05.07.2016

ДЕПУТАТ БИЛАН САЙЛОВЧИЛАР

учрашувидан кўпроқ ким манфаатдор? Сайловчими, депутатми? Умуман бундай учрашувлардан мақсад нима?

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон Халқ демократик партия­си фракцияси раҳбари Ҳотамжон ­Кетмоновнинг Бўз туманидаги 15-сон болалар мусиқа ва санъат мактабида сайловчилар билан бўладиган учрашувига бораётиб хаёлга шундай саволлар келди.

— Биз бу учрашувда қонунчилик йўналишидаги янгиликларни эшитамиз, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси фаолияти ҳақида маълумотлар оламиз. Ўз таклифларимизни билдирамиз, — деди «Нуроний» жамғармаси Бўз тумани бўлинмаси раиси Имомназар Эгамбердиев.

Учрашувда депутат, аввало, мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги янгиликлар, тарихий бунёдкорликлар ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

— Юртимиз гуллаб-яшнаяпти. Ҳар соҳада илгарилаш кўлами ортмоқда. Халқимизнинг ҳаёти тобора фаровон бўляпти, — деди у. — Бу истиқлол берган имкониятлар, дунёда эътироф этилаётган «ўзбек модели» шарофати туфайлидир. Мана, яқиндагина қуриб битказилган ­Ангрен — Поп электрлаштирилган темир йўлини олайлик.

Бу улкан иншоот Фар­ғона водийсини нафақат пойтахт, балки бутун мамлакатимиз билан боғловчи буюк йўл ҳисобланади. Ушбу йўл давлатлараро транспорт тизимида ҳам катта имкониятлар очади. Юк, йўловчи ташишда беқиёс қулайликлар яратади.

Парламентда янги қо­нунлар лойиҳаси устида баҳс-мунозара бўлганда сизларнинг фикр-мулоҳазаларингизни, таклифларингизни дилимиздан ўтказамиз. Кейинги пайтда қабул қилинган ўнлаб қонунларда партиямиз фракцияси аниқ муносабат билдирди. Куни кеча «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси бўйича Демократик кучлар блоки илгари сурган айрим фикрларга қўшила олмаслигимизни баён қилдик.

Яхши биласиз, Ўзбекистон Халқ демократик пар­тия­си аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, унинг турмуш фаровонлигини ошириш тарафдори. Депутат партия Сайловолди дас­турида белгиланган вазифаларни бажариш, электорат манфаатларини ҳимоя қи­лиш барча даражадаги пар­тия ташкилотлари ва депутатларга улкан масъулият юклашини таъкидлади.

Маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари билан парламент Қонунчилик палатасидаги депутатлар ҳамкорлиги қонунлар ҳаётий бўлишида муҳим ўрин тутади, албатта. Сайловолди дас­тури ижросида халқ депутатлари шаҳар, туман, вилоят Кенгашларидаги депутатларимиз тобора фаоллашиб бораётгани, бунинг натижасида ҳудудларда кўпчиликни ўйлантириб келаётган ижтимоий масалалар ҳал этилаётгани кишини қувонтиради. Фракция раҳбари бу борада янада самарадорликни ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратди.

Ҳотамжон Кетмонов учрашув давомида Соғлом она ва бола йили муносабати билан «Аёллар соғлиғи — жамият бойлиги» лойиҳаси доирасида «Янги қишлоқ» врачлик пунктидаги тиббий кўрик акциясида иштирок этди. Оналар билан суҳбатлашди. Уларнинг фикр-мулоҳазалари ва таклифларини эшитди.

— Бу қишлоқ врачлик пунк­ти 5 минг 600 нафардан ортиқ аҳолига хизмат кўрсатади, — деди «Маҳалла» хайрия жамоат фонди Бўз тумани бўлинмаси ­раиси Машрабжон Юнусов. — Қишлоқ врачлик пунктидаги шифокорлар билан вилоятдан келган малакали мутахассислар тиббий кўрик ўтказаётгани одамлар, аввало, оналар ва болалар саломатлигига ­эътиборнинг яна бир ифодасидир.

Депутат тумандаги «Қу­ёшча» болалар дам олиш оромгоҳида ҳам бўлиб, мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан ташкил этилган «Мен — буюк юрт фарзандиман» мавзусидаги мулоқотда иштирок этди. Тадбирда болаларга турли ўйинчоқлар, қўғирчоқлар топширилиши ҳамманинг шодлигига шодлик қўшди.

Депутат болаликдан ногирон Наргиза Аҳмаджоновага «Соғлом авлод учун» жам­ғармаси Андижон вилоят филиали томонидан ажратилган махсус аравачани топшириш тадбирида қатнашди. Унинг кўнглидаги орзу-умидлари билан қизиқди.

Меҳмонлар меҳридан, самимий суҳбатлардан Нар­гиза­­нинг юз-кўзларида қу­вонч порлади.

— Учрашувлар ҳар томонлама фойдали бўлди, — дейди ЎзХДП Бўз туман кенгаши раиси, халқ депутатлари туман Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари ­Матлубахон Тўйчиева. — Сайловчилар янги қонунлар ҳақида кўп маълумотлар олишди. Депутатимиз сайловчилар таклифларини эшитди, жойлардаги ўзгариш ва янгиланишларни кўрди. Демак, бундай учрашувлардан ҳаммамиз манфаатдормиз.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси раҳбари Ҳотамжон Кетмонов Шаҳрихон, Балиқчи туманларида ҳам сайловчилар билан учрашувлар ўтказди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоларининг сайловчилар билан учрашувлари қизғин давом этмоқда.

 

Аҳмадилло СОЛИЕВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: