09.07.2016

ЭРКИН ВА ОЧИҚ МУЛОҚОТЛАРДА

сайловчиларнинг ислоҳотлар тақдирига бефарқ эмаслиги яққол намоён бўлди. Учрашувларда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолини ўйлантириб келаётган айрим масалаларни ҳал этиш бўйича фикр-мулоҳазалар, фойдали маслаҳатлар, таклифлар билдирилди.

 

ТАРАҚҚИЁТ ВА ДУНЁҚАРАШ

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Аксавли Тумишова ­Навоий вилояти Зарафшон шаҳридаги сайловчилар билан учрашди.

«Янги Зарафшон», «Олтин водий» маҳалла фуқаролар йиғинлари ва туман тиббиёт бирлашмасида бўлиб ўтган учрашувларда, аввало, истиқлол йилларида эришилган ютуқлар ҳақида сўз борди.

— Ўтган 25 йил ичида нафақат мамлакатимиз тараққиёти юксалди, айтиш мумкинки, бу даврда одамларнинг дунёқараши, фикрлаш тарзи ҳам ўзгарди, — деди депутат. — Айниқса, биз учун мутлақо янгилик бўлган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожланмоқда, бу орқали аҳолининг турмуш шароити янада яхшиланяпти. Эътибор берсак, қишлоқ жойларда ҳам банд аҳолининг 70-75 фоизи ушбу тармоқ ҳиссасига тўғри келмоқда.

Жорий йилнинг Соғлом она ва бола йили деб эълон қилиниши, шу аснода кўплаб чора-тадбирларнинг амалга оширилаётгани барчамизни, айниқса, хотин-қизларни хурсанд қилмоқда. Давлат дастури асосида чекка ҳудудларда «Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин» шиори остида тиббий кўриклар ташкил этилаётгани, «Саломатлик поезди»нинг олис ҳудудларгача етиб бориши фуқароларнинг саломатлиги йўлида қилинаётган ишларнинг амалий кўринишидир.

Бир эслайлик, бундан 25 йил аввал Зарафшон шаҳрида яшаш, ҳордиқ чиқариш учун дурустроқ шароит бормиди? Истиқлол сабаб бу шаҳарга файз кирди. Бугун савлат тўкиб турган иморатлар, ижтимоий соҳа объект­лари, ёшлар учун қурилган «Камолот» уйлари унинг кўркига кўрк қўшган. Бу шаҳарда ҳаёт бутунлай ўзгарди. Навоийликлар буни юрак-юракдан ҳис этиб яшамоқда.

Шунингдек, Аксавли Тумишова яқинда фаолият бошлаган «ORIANA YARNS TEXTILE» қўшма корхонасида бўлиб, у ерда ишчиларга яратилган шароит билан танишди.

Учрашувларда меҳнат фахрийлари, ёшлар ҳам сўзга чиқиб, олиб борилаётган ислоҳотлардан мамнунликларини таъкидлаб, тинч ва осуда кунларнинг қадрига етиш ҳар бир кишининг бурчи эканини алоҳида қайд этишди.

 

ФОЙДАЛИ МАСЛАҲАТЛАР, ТАКЛИФЛАР

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Феруза Эшматова сайловчилар билан учрашиш учун Шаҳрисабзнинг бош майдони — Амур ­Темур хиёбонига келганида, ҳайратини яшира олмади. Ҳаяжонини ҳамроҳи — ЎзХДП туман кенгаши раиси, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Дилшод Ёров билан бўлишди. Дарҳақиқат, бу ерда ҳар бир бино, фаввора ўзига хос қурилган. Кенг аллея дарахт ва гулларга бурканган. Айниқса, тенгсиз обида Оқсарой таъмирдан кейин ярқираб салобат тўкиб турибди.

Майдоннинг бир чеккасида қад кўтарган янги қўш қаватли бинода музей ташкил топибди. Унда мусаввирлар ишларидан намуналар қўйилибди. Шаҳрисабзлик рассом Азизжон баландлиги 75 метрдан кам бўлмаган қадимий Оқсаройнинг суратини чизибди.

Бош майдоннинг шарқ томонида қурилган 3 қаватли уйлардан бирининг биринчи қавати «Ҳунарманд» уюшмасига ажратилган экан. Уюшма раҳбари Юлдуз Мамадиёрова 400 дан ошиқ касаначи жалб этилгани, чеварларнинг буюмларини чет элга чиқаришга ҳаракат қилишаётгани ҳақида гапириб берди. Шу аснода туман партия ташкилоти етакчиси Дилшод Ёров яқинда Тошкентда ўтган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг олий анжумани аҳамияти тўғрисида депутатнинг фикрини сўради.

— Ростини айтсам, — деди ­Феруза Эшматова. — Ҳануз чексиз фахр ва ҳаяжон оғушидаман. Чунки анжуманда қабул қилинган битим ва ҳужжатлар дунёда тинчликни мустаҳкамлаш, ҳамкорлик, ҳамдўстлик, иқтисодий тараққиётни янги босқичга кўтаришга хизмат қилади. Меҳмонлар шарафига берилган катта концертда халқлар ўртасидаги санъат, маданият, маънавият борасидаги ҳамкорлик юксак натижалар бериши яққол намоён бўлди. Ифтихоримиз шундаки, Ватанимизнинг жаҳонда ўз ўрни бор, тараққиётнинг ўзимизга хос ва мос йўлидан бор­япмиз, ҳамма соҳада тарихий ютуқлар қўлга киритил­япти. Мана, Шаҳрисабз шаҳридаги тенги йўқ қурилиш ва бунёдкорликлар бунга ҳаётий мисол.

«Ўзбекбурғунефтгаз» АЖ га қарашли Беруний номли оромгоҳда 400 бола ёзги таътилни мароқли ўтказмоқда. Депутатимиз мураббийлар ва ёшларга ўтган 25 йилда эришилган юксак натижалар, ёш авлод камолоти йўлида қабул қилинган қонунлар ва ҳуқуқий ҳужжатларнинг моҳияти, уларнинг ижроси ҳақида жонли мисоллар билан сўзлаб берди. Озиқ-овқат ва маиший хизмат коллежи жамоаси ҳамда «Кунчиқар», «Оқсарой» ва бошқа маҳаллалар вакиллари ҳузурида депутатимиз шу йилнинг апрель ойида кучга кирган «Парламент назорати тўғрисида»ги ва бошқа қо­нунларни батафсил ­шарҳлаб берди. ­Коллеж директори ­Комила ­Эгамова ва бошқа сўзга чиққанлар ҳудуддаги бир қанча ижтимоий масалалар юзасидан ўз таклифларини билдиришди.

Навкот қишлоғида жойлашган 2-вилоят кўз касалликлари шифохонасидаги учрашувда дори-дармонлар нарх-навоси турлича экани билан боғлиқ масала кўтарилди. Шунда депутатимиз партиямизнинг Сайловолди дастурида бу борада белгиланган вазифалар, соҳа қонунчилигига киритилган охирги ўзгартиш ва қўшимчалар хусусида батафсил ахборот берди.

«Кунчиқар» ҚФЙга қарашли Мактабод қишлоғида жойлашган қишлоқ врачлик пунктида сайловчилар оилавий ҳамшираларнинг иш шароитини янада яхшилаш масаласини тилга олишди. Дарҳақиқат, мамлакатимизда патронаж — оилавий ҳамширалар ишини ташкил қилиш Қашқадарё вилоятида илк бор Шаҳрисабз туманида синаб кўрилган эди. Бугун давр талабига кўра, барча туманларда оилавий поликлиникалар ва кўплаб ҳамширалар фаолият кўрсатмоқда. Тегишли низомга мувофиқ, 1 ҳамшира ҳафтада 40 оиладан хабар олиши лозим. Бунга тўлиқ улгуриш, аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш учун уларга муайян транспорт воситаси зарур. Шундан келиб чиқиб, сайловчилар ҳамшираларга велосипед зарурлиги, ўзаро ҳамкорликда ҳомийларни жалб этган ҳолда, бу масалани ҳал қилиш мумкинлиги ҳақида таклифлар билдиришди.

— Очиғи, бу гал сайловчилар билан учрашувда жуда кўп фойдали маслаҳатлар, таклифлар олдим, — дейди депутат. — Нодавлат-нотижорат ташкилотларидан Кўзи ожизлар жамияти бўлинмаси, «Шаҳрисабзнинг 2700 йиллиги» жамғармаси вакиллари билан учрашув ҳам эсда қоларли бўлди. Яна бир воқеа унутилмайди. Эсимда, 2014 йилнинг декабрь ойида тумандаги «Бигном» қишлоғида бўлганимда сайловчилар 44-мактаб эски биносининг аҳволи ҳақида ачиниб гапиришган эди. Мен бу масалани Халқ таълими вазирлигига маълум қилдим. Натижада ушбу мактабнинг янги биносини қуриш, «Полмон» қишлоғидаги 33-мактабни капитал таъмирлаш 2017 йилнинг режасига киритилди. Мен шу ва бош­қа фаолиятим ҳақида сайловчиларга ҳисоб бердим.

