Содда қилиб айтганда, соғ­лом ва баркамол авлодни тарбиялаш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар давомли ва изчил характерга эга бўлиб, у жамиятнинг нафақат қиё­фаси, балки мазмун-моҳия­тини ҳам бутунлай ўз­гартириб, уни халқимиз орзу қилган янги сифат даражасига кўтаришнинг энг самарали йўлига айланиб бормоқда.

Қарорда қуйидаги улкан ўзгаришларга эътибор қаратилади: Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан барча вилоят, шаҳар ва туманларимизда 300 га яқин мусиқа ва санъат мактаблари, 2 минг 900 дан зиёд спорт иншоотлари бунёд этилган, сўнгги ўн йилда болалар ва ўсмирлар ўртасида спорт билан мунтазам шуғулланиш даражаси 30 фоиздан 57 фоизга, қизлар ўртасида 24 фоиздан 47 фоизга етган.

Биз касбимиз тақозоси билан ёшларнинг ўқишда, жамоат жойларида ўзини тутиши, кийиниши, муомала маданияти, изланиш ва қизиқиш доирасига эътибор берамиз. Уларнинг замонавий фикрлаши, ён-атрофда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга зийрак назар, дахлдорлик ҳисси билан баҳо бера олиши, профессионал билим даражаси, маънавий салоҳияти билан жамиятимиз қиёфасини белгилайдиган кучга айланиб бораётганига ишонч ҳосил қиламиз.

Бугунги ёшларимизда ўзлигини англаш, бошқалардан кам бўлмасдан, бутун билим ва куч-ғайрати, азму шижоатини намоён этишга интилиш, миллий ғурур-ифтихор туйғуси кучли. Бу ҳақиқатни халқаро миқёсда кўзга ташланган нуфузли олим ва мутахассислар ҳам эътироф этмоқда. Масалан, М.Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг ректори В.Садовничий шундай фикр билдирган: «Мамлакатингиздаги мактабларда бир неча бор бўлганман. Ҳар сафар болаларнинг ёниб турган кўзларини кўрганман — бу Ўзбекис­тон раҳбариятининг таълим соҳасидаги сиёсатининг энг яхши натижасидир».

Собиқ мустабид тузум даврида ҳукмрон мафкура «пахта — миллий ифтихоримиз» деган сохта гапларни ўйлаб топиб, бизни ҳақиқий тарихимиз, буюк аждодларимиздан, уларнинг бебаҳо меросидан бегона қилишни кўзлаган, ёшларга миллий қадриятларимиздан мутлақо йироқ бўлган шахслар ибрат қилиб кўрсатилар эди.

Бугунги кунда ёшларимиз орасидан жаҳон ва қитъа чемпионлари, халқаро фан олимпиадалари ғолиблари етишиб чиқмоқда. Уларга «Мен шу азиз юрт фарзандиман, мен улуғ зотлар авлодиман, буюк тарих ва маданият эгасиман», деган ҳақиқий миллий ғурур туй­ғуси куч-қувват ва мадад бермоқда.

Ёшларимиз оила, Ватан ва халқ шаънини ифода этадиган туйғу ва тушунчаларни, айниқса, юксак қадр­лайди. Ана шундай муқаддас мақсадларга хизмат қилишни ўзи учун буюк шараф деб билади.

«Ижтимоий фикр» жамоатчилик маркази томонидан 2016 йилнинг 28 январидан 8 февралигача «Ўзбекистон ёшлари: ҳаётий қадриятлар, маънавият, истиқбол режалари» мавзусида ўтказилган социологик сўров ва тад­қиқот натижаларига кўра, иштирокчиларнинг 63,2 фоизи ҳар бир киши ўз халқи тарихини албатта чуқур билиши керак, деган фикрни билдирган, 62,3 фоизи миллий анъаналарни ҳурмат қилиш шарт, деган фикрни билдирган.

Бугун ҳаёт биздан нафақат замонавий билим ва касб-ҳунарни эгаллаган, айни чоғда ватанпарвар, иймон-эътиқодли, миллий ва умумбашарий қадриятларга садоқатли авлодни тарбиялашимизни талаб этмоқда. Юрт учун ўзининг бутун ­борлиғини беришга тайёр бўлган бундай ёшлар, ҳаётга дадил кириб бораётган бундай қудратли авлод ­Ватанимиз мустақиллигини кўз қорачиғидай асрайди, манфаатини ҳимоя этади, уни дунёнинг энг ривожланган давлатлари қаторига албатта олиб чиқади.

 

Ҳусниддин АҲМЕДОВ,

Навоий давлат кончилик институти проректори.



DB query error.
Please try later.