Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
02.07.2016

МУСТАҚИЛЛИК СИЗГА НИМА БЕРДИ?

Журналистларнинг ушбу саволи олдида лол қоламан. Қайси бирини айтсам экан, ахир улар шу қадар кўпки, санаб саноғига етолмайман.

Мен қатори саксонни қоралаган инсонлар ҳам худди шу жавобни айтишади. Чунки биз ўз умримиз давомида кўпни кўрдик, қийинчиликни ҳам, хурсандчиликни ҳам. Бугунги ўзгаришлар, янгиликлар, юксалишлар кўз олдимизда бунёд бўлаётир. Шу боис биз, ёши улуғлар мустақиллик даври билан мус­табид тузум йилларини солиштирамиз, таққослаймиз.

Биргина, уруш ва ундан кейинги даврдаги қаҳатчилик, бир бурда нонга зор қашшоқ ҳаётимизни эсласак, бугунги тинчлик ва фаровонликка беадад шукр қиламиз. Шаҳар ва қишлоқларнинг ободлигини айтмайсизми. Намунавий лойиҳалар асосида Президентимиз ташаббуси билан қурилаётган қишлоқ уйлари, мактаблар, коллеж, лицейлар, шифохоналар, спорт иншоотлари, тўйхоналар қиш­лоқ аҳолисининг кўнглини тоғдай кўтармоқда.

Илгари-чи? Талабалик давримизда пахта тергани бориб, деҳқонларнинг лойсувоқдан қурилган хонадонларига жойлашардик. Қора ерга сомон бўйра, унинг устига кигиз тўшалган бир хоналик уйда икки болалик ёш оила яшарди. Биз эса уларнинг даҳлизида мавсум охиригача тунагандик. Бу ҳам ҳолва. Қишлоқ болаларининг тили «пахта» деб чиқарди. Эртадан кечгача мана шу «фронт» эгатларида уларнинг куни ўтарди. Болалар устидан заҳарли кимёвий дорилар сочиб учаётган самолётлар ҳеч кўз ўнгимдан кетмайди.

Аёлларнинг меҳнати жуда оғир эди. Одам-ку одам, қуш учса, қаноти куядиган ёзнинг жазирамасида ҳам хотин-қизлар пахта далаларидан чиқмасди. Тушлиги нон-чой эди. Дарахтларга илинган беланчакларни куни бўйи шамол тебратарди. Қуёшнинг тиғида қорайиб, юз-қўллари бир аҳволдаги заъфарон аёллар даладан қайтгач, яна рўзғор ташвишларига шўнғиб кетишарди. Ўша пайтлардаги яна бир ҳаракат аёлларимизни бутунлай назокатдан маҳрум қилишга қаратилган эди. Хотин-қизлардан механизаторлар тайёрлаш мақсадида махсус курслар, мактаблар очилганди. Оқибатда нима бўлди? Бу машаққатли меҳнатдан, турли ким­ёвий моддалардан заҳарланган аёлларнинг кўп­чилиги оғир дардларга мубтало бўлиб, ҳаётдан эрта кўз юмди.

Ҳуррият аёлга — муқаддас Она, мўъжиза, азиз инсон, деб қаради, аёлни қадрлади, болаларга буюк келажакнинг соғлом, кучли, билимдон ­суянчи, баркамол таянчи, деб қаради. Муҳтарам Президентимиз аёл қадри ҳақида шундай деган эди: Умр йўлларимизда қандай оғир синов ва машаққатлар дуч келмасин, уларни енгиб ўтишда руҳимизни кўтариб, кучимизга —куч, ғайратимизга — ғайрат қўшадиган инсонлар ҳам, ҳеч шубҳасиз, дунёдаги энг мўътабар зотлар, қалби дарё аёлларимиздир. Шу маънода, Алишер Навоий бобомизнинг «Аёллар — фаришталарнинг опа-сингилларидир» деган ҳикматли сўзларида қандай чуқур маъно борлигини, ўйлайманки, ҳаммамиз яхши тушунамиз.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳар бир йилга ном бериб келинмоқда. Чунончи, 1998 йил — «Оила», 1999 йил — «Аёллар», 2000 йил — «Соғлом авлод», 2001 йил — «Она ва бола»... 2016 йил — «Соғлом она ва бола йили», деб аталди. Қаранг, бутун диққат-эътибор аёлга, онага, унинг дилбанди — болага қаратилмоқда. Мазкур йилларга бағишланган Давлат дастурлари асосида хотин-қизларнинг саломатлиги, ­фаоллиги, болаларнинг баркамол ўсиши учун миллиардлаб маблағлар сарф­лан­моқда. Соғлом онадан соғ­лом бола туғилади. Бинобарин, оилавий поликлиникалар, санаторийлар, дам олиш оромгоҳлари оналар, аёллар хизматида.

Болаларнинг жисмоний ва маънавий ривожланиши учун юртимизда спорт мажмуалари, болалар мусиқа ва ­санъат мактабларининг ташкил этилгани ота-оналарни бениҳоя қувонтирди. Ёдимда, илгари қишлоқлардаги болалар боғчалари ўта ночор эди. Шаҳардаги боғчаларга фарзанд­ларимизни жойлаштириш учун эса ойлаб-йиллаб навбат кутардик. Эндиликда боғча ва мактаблар замон талабларига мос равишда қурилмоқда, барча зарур жиҳозлар билан таъминланмоқда ва уларнинг сони тобора кўпаймоқда.

Ҳар бир маҳаллада болалар учун ўйин ва спорт майдончалари ташкил этилди. Собиқ иттифоқ давридаги «Болалар уйи» Мустақилликдан сўнг «Меҳрибонлик уйи» деб аталиши бежиз эмас. Юртбошимиз, айниқса, боқувчисини йўқотган оилалар болаларига алоҳида эътибор берди. «Президент арчаси»нинг ўтказилиши, ҳар йили янги ўқув йилида биринчи синф ўқувчилари учун ўқиш анжомларининг совға қилиниши ҳам ғамхўрлик ва меҳрибонликнинг бир кўринишидир.

Озодлик шарофати ва мус­тақиллик имкониятлари билан фарзандларимиз адабиёт, санъат, илм-фан ва спортда ўз истеъдодларини намойиш этиб, катта ютуқларга эришмоқда. Халқаро танловларда ўзларини кўрсатишмоқда.

Яна муқоясага ўтамиз, советлар даврида бир гал Францияга боришга тўғри келганди. Бўш вақтларда шаҳар айланиб, супермаркетга кирдим. Пештахталардаги мўл-кўлчиликни кў­риб, ҳавасим келар, шунда дилимда «қачон бизнинг юртимизда ҳам шундай тўкин-сочинлик бўлар экан», дея орзу қилардим. Айнан ўша кезларда собиқ иттифоқнинг бошқа республикалари қатори Ўзбекистонда ҳам озиқ-овқат тақчиллиги ҳукм сурарди. Шакар, музлатилган гўшт, ёғ, ун, совун ва бошқалар нав­батда туриб олинарди. Бу яқин ўтмишдаги ҳаётимиз эди.

Ҳозир супермаркетларнинг сон-саноғи йўқ, дўкон пештахталарида одамнинг жонидан бошқа барча неъ­матлар муҳайё. Кўриб кўзинг қувонади, беихтиёр кўнгилда шукроналик туйғулари жўш уради.

Ўшанда бир француз ўқитувчисининг уйида меҳмон бўлгандик. Суҳбатимизнинг аввалида у: «Сизлар Русияданмисиз» деб сўради. Мен Ўзбекистондан келганимизни билдирганимда, таажжубга тушди. «Биз фақат Самар­қанд ва Бухорони биламиз, холос», деди ва энциклопедияни олиб, кўҳна Самарқанду Бухоронинг хароб бозорлари тасвирланган расмларни кўрсатди. Ўшанда жуда ўксиган эдим.

Яқинда пойтахтимизнинг Амир Темур кўчасида бир франциялик меҳмонни ­учратиб қолдим. У машиналарнинг кўплигидан кўчанинг нариги юзига ўтолмаётган экан. «Худди Парижнинг ­­­­­­­­ўзи-я, йўқ, сизлар ундан ҳам ўтиб кетибсизлар», деди. Мен унга мамлакатимизда автомобиль заводи ишлаётганини айтдим. «Халқингиз жуда бой, фаровон яшар экан. Бир неча йил аввал Тошкентга турист сифатида келгандим, эндиликда шаҳрингизни танимай қолдим, қисқа муддат ичида шу қадар ўзгаришлар юз берибдики, ҳайратга тушдим. Одамларингиз меҳнаткаш экан...»

Яна ўтмиш ҳақида ўйлайман. Шўролар даврида пойтахтимиз Тошкентнинг қоқ марказида Свердлов номидаги концерт зали бўларди, унга ёнма-ён марказий ҳаммомнинг биноси жойлашганди. Бугун эса эски бинолар бузилиб, ўрнига янги замонавий иморатлар тушди. Қатор саноат корхоналари, трамвай йўллари, деполар олиб ташланди, йўллар кенгайтирилди. Шаҳримиздаги «Истиқлол» ва «Туркистон» номли ҳашаматли санъат саройлари томошабинларга хизмат қилмоқда.

Давлатимиз раҳбари ўзининг «Юксак маънавият — енгилмас куч» ҳамда «Адабиётга эътибор — маънавиятга, келажакка эътибор» асарларида халқимиз маънавиятини янада юксак поғоналарга кўтаришнинг аҳамияти тўғрисида фикр юритиб, шундай дейди: Маънавият — инсонни руҳан покланиш, қалбан ул­ғайишга чорлайдиган, одамнинг ички дунёси, иродасини бақувват, иймон-эътиқодини бутун қиладиган, виждонини уйғотадиган беқиёс куч, унинг барча қарашларининг мезонидир...

Айниқса, ҳозирги мураккаб ва таҳликали замонда одамларни эзгуликка, инсоф-диёнатга, меҳр-оқибатга, бағрикенгликка чорлайдиган ижодкорларнинг ҳароратли сўзлари муҳим эканлигига эътибор қаратди.

Мустақилликнинг ўтган йигирма беш йили давомида жамиятнинг барча соҳаларида эришилган ютуқлар ўзбек ­халқининг бахтли ҳаёти, озод ва обод Ўзбекистоннинг буюк келажаги учун хизмат қилаяпти ва бундан кейин ҳам хизмат қилаверади.

Йигит ёшинг бўлсин қутлуғ,

Юз йилларнинг бошида тур.

Мақсад аниқ, режанг улуғ,

Зафар сари илгари юр,

Қаҳрамоним Ўзбекистон!

 

Гулчеҳра ЖЎРАЕВА,

шоира.



DB query error.
Please try later.