Учрашувларнинг ўзига хослиги шунда эдики, барча ҳудудларда ­Мустақилликнинг қутлуғ байрамини кутиб олишга қизғин ҳозирлик кетмоқда. Одамлар меҳнат қилишаяпти, орзу-умидлар билан яшаяпти. Бу — ҳаёт, бу — тараққиёт дегани.

 

ИСТИҚЛОЛНИНГ ҚАДР-ҚИММАТИ

 

Фарғона вилояти Бувайда туманидаги Қўнғирот қишлоқ фуқаролар йиғини биноси одатдагидан гавжум эди. Уч кун аввал бино олдига қўйилган эълон ўз натижасини берган. Бугун бу ерда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Аваз Ўринбоев билан сайловчилар учрашуви бўлиб ўтади.

— Ҳар икки-уч ойда депутатимиз билан учрашиб, долзарб мавзу­ларда мулоқот қиламиз, — дейди ЎзХДП фаолларидан бири ­Хатичахон ­Султонова. — Депутат қабул қилинган янги қонунлар моҳияти, улар бизга қандай ҳуқуқ бергани, бурч юклагани ҳақида халқона тилда тушунтириб берди. Бизнинг таклиф-мулоҳазаларимизга муносабатини билдирди, муаммоларимизга ечим излашга ҳаракат қилди. Биз депутатимиздан мамнунмиз.

Бу галги учрашув ҳам расмиятчиликлардан холи, самимий ўтди. Ўзбекистонимиз катта байрам бўсағасида турибди. Мустақилликнинг 25 йиллиги муносабати билан депутат ҳам, сайловчи ҳам босиб ўтилган мураккаб, лекин шарафли йўлга таҳлилий назар ташлади.

Учрашувда сўзга чиққан Ўз­бекистон Қаҳрамони, таниқли фермер, ЎзХДП аъзоси Патилахон ­Эргашева мустақиллик йилларида эришилган ютуқлар, юртимизда ҳукм сураётган тинчлик, осойишталик, ижодий ва бунёдкорлик муҳити ҳақида гапирар экан, ҳудудларда ишлаб чиқаришни кенгайтириш, аҳоли бандлигини таъминлашга қанчалик эътибор берилаётганидан мамнунлигини билдирди.

Шунингдек, бошқа иштирокчилар ҳам истиқлол имкониятлари, шукроналик, миллий ғурур ва шахсий бурч тушунчалари ҳақида сўзлашди.

Депутат сўнгги йилларда юртимизда амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар, янгиликлар, айниқса, яқинда пойтахтимизда бўлиб ўтган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти ­Саммити, ­Ангрен — Поп электрлаштирилган темир йўли ва Қамчиқ туннели қурилиб ишга туширилиши, буларнинг оддий одамлар ҳаётидаги аҳамияти ҳамда бошқа муҳим масалалар ҳақида тўхталиб ўтди. Бу буюк ишлар замирида тинимсиз меҳнат, оқилона сиёсат, қанчадан-қанча инсонларнинг бедор тунлари турибди, дейишди иштирокчилар. Учрашувда аҳолини қизиқтираётган турли саволларга атрофлича жавоб берилди.

Депутатнинг кичик бизнесни ривожлантириш, коллеж битирувчиларини тадбиркорликка жалб қилиш, маҳаллаларда қўшимча иш ўринлари барпо этиш, имтиёзли кредитлардан фойдаланиш, бу борада ёшларга ҳамкорликда ёрдам кўрсатиш ҳақидаги фикрлари йиғилиш қатнашчилари томонидан зўр қониқиш билан қабул қилинди.

