02.07.2016

«ҚЎШҚАНОТ»

Мусаввир сеҳрли мўйқалами билан матода ҳаёт манзараларини яратмоқда... Эгизак невараларини икки қўлига кўтариб олган, чеҳрасида шодумонлик, ҳаётдан розилиги акс этиб турган мунис аёл келажакка ишонч билан боқиб турибди... Хурмо дарахти мевалари фаровонлик рамзи сифатида яшил япроқлар ичра олтиндай товланади.

 

ҲАЁТИДАН РОЗИ ОНА

 

Мусаввир Жўра Асраннинг қўли-қўлига тегмайди, суратдаги ҳар бир чизгига диққат билан қарайди. Ранглар уй­ғунлиги, аёл чеҳрасидаги табассум, эгизак неваралар, яшил майсазор оралаб кетган йўлак ҳаётнинг давомийлигини англатади.

— Анча вақтдан буён ҳозирги фаровон ҳаётидан кўнгли тўлган, фарзандлари бахтини кўриб, неваралари даврасида шодумон умргузаронлик қилаётган она образини яратишни ният қилиб юрган эдим, — дейди у. — Асарни чизишни бундан уч йил аввал бошлаганман. Синчиклаб қарасангиз, аёл чеҳрасидаги ғам-ташвиш соясини ҳам илғаб олишингиз мумкин. Мен ана шу тариқа эски тузум билан мустақиллик даврини таққослашни, мустақиллик юртимизнинг ҳар бир ­хонадонига тинчлик ва тўкинлик, файз-барака келтирганини акс эттиришни мақсад қилганман.

 

ВАТАН ТУЙҒУСИ

 

Истеъдодли мусаввир, Ўзбекистон Бадиий ака­демия­си ижодкорлари уюшмаси аъзоси Жўра Асраннинг рангтасвир асарлари ўтган йиллар мобайнида Австрия, ­Венгрия, Руминия, Германия, Ҳиндистон, АҚШ, Франция, Италия, Россия сингари ­дунёнинг ўндан зиёд мамлакатларида ўтказилган халқ­аро кўргазмаларда юқори баҳоланди.

— Бизда Она, Ватан туй­ғуси ҳар нарсадан устун туради, — дейди Жўра Асран. — Бу туйғу бешикдалигимизданоқ қон-қонимизга сингиб кетган. Шу билан боғлиқ бир воқеа ҳеч эсимдан чиқмайди. Мюнхенда ташкил этилган кўргазма мамлакат оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди. «Она» деб номланган портрет асаримга харидор чиқди, айтган нархингни берамиз, дейишди. Очиғи, уни сотишга кўнглим бўлмади. Сотсам, онамга, Ватанимга хиёнат қиладигандай ҳис ­қилдим ўзимни. Асар ҳали ҳам кўргазмаларда иштирок этяпти.

 

«МУСТАҚИЛЛИК БИЗНИ ДУНЁГА ТАНИТДИ»

 

— Баъзан ҳаётдан, тирикчиликдан зорланадиган одамларни кўрганимда, уларга ачинаман, — дейди мусаввир. — Қачон бундай эмин-эркин замон бўлган? Мустақиллик миллатимизни дунёга танитди, иқтидорли ёшларимиз, спортчиларимиз жаҳон майдонида Ўзбекистон байроғини фахр-ифтихор билан баланд кўтараяптилар.

Ўзимдан мисол келтирадиган бўлсам, эски тузум пайтида Москвада ўтказиладиган кўргазмаларга рассомларимизнинг асарлари таниш-билишчилик орқали тиқиштирилар эди. Бирор кўргазмада қатнашиш учун марказдан рухсат кутиларди.

Менинг ижодим айнан мус­тақиллик йилларида гуллаб-яшнади. 1998 йилда Самар­қандда Имом Бухорий таваллудининг 1225 йиллиги, Фарғонада Аҳмад ал-Фарғонийнинг 1200 йиллиги кенг нишонланди. Шу муносабат билан бу улуғ алломалар сиймоси акс эттирилган асарларим учун Бадиий академия томонидан халқаро мукофотга лойиқ кўрилдим. 2006 йилда «Энг улуғ, энг азиз» республика танловида биринчи ўринни олдим.

 

МИЛЛАТ КЕЛАЖАГИ

 

— Ҳозир кўплаб рассомларимиз хорижий давлатларда ташкил этилаётган халқ­аро кўргазмаларда иштирок этиш­япти, ўзим ҳам асарларим билан кўпгина кўргазмаларда қатнашдим. Бундан мақсад нима? Аввало ҳеч кимдан кам бўлмаган, комил ишонч билан келажак сари олға бораётган ўзбек миллатини, буюк аждодларимиз кимлар эканини ­дунёга танитиш. Мус­тақиллик берган имкониятларни, тинч ва осуда юртимизда амалга оширилаётган беқиёс ­бунёдкорликлар ва ободончиликларни кўрсатиш, эски тузум билан ҳозирги даврни таққослаш.

Ҳозир халқимизнинг турмуш тарзи фаровонлашди, уларнинг маънавиятга, маърифатга эътибори кучайди. Қайси хонадонга ёки ташкилотга борманг, деворида албатта бирорта мусаввирнинг асарини кўрасиз. Бу бахт эмасми?

Пойтахтимизнинг қоқ марказида бунёд этилган Рассомлар галереясида мусаввирларимиз томонидан чизилган бири-биридан бетакрор, юрт нафаси, мустақиллик тафти уфуриб турган асарларни томоша қилган ҳар қандай сайёҳ Ўзбекистон, унинг ўтмиши ва бугуни ҳақида тасаввурга эга бўлади.

 

«ҚЎШҚАНОТ»

 

— Мен Президентимизнинг «Юксак маънавият — енгилмас куч» асарини қайта-қайта мутолаа қиламан, — дейди Жўра ­Асран. — Унда инсонга хос орзу-интилишларни рўёбга чиқариш, унинг онгли ҳаёт кечириши учун зарур бўлган моддий ва маънавий олам бамисоли парвоз қилаётган қушнинг икки қанотига қиёсланади.

Мустақиллик туфайли ана шундай қўшқанотга эга бўлдик, ҳаётимизда, жамиятимизда ҳар куни бир ўзгариш, янгилик содир бўляпти. Шунинг учун ҳам Соғлом она ва бола йилида мустақиллигимизнинг 25 йиллиги арафасида ташкил этиладиган рассомлар кўргазмасига тайёрлаётган асаримни «Қўшқанот», деб номладим. Бунда ҳам албатта, рамзий маъно бор. Яна битта асаримда мустақиллик йилларида амалга оширилган бунёдкорликлар ўз аксини топган. Мақсадим — юртимизда рўй бераётган тарихий ўзгаришларни мўйқалам орқали ­дунёга кўрсатиш, давр билан ҳамқадам, ҳамнафас бўлиш.

 

Суҳбатдош:

Нуруллоҳ ДОСТОН.



DB query error.
Please try later.