Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Noyabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 31 1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 1 2
09.07.2016

БУЮК КЕЛАЖАККА ЭЛТУВЧИ ЙЎЛЛАР

Ангрен — Поп электрлаштирилган темир йўлининг барпо этилиши Ўзбекистон тараққиётидаги улкан воқеа, халқимизнинг тарихий ютуғидир

Халқимиз азал-азалдан йўл очган, одамларнинг узоғини яқин қилган инсонларни эъзозлаб, бу ишни дунёдаги энг савобли амал сифатида улуғлайди. «Умрингдан бир кун қолган бўлса ҳам кўчат эк, кўприк сол, йўл қур!», «Йўлинг доимо ёруғ ва равон бўлсин», деб ният қилади кексаларимиз. Маҳаллага тушган келиннинг энг аввало, янги хонадон кўчасини супуриши халқимизда эзгу одатга айланган — йўли обод элнинг ўзи обод ва фаровон бўлишига қаттиқ ишонамиз, бизда бу қадрият даражасига кўтарилган.

Ҳақиқатан ҳам, инсонларнинг ўзаро муносабатларида, мамлакатлар, давлатлар тараққиётида йўллар ҳамиша катта аҳамиятга эга бўлган. Улар орқали халқлар, эллар бир-бири билан алоқага киришиб, савдо-сотиқ қилган, маданиятлар бойиган, сайқаллашган. Шар­қу Ғарб ўртасида савдо-иқтисодий, маданий-маърифий муносабатларнинг мустаҳкам пойдевори бўлган Буюк ипак йўли Осиё ва Европадаги ўнлаб шаҳар ва кентлар гуллаб-яшнашига ҳаётбахш таъсир ўтказгани тарихдан маълум.

Бугунги кунда инсоният тамаддунида транспорт-коммуникация тармоғининг ўрни ва роли ўн, ҳатто юз чандон ошди, десак асло муболаға бўлмайди. У давлатлараро иқтисодий интеграция асосига айланиб, мамлакатларнинг қудрати ва салоҳияти ушбу тизимнинг қандай ривож топганига боғлиқ бўлиб қолди. Йўлнинг, у темир йўл, автомобиль йўли бўладими ёки ҳаво, сув йўли бўладими, бугунга келиб аҳамияти шу қадар ортдики, ундан ҳатто сиёсий таъсир воситаси сифатида фойдаланиш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. «Йўлга эгалик қилган — дунёга эгалик қилади» деган қарашлар пайдо бўлаётир.

Бир сўз билан айтганда, йўл бугунги глобал дунёда нафақат иқтисодий, ижтимоий, маданий, шу билан бирга, стратегик аҳамиятга молик ҳолда тараққиётнинг муҳим омили сифатида намоён бўлмоқда.

Президентимиз Ислом Каримов мус­тақил тараққиётимизнинг дастлабки йилларидан бошлаб юртимизда ҳар томонлама қулай ва замонавий транспорт коммуникация тизимини яратиш ва ташқи бозорларга янги йўлларни очиш ташаббусини илгари сурди.

«Дунё бозорига чиқиш биз учун жуда муҳим масаладир. Биз маҳсулотларимизни жаҳон бозорида сотсак, қатъий валютага эга бўламиз. Ана шунда иқтисодимизга нима керак бўлса, ҳеч кимга ялинмай, ҳеч кимга тиз чўкмай, жаҳон бозоридан сотиб олаверамиз. Бунинг учун темир йўл, автомобиль йўли, ҳаво йўли каби коммуни­кацияларимизни жойига қўйиб ­олишимиз керак. Хитой орқали ­Шарққа, Эрон ва Туркия орқали Ғарб­га, Форс кўрфазига чиқиш ҳаракатини қилмоқдамиз. Биз Ҳинд океанига ҳам чиқишимиз зарур. Шунда савдо-сотиқни, импорт ва экспортни ривожлантириш, демакки, халқимизнинг турмуш даражасини юксалтириш имкониятига эга бўламиз. Бу реал имконият. Мен Президент сифатида эмас, сохта обрў-эътибор топиш мақсадида эмас, иқтисодчи сифатида айтаяпман. Бу даврлар албатта келади.»

Давлатимиз раҳбари томонидан 1993 йил 3 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши XIII сессиясида куюнчаклик ҳамда қатъият билан айтилган бу фикр-мулоҳазалар ўша пайтда мамлакатимиздаги вазият ўта қалтис ва мураккаб эканини англатиб турибди. Агар Ўзбекистоннинг халқаро денгиз йўлларидан олисда эканини, дунё бозорига ҳатто энг яқин денгиз порти орқали чиқиш учун ҳам камида икки-учта давлат ҳудудини кесиб ўтишга, қанчадан-қанча ортиқча харажат қи­лишга, ташвиш чекишга, бошқаларнинг қош-қовоғига қараб туришга, ҳатто ўз ҳудудида жойлашган шарқ, шимол ва жанубдаги вилоятларга бориш учун бош­қа давлатлар чегарасидан ўтишга мажбур бўлгани, бундай мураккаб шароитда баъзан сунъий тўсиқларни енгишга ҳам тўғри келганини назарда тутсак, ана шу масалаларнинг барчасини комплекс ҳал этиш бўйича ўз вақтида қабул қилинган бундай қарорнинг моҳияти ва аҳамияти янада равшан бўлади.

«Шу боис, мустақиллигимизнинг биринчи кунлариданоқ жаҳонга, дунё бозорига янги йўлларни очиш биз учун сув билан ҳаводай зарур ҳаётий эҳтиёжга айланди», деган эди Юртбошимиз 2004 йили Хоразм ви­л­ояти Ҳазорасп туманида барпо этилган янги кўприкнинг ишга туширилишига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида.

Бу борада давлатимиз раҳбари томонидан қатор улкан лойиҳалар илгари сурилди. Шарқда Тошкент — Андижон — Ўш — Қашқар автомобиль йўлини қуриш орқали Хитой билан ўзаро алоқаларни ривожлантириш, шу мақсадда Фарғона водийсини мамлакатимизнинг бошқа минтақалари билан боғловчи Қамчиқ довонидан ўтадиган йўлни ишга тушириш, шимолда юртимизни Устюрт орқали Қозоғистон, ­Россия ва Европа билан боғлайдиган 316 километрлик Қўнғирот — Бейнов тезюрар автомобиль йўлини ҳамда ­Навоий — Учқудуқ — Мискин — ­Султон Увайстоғ — Нукус темир йўлини барпо этиш, Амударё узра автомобиль ва поезд қатнови учун замонавий кўприк қуриш, жанубда эса Тошгузар — Бойсун — Қумқўрғон темир йўли ва Трансафғон транспорт йўлагининг ­Ҳайратон — Мозори Шариф қисмини ­бунёд этиш ва шу йўлдан Форс кўрфази, Ҳинд океани, Жанубий ва Жануби-Шар­қий Осиё мамлакатлари портларига чиқиш лойиҳалари ана шундай орзу-мақсадларнинг амалий ҳосили эди.

25 йиллик мустақил тарихимиз юқоридаги эзгу интилишларнинг рўёбга чиққанидан, чиқаётганидан гувоҳлик бермоқда.

2016 йилнинг 22 июнь куни, ҳеч шуб­ҳасиз, Ватанимиз тарихига олтин ҳарф­лар билан ёзиладиган қутлуғ сана бўлиб қолади. Айнан шу куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин иштирокида халқимиз неча йиллар, асрлар орзиқиб кутган улуғ тарихий воқеа амалга ошди — Ангрен — Поп темир йўли ва Қамчиқ туннели ишга туширилди. Бу темир йўл ва туннел ўзининг бутун моҳияти ва кўлами билан беқиёс стратегик иншоот, хал­қимиз бунёдкорлик қудратининг бетакрор маҳсули, мустақиллигимизнинг яна бир оламшумул мўъжизаси сифатида ҳаётимиздан ўрин олмоқда ва унга янги маъно-мазмун бағишламоқда.

Ангрен — Поп темир йўли ва Қамчиқ туннели очилиш маросимида Президентимиз ушбу кунни Ўзбекистон тарихидаги шонли ва унутилмас буюк саналардан бири, деб баҳолаганида тўла ҳақ эди.

Дарҳақиқат, бу иншоотлар халқимизнинг ҳеч бир соҳада ҳеч кимдан кам эмаслиги, унинг қандай улуғ ишларга қодир эканининг яна бир исботи, «Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?» деган саволнинг яна бир амалий жавоби бўлди.

Кеча эртакдек туюлган ўй-хаёлларнинг бугун реал воқеликка айланаётгани мустақиллик ҳақиқатан ҳам нақадар улуғ неъмат эканини бизга яна бир бор англатиб, барчамизни бугунги тинч ва фаровон кунларнинг қадрига етишга, уни асраб-авайлашга чорлаши табиий, албатта.

Истиқлол шундай улуғ имкониятки, унинг неъматларини санаб адоғига етолмайсан. У келгусида халқимизга бериши мумкин неъматларни эса тасаввур ҳам қилолмаймиз. У шундай бир олий ҳуқуқки, ҳар бир халқ ўз манфаати ва фаровонлигини кўзлаб йўллар қуради, кўприклар солади, иморатлар кўтаради, ўз келажагини ўзи белгилаб, мустақил равишда режа ва мақсадлар тузади. Мустақиллик шу қадар юксак инъом эканки, у ҳар бир фуқарога инсоний қадр-қимматини, ўзлигини, дун­ёга ўз номи билан чиқиш имконини бахш этади.

Буларнинг барчасини халқимиз мус­тақилликнинг ҳар куни, ҳар дақиқасида кўрди, ҳаётида ҳис қилди ва ҳис қилмоқда. Ҳеч шубҳасиз, Ангрен — Поп темир йўлининг очилиши ана шундай улуғ лаҳзалардан бири, асрга татигулик воқеа, эл-юртимиз учун ғурур ва фахр айёмидир.

Ўта мураккаб рельеф шароитида, мустаҳкам тоғ қоялари аро қад ростлаган туннелдан, замонавий кўприклар ва мураккаб муҳандислик иншоотларидан иборат 123 километрлик бу темир излар, энг аввало, Ватанимизнинг тараққиёт йўли — фаровонлик йўли ҳисобланади.

Келинг, ушбу йўл тармоғининг баъзи бир хусусиятларига тўхталиб ўтайлик.

У 10 миллиондан ортиқ аҳоли яшайдиган Фарғона водийси вилоятларини пўлат белбоғ орқали республикамизнинг бошқа ҳудудлари билан бевосита боғлади, натижада мамлакатимизда ягона ва яхлит миллий темир йўл тизими яратилиши ўз ниҳоясига етди. Энди одамларимиз мамлакатимизнинг бир ҳудудидан иккинчисига темир йўл ор­қали боришда бошқа давлат ҳудудидан қийналиб ўтишга мажбур бўлмайди. Халқимиз, айниқса, Фарғона водийси аҳли Тошкент вилоятидан 2-3 соатлик узоқ масофада бўлган манзилларга етиб олиш учун қўшни давлат чегарасида асоссиз бир неча соатлаб ушлаб турилган, юклари бир неча кунлаб кечикиб келган, ортиқча вақт ва маблағ сарфлашга мажбур бўлган пайтларни албатта яхши эслайди. Бу йўл ана шундай оворагарчилик ва сарсонликларга барҳам бериб, ҳар қандай иқлим шароитида водийни юртимизнинг бошқа минтақалари билан ишонч­ли ва самарали боғлайди.

 Барчага маълум, мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб мамлакатимиз ҳудудида ягона темир йўл тизимини яратишга киришилди. Шу мақсадда дастлаб асрий Қорақум ва Қизилқум чўллари бағрида 342 километрлик Навоий — Учқудуқ — Мискин — Султон Увайстоғ — Нукус темир йўли қуриб битказилди, кечагина ҳатто от-улов билан бориш қийин бўлган чекка овуллар ёнида замонавий темир йўл бекатлари бунёд этилди. Бугунги кунда Навоий вилоятининг ўзида йўловчилар учун барча қулайликларга эга бўлган 15 та ана шундай бекат аҳолига хизмат қилмоқда. Шўро даврида оддий автобус бекатини қуриш учун йиллаб сарсон-саргардон бўлган замонларни ёдга оладиган бўлсак, бугунги саодатли кунларнинг қадри ва қиммати нақадар улуғ эканини яна бир бор ҳис этамиз.

«Аср қурилиши» номини олган, Ҳисор, Бойсун тоғларини кесиб ўтувчи 223 киломерлик Тошгузар — Бойсун — Қумқўрғон темир йўли жанубий вилоятимиз — Сурхондарёни мамлакатимизнинг бошқа шаҳар ва қишлоқлари билан боғлаш имкониятини берди. Термиздан Тошкентгача бўлган масофа 170 километрга қисқарди. Баланд тоғ чўққисию дараларни кесиб ўтадиган ушбу йўл юртимиз тараққиёти ва халқимиз ҳаётида қандай аҳамиятга эга эканини бугун ҳаммамиз кўриб, билиб турибмиз.

Мустақиллик йилларида мамлакатимиз темир йўл тизимида амалга оширилган ишларнинг миқёси ва кўлами ҳақида фикр юритсак, темир йўлдан ҳам узунроқ рақам ҳосил бўлади. Ўтган йилларда Ўзбекистонда 1200 километр янги темир йўл тармоғи барпо этилди, 3800 километрлик йўл қайта таъмирланди, 1100 километр йўл электрлаштирилди. 17 та янги темир йўл вокзали қурилди ва 8 та вокзал реконструкция қилинди, 47 та кўприк, жумладан, Амударё узра темир йўл транспорти ва автомобиллар учун муҳташам кўприк ҳамда бошқа кўплаб йирик транспорт инфратузилма объектлари қурилди. Собиқ Иттифоқ пайтида Термиз яқинидаги 114 километрлик йўл қурилишига 9 йил сарфлангани инобатга олинса, мустақиллик бу борада тараққиёт суръатларини қанчалик тезлаштириб юборгани яққол ойдинлашади.

Эркинлик ва озодлик, ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи халқимизнинг бунёдкорлик ва яратувчилик салоҳиятини тўла рўёбга чиқарди. Шу имконият туфайли биз нафақат бугунги кунимизни қурмоқдамиз, балки келажагимиз пойдеворини ҳам мустаҳкамламоқдамиз. Шу маънода, Ангрен — Поп темир йўли бу фикрнинг яққол тасдиғи бўлган иншоотдир, у Ўзбекис­тонимизни келажакнинг ёруғ манзиллари томон бошлайди.

Бу ҳақда сўз борар экан, Наманган, Фарғона, Андижон вилоятларининг улкан иқтисодий ва меҳнат салоҳиятини ўзлаштириш, аҳолининг узоғини яқин қилиш, водий корхоналарида ишлаб чиқарилган маҳсулотларни мамлакатимиз, айни пайтда дунё бозорларига, шунингдек, деҳқон ва фермерларимиз томонидан етиштирилган озиқ-овқат маҳсулотларини буюртмачи ва истеъмолчиларга ўз вақтида ва сифатли етказиб беришга имконият туғилгани ғоят муҳим аҳамиятга эгадир.

Ҳисоб-китобларга кўра, Ангрен — Поп темир йўли шу йилнинг ўзида 600 минг йўловчининг узоғини яқин қилади. Бу рақам кейинчалик мунтазам равишда ошиб боради.

Янги йўлнинг ишга туширилиши натижасида Тошкентдан Фарғона водийси вилоятларига юк ташиш вақти 2 баробар қисқаради, юк ташиш тарифи салкам 4 марта камаяди. Бу темир йўлнинг фойдаланишга топширилиши мамлакатимиз учун йилига 10 мил­лион тоннадан ортиқ юк ташиш ва транзит ҳисобидан 140 миллион доллар маблағни тежаш имконини беради.

Янги темир йўл Ангрен эркин иқтисодий зонаси янада ривожланиши учун кенг шарт-шароитлар яратади. Бу ерда янги корхоналар ишга тушади, уларда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар логистикаси бўйича қўшимча қулайликлар пайдо бўлади.

Темир йўл қатновининг очилиши йўл атрофидаги қишлоқ ва аҳоли пунктларида қурилиш ва саноат, транспорт ва алоқа, хизмат соҳаларини ривожлантиришга, соғлиқни сақлаш, таълим-тарбия, умуман, янги-янги маданий ўчоқларнинг очилишига, тоғ ён бағридаги ҳаётни жонлантиришга, унинг суръатларини тезлаштиришга мустаҳкам замин яратади. Буни Ангрен, Кўл, Чодак, Кон, Темирйўлобод ва Қўшминор каби 6 та янги станция ҳамда Орзу ва Поп янги вокзал бинолари барпо этилгани, йўл хавфсизлигини таъминлайдиган ўнлаб ишлаб чиқариш объектлари, мактаб, тиббиёт масканлари, сув ва газ тармоқлари каби ижтимоий инфратузилма иншоотлари барпо қилингани мисолида ҳам кўриш мумкин.

Бундай улкан лойиҳа ва режаларнинг амалга оширилиши шу минтақада яшайдиган аҳолини иш билан таъминлаш ва унинг амалий эҳтиёжларини қондиришда катта аҳамият касб этиши барчамизга аён. Қурилиш даврида бу ерда 4 минг киши иш билан банд бўлди. Янги темир йўл ишга тушиши билан яна 1,5 минг нафар киши доимий иш ўрнига эга бўлди. Эътиборли жиҳати шундаки, келгусида янги корхоналар ва хизмат шохобчаларида, жумладан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасида қўшимча равишда 2-2,5 минг киши ўз иш жойини топади. Янги, муносиб иш ўрни — фаровонлик асоси, фаровонлик эса барқарорлик, тинч-тотув ҳаётнинг кафолати экани барчага маълум ҳақиқат.

Шуни таъкидлаш зарурки, Ангрен — Поп электрлаштирилган янги темир йўли «Хитой — Марказий Осиё — Европа» халқаро темир йўл транзит коридорининг ажралмас қисми сифатида Европа билан Осиё қитъасини ўзаро боғлайдиган трансмиллий транспорт йўлагининг ўта муҳим узвий бўғинини ташкил этади. Аввало, бу йўл Ўзбекистон билан Хитой ўртасида энг қисқа темир йўл тармоғининг стратегик йўналиши ҳисобланади. У қадимий Буюк ипак йўлининг янгича маъно-мазмун касб этадиган, замонавий йўналиши саналиб, Ўзбекистоннинг Хитойга, Хитойнинг Ўзбекистонга, жумладан, Марказий ва Жанубий Осиёга чиқишини таъминлайди. Бир сўз билан айтганда, янги йўл Фарғона водийсининг иқтисодий ва ижтимоий ривожланишига, юртимизнинг экспорт имкониятини янада кенгайтириш ва транзит салоҳиятини оширишга хизмат қилади.

Дунё жамоатчилиги томонидан «буюк мўъжиза» дея эътироф этилган Ангрен — Поп электрлаштирилган темир йўли қурилиши тарихига назар ташлайдиган бўлсак, аввало Юртбошимиз мазкур йўлнинг мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини таъминлаш борасидаги аҳамияти ҳақида илк бор 2013 йили Халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида атрофлича фикр-мулоҳаза билдирганини эсга олишимиз табиийдир. Ўшанда Президентимиз ушбу йўл 2016 йили ишга туширилиши ҳақида гапирган эди. Шу йили давлатимиз раҳбарининг «Ангрен — Поп электрлаштирилган темир йўл линияси қурилишини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Мана, ўша кун: Ангрен — Поп темир йўл тизимида ҳаракатланадиган «Ўзбекистон» поезди дастлабки фахрий йўловчиларни кўпдан орзиқиб кутилган манзил томон бошлади. Денгиз сатҳидан қарийб 1,5 минг метр баландда бўлган 19 километрлик Қамчиқ туннели 16 дақиқада босиб ўтилди. Қандай рамзий ўхшашлик: «Ўзбекистон» деб ном олган поезд — баланд чўққилар — юқори тезлик — обод, кўркам манзил...

Ўзбекистон — Ватанимиз тоғ даралари оша тараққиёт чўққиси сари интилмоқда, унинг ривожланиш суръатлари юксак, у ёруғ манзилларни забт этиш учун тинимсиз ҳаракатда.

Орзу-мақсадлари йўлида қатъий, азму шижоатли, кўпни кўрган халқимиз кўзлаган манзилига албатта етади. Ангрен — Поп темир йўли бўйлаб ҳаракатланган «Ўзбекистон» поездида ёруғ йўлга чиққан ҳар бир йўловчи бу ҳақиқатни ўз юрагидан, қалбидан ўтказганига, истиқлолнинг фараҳбахш кунлари учун шукроналар айтганига ишончимиз комил.

Бу йўллар юртимизнинг қудратли тараққиётига қувват бағишламоқда. Бу йўллар халқимизга фаровонлик, тўкинлик келтираяпти. Муҳтарам Президентимиз танлаган бу йўл бизни дунёга олиб чиқмоқда, ҳаммамизга чексиз ғурур-ифтихор бағишламоқда. Қиёсланг, хулоса қилинг: кеча ким эдигу, мана, бугун ким бўлдик! Эртага бизни қандай улуғ марралар кутмоқда!

 

Акбар ЖОНУЗОҚОВ



DB query error.
Please try later.