Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Mart 2017   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
27 28 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
02.07.2016

ПАРЛАМЕНТ ДЕПУТАТЛАРИ

жойларда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан танишмоқда, меҳнат жамоаларида бўлиб, электорат вакилларининг фикр-мулоҳазаларини ўрганмоқда

— Бугунги учрашувимиз хал­қимиз кўтаринки кайфиятда Мустақиллик байрамига тайёргарлик кўраётган бир пайтда ўтаётгани билан янада муҳим ва аҳамиятли, деб ўйлайман. Сизу биз тинч-тотув яшаётган шу лаҳзаларда дунёнинг қай бир ҳудудида тинчлигини йўқотиб, ўқлар овозидан жонини ҳовучлаб яшаётганлар ёки ўзи ва фарзандлари ҳаётини асраб қолиш учун она Ватанини тарк этиб, ўзга юрт­ларда бошпана ахтариб юрганлар оз эмас.

Биз мана шундай тинчлик-осойишталикда яшаётганимизга ҳар қанча шукрона келтирсак арзийди. Бугун улуғ мақсадлар йўлида амалга ошираётган ислоҳотлар, парламентимизда қабул қилинаётган қонунлар ҳақида сизлар билан дилдан суҳбатлашгани келдик...

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Рустам Комилов «Ўзтемирйўл контейнер» акциядорлик жамиятида сайловчилар билан мулоқотни шу фикрлар билан бошлади.

Депутат Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарори ва ундан келиб чиқадиган вазифалар, куни кеча Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг пойтахтимизда бўлиб ўтган саммити аҳамияти ҳақида тўхталди. Шунингдек, парламент томонидан қабул қилинган қонунлар, айни кунларда муҳокама этилаётган қонун лойиҳалари ҳақида атрофлича маълумот берди.

— Мустақилликгача қандай йўлларни босиб ўтдик? Ким эдигу, ким бўлдик? — дея фикрини давом эттирди депутат. — Президентимиз Хитой Халқ Республикаси раҳбари билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига ташриф буюрганида ҳам шу фикрларни алоҳида қайд этди. Мустақилликка эришиш остонасида Ўзбекистоннинг ҳолати қандай эди? Ўша пайтда мамлакатимиз иқтисодиёти аянчли аҳволда эди. Асосий ер майдонлари пахта етиштиришга мўлжалланган, дон маҳсулотлари экин майдонларининг атиги 8-10 фоизини ташкил қиларди. Картошкага эса 0,8 фоиз ер ажратилган, холос. Асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг 70 фоизи бош­қа республикалардан олиб келинган. 1989-1990 йилларда республикамиз раҳбари қарори билан бир ярим миллиондан ортиқ оилага қўшимча ер, 700 минг оилага янги томорқа ерлари ажратилган. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришга катта эътибор қаратилди.

Мустақилликка эришилгач, ҳокимиятни ташкил қилиш, мус­тақил давлат сифатида иқтисодий муносабатларни йўлга қўйиш, бошқарувни шакллантириш масалалари кўндаланг бўлди. Бугун эса юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни жаҳон ҳамжа­мияти эътироф этмоқда. Ўтган 25 йил ичида иқтисодиётимиз 6 баробар, аҳоли жон бошига реал даромадлар 12 баробар ошди. Саноат улуши 34 фоизга етиб, экспорт таркибида тайёр маҳсулотлар улуши 70 фоиздан зиёдни ташкил қилди.

Шу даврга қадар юзлаб тиббиёт масканлари қурилди. Ҳатто олис қишлоқ жойларда ҳам қишлоқ врачлик пунктлари фаолият юритмоқда. Қанчадан-қанча спорт мажмуалари, стадионлар, замонавий кўринишдаги барча қулайликларга эга мактаб, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари, мусиқа мактаблари, ёшлар ижодиёти марказлари ҳамда олий таълим муассасалари янги бинолари бунёд этилди.

Хўш, бугун биздан нима талаб қилинади? Аввало, ана шундай осойишта ва фаровон кунларнинг қадрига етиб, эртанги кунимизнинг бугунгидан-да яхши бўлишига ўз ҳиссамизни қўшишимиз керак. Шунда юртимиз янада обод бўлади, турмушимиз фаровонлашади.

Учрашув қатнашчилари ҳам эришилаётган ютуқлар ҳақида ўз фикрларини билдиришди, депутатга саволлар беришди.

— Суҳбат қизиқарли ва албатта фойдали бўлди, — дейди «Ўзтемирйўл контейнер» акциядорлик жамияти кадр­лар бўлими бошлиғи Илёс Шарипов. — Айниқса, ёшларимиз мустақиллик қадри ва аҳамия­тини яна бир бор дилдан ҳис қилишди, деб ўйлайман. Жамиятимизда 800 нафарга яқин ходим фаолият кўрсатади. Жорий йилда 40 нафар ёш кадрни ишга олдик. Уларнинг 25 нафари касб-ҳунар коллежлари битирувчилари. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатининг ташкилотимизга келиб, самимий мулоқот ўтказгани ҳар биримизни Ватанимиз равнақи, тараққиёти учун фидойи бўлиб меҳнат қилиш кераклиги ҳақида янада чуқур ўйлашга ундади...

Эслатиб ўтамиз, шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ўз сайлов округларида сайловчилар билан учрашувлар ўтказмоқда. Парламент депутатлари жойларда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан танишмоқда, кўплаб жамоаларда бўлиб, электорат вакилларининг фикр-мулоҳазаларини ўрганяпти. Юзма-юз мулоқотларда фракциямиз аъзолари томонидан мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, қабул қилинган қонунлар, фармон ва қарорларнинг мазмун-моҳияти аҳолига кенг тушунтириляпти. Сайловчилар ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати, тараққиёти билан боғлиқ кўплаб саволлар билан депутатларга мурожаат этишмоқда. Шунингдек, жойларда қонунлар ижроси билан боғлиқ фикр-мулоҳазалар тингланмоқда.

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: