02.07.2016

ИСТЕЪДОДЛИЛАРНИНГ ИСТЕЪДОДЛИСИ,

билимдонларнинг билимдони

«Ёш сиёсатчи» кўрик-танловининг вилоят босқичи Наманган шаҳридаги «Ёшлар маркази»да бўлиб ўтди. Унда танловнинг шаҳар ва туман бос­қичида ғолибликни қўлга киритган 12 нафар иқтидорли йигит-қиз иштирок этди.

— Ўзбекистон Халқ демократик партияси томонидан амалга оширилаётган ранг-баранг мавзудаги ло­йиҳаларнинг энг қизиқарли, жўшқин ва энг самаралиси қайси, деб сўралса, мен ҳеч иккиланмай анъанавий тарз­да ўтказиб келинаётган «Ёш сиёсатчи» кўрик-танлови, деган бўлардим, — деди Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори Гулчеҳра Зокирова танловнинг вилоят босқичи бошланиши арафасида ташкилий тайёргарлик ишларини кузатаркан.

Дарҳақиқат, бунга кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Танловнинг 2013 йилги республика босқичи ғолиби Мўътабар Қозиева айни вақт­да партия вилоят кенгашида мафкуравий ишлар бўлими мудири. 2014 йилги танловнинг вилоят босқичи ғолиби Мақсуджон Олимов Наманган муҳандислик педагогика институтини имтиёзли тамомлаб, айни вақтда Тошкентда магистратурада таҳсил олмоқда...

— «Ёш сиёсатчи» кўрик-танловининг Чортоқ туман бўлимида иштирок этиб, топган рағбат ва эътибор туфайли кўпгина ютуқларга эришдим, — дейди «Зар жилваси» оилавий корхонаси раҳбари Хуршида Раҳматуллаева. — Кўрик-танловда иштирок этиш истагида келиб, партиянинг «Истиқбол» ёшлар қаноти сафида ўзимнинг куч-имкониятим нимага қодирлигини англадим. Бунинг учун партиядан миннатдорман.

Танловнинг вилоят босқичида иштирокчилар юрт тақдирига дахлдорлик туй­ғуларини ижтимоий лойиҳалар тақдимоти жараёнида ёрқин намойиш этишди.

Наманган тумани вакили Лутфиддин Тўрабоевнинг «Ҳар бир сайловчи учун бир қадам» лойиҳаси партия маҳаллий кенгашлари ва аппарат ходимларининг депутатлар билан яқин муносабатини шакллантиришга, депутатлар ва депутатлик гуруҳлари фаолиятини кучайтиришга, уларнинг қонуний ваколатларидан тўлақонли фойдаланишларини ташкил эт­ишга бағишланган. Уйчилик Маҳфуза Мамадалиеванинг ипак толали матолардан либослар тикишни йўлга қўйиш орқали, бандлик дас­турининг бажарилишига ҳисса қўшиш тўғрисидаги ижтимоий лойиҳаси, Наманган шаҳри вакили Нодира Набиеванинг «Намунали оила» ижти­моий ло­йиҳаси хусусида яхши фикрлар билдирилди.

Бу галги танлов иштирокчиларининг истеъдоди ва билими олдингиларига қараганда юқорироқ.

Белгиланган шартлар бўйича энг юқори балл тўплашга муваффақ бўлган Косонсой тумани вакили Ҳуршида Бобожонова танловнинг республика бос­қичига йўлланмани қўлга киритди. Иккинчи ўрин Наманган шаҳри вакиласи Нодира Набиевага, учинчи ўрин эса норинлик Муҳаммадниёз Собировга насиб этди. Ғолиблар ва бир қатор номинациялар бўйича тақдирланган иштирокчиларга фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

ЎзХДП Марказий Кенгаши Ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш масалалари сектори мудири Умурбек Бектемиров, пар­тия вилоят кенгаши раиси, депутатлик гуруҳи раҳбари Дилором Абдураҳимова, фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қи­лиш мустақил инс­титути Наманган ҳудудий бўлинмаси раҳбари, иқтисод фанлари номзоди Зафар Худойбердиев, шунингдек, шаҳар ва туман Кенгашлари депутатлари иштирок этган кўрик-танлов якунида йигирма нафардан зиёд йигит-қизга партиямизга аъзолик гувоҳномалари тантанали равишда топширилди.

 

Носиржон ДЕҲҚОНОВ

 

* * *

 

Нукус шаҳрида «Ёш сиёсатчи — 2016» танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи бўлиб ўтди. Уни ЎзХДП Қорақалпоғистон Республика кенгаши раиси вазифасини бажарувчи Нукусбой Ғаниев кириш сўзи билан очди.

Танловнинг дастлабки шартида иштирокчилар ўз ҳудуди мисолида ижти­моий-иқтисодий соҳаларни ривожлантириш бўйича лойиҳаларни тақдим этишди.

Танловнинг савол-жавоблар шартида Нукус шаҳри вакили Наврўз Нуримбетовнинг зукколиги барчани қойил қолдирди. Амударё туманидан Иномжон Турсинбоев ва Қонликўлдан Эркинбой Қолбоевлар саволларга яхши жавоб беришди.

Учинчи шартда улар нотиқлик санъатини намо­йиш этишди. Қўнғиротлик Шаҳноза Болтабоева, эллик­­қалъалик Озод Кенжаев ўз маҳоратларини кўрсата олишди.

Ҳайъат қарорига кўра, учинчи ўрин амударёлик Иномжон Турсунбоевга, иккинчи ўрин Нукус шаҳридан Наврўз Нуримбетовга насиб қилди. Барча босқичларда энг юқори балл тўплаган Чимбой туманилик Паризод Ўразалиева биринчи ўринни қўлга киритиб, танловнинг республика босқичига йўлланмани қўлга киритди.

— Албатта, менга берилган юксак ишончни оқлашга ҳаракат қиламан, — дейди Паризод Ўразалиева. — Танлов ёшларнинг ижти­м­оий-сиёсий фаоллигини ошириш ва уларнинг истеъдодини юзага чиқариш мақсадида ташкил этилган бўлиб, биз ёшлар бундай имкониятдан тўлиқ фойдаланишимиз керак бўлади.

Ғолиб ва иштирокчилар эсдалик совғалари ва махсус диплом билан тақдирланишди.

 

Мнажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ

 

* * *

 

Навоий маданият ва санъат коллежи мажлислар зали. «Ёш сиёсатчи — 2016» кўрик-танловининг туман, шаҳар босқичлари ғолиблари, депутатлар, партия аъзолари ва ёшлар билан тўлди. Ҳамма ҳаяжонда. Ниҳоят, бошловчи танлов иштирокчиларини даврага таклиф этди.

Партиянинг вилоят кенгаши раиси Акмал Асатов танловни очиб, барчага омад тилади.

Шундан сўнг «Лойиҳа тақдимоти» шартига нав­бат берилди. Иштирокчилар ўз ҳудудини ижти­моий-иқтисодий ривожлантиришга доир таклифлар ва унинг афзалликлари, кутилаётган натижалар ҳақида гапирди.

Навбаҳор иқтисодиёт ва хизмат кўрсатиш коллежининг битирувчиси Аббос Бобоқулов ўз лойиҳасини «Маҳаллаларда ёшлар бандлигини таъминлаш, аҳолига маиший хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш» деб номлаган. Лойиҳадан кўзланган асосий мақсад маҳаллаларда чилангарлик, тикувчилик, сават тўқиш каби азалий қадриятларни тиклаш орқали ёшлар бандлигини таъминлашга ҳисса қўшишга қаратилган. Бу лойиҳани амалга ошириш катта маблағ талаб қилмайди. Хомашё етарли. Яна бир муҳим томони лойиҳани ҳар бир маҳаллада амалга ошириш имкони бор.

Карманалик иштирокчи Мирсаид Жалилов илгари сурган лойиҳа эса «Ҳеч ким меҳр ва мурувватдан четда қолмасин» мавзусида.

— Маълумки, юртимизда кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд кишиларни қўллаб-қувватлаш доимий эътиборда ва бу масала партиямизнинг энг устувор вазифаси, — дейди у. — Бу лойиҳа имконияти чекланганларнинг қобилият ва иқтидорини юзага чиқаришга кенг йўл очади. Бунинг учун имконияти чекланганлар орасидан иқтидорли йигит-қизларни топиб, уларнинг қизиқишларидан келиб чиқиб, рассомчилик, ҳунармандчилик каби соҳаларга йўналтириш лозим. Ана шунда улар ижтимоий фаол кишилар сафидан жой олишга эришади.

«Билимдон сиёсатчи» шартида ёшлар Конституция, сиёсий партиялар, парламент, Оила, Меҳнат кодекслари, Президент асарлари ва партиянинг Устав ҳамда Дастурлари ҳақида ўз сиёсий билимларини намо­йиш этишди.

Нотиқлик шартида эса иштирокчилар мамлакатимизда қабул қилинган қонун ва қарорларнинг мазмун-моҳияти юзасидан таъсирчан чиқиш қилишди.

Ғолибликни карманалик Мирсаид Жалилов қўлга киритди. Қолган иштирокчилар ҳам турли номинациялар бўйича рағбатлантирилди.

 

Илҳом САТТОРОВ

 

* * *

 

Термиз шаҳридаги 2-сон академик лицейда ўтказилган кўрик-танловни вилоят партия кенгаши раиси Чори Жумақулов кириш сўзи билан очди ва иштирокчиларга омад тилади. Шундан ке­йин 14 нафар партиядошимиз учта шарт бўйича ўзаро беллашди. Ёшлар масалалари, фаол фуқаролик позициясини шакллантириш, партия Сайловолди ва Ҳаракат дас­турларида белгиланган вазифаларни ҳаётга татбиқ қилиш шартларда ўз ифодасини топди. Истиқлол фарзандларининг касаначилик, сервис хизмати кўрсатиш, маҳаллий хомашёни қайта ишлаш ва бошқа йўналишдаги лойиҳалари ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига муносиб ҳисса қўшиши таъкидланди.

