02.07.2016

ГЕРБИМИЗ — ФАХРИМИЗ

Қашқадарё вилоятида ёзги таътил даврида болаларни соғломлаштириш, дам олиши учун зарур шароит ва имкониятлар яратишга катта эътибор қаратиляпти. 19 стационар болалар оромгоҳида тўрт мавсумда 26440 нафар боланинг дам олиши режалаштирилган. Улар орасида кам таъминланган оилалар фарзанд­лари, Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари ва иқтидорли болалар бепул йўлланмалар билан таъминланди.

Оромгоҳларда ўғил-қизлар учун «Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!» шиори остида турли акциялар ташкил этилмоқда. Мустақиллик йилларида турли соҳаларда қўлга киритилаётган ютуқлар, ёш авлод камолоти йўлидаги саъй-ҳаракатлар ва уларнинг аҳамияти тарғиб қилиняпти.

Вилоят партия кенгаши Ёзувчилар уюшмаси, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти вилоят бўлинмаси, Маънавият тарғибот маркази вилоят бўлими билан ҳамкорликда Беруний номидаги болалар оромгоҳида «Гербимиз — фахримиз» мавзусида ўтказилган давра суҳбати ана шундай тадбирлардан биридир.

Унда сўзгa чиққанлар миллий тимсоллар ва рамзларнинг аҳамияти, қадр-қиммати ҳақида сўз юритишди. Таъкидланганидек, давлатчилик тарихининг қайси бир даврини олиб қарамайлик, давлат рамзлари ҳамиша азиз ва муқаддас саналган. Халқимизнинг буюк давлат барпо этиш ғояси, умуминсоний қадриятлapга содиқлиги, энг аввало, давлат рамзлари ва тимсолларида ўз ифодасини топган.

Мустақилликни қўлга киритиб, байроғи, герби ва мад­ҳиясига эга бўлган халқ, аввало, ўз такдирини ўзи белгилайди. Бу уч миллий тимсолда халқимизнинг ўтмиши, бугуни ва келажаги, шунингдек, орзу-интилишлари мужассам. Гербимизда жаннатмонанд юртимизнинг бутун таровати, табиати, гўзаллиги акс эттирилган.

Тадбир давомида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Феруза Эшматова давлат рамзларига оид меъёрий-ҳу­қу­қий ҳужжатлар ва уларнинг моҳияти ҳақида фикр-мулоҳаза билдирди.

Ёшлар истиқлол, озодлик, Ватан ҳақида шеърлар ўқишди.

Тадбир сўнггида вилоят Қўғирчоқ театри санъаткорлари томонидан спектакль намо­йиш этилди.

 

Музаффар ТУРОПОВ,

Ўзбекистон ХДП Қашқадарё вилоят кенгаши раиси ўринбосари.



DB query error.
Please try later.