05.07.2016

УЛУҒ ОРЗУЛАР РЎЁБИ

Аввал хабар берилганидек, ­Президентимиз жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободончилик ишлари билан яқиндан танишиш мақсадида Қашқадарё вилоятида бўлганида Қарши шаҳридаги ўзгаришлар билан танишди, келгуси вазифаларимиз ҳақида кўплаб маслаҳатлар берди. Қарши туманидаги «Шукрона» фермер хўжалиги даласида бўлган суҳбат давомида тарихимизнинг эсдан чиқмас воқеалари ёдга олинди. Эзгу ишларимизни давом эттириш, муносиб ворислар — истеъдодли ёшларни камолга етказиш ҳақида долзарб фикр-мулоҳазалар баён қилинди.

Тонг энди отиб келяпти. Дарёнинг тўғон ортидаги суви нурга чулғана бошлади. Шу дам кўприк панжарасига суяниб, қурувчи ­Қўзибой Ҳушвақтов билан гурунг қилиб турган Ғайбулла Отабоевга кўзим тушди. Севиниб кетдим. У киши шаҳарнинг донишманд кексаларидан бири. Қарийб чорак аср Роғузар маҳалласи оқсоқоли бўлди. Бу йил етакчиликни шогирдларидан бирига топширди. Маҳалла ­идорасига келганимда, ­Ғайбулла ота ва бошқа шаҳар ­фаолларининг Президентимиз билан тушган суратини кўп бора кўрганман.

— Ўша сурат 2008 йилнинг ёзида олинган, — дейди кўзлари нурланиб Ғайбулла ота. — Ўшанда Юртбошимиз «Геолог» спорт ва соғ­лом­лаштириш маркази қурилишини кўздан кечириб, маҳалла оқсоқоллари билан суҳбатлашган, одамларнинг турмуши, кайфияти ҳақида сўрагандилар. Мана шу дарё соҳилидаги маҳаллада туғилиб, ўсдим. Энди ўйлаб қарасам, жонажон шаҳримдаги ўзгариш ва бунёдкорликлар ана шу улуғ инсоннинг доимий эътибори, ғамхўрлиги, орзу-умидлари билан боғлиқ. У киши Қаш­қадарё вилояти раҳбари бўлган кезларида Қарши шаҳрида қурилган ўнлаб бинолар бу ердаги ­бунёдкорликнинг биринчи бос­қичи эди. Иккинчи босқичи — шаҳарнинг 2700 йиллик қутлуғ тўйига тайёргарлик давридир. Президентимизнинг Қарши шаҳрида ободончилик ишларини давом эттириш ҳақидаги янги қарори — бунёдкорликнинг учинчи бос­қичини бошлаб берди. Шундай ажойиб бинолар қурилиб, янги хиёбон ва боғлар барпо этилаяптики, ақлинг лол қолади. Менимча, бу буюк тафаккур меваси, улуғ орзуларнинг рўёбидир. Очиғи, ўзим ўсган маҳалла қаршисидаги дарё соҳилининг қаровсиз ётгани, кўнгилга ғашлик соларди. Мамлакатимиз раҳбари ўтган йили ёзда шаҳарга келиб, Амир Темур бобомиз қурдирган кўприк атрофини обод қилиш, сайилгоҳ ва оромгоҳ бунёд этиш юзасидан батафсил режа тузиб бергандилар. Ҳозир ҳар бир қаршилик бу сафар ­Президентимизнинг шаҳардаги темир йўл вокзали биноси ва курантни, Мустақиллик кўчасидаги обод хиёбон, «Насаф» футбол клубининг катта ўйингоҳи ва бош­қа қурилишларни кўздан кечиргани, бун­ёдкорлик юзасидан қимматли маслаҳатлар берганини бир-бирига суюниб, қувониб ҳикоя қилиб юрибди.

— Мен ҳам уйда ўтиролмадим, тўғри янги сайлгоҳга келдим, — дейди иккинчи суҳбатдошим «Қашқадарёмахсусқурилишдизайн» шўъба корхонаси устаси Қўзибой Хушвақтов. — Ташкилотимиз 4 та бандаргоҳ, тўғон ва бошқа қурилишларда иштирок этди. Очиғи, бутун мамлакатдан қурувчилар келди. Масалан, эски кўприкдаги ўймакор мармар панжаралар Тошкентдаги «Ижод» бирлашмаси моҳир усталарининг иши. Ҳозир бажарган ишларимизга қараб туриб фахрланаман. Уларни Юртбошимиз ўз кўзлари билан кўрганлари, қурувчиларга раҳмат айтганларини фарзандларимга ҳам гапириб бераман.

Қурувчи қалбидаги қувонч менга ҳам кўчди. Рост, қисқа фурсатда тенги йўқ ишлар қилинди. Дарё тўсилиб, 3 та тўғон қурилди. ­Соҳил бўйидаги эски бинолар ўрнига 14 коттеж, 4 кафе қурилди. Жами 144 минг/кв. метрдан ошиқ майдонда мукаммал суғориш тизими яратилди. Сайлгоҳда дарахтлар, гуллар барқ уриб турибди. Дам олиш учун келган аҳолига 51 катамаран, 2 сайёҳлик катери хизмат қилаяпти. Болаларимиз учун 4 аттракцион ва эртакнамо майдончалар барпо этилган.

Ўз ишидан фахрланаётган қурувчи, умрини азиз шаҳри ва маҳалласи ободлиги учун бахшида қилган Ғайбулла ота билан хўшлашиб, Қарши туманига йўл олдим. Бу ерда илк суҳбатдошим «Абдиев Мажид» фермер хўжалигининг раиси Суюн Абдиев бўлди. У қарийб 35 йилдан буён дала кезади. Анча йил хўжалик раҳбари бўлган. Ҳалол меҳнати билан обрў қозонган. Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан вилоят Кенгаши депутати, Олий Мажлис Сенати аъзоси. Ҳар бир гапни ўйлаб гапиради. У 87 гектар жойда деҳқончилик қилишаётгани, бу йил 33 гектар ердан 161 тонна ўрнига 184 тонна ғалла олишгани, 40 бош зотли моллари борлиги, яна маҳсулот сақлайдиган совутгич қуриш режаси ҳақида ­гапириб берди. Кейин учрашувда сўзга чиққанини айтди, «Юртбошимизнинг ташрифлари туфайли далаларимизга роса барака келди», деди қувониб.

— Устозимиз Суюн ака юрагимиздаги тилагимизни айтибдилар, — дейди қувончини яширмай «Шукрона» фермер ҳўжалиги раиси Ҳотам Жумаев. — Хўжалигимиз 2014 йилда тузилди, ҳали янгимиз. Жами 50 гектар ерда деҳ­қончилик қилаяпмиз. Ўтган йили ғалла ҳосилдорлиги 60 центнердан, пахта ҳосилдорлиги 38 цент­нердан ошди. Юртбошимиз ишимиз ҳақида сўраганларида, роса ҳаяжонландим. Шунинг учун кўп ниятларим дилимда қолди. Яқинда ғаллани ўрдик, баракаси ўтган йилдан ортиқ бўлди. Бу йил коллеж битирувчиларидан 5 нафарини ишга оламиз. Кредит асосида чорвачилик ва балиқчиликни йўлга қўйишни ният қилдик. Президентимиз айтганларидек, ишлайдиган, яратадиган, ўсиб-улғаядиган замон...

— Бу гапларнинг барчаси юрак-юракдан чиққан тилаклар, — дейди Қарши шаҳрида учрашганимизда «Нуроний» жамғармаси вилоят Кенгаши раиси, вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси Январ Иноятов донишмандларга хос вазминлик билан. — Қарши туманидаги учрашув том маънода тарихийдир. Мен яқинда ўтган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг олий анжумани натижаларидан қанчалик фахрланганимизни, юртимизда кечаётган улкан ўзгаришлар, мамлакатимиз раҳбарининг оқилона сиёсатини дунёнинг таниқли давлат ва сиёсат арбоблари эътироф этишганидан қанчалик фахрланганимизни изҳор қилдим. Ислом Абдуғаниевич вилоятимиз ва давлатимиз тарихидаги энг мураккаб даврларда донишманд­лик кўрсатганлари, халқнинг қаддини кўтарганлари, бугунги мисли йўқ яратишлар ҳақида гапирдим. Давлатимиз раҳбарининг яқин кечмишдаги тарихимизни унутмаслик ҳақидаги даъватлари барчамиз учун ибрат бўлиши лозим. «Менинг иш столимда Амир Темур бобомизнинг «Тузуклар»и туради ва доим ўқиб-ўрганаман. Сиз ҳам донишманд кексалар, мураббийларни жалб қилиб, ёшларга буюк бобомизнинг ана шу маънавий меросини ўргатсангиз», дедилар менга. Биз бу маслаҳатга албатта амал қиламиз...

Ажойиб кишилар билан суҳбатлашиб, Шаҳрисабз шаҳрига етиб келдим. Шаҳарнинг Амир Темур бобомиз номидаги бош майдонидаги бунёдкорликларни кузатиб, кўнглим тоғдек кўтарилди. Биноларни янада мустаҳкам қуриш ҳақида мамлакатимиз раҳбари айт­ган фикрларни Суюн ­Абдиевдан эшитгандим. Шу ўйлар оғушида шаҳардаги тиббиёт коллежи ўқитувчиси, Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳиби Шаҳноза Холмаматова билан учрашдим. У шундай деди:

— Мен ҳам Қарши тумани­­даги учрашувда қатнашдим. ­Президентимиз оилам, ишларим ҳақида сўрадилар. Яширмайман, у кишининг меҳрибонлиги юрагимни эритиб, йиғлаб юборибман. Кейин ўзимни қўлга олиб, икки фарзандим борлиги, намунали уйда истиқомат қилаётганимиз ҳақида гапириб бердим. Айниқса, Шаҳрисабз шаҳридаги улкан қурилишларни фахрланиб тилга олдим. Юртбошимиз ёшлар турмуш қураётганларида нималарга эътибор бериши кераклиги ҳақида сўрадилар. Йигит-қиз бир-бирига муносиб, соғлом бўлиши, кенгашиб оила қуриш зарурлиги, оиланинг моддий таъминоти ҳақида гапирдим. Биз, ёшлар Ватан учун жон фидо қилишга ҳам тайёрлигимизни изҳор қилдим. «Балли, қизим!», дедилар.

Учрашувдан сўнг кўп ўйладим, биз, ёшларга кўрсатилаётган ғамхўрликлар олдида қарздорлигимизни чуқур ҳис этдим. Янада ғайрат билан меҳнат қилиш кераклигини анг­ладим.

Муаллима ва шоира Шаҳнозанинг ёшларга хос тиниқ, тафаккур ёлқинланиб турган жўш­қин фикрларини тинглар эканман, қалбимда шукроналик туяман. Президентимизнинг орзулари амалга ошди — мустақиллик йилларида юртини чин дилдан севадиган, унинг шуҳратини ­дунёга ёядиган истеъдодли ёшлар камолга етмоқда...

 

Юнус УЗОҚОВ,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.



DB query error.
Please try later.