Мана шундай тадбирлар туман марказидаги Болалар ва ўсмирлар ижод марказида, «Янгиқўрғон» шаҳарча фуқаролар йиғинида, «Бувайда» қишлоқ фуқаролар йиғинларида ҳам фаоллик ва самимий вазиятда бўлиб ўтди. Уларда партия фаоллари, ёшлар ҳамда кўпни кўрган нуронийлар иштирок этиб, истиқлолнинг қадр-қиммати, хал­қимиз тақдиридаги аҳамияти ҳақида фикрлар билдиришди. Йиғилишларда Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисидаги қарорида белгиланган вазифалар, байрамга тайёргарлик кўриш ва уни кўтаринки руҳда ўтказиш, бу жараёнда депутатлар, партия аъзоларининг фаоллигини ошириш хусусида таклифлар айтилди.

Болалар ва ўсмирлар ижод марказида бўлиб ўтган учрашувда сўзга чиққан Мукаррамхон ­Турсунова мамлакатимизда ёш авлод тарбиясига берилаётган мисли кўрилмаган эътиборни тилга олди.

— Ўғлим Отабек яқинда давлатимиз пойтахтида ўтказилган ёш мақом ижрочиларининг анъанавий кўрик-танловида иштирок этиб, биринчиликни қўлга киритди, — дейди онахон. — Фарзандим Ўзбекистон давлат консерваториясига имтиёзли равишда ўқишга қабул қилинадиган бўлди. Бу ёш авлодга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг амалдаги ёрқин намунаси, деб ўйлайман.

Туманда спортнинг турли йўналишларидан республика ва Осиё чемпионлари борлигини қувонч ­билан тилга олса бўлади. Шулардан бири 1-сонли болалар ва ўсмирлар спорт мактаби тарбияланувчиси ­Исмоил Маҳмудов ҳақида унинг устози ­Аббос Осланов шундай дейди:

— Шу йил 16-17 январь кунлари Тошкент шаҳрида юнон-рум кураши бўйича бўлиб ўтган халқаро турнирда Исмоил ғолибликни қўлга киритди. Олтин медални қабул қилиб олар экан, кўнглимиздан Президентимизнинг «Спортчи майдонга ўз юрти, ўз хал­қи номидан тушади. Унинг ғалабаси шарафига Давлат мадҳияси янг­райди, мамлакат байроғи кўтарилади. Ҳар бир мамлакат, миллат ўз чемпионлари билан фахрланади. Шунинг учун ҳам улар Ватаннинг ифтихорлари ҳисобланади» деган сўзлари ўтди.

— ЎзХДПдан сайланган депутат билан бу галги учрашувлар энг улуғ, энг азиз байрамимиз арафасида ўтаётгани учун ҳам ўзига хос маъно-мазмунга эга бўлди, — дейди ЎзХДП Бувайда туман кенгаши раиси ­Ҳабибахон Тошматова. — Барчада кўтаринки кайфият. Айниқса, бир қатор ёшларга партиямизга аъзолик гувоҳномалари учрашувлар пайтида топширилаётгани улар учун унутилмас воқеа бўлмоқда. Партиямиз сафи кенгайиб, тобора жипслашиб бораётганидан мамнунмиз.

 

ҚОНУН ИЖОДКОРЛИГИ ВА ДЕМОКРАТИК ИСЛОҲОТЛАР

 

Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли туманидаги «Мустақиллик» овул фуқаролар йиғинида Олий ­Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси ­Салауатдин ­Худайбергенов билан ташкил этилган учрашувда Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон республика кенгаши масъул ходимлари ва бир қанча мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирок этди. Йиғилганлар маҳалла аҳолиси, айниқса, партия электорати вакилларини ўйлантираётган масалаларни муҳокама қилишди.

— Бизнинг маҳалладаги 984 хўжаликда 7016 нафар аҳоли иноқ яшаяпти, — дейди «Мустақиллик» овул фуқаролар йиғини раиси ­Фарҳод ­Жуманиёзов. — Сайлов округимиздан сайланган депутат билан ҳар доим ҳудудимиздаги масалаларни биргаликда ўрганиб чиқамиз. Бугунги кунда бу ерда тоза ичимлик суви ва болалар учун боғча масаласи долзарб бўлиб турибди. Депутатимиз бу борадаги таклифларимизни эшитди, уларни назоратга олди.

Депутат сайловчиларга парла­мент­даги қонун ижодкорлиги жараёни, қонун лойиҳалари юзасидан сиёсий партиялар фракциялари ўртасида кечаётган қизғин баҳс-мунозаралар, уларнинг аҳамиятли жиҳатлари ҳақида кенг тушунча берди. Хусусан, қонун лойиҳалари ЎзХДП фракцияси томонидан тегишли соҳа мутахассислари иштирокида чуқур таҳлил этилаётгани, маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари аъзолари билан ҳамкорликда электорат манфаатларига хизмат қиладиган таклифлар тайёрланаётгани ва улар қонунчиликда ўз аксини топаётгани қайд этилди. Буларнинг барчаси мамлакатимизда том маънода парламент демократия­сини қарор топтиришда муҳим ўрин тутиши таъкидланди.

Ана шундай учрашувлар Хўжайли туманидаги «Саришунгул», «Кенегес» овул фуқаролар йиғинларида ҳам юқори савия­да ўтди.

 

КЕЧА КИМ ЭДИГУ БУГУН КИМ БЎЛДИК?

 

Сурхондарё вилоятидаги 74-­Денов сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик ­па­латасига сайланган депутат ­Қаҳрамон Мирзаев Денов туманидаги «Хайробод», ­«Янгиобод», «Қизилжар», «Пистамозор» қиш­лоқ фуқаролар йиғинлари ва бир нечта маҳалла, ташкилотларда сайловчилар билан учрашувлар ўтказди. Уларда депутат мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар, парламент­да қабул қилинган қонунлар мазмун-моҳияти ҳақида сайловчиларга батафсил маълумотлар берди.

Бугун нафақат туман ва шаҳар марказлари, балки чекка ҳудудлар ҳам ўзгача қиёфа касб этмоқда. Намунавий лойиҳалар асосида бунёд этилаётган уй-жойлар, кўркам гузарлар, шарқ меъморчилиги услубидаги кўпқаватли турар-жойлар кўрган кишининг ҳавасини келтиради. Жаҳон талабларига тўлиқ жавоб берадиган таълим масканлари, шинам спорт мажмуалари ёшлар ихтиёрида. Ушбу ажойиб манзараларни кўрган одамнинг кўнглидан беихтиёр «Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?» деган ўй ўтади, қалбни фахр-ифтихор туйғуси чулғайди.

— Ҳудудимизда 3 минг нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади, — дейди «Қорахон» маҳалла фуқаролар йиғини раиси, туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси ­Холмамат Хўжақулов. — Ўтган давр­да 53-умумтаълим мактаби ва Денов компьютер технологиялари касб-ҳунар коллежи фойдаланишга топширилган бўлса, яна учта мактаб капитал таъмирланди. Намунавий лойиҳалар асосидаги 145 уй-жойдан хонадон эгалари мамнун.

— Бугун дунёнинг кўпгина мамлакатларида иқтисодий инқироз кузатилмоқда, — дейди «Чўнтош» ­маҳалла фуқаролар йиғини раиси, ЎзХДП фаоли Ҳимматой ­Аллаёрова. — Мамлакатимизда эса соҳалар бар­қарор ривожланиб, хал­қимизнинг турмуш фаровонлиги кун сайин яхшиланмоқда. Яқинда маҳалламизнинг янги гузари барпо қилинди, ўнга яқин савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари фойдаланишга топширилди. Аммо камчиликлар ҳам йўқ эмас. Маҳалламиздаги 3 километр ички йўл таъмирланса, айни муддао бўларди. Шу билан бирга, болалар боғчаси ва футбол майдончасига эҳтиёжимиз бор. Бунинг учун тегишли ер майдони ажратилса, дегандим.

Ҳозир сунъий қопламали футбол майдончаси қуриш оммавий тус олмоқда. Депутатларимиз ҳар бир қишлоқда ана шундай майдончалар қурилишини назоратга олса, уларни барпо этиш, маҳаллада улардан фойдаланишнинг қонуний асосларини яратишса, яхши бўларди, деб ўйлайман.

— Ҳаёт шиддат билан ўзгариб бормоқда, — давом этади 53-умумтаълим мактаби директори ­Саъдулло Бозоров. — Бир вақтлар ўзимиз сайлаган депутатни кўрмаганмиз. Турли ваъдаларни берганлар ҳам ўтди. Бугун эса мамлакатимизда қабул қилинаётган қонунларнинг мазмун-моҳияти, депутатимиз фаолияти ҳақида батафсил маълумотга эга бўлдик. Бундай ўзгариш, янгиланиш ва яшариш мустақиллик иноятидир.

 

Илҳом САТТОРОВ,

Юнус УЗОҚОВ,

Муҳаммаджон ОБИДОВ,

Мнажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ,

Абдумалик ҲАЙДАРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбирлари.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: