05.07.2016

МУСТАҚИЛ ВАТАНИМИЗ ВА ЁРУҒ КЕЛАЖАГИМИЗ ТИМСОЛИ

Маълумки, куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг «Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил» эсдалик нишонини таъсис этиш тўғрисида»ги фармони эълон қилинди.

Халқимиз томонидан катта хурсандчилик ва мамнуният билан кутиб олинган мазкур нишон билан мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг иқтисодий, сиёсий, ижтимоий, илмий, маънавий салоҳиятини ва мудофаа қудратини юксалтириш, давлатимиз сарҳадларининг дахл­сизлигини таъминлаш, демократик ислоҳотларни амалга ошириш, жамиятимизда ҳукм сураётган миллатлараро дўстлик ва тотувликни, тинчлик ва барқарорликни асраш, миллий маданиятимиз ва санъатимизни ривожлантириш, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, ёшларимизни ватанпарварлик ва истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш ишларига муносиб ҳисса қўшиб келаётган иж­­­­­­ти­­­­­­­­­­­м­оий-иқтисодий ҳаётимизнинг барча соҳалари вакиллари, меҳнат фахрийлари, ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ҳамда бош­қа шахслар тақдирланиши белгилаб қўйилган.

Биз бундан 25 йил олдин ўз миллий тараққиётимизнинг асосий шарти ва мезони бўлган истиқлолга эришиб, аввало миллий давлатчилигимизни тиклаганимиз, жаҳондаги мустақил ва ­суверен давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллаганимиз, ­чуқур ўйланган, миллий манфаатларимизга тўла жавоб берадиган ислоҳотларга асосланган, бутун дунёда «ўзбек модели» ­деган ном билан тан олинган тараққиёт стратегиясини амалга ошираётганимиз, эл-юртимизнинг қадди ва қадри баланд бўлиб, куч-қудратимиз янада ошиб, мамлакатимиз аҳолисининг турмуш даражаси ва сифати юксалиб бораётгани эсдалик нишонида ўзининг чуқур ифодасини топганини таъкидлаш лозим.

Айниқса, кўпни кўрган, меҳнаткаш ва олижаноб халқимиз бугунги кунда фидокорона меҳнати, беқиёс азму шижоати ҳисобидан улкан ютуқ ва марраларга эришаётгани, барча соҳа ва тармоқлар бўйича Ватанимизнинг қудрати ва салоҳияти тобора юксалиб бораётгани ва табиийки, бунинг натижасида эл-юртимиз ҳар томонлама эркин ва озод, обод ва фаровон ҳаёт кечираётганини нишондаги тасвирлар мисолида яна бир бор кўрамиз ва ҳис этамиз.

Таъкидлаш керакки, эсдалик нишони марказида акс эттирилган Бахтиёр она ва унинг фарзанди қиёфаси халқимизнинг аср­лар давомида шаклланган ҳаёт тарзи, урф-одат ва анъаналари, олижаноб орзу-интилишлари, давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларини, бир сўз билан айтганда, мустақиллик йилларида биз ўз олдимизга қўйган олий мақсад-муддаоларни ёрқин ифода этиши билан алоҳида эътиборни тортади.

Ҳақиқатан ҳам, мустақиллик бизга ўз оиламиз, оналаримиз, фарзандларимиз, халқимиз ва Ватанимиз учун яшаш ва меҳнат қилиш, шу йўлда бугунги юксак марраларни эгаллаш имконини берди.

Энг муҳими, истиқлол йилларида шаклланган янги, навқирон авлодимиз ҳозирги кунда ҳал қилувчи куч бўлиб майдонга чиқмоқда. Биз кенг кўламли ислоҳотларимиз йўлида эришаётган янги-янги марраларни аёлларимиз, оналаримиз ва болаларимизнинг бахту саодати учун бахшида этмоқдамиз ва айни шундай буюк мақсад йўлида меҳнат қилиш — энг олий саодатдир. ­Соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш йўлида хизмат қилиш — улкан шарафдир.

Шу маънода, нишонда акс эттирилган Бахтиёр она ҳайкалини барча юртдошларимиз мустақил Ватанимиз, ёруғ келажагимиз тимсоли сифатида қабул қилади ва шундай нишонга эга бўлишни ўзи учун юксак шараф деб билади.

Дарҳақиқат, мамлакатимиз босиб ўтган 25 йиллик тарихга назар ташлайдиган бўлсак, ­хотин-қизларга, муқаддас она ­зотига эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш масаласи Ўзбекистонда давлат сиёсатининг энг муҳим ва устувор йўналишларидан бири бўлиб келаётгани ва бу йўлда дунё ҳамжамияти эътироф этаётган улкан натижалар қўлга киритилаётганини кўрамиз.

Мустақил юртимизда таъсис этилган биринчи орден ҳам ­«Соғ­лом авлод учун» деб номлангани ва бу юксак мукофот ўтган давр мобайнида қанча-қанча юртдошларимизни фар­занд­ларимизни дунёда ҳеч кимдан кам бўлмайдиган, етук ва баркамол инсонлар этиб тарбия­лашдек улуғ мақсадлар йўлида улкан ишларга сафарбар этиб келаётгани ҳеч кимга сир эмас.

«Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил» эсдалик нишони шу борадаги орзу-интилиш ва амалий ишларимизнинг узвий ва мантиқий давоми бўлиб, она тимсолида буюк Ватанимизни, унинг фарзанди тимсолида эса ёруғ келажагимизни кўрамиз.

Шу ўтган даврда амалга оширган улкан, том маънода тарихий ишларимизнинг туб моҳия­ти ва аҳамиятини чин дилдан ҳис этиш, шу улуғвор ишларда менинг ҳам муносиб ҳиссам бор, деган дахлдорлик туйғуси билан яшаш барчамизга чексиз ғурур ва ифтихор бағишлайди.

Миллионлаб юртдошларимиз айни шу йўлда фидокорона меҳнат қилгани ва бугунги кунда ҳам янги-янги марраларни кўзлаб ҳаракат қилаётгани Ватанимизнинг ёруғ келажагига бўлган ишончимизни янада мустаҳкамлайди.

Бир сўз билан айтганда, «Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил» эсдалик нишони жаҳондаги ривожланган, демократик давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллаш йўлида қатъият билан илгарилаб бораётган бугунги Ўзбекистоннинг рамзи сифатида минг-минглаб юртдошларимизнинг кўксида ярақлаб, уларни янги ютуқ ва марраларга илҳомлантирадиган юксак ишонч ва эътибор ифодаси бўлиб қолишига шубҳа йўқ.

 

ЎзА



DB query error.
Please try later.