— Ўзбекистон Республикаси Давлат Мустақиллигининг 25 йиллиги арафасида ўтказилган кўрик-танлов ҳар қачонгидан қизиқарли ва ҳаяжонли ўтди, — дейди ЎзХДП «Истиқбол» ёшлар қаноти Сурхондарё вилоят бўлими етакчиси Камол Абдуллаев. — Танловнинг даст­лабки босқичларида минг нафардан ортиқ иқтидорли, интилувчан ёшларнинг иштирок этгани ҳам бунинг яққол ифодасидир. Улар орасида турли танловлар ғолиблари, Давлат мукофоти совриндорлари борлиги қувонарли. Тадбирлар давомида партиямиз ғояларини қўллаб-қувватлаётган ёшларнинг 100 нафардан ортиғи сафимизга қўшилди.

Якуний натижага кўра, Термиз туманидаги Халқ­обод транспорт касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси Дилмурод Усмонов республика босқичида иштирок этиш ҳу­қуқини қўлга киритди. Иккинчи ва учинчи ўрин Шоира Азимова ҳамда Асқар Қорақуловга насиб этди.

 

Абдумалик ҲАЙДАРОВ

 

* * *

 

Хоразм вилоятида танлов минг нафарга яқин ёш истеъдодларни қамраб олди. Урганч шаҳридаги 2-сон мусиқа ва санъат мактабида туман ва шаҳарларда ғолиб, деб топилган 11 нафар йигит-қиз танлов низомига кўра, ижтимоий лойиҳа, «Билимдон сиёсатчи» ва нотиқлик санъати шартлари бўйича сиёсий-ҳуқуқий билимлари ва нотиқлик маҳоратларини намоён қилди.

Иштирокчилар дастлаб ижтимоий лойиҳаларни тақдим қилишди. Улар ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий соҳаларни ривожлантириш, айниқса, янги иш ўринлари яратиш, ёшларни тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш, ёш оилаларни қўллаб-қувватлашга бағишланган лойиҳаларини слайд­лар ҳамда кўргазмали воситалар орқали кўрсатиб беришди.

Танлов якунида Элнур Каримов ғолиб, деб топилиб, Республика босқичига йўл­ланмани қўлга киритди.

Иштирокчилар эсдалик ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланишди.

«Ёш сиёсатчи — 2016» кўрик-танловининг вилоят босқичлари якунига етди.

 

Алишер ЖУМАНИЁЗОВ

 

ФАКТ ВА РАҚАМЛАР

Танловнинг бошланғич ташкилотлар босқичи февраль-март ойларида бўлиб ўтди. Унда 19500 нафар фаол ёшлар қатнашди.

Биринчи босқичда ғолиб бўлган 500 нафардан ортиқ йигит-қиз апрель-май ойларида туман, шаҳар босқичларида ўз билими ва истеъдодини намойиш этди.

Учинчи босқич июнь ойида бўлиб ўтди. Шаҳар, туманларда ғолибликни қўлга киритган 200 га яқин ёшлар вилоят ғолиблиги учун беллашди.

Энди истеъдодлардан истеъдодлиси бўлган 14 нафари сентябрь ойида ўтказиладиган Республика бос­қичида қатнашади.

 


МУСТАҚИЛ-ЛИКНИ КЎЗ ҚОРАЧИҒИДЕК АСРАШ

фуқаролик бурчимиздир

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Тошкент шаҳар кенгаши Ирригация ва мелиорация институти билан ҳамкорликда маънавий-маърифий мавзуда илмий-амалий конференция ўтказди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги партия гуруҳи аъзолари, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, ёш тадқиқотчилар ҳамда партия фаоллари иштирок этди.

Анжуманда Мустақиллигимизнинг 25 йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ муҳим вазифалар ҳақида сўз юритилди.

— Ватанимиз олдидаги асосий бурчимиз бирдамликда, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Рустам Комилов. — Ёшларимиз кечаги тузумнинг уқубатларидан тўғри хулоса чиқариб, ёруғ келажак сари интилиши даркор. Бунда шахсни ахборотларни саралашга ўргатиш мафкуравий ва сиёсий жиҳатдан муҳим масала ҳисобланади. Атрофда бўлаётган турли салбий таъсирлардан фуқаролар, айниқса, ёшларни асраш, уларга тўғри йўл кўрсатиш устувор вазифалардан биридир.

Анжуманда таъкидланганидек, республикамиз минтақамизда ва бутун дунёда тинчлик ҳамда хавфсизликни таъминлашга қаратилган деярли барча халқаро ҳужжатларга қўшилган. Мамлакатимизда тинчлик, осойишталик ва барқарорликка қаратилган муҳим қонун ҳужжатлари қабул қилинган бўлиб, уларнинг ижроси изчил таъминланиб келинмоқда. Хусусан, «Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисида»ги, «Фуқаро муҳофазаси тўғрисида»ги, «Терроризмга қарши кураш тўғрисида»ги, «Мудофаа тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг таш­қи сиёсий фаолияти Концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги қатор қонунлар халқимиз осойишталигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.

Иштирокчилар мавзу юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдириш билан бирга, ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишди.

 

Ўз мухбиримиз.



DB query error.
Please